Бошқа кўплаб оятларда Аллоҳ таоло Қуръони карим нозил қилинишининг асосий сабабини таъкидлайди – одамларни фикрлашга ундаш.
Аллоҳ таоло барча хурофотларни, чекловларни четга суриб қўйишга ва ўйлаб кўришга ундайди, жамият бизга юкламоқчи бўлган эътиқод ва қадриятларни шунчаки қабул қилишга эмас.
Инсон ўзининг келиб чиқиши, ҳаётининг мақсади, ўлим ва ундан кейин нима кутаётгани ҳақида ўйлаши керак, коинот, унда ҳукм сураётган ажойиб уйғунлик, у қандай ва нима учун мавжуд эканлиги ҳақида... Ва яна, ҳеч қандай хурофот аралашмаслиги керак.
Бирор киши барча ортиқча фикрларни четга суриб, ўйлаб кўрадиган бўлса, у ҳамма нарсани, шу жумладан ўзини ҳам олий куч яратганлигини англайди. Ҳатто унинг танаси, бутун организмнинг мувофиқлаштирилган иши ҳам Худонинг пухта ўйланган режасининг ажойиб намунаси бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, Қуръон биз нимани ўйлашимиз кераклигини аниқ айтади. Мўминлар ҳамма жойда Аллоҳ Таолонинг улуғлиги куч ва қудратини мушоҳада қилиб, ўзларининг имонларида мустаҳкамланиб борадилар. Бизни ўраб турган ҳар бир нарса, табиат - буларнинг ҳаммаси санъат асаридир, лекин бу рассомнинг ўзи эмас. Ҳар қандай ижод, хоҳ меъморий, хоҳ адабий, хоҳ бадиий асар - бу ўз яратувчисининг маҳоратидан далолат беради.
Қуръони карим Худо ва Унинг фазилатлари ҳақида гувоҳлик берадиган турли хил ҳодисалар ҳақида фикр юритишга ундайди. Бу "белги", яъни "аниқ далил ёки ҳақиқатнинг ифодаси" дир. Шундай қилиб, дунёдаги ҳар қандай нарса белги бўлиши мумкин, чунки агар сиз бу ҳақида ўйлаб кўрсангиз, бу Худо ва Унинг қудрати ҳақида гапиради. Коинот оят-белгиларга тўла – фикрловчи одам буни албатта кўради.
Оят-белгиларни кўриш ва фикр юритиш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Шундай қилиб, инсон ўзини ва ҳамма нарсани Яратганни билиши, Унга яқинлашиши, яратилишининг ва бу дунёда бўлишининг сабабини билиб олиши мумкин.
Ҳамма нарса: ҳар бир нафас, Ердаги ва ундан ташқаридаги уйғунлик, атом - материянинг энг кичик зарраси, ҳатто сиёсий ва ижтимоий ривожланиш ҳам белгиларидир. Ҳамма нарса Унинг қонунига бўйсунади. Агар биз буни сезмасак, демак, шунчаки биз сезишни хоҳламаяпмиз.
Оддий нарсадан бошлаш мумкин: Қуръонда эслатиб ўтилган яратилиш ҳақида ўйлаб кўринг. Масалан, "Наҳл" сурасида табиатдаги кўплаб белги ва аломатлар тасвирланган.
«У осмондан сувни туширган зотдир. Сизга ундан шароб ва ҳайвон ўтлатадиган дарахт бордир. У ўша(сув) ила сизга экинларни, зайтунни, хурмоларни, узумларни ва турли меваларни ўстирадир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир. У сизга кечани-ю кундузни, қуёшни-ю ойни хизматкор қилди. Юлдузлар Унинг амри ила хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритгувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир. Ва сиз учун ерда турли рангда қилиб яратган нарсаларини ҳам (хизматкор қилди). Албатта, бунда эслайдиган қавмлар учун оят-белги бордир. У денгизни сиз ундан тоза гўшт ейишингиз, ундан тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишингиз учун, унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрасан, ҳамда унинг фазлини талаб қилишингиз учун хизматкор қилди. Шоядки, шукр келтирсангиз. У зот ер сизларни тебратиб юбормаслиги учун унинг устига баланд тоғларни ташлаб қўйди. Анҳорлару йўлларни ҳам. Шоядки, тўғри йўл топсангиз. Ва аломатлар ҳамда юлдузлар ила улар йўл топурлар. Яратадиган зот яратмайдиган зот каби бўлурми? Ўйлаб кўрмайсизларми?» (Наҳл, 10-17).
Аллоҳ таоло эътиборни жалб қилишга ва кўп одамлар шунчаки пайқамайдиган ёки белгилари билан тан олишдан бош тортиб, уларни "эволюция", "тасодиф" ёки "табиат мўъжизаси" деб атайдиган нарсаларни билиш ва тушунишга чақиради.
Осмон ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашинишида - тафаккур қиладиганлар учун оят-белгилар бор. Худони доимо эслайдиганлар учун белгилар.
«Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин!» (Оли Имрон, 191).
Бу оятлардан кўриниб турибдики, фикрлайдиган одамлар Аллоҳ таолонинг оят-белгиларини кўрадилар ва унинг ҳикматини, қудратини, мукаммаллигини тушунишга уринадилар, чунки Унинг билими чексиз, ижодлари бенуқсондир.
Ўйлайдиганлар учун атрофдаги ҳамма нарса Аллоҳ Таоло ҳақида гапиради.
Абу Муслим таржимаси