loader
Foto

Қолоқликнинг сабаби илмсизликми?

Брэдфорд Делонг Ислом оламининг иқтисод бўйича Лотин Америкаси ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидан кўра қалоқлигига таълим соҳасини асосий омил деб ҳисоблайди.

Унинг айтишича, Ислом мамлакатларида таълим тизими аҳоли саводхонлигини ошириш жиҳатидан бошқа минтақалардан камида бир авлодга, балки уч авлодга ортда қолмоқда. Олий таълим тизимида мураккаб технологияларни ўзлаштириш учун зарур бўлган кўникма ва фанларга етарли эътибор берилмаётган бир пайтда мамлакатлардан барқарор иқтисодий ўсишни умид қилиш қийин.

Турли мамлакатларнинг иқтисодий тараққиёт моделларини таққослар эканмиз, аҳолининг юксак таълим даражаси, индустриал-техник билим ва кўникмаларга эга бўлган кишилар синфининг мавжудлиги мамлакатнинг қолоқлик ҳамда қашшоқлик чангалидан қутулиш имконини берувчи асосий ресурсга айланиб бораётганлигини кўриш мумкин.

Ўз навбатида, Малайзия собиқ Бош вазири Абдуллоҳ Аҳмад Бадавий замонавий мусулмонларнинг энг асосий душмани қашшоқлик, қолоқлик ва илмсизлик деб таъкидлаган эди. Бу билан у бирламчи муаммо илмсизликдир, деб айтади. Унинг таъкидлашича, мусулмонлар асло илмсиз бўлмаслиги керак, чунки таълим уларнинг ҳаётий зурурияти ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, Бадавий – Исломдаги васатиянинг – “Ислом Хадхари” аспектининг замонавий тарғиботчиси ҳисобланади.

Эҳтимол, ўқувчи шу ва шунга ўхшаш мусулмон дунёсида бўлаётган ҳодисаларга таҳлилчиларнинг муносабатлари билан танишдир. Таълим масаласи мусулмон дунёси учун улкан муаммо бўлиб турганлиги интернетнинг чексиз сарҳадларида, шу жумладан, дунёвий ҳисобланган ресурсларда ҳам қизғин муҳокама қилинаётганлиги фикримизнинг далилидир.

Бу масалага ғайри мусулмон кўзи билан қарайдиган бўлсак, қуйидаги тасвир кўз ўнгимизда намоён бўлади: аксар мусулмонлар Қуръони каримда барча нарса баён қилинган, шунинг учун ҳам илм-фанни ўрганиш мажбурий эмас. Балки Қуръони каримни ўқи, шу билан тинчлан, деган маънодаги чақириқлар, танназзул бошидир? Қолоқликнинг яна бир сабаби эса, Ислом маданиятида шаклланган барча янги нарсадан чўчишда ҳам бўлса керак. Яна барча нарсани Аллоҳ яратади, дея инсон ижоди тараққиётга сабаб бўлишини инкор қилиши ҳам мисоллар қаторида айтилади.

Ғарб одами келажакка боқаётгани, шарқ одами эса, ўтмишга қараётгани айтилади. Биринчи одам келажагини яхшилаш учун янги нарсаларни кашф қилмоқда, иккинчиси эса, келажагини яхшилаш учун ўтмишини такрорлашга интилмоқда. Бироқ бунда тараққиётнинг хиди ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам аксар форумчиларни мусулмон мамлакатларининг ғарб технологияларидан фойдаланиб келаётгани ҳамда араб, турк ёки индонезиялик олимларининг исм-шарифлари бошқа кашфиётлари янги технологияларда қандайдир ривожланишга сабаб бўлаётганлар орасида йўқлиги ажаблантираётгани йўқ.

Мусулмонлар интернет форумларда ёки ижтимоий тармоқларда инқироз сабабларини Ислом руҳидан қайтиш билан боғлаб, илдизига қайтиш кераклигини алоҳида урғулайдилар. Аммо бу ерда ҳақли савол туғилади, илдизларга қайтиш деганда нимани тушунишимиз керак? Либосларними? Хатти-ҳаракатларними? Ислом тафаккурига йўлдош бўлган баҳс-мунозараларни қўллаб-қувватлашними? Афсуски, аслида у ёки бу масалалар бўйича ҳатто энг сўнгги омил ҳисобланган баҳс-мунозаларнинг (дискуссия) ҳам йўқлиги олдинга қараб ҳаракат қилишимизга ғов бўлмоқда.

Оддий мисол, тўрт мазҳаб қандай пайдо бўлган? Нега Ислом тарқалишининг илк даврларида бошқача фикрлайдиганларни бидъатчи, деб аташ ҳолатлари умуман учрамаган? Расулуллоҳ (с.а.в.) асҳоблари ва кейинги уламолар бир-бирига қулоқ солиб, бир-бирини тинглаб, асосий масалаларда иттифоқ қилиш нуқтасини топа олишган. Кам аҳамиятга эга бўлган масалаларда эса фарқ бўлиши табиий бўлган. Албатта, бу ерда гап ақидадаги ихтилофлар ҳақида эмас, балки ҳамма гап дунёни англаш, уни кўра билишга қандай ёндашиш кераклиги ҳақида бормоқда. Қуръони каримда, ҳар кимнинг ўз ҳақиқат йўли бордир. У ҳамма учун ва доимий бир хил стандарт қилиб белгилаб чизилган нарса эмасдир. Шундай экан, ҳақиқатни излаш ва унга етиш бўйича қандайдир жиҳатга ёки Исломнинг умумий қонунларига эмас, балки маълум бир мактаб (мазҳаб) ички қоидаларигагина амал қилишни талаб қилиш нимага керак?

Бугун Ислом тарқалишининг илк даврларида бўлган иттифоққа келиш бўйича фикр эркинликларининг кўзда тутишнинг акси кузатилмоқда. Мазҳаб тарафдорлари энг тўғри мусулмонлар деб ўз мазҳабига мансуб бўлганларни тушунадилар. Бошқа тан олинган мазҳаб тарафдорларини эса, душманга чиқариб қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Буни такфирчилик деб атаса ҳам бўлади. Яъни, кераклигидан бошқача ҳисоблайдиганларни Исломдан чиқаришга уринишдир, даъватдир. Мусулмонлар форуми иштирокчилари намоздаги ташаҳудда бармоқ қимирлашларини, айтиладиган калималар қандай бўлишини (жаҳрийми, махфийми) соатлаб баҳс қилишади. Мўминнинг ибодатини ўзига ўхшаган мўминлар, тўғри ёки нотўғри ибодат қилаётганини баҳолай бошлайди? Воқеликда хоҳласак-хоҳламасакда иймон қандайдир ритул тус ола бошлайди. Аниқроғи, ҳар қайси одамнинг ички иши бўлган иймоннинг ўзи қолиб, аксинча, амалларга бошқаларнинг берган баҳоси бўйича баҳоланадиган бўлиб қолди.

Биз иштонларнинг узун-қисқалигига, ким жума намозига қачон келганига, сақолининг узун ёки қисқалигига, намоздаги сафда ўнг ё сўл тарафда турганларга кўпроқ эътибор қаратадиган бўлиб қолдик. Бу ҳам камдек, тўғри бўлмаганлар масжиддан кетсалар ҳам уларнинг орқасидан тинмай гапириб, ғийбатлардан чўчимайдиган, қўрқмайдиган бўлдик.

Ислом оламида бўлаётган ҳодисаларни, замонавий Ислом мутафаккирларининг китобларини таҳлил қилиб, уларни ўрганиш ўрнига орқага қараб кетмоқдамиз. Бу ерда Қуръони карим таълимотига кўра, мусулмонлар оға-инидир, фирқаларга бўлинманглар, дейилган илдизларга қайтишга бўлган чақириқ қани?

Бошқача сўз билан айтганда, иймоннинг ташқи фони ички ракурсдан устун бўла бошлади. Шу нуқтаи назарга кўра, ҳақиқатдан ҳам Исломнинг ижодий имконияти, салоҳияти амалга ошмасдан қолди. Бу ерда бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Иймон масалаларида (баъзилар ибодатлар ҳам деб айтади) зоҳирига қараш, расмиятчилик ва ҳарфхўрликка берилиш асос бўлиб қолди. Ваҳийда қандай иймон келтириш лозимлиги батафсил, босқичма-босқич айтиб ўтилмаган бўлса-да, биз ўзимиз ва атрофимиздагилар учун иймон қоидасини жорий қилиб, том маънода бунга амал қилаётган ёки қилмаётганларни назорат қилиш ҳуқуқини эгаллаб олганмиз.

Ким қайси тадбирда, нима деди, ким билан бўлганини билишга ўчмиз. Бир-биримизнинг нотўғри амал қилишимизни кутиб, кузатиб юришга устамиз. Ким, қачон ва қандай мусиқа тинглади? Кўп уйларда фазовий телеканал бор, уларда эса фаҳш нарсаларни кўрсатишдан ор қилмайдиган теледастурлар ҳам бор ва ҳоказо. Бундай нарсаларга эга одамларнинг орқасидан намоз ўқиш, улар билан сўрашиш мумкин эмас. Ҳатто уларни "биз"нинг масжидга йўлни унутиб юборадиган даражада қасддан ёмон муамола қилиш керак, дейдиган чақириқлар ҳам бўлади. Жосуслик, айб қидирмаслик, бўҳтон қилмаслик - бу Аллоҳ таоло қайтарган амаллар эмасми? Ўзимизнинг уммат ичидан душман қидириш мусулмонларни фирқаларга бўлиб ташламоқчи бўлиб турганлар учун катта совға эмасми?

Бу ерда мусулмоннинг қай даражада илмга эгалигининг долзарблиги янада намоён бўлади. Одам қанчалик кўп билимга эга бўлар экан, энг сўнгги ҳақиқат, дея унга бирон нарсани сингдиришга уринаётган тарафга осон бўлмайди. Уни адаштириб, қандайдир деструктив (бузғунчи) секталарга аъзо қилиш қийин бўлади. Бу ерда гап, ҳамма фикрларни дарҳол инкор қилиш ҳақида бўлмаяпти. Шунчаки, шахсий интеллектуал салоҳият даражаси қанчалик кўтарилар экан, киши ўзига яқин бўлган уламоларнинг у ёки бу масалалардаги райини танлаши мумкин бўлади.

Шубҳалар асосида қандайдир хулосага келишга ҳам илм сабабчидир. Бу борада ижод ракурси бошқа тусга киради. Аллоҳ таоло бизни ижод, тафаккур қила оладиган, шубҳага бора оладиган ақлга эга қилиб яратди. Аллоҳ таоло махлуқларининг механик равишдаги иймонларига муҳтожми? Бу риторик саволдир. Чунки ҳақиқатдан ҳам шундай бўлганида ҳамма тез орада Исломга таслим бўлиб, бир хил фикр қила бошлаган бўлар эди.

Бироқ, Аллоҳ таоло бизларга мустақил фикр қилишимизга имкон берди. У ўзининг каломини Муҳаммад (с.а.в.) орқали инсониятга етказди. Келинглар, самимий бўлайлик, оятлар ҳақида тафаккур қилиш ва ақл юритишимиз кераклиги ҳақидаги чақириқ Қуръони каримнинг жуда кўп жойларида учрайди. Бу эса Яратувчи Парвардигоримизнинг бизларга бўлган ишончидир. Демак, бизларнинг шубҳаларимиз, ички ўйларимиз, хатоларимиз - Яратувчимиз тарафидан белгилаб қўйилган “дастур” асосидадир. Айнан, тажриба ва хатолар услуби орқали (ўзимизнинг шахсий мисолимизда) биз иймонда излаган нарсаларимизнинг қиёфасини илғаб, топишимиз мумкин. Шунинг учун ўз устимида ишлаб (ўқиш, ўрганиш, кузатиш ва ҳакозо) дунёқарашларимизни кенгайтирамиз. Бунинг учун имконият жуда кенг. Жамланаётган билим эса олдинга қараб ҳаракат қилишига имкон беради. Бу ҳолатда кўпчилик учун тўғри кўринган илм билан Худога ишонувчилар ҳамжамияти ўртасидаги қандайдир “тўқнашув” ҳақидаги фикр ўз кучини ва долзарблигини йўқотади. Қуръони карим ўқишга ва ақл юритишга буюрган бўлса, илмий изланишлар, кашфиётлар нега тан олинмаслиги керак? Уларни қандай инкор қилиш мумкин? Қуръони каримдаги жуда кўп нарсалар айнан илм оламидаги оламшумул кашфиётлар орқали бизларга очилган эмасми? Бугунги кунимизда инсофи бор олимлар ҳам ўзлари кашф қилган кашфиётлар Қуръони каримда аллақачон баён қилинганини кўриб, лол қолиб Ислом тарафига қараб талпинаётгани нодир ҳодиса ҳисобланмайдиган бўлди.

Исломми ёки тафаккур ислоҳатга мухтож?

Мана ўн йилдан ошдики бутун ер юзи Исломни ислоҳ қилиш даъвати билан тўқнаш келмоқда. Ислоҳат ўзи нима? Ҳа, кўпинча, насроний дунёсининг тараққиётига сабаб бўлган ўрта аср Европасидаги реформация билан қиёс қилинади. Бироқ, бу ерда аллақандай парадокс (соғлом ақлга зид нарса) кўзга ташланади. Демак, форумларнинг бирида Европада иқтисоднинг ўсиши (ҳамда саънатнинг тараққий топишини) черков таъсирини чеклаш билан боғлашади, яъни, ренесанс. Айтишларига кўра, католиклардан иборат жануб черкови ҳаётга кам таъсир қилиши билан ажраб турадиган шимолдаги протестантлардан иқтисодий маънода қалоқдир. Бундай ҳолатда савол туғилади. Наҳотки Ренессанс (реформация) дунёвийликнинг динийликдан устун бўлиши билан амалга ошади?

Агар бу саволни мусулмон дунёсига йўналтирадиган бўлсак, уммат тараққий топиши учун Исломдан воз кечишимиз керакми, деган савол туғилади. Қанчалик ажабланарли бўлмасин форум, ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозараларни қисқача таҳлил қилиб, қилинган хулосаларга кўра, аксар дунёвий шахслар мазкур саволга ижобий жавоб берадилар. Бироқ айрим сабабларга кўра ислоҳ қилинмаган Ислом ўрта асрларда ўзидан олдинги инсоният фикр хазинасини омонат олиб, бутун жаҳон тамаддунини ҳаракатга келтирувчи пешвога айлана олганига ҳужжат ва далил келтирмайди. Сайёрамиз тафаккурининг буюк ютуқларини, жаҳоннинг бой адабиётини йўқ бўлиб кетишидан сақлаб, уни дунёга қайта тақдим қилган Ислом эмасми, ахир.

Бугун мусулмон дунёсида ҳам модернизация ва ислоҳатлар ҳақида гапиришдан чўчишмайдиган бўлишди. Баъзи шахсларнинг айтишича, иймон масаласига урғу беришларни ислоҳ қилиш керак эмиш. Исломга фақат қўрқитиш, тақиқлаш дини сифатида эмас, балки унинг инсон, шахс, жамият ҳамда давлат фаолияти, яъни, кўпроқ тўмтоқлик, қолоқлик ва турғунликка зид бўлган муҳаббат, бунёдкорлик, уйғунлик нуқтаи назаридан қараш керак бўлади.

Бу ерда гап ҳаром нарсани ҳалол қилиш ёки мумкин бўлмаган нарсага рухсат бериш ҳақида бормаяпти. Гап Ислом дини – инсон учун дин эканини тушунтиришдир. Мўминларнинг ҳаётида қийинчиликларни туғдириш, қийнашга эмас, аксинча, Қуръони каримда айтилганидек, уларнинг ҳаётларини осонлаштириш учундир. Бу тақиқлар Аллоҳ таоло томонидан кўзда тутилган бутун олам уйғунлигининг таркибий қисмидир.

Яъни, у ёки бу амалларни тақиқ қилиниши умумий тараққиёт учун керак бўлган бир нарса, халос. Асосий мақсад эса, инсоният фойдаси ва тараққиёти учундир.

Агар нарсаларга шундай нуқтаи назар билан қарайдиган бўлсак, турли тарафлардан қандайдир тушунча беришга уринаётганларнинг Ислом дунёсини ислоҳ қилиш аспекти умуман бошқа шакл ва қиёфага эга бўлади. Бу ерда гап Аллоҳ таолонинг каломини ислоҳ қилиш ҳақида эмас, балки ўзимизнинг Исломга бўлган муносабатимизни ислоҳ қилиш ҳақида бормоқда. Яъни, Ислом қандайдир модернизацияга мухтож эмас, аксинча биз ўзимиз ислоҳга кўпроқ муҳтожмиз.

Биз бунга тайёрмизми, деган савол бошқа масаладир. Ўзимизни ислоҳ қилиш Исломга тўлиқ амал қилиш деганимиздир. Шахсий масъулият эса бунда муҳим нуқталарнинг бири ҳисобланади. Бу ерда ўзимиз билан ўзимиз ўралашиб қоламиз-ку, деган фикрга бормаслигимиз керак. Аксинча ҳамма гап ҳар ким ўзи учун жавоб беришини ҳис қилиши, фаҳмлаши ҳақидадир. Одамларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри ибодат қилаётганига аралашвермаслигимиз лозим. Фикрларимиз модернизацияга маҳтож эканини ҳаммамиз тушуниб етишимиз мақсадга мувофиқдир. Исломга қандай муносабатда бўляпмиз? Фикрларимиз даражаси қай аҳволда барчасини қайта кўриб чиқишимиз шарт. Бу Қуръони карим амрига ҳам тўғри келади: "Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас" (Қуръони карим, 13:11).

Юқорида баён қилинган нарсалар билан бирга Элмир Кулиев айтганларига ҳам мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. Унинг сўзига кўра, фикр эркинлиги ХIII аср охирларида Европанинг демократик давлатларининг ажралмас хусусиятига айлангунига қадар ғарб тафаккури узоқ бўлган ислоҳат ва камолат йўлини босиб ўтган. Бугун эса, сўз эркинлиги фуқаролар жамиятнинг тозалигини ва демократиянинг асосий шартига айланди. Бироқ ғарбнинг сўз эркинлиги концепцияси умуман бошқа эволюция йўли билан ривож топган бошқа дунёқарашлар тизимига доим ҳам мос келавермайди. Шундай тизимларнинг бири, замонавий тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, ҳаёт тарзига, фикрлаш ва аксар тарафдорларининг хатти-ҳаракатларига катта таъсир ўтказувчи муҳим омил ҳисобланган Ислом динидир. Ислом динининг фикр эркинлиги ва мусулмон мамлакатларида инсон ҳуқуқларининг таъминлаш истиқболларига бўлган муносабатлари қизиқарли бўлса керак.

Қуръони карим мусулмон мамлакатида ирқи, миллати ёки диний мансублигидан қатъий назар барча фуқароларнинг сўз эркинлигига кафолат беради. Демак, мусулмонлар шариати ҳар қандай баҳс мунозаралар бўлишига қарши эмас. Ҳатто динимизнинг асосий масалалари бўйича ҳам, бироқ бундай баҳслар “чиройли тарзда” ўтиши кераклиги уқтирилади. Ҳуқуқдан бошқаларнинг ҳаққи ва иззатига тажовуз бўлмаган тақдирдагина фойдаланиш мумкин бўлади. Бу Ислом динининг фундаментал асосларнинг биридир. Кулиевнинг ёзишича, шариат амалда фикр эркинлигини ҳимоя қилишини, агар қандайдир жиноят қилмаса бошқача фикр қиладиганларга нисбатан қатъий чоралар жорий қилинмаганини барчамиз билиб қўйсак яхши бўлар эди.

Шунинг учун ҳам инсон ҳуқуқлари концепцияси мусулмон дунёси учун бегона нарса эмас. Инсон ҳуқуқлари муаммоси Ғарб мамлакатларининг кун тартибига киритилмасдан анча олдин Ислом оламида ишлаб чиқилган ва амалга оширилганлигини асло унутмаслик керак. Мусулмон мамлакатларида сўз эркинлигига кафолат берувчи очиқ фуқаролар жамияти мусулмонлар онги ва ҳаёт тарзига мос бўлган ҳамда узоқ тарих давомида Ғарб етишган ютуқлар билан уйғун ҳолда шаклланиб келинаётган қадриятлар тизимига уйғун бўлиши керак.

Кулиев эслатиб ўтган фикрлардан Ислом оламини ислоҳ қилиш векторини кўрсак бўлади. Бу ерда ҳаракат қилиш, этибор қаратиш объекти дин эмас, балки биз, яъни, динга эргашувчилардир. Биз ўзимизни, нарсаларга бўлган муносабатларимизни, ички дунёмизни ислоҳ қилишимиз керак. Аллоҳ таоло белгилаб берган руҳ эркинлиги тараққиёт ва жамиятнинг (социум) барча аъзоларининг фаровонлигини мақсад қилган жамият шаклланишида асос бўлишини билмоғимиз лозимдир. Шунинг учун Руфат Кулиев Ислом кўп нарсани чеклаб, инсонга унинг эрки ва ҳуқуқи ҳақида тўғри тушунча беради ва бу жамият учун ўта муҳим, деб таъкидлайди.

Буларнинг барчасини англаш, асосий масала таълимда эканини кўриш имконини беради. У эса ички иймонни зиёда қилиб, ҳар қайсимизни ва мусулмон уммати тушиб қолган турғунлик ҳолатидан олдинга қараб қўзғалишимизга шароит яратади. Аллоҳ таоло каломини англаш маънавиятига ақл, идрок ва кенг дунёқараш қўшила олса уммат таррақиёти асоси бўла олади.

“Идрок” журнали асосида

Абу Муслим тайёрлади