loader
Foto

Нега мусулмонларни ёмон кўришади?

Ҳақиқатдан ҳам, Ислом ҳақида ўрта аср тушунчалари билан юрганлар бугун ҳали ҳам кўп. Бироқ Ислом ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил бўлишига мусулмонларнинг ўзида ҳам айб бор. Кўпчиликда чуқур диний билим йўқ. Улардан қайсидири динга қизиқиши ёки ҳаётда қийин аҳволга тушиб қолганида ҳаёт ҳақида унинг маъносини излай бошлайди. Бироқ, бу кўпроқ истисно ҳолатдир. Кўпчилик Ислом ҳақида ўзлари билан аралашиб юрган араб, турк ёки ўзбекларга қараб баҳо берадилар. Баъзиларига солиҳ одамлар билан бирга бўлиши насиб қилади ва улар динга энг камида ҳурмат билан қарай бошлайди. Баъзилари эса, аксинча, одамларга дуч келиб, диндан ҳам янада юз ўгириб кетишга сабаб бўладилар.

Бундай ҳолатда биз одатда, Ислом ҳақида мусулмонларга қараб эмас, балки Китоб ва Суннат бўйича баҳо беринглар деб айтамиз. Ҳақиқати ҳам шу. Бироқ бундай деганимиз қайсидир маънода ишонарли чиқмайди. Сизни яхши тарафга ўзгартира олмаган сизнинг динингизга нега одамлар қизиқиши ёки унга киришлари керак экан? Айниқса, сиз таклиф қилаётган одам ўқимишли ва ўз ишини чин дилдан бажариб, ўзини керакли шахс сифатида билаётган бўлса. Агар атрофидаги мусулмонлар билимсиз, ёлғончи, қўпол ва ярамас ҳислатларга эга бўлса бундай одамларнинг Ислом қадрини тушуниши қийин бўлади.

Афсуски, бундай ҳолат атрофимизда тиқилиб ётибди. Ислом дунёсида билимсизлик шу даражага етдики, жуда кўп мусулмонлар қора иш кучигагина ярайдиган ҳолатга келдилар, ишларни ҳам қўл учларида бажарадилар. Доимий муҳтожлик ичида юрган бундай одамларни агар тақвоси ёки тарбияси тўхтатиб қолмаса ўғирлик ёки шу каби бошқа ҳаром ишларга қўл уриб қўймоқдалар.

Билим олган ва ўзларини ўқимишли ҳисоблаган мусулмонларда камчиликлар топилмайдими? Биз ўзимизнинг устимизда ишлашни унутиб қўйганмиз. Кимдир қандайдир муваффақиятга эришса, ўз устида ишлашни тўхтатиб қўяди. Истаган тадбиркор “биродарлардан” бўлган ишчилар ёки шерикларидан панд егани, ёмон аҳволга солиб кетгани ҳақидаги кўплаб воқеаларини айтиб бериши мумкин. Боши тошга тегавериб анча тажриба оттирганлар иш бўйича “ўта диндор” ёки ҳожиакаю қориакалар билан бирга иш қилишдан қочиб юришади.

Албатта, зикр қилинган ҳолатларни умумийлаштирмаслик керак. Чунки бундай ҳолат исталган бошқа дин вакиллари ёки динсизлар орасидан ҳам топилади. Бироқ гап биз ҳақимизда, яъни Аллоҳ таолонинг Ҳақ дини вакиллари ҳақида бўлаётгани учун ҳам бизнинг бошқалар билан нима ишимиз бор?

Биз кўпинча, одамлар насиҳатларимизни тингламаётгани ва бизга нисбатан холис муносабатда эмаслигидан шикоят қилиб юрамиз. Айтингчи, Аллоҳ таолога иймон келтирганимиз учун улар бизни яхши кўришга мажбурми? Ёки улар бизнинг масжидга бориб намоз ўқишимиз учун ўз миннатдорчиликларини изҳор қилишлари шартми? Одамлар билан бўлаётган муносабатларда бизнинг диндорлигимиз эмас, балки уларга нисбатан холислик, хушмуомалалик, яхшилик, тўғрисўзлик, ишларни ўз вақтида бажаришлик каби хислатлар муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзи жоҳил бўлиб ҳам Ислом номидан гапирадиган ёки бирон бир ишни қиладиганлардан ҳам кўра, одамларни диндан бездирадиган бошқа нарса топилмаса керак.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам: “Албатта мен Аллоҳга бўйсунгувчи кишиларнинг аввалгиси бўлишга маъмурман (амр қилинганман)”, деб айтган (Анъом сураси, 14). Шуайб пайғамбар ўз халқига: “...Мен сизларни ўзим қайтараётган нарсада ўзим хилоф қилмоқчи эмасман. Мен имконим борича ислоҳ қилишдан ўзга ҳеч нарсани хоҳламасман...” деган (Ҳуд сураси, 88)

Ислом ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил бўлишига ўзимиз сабаб бўлаётганимизни тан олиш, албатта, жуда қийиндир. Бундан кўра, ҳамма маъсиятга ботиб юрган бир вақтда ўзимизнинг қандай яхши  ва тўғри одамлар эканимиз ҳақида ўйлашимиз анча  ёқимлидир. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатга эргашиш кераклиги, залолатдан қочиш ва шу каби тўғри нарсалар ҳақида куйиниб гапирамиз-у, аммо ўзимизни унутиб қўямиз. Агар кимдир камчилигимиз ҳақида оғиз очиб қолгудек бўлса, оғзига қараб урамиз. Одамлар биз ҳақимизда яхши деб ўйлашларида шубҳага бормасликка ётиб олиб ҳаракат қиламиз. Бизни яхши одамлар, деб ўйласин учун ҳаракат қиламиз. Шуми бизнинг холислигимиз?...

Биз ҳақимизда баъзи биродарларнинг гапларини тингласангиз биз қандай яхши, оппоқ ва момиқ эканимиз ҳақида тасаввур пайдо бўлади. Бироқ ўзимизга яхшилаб назар ташлайдиган бўлсак, илмларимиз оз бўла туриб, бошқаларни қандай яшашга ўргатаётганлар ҳамда кибрга кетиб, суннат ва жамоат аҳлига кам фойда келтираётганлардан бўлиб чиқамиз. Баъзилар ҳатто ишлагилари ҳам келмайди. Улар ўзларини ва бошқаларни Қурайш бойлари менсинмаган Билол ва Ҳаббоб каби қашшоқ саҳобалар ҳаёти билан ўзларини юпатадилар (розияллоҳу анҳум).

Албатта, фақирона ҳаёт кечириш ва оми бўлиш улардан юз ўгириб кетиш учун сабаб эмас. Қашшоқ бўлгани ва етарли таълим ололмаган заиф мусулмонлардан юз ўгирувчилар яхши иш қилаётганлари йўқ. Қашшоқлар таълим олишлари ва кучли бўлишлари сари қадам қўйишга булар сабаб эмасми? Қашшоқ ва билимсиз бўлишимиз бизга фазилат ёки чирой берадими ёки жаннат ваъда қилинган “ғариблар”ни эътибордан ва ҳаётдан узилиб қолган одамлар деб ўйлаймизми?

Бу дунёда муваффақият қозониб ҳам “ғариб” бўлиш мумкин. Мактаб ёки шифохона қуриб, етим ва нафақадагиларга ёрдам бериш мумкин. Жамиятга эътироз, норозилик билдирмай жуда кўп  хайрли ишларни холис қилиш мумкин, бундан қанча-қанча одам ибрат ҳам оладилар. Босиб меҳнат қилинг, сўнг топганларингизни муҳтожларга ҳам бўлиб беринг, ана шунда бу шафқатсиз дунёда “ғариб”га айланасиз. Ва ўшанда сизни фақат адолатсиз кимсаларгина ғийбат қилишади ва ҳатто шунда ҳам ҳеч қайсиси на динингизга на диёнатингизга тил теккиза олишмайди.

Интернетдан

Абу Муслим таржимаси