loader
Foto

Илм-фан кофирларнинг куфр ишими?

Ўрта асрларда Ислом дунёси тамаддунлар ичида илм-фан маркази бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Ўша даврда жуда кўп илмий, иқтисодий ва маданият соҳасида жуда катта ютуқларга эришилди. Бироқ, бугунги кун мусулмон дунёси илм-фанда орқада қолиб кетди. Ҳозирги замон кўплаб мусулмон олимлари “Исломнинг Олтин Асри” дея аталувчи даврдаги мусулмонларнинг буюк кашфиётлари ҳақида ёзишни яхши кўрадилар. Уларнинг илмий рисолаларида ўша даврдаги мусулмон олимларининг кашфиётлари ва жаҳон илм-фан соҳасига қўшган улкан улуши батафсил таърифланади. Бироқ буюк ўтмиш ҳақида ёзаётганларнинг аксарияти муваффақият ортидан юзага келган таназзул сабаблари ҳақида бирор оғиз гап ёзмаётганларини кўрамиз.

Покистонлик физик, Исломобод университети профессори, Исломнинг илм-фан билан муносабатлари тўғрисидаги рисолаларнинг муаллифи Парвез Ҳудбхои томонидан ўтказилган сўров натижаси бўйича, мусулмонларнинг жаҳон илм-фан соҳасидаги улуши 1 фоизга ҳам етмайди, ҳолбуки сайёрамизнинг 20 фоиз аҳолисини мусулмонлар ташкил этади. Биргина кичкина Исроил давлатидаги олимлар сони барча мусулмон мамлакатларидаги олимларнинг умумий сонидан икки баробар ортиқ. VIII асрдан XIV асргача 600 йил давомида энг илғор илм-фанга асосланган мусулмонлар дунёқараши нега ҳозирги кунда юзага келган жаҳолат ботқоғига айланиб қолди?

Ушбу саволга жавоб топиш учун мен кўплаб мақолаларни ўқиб чиқишимга ва ўзига хос тадқиқот ўтказишимга тўғри келди. Сизларни ўтмишимизга саёҳат қилишга таклиф қилиман, у ерда кўплаб қизиқарли маълумотлар бор экан.

Юнон манбаси

Биринчидан, кўплаб замондошларим камроқ эсга оладиган омил – Ислом оламида ўтмишдаги илм-фан ривожланиши сабаблари ҳақида сўзлаб бериш жоиз деб ўйлайман. Мусулмон илм-фани қадимги юнон мутафаккирларидан олган билимлари туфайли гуркираб яшнашни бошлаган. Эллинлар маданиятининг шарққа қараб тарқалиши Македониялик Искандарнинг ҳарбий юришлари билан бошланган ва асосан юнонларнинг ўрнашган манзиллари орқали тарқаган. Шунинг учун ҳам VII ва VIII асрларда мусулмонларнинг араб қўшинлари Форсдан Шимолий Африка ва Испаниягача бўлган улкан ҳудудларни қўлга киритганларида улар жуда кўп миқдорда Афлотун, Арасту, Пифагор, Демокрит, Архимед ва бошқа юнон олимлари қаламига мансуб асарлари битилган китобларни қўлга киритдилар. Мусулмонлар халифаликка бутун-бутун кутубхоналарни олиб чиқдилар ва тез орада юнон манускриптлари шунчалик кўпайиб кетдики, уларни системали таржима қилиш бўйича марказларни ташкил қилишга тўғри келди.

Илм-фан гуркураб яшнашининг яна битта сабаби – халифалар томонидан кўрсатилган кўмак бўлиб қолди. Мисол учун, Боғдодда IX асрда халифа АбулАббос Маъмун томонидан юнон илм-фанини ўзлаштириш учун энг йирик маърифат маркази – “Ҳикматлар уйи” таъсис этилди. Шу фурсатдан бошлаб у Халифаликда илм-фан ривожланишига ҳомийлик қила бошлади. Мазкур фан марказида юнон тилидан араб тилига ўгирилган биринчи асар – искандариялик астроном Клавдий Птолемейнинг  (90–161) “Алмагест” (Ал-Мажисти) асари бўлиб қолди. “Ал-Мажисти" – юнонча “Megiste syntaxis” номининг арабча варианти бўлиб, “Буюк тафаккур тизими” маъносини англатиб, кейинги 500 йил давомида космология фанига асос солди. 

Яна бир мисол – Мавароуннаҳр ҳукмдори Улуғбек. Бу инсон бир вақтнинг ўзида илмий мақсадни аниқ тасаввур қила оладиган ва амалга ошириш салоҳиятига эга истеъдодли олим ҳамда қудратли давлатнинг ҳукмдори эди. Амир Темурдан қолган пулларни Улуғбек илм-фан ва маданиятни ривожлантиришга йўналтирди. Унинг ташаббуси билан кейинчалик илмий тафаккур марказларига айланган мадрасалар қурилиши бошланди. Мадрасалар Бухорода, Самарқандда ва Ғиждувонда қурилди. Мадрасалардан бирининг пештоқида Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Илм талб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” деган ҳадиси ёзиб қўйилган. Улуғбек 1417-1420 йилларда Самарқандда мадраса қуриб, унга Ислом оламининг кўплаб математик ва астрономларини таклиф қилди.

 Юқорида зикр этилган омиллардан ташқари, мусулмонларнинг ўз диний маросимларига риоя қилишга эҳтиёж ҳам илм-фан ривожланишига туртки бўлган.

Амалда Ислом – маросимларни адо этиш учун астрономик билимларга эга бўлиши лозим бўлган дин, негаки мусулмон одам қаерда бўлмасин Макка шаҳрида жойлашган Каъбага қараб номоз ўқиши лозим бўлади. Мусулмон олимлари Магелланнинг дунё бўйлаб амалга оширган саёҳатидан анча олдинроқ ернинг юмалоқ шардан иборатлигини билишган. Бу билим уларга қиблани топиш учун зарур бўлган жадвалларни тузиш учун керак бўлган. Шунинг учун ҳам мусулмонлар жидди-жаҳд ила шуғулланган фанлари астрономия бўлган.

Тарихдан маълумки, XII–XIV асргача Ислом тамаддуни бутун дунё бўйича энг илғор саналган, Ислом олами инсон ҳазорасининг авангардида турган ва бу даврда илмий, иқтисодий ва маданий ҳаётда улкан муваффақиятларга эришилган. Кейинроқ аҳвол ёмонлаша бошлади, Ислом оламида регресс бошланди ва XX асрга келиб жаҳолат ботқоғига ботиб қўя қолди.

Рационализм ва ривожланиш ўрнини догматизм, қолоқлик, диний мутаассиблик ва барча кўринишлардаги ортодоксия эгаллади. Асрлар давомида Европани қамраб олган зулумот Ислом оламига ўтиб кетди. Доимий рақиби насронийликка нисбатан Ислом олами қашшоқлашди, заифлашди, ва жоҳиллашди. XIX ва XX асрларда Ғарб нафақат илмий, балки иқтисодий, ҳарбий соҳаларда ҳам устунликка эришди ва бу мусулмонлар учун чинакам фожиага айланди. XIX ва XX асрларда Туркия ва Ҳижоздан (Макка ва Мадина) ташқари исломий ерларнинг ҳаммаси Британия, Франция ва Россиянинг мустамлакасига айланди.

Самарасиз изланишлар

Вазият ёмонлашганда инсонда “Ким айбдор?” деган савол туғилиши табиийдир. Мусулмон мамлакатларида умматнинг кўпчилиги бу саволга турлича жавоб топдилар.

Ҳар доимгидек, сабабни ўзимиздан қидирмай, бировни айбдор қилишга уринамиз. Узоқ вақт мобайнида мўғулларни айблаб келдик: гўё XIII асрдаги мўғуллар истилоси мусулмонлар тамаддунининг таназулига сабаб бўлган экан. Бироқ бу дастакнинг иккита заиф ери бор. Биринчиси: мусулмон халқларининг энг буюк муваффақиятлари айниқса Эронда мўғуллар истилосидан кейин қўлга киритилган. Ўша Мавароуннаҳр ҳам тарих майдонида мўғуллар босқинидан кейин юкслалган. Иккинчиси (уни маъқуллаш қийин, бироқ инкор этиб ҳам бўлмайди): мўғуллар ривожланишда таназзулга юз тутган империяни енгдилар. Чиндан ҳам қачонлардир халифаларнинг қудратли империяси Шарқий Осиё чўлларидан келган кўчманчилар ўрдасининг шафқатига умид билан таслим бўлди.

Худди шу гапни салбчилар ва Испания Реконкистаси (Қуртуба халифалигини ишғол қилиши) ҳақида айтиш мумкин. Эътиборлиси шуки, ўз йўлида ҳамма нарсани вайрон қилган жоҳил, ваҳший мўғуллардан фарқли ўлароқ салбчилар ва Реконкиста жангчилари мусулмонларнинг илм-фан марказларини вайрон қилиб ташламадилар. Европаликлар салб юришларидан сўнг ювинишни ўргандилар, ҳаммом нима, совун нима, кўзгу нималигини билдилар.

Алгебра ва “алгоритм” ибораси Ал-Хоразмийдан олинган

Араб дунёси французларга ва инглизларга мустамлака бўлган даврда (ХIХ–ХХ асрлар) яна битта айбдор – Европа пайдо бўлди. Бироқ инглиз-француз босқини нисбатан қисқа вақт давом этган ва ярим аср олдин ниҳоясига етган. Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг ёвузлик роли Европадан АҚШга ўтди. Энди айбни Америкага юклаш ғоясини кўпчилик қўллади, бироқ Британия ва Франция каби бу дастак ҳам заиф бўлиб қолмоқда. Инглиз-француз босқинлари, Америка таъсири ва мўғулларнинг истилоси мусулмон мамлакатлари заифлигининг сабаби эмас, балки оқибати эди. Айтгандек, қачонлардан Британия таркибига кирган баъзи собиқ мустамлакалар ривожланишда улкан сакрашларга эришдилар. Бунга ёрқин мисол сифатида Малайзия, БАА ва Қатарни келтириш мумкин.

Менимча, юқорида санаб ўтилган сабаблар ўта заиф, ҳеч қандай танқидларга дош бера олмайди. Мўғуллар истилоси, салб юришлари ва ғарб мустамлакачилиги сўзсиз жуда катта талафот етказган, бироқ булар ўз даврида бўлиб ўтган. Салб юришлари ва мўғуллар босқинидан бери саккиз аср ўтди, мустамлакачилик даври эса ярим аср олдин тугади. Мисол учун, уч юз йил давомида Британия мустамлакаси бўлган Ҳиндистон айни пайтда ахборот технологиялари соҳасида дастурий таъминот бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жанубий Кореянинг Япониядан қутилганига ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ, шунга қарамай ҳозирги кунда юқори технологиялар соҳасида етакчи позицияларни эгалламоқда. Ялпи ишлаб чиқариш маҳсулоти (ЯИМ) бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаётган Хитой юз йил олдин ғарб мустамлакачилиги ва япон милитаризми зулмидан азият чекиб келарди. Сингапур, Тайвань, Гонконг ҳам мустамлакачиликнинг аччиқ қисматини татиб кўрган бўлишига қарамай, ҳозирги кунда юқори ривожланган мамлакатлар орасидан ўрин олишган. Таққослаш учун – таълим даражаси бўйича Сингапур баъзи Европа мамлакатларидан ҳам ўзиб кетган. Яна бир эътиборга лойиқ факт: урушдан кейин Миср ва Япония ривжланиш бўйича тенг эди, ҳозирги кунда Миср тўғрисида гапиришга ҳам арзмайди.

Айбдор эмас

Бошқа тарафдан айбдорни қидириш ўйинининг нозик тарафи мусулмонлар жамоасининг асосини емиради. Сабаблардан бири дин, яъни Ислом деб қаралади. Шунга қарамай Исломни айбдор қилишга уринишлар бефойда. Ислом ўрта асрлардаги Европа насронийлигидан фарқли ўлароқ (Ватиканнингн олимларни гулханда ёқиши, ўзга фикрловчиларни қувғинга олиш (Варфоломей тунини эсланг)) тамаддун ва тарққиёт маркази бўлган. Айнан Исломнинг илк даврларида мусулмонлар  юнонларда мерос қолган илм-фанни ривожлантирдилар, халқ хўжалигининг янги соҳаларини яратдилар, фабрикалар қурдилар, савдо ва тижорат мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Ислом жамияти фикр эркинлиги, фикр изҳор этиш эркинлигининг муайан даражасига етишди ва натижада қувғиндаги яҳудийлар ва насронийлар Ислом оламига интила бошладилар.

Ҳозир ҳам айбдорни қидириш ўйини давом этмоқда (мўғуллар, империалистлар, яҳудийлар, америкаликлар...) ва бу ўйиннинг поёни кўринмаяпти. Яқин Шарқ мамлакатларининг аксариятини бошқараётган репрессив, самарасиз ҳукуматлари учун бу ўйин даф қила олмаётган қолоқликни оқлаш учун баҳона бўлиб хизмат қилмоқда. Оддий мусулмонлар бу ўйин ўзига хос юпанч бўлиб хизмат қилмоқда. Арабдан “нега сизларда илм-фан ривожланмаяпти?” деб сўрасангиз, у  фитна назарияси ҳақида сафсата сотишни бошлайди. Гўё бунга Ғарб тўсқинлик қилаётгандек. Бироқ бундай изоҳлар ўта тутуриқсиз: мисол тариқасида Малайзияни олиб кўрайлик,  назарияга кўра Ғарб бу мамлакатга ҳам тўсқинлик қилаётган бўлиб керак, лекин мамлакат ривожланишда олға қадам ташламоқда. Демак, бундай баҳоналар асоссиз.

Темурнинг набираси Улуғбек нафақат оқил ҳукмдор, балки таниқли астроном олим бўлган

Хўш, аслида нима бўлди ўзи? Бу саволга жавоб излаш аллақачаон “Ким айбдор?” дея аталувчи нозик ўйинга айланиб кетганидан кўпчилик тарихчилар ва бошқа умматлар воқеа, ҳодисаларнинг муҳим томонларини аниқлаш учун уларнинг жузьий томонларини  фикран бир чеккага қўйиб туриб қарай олмай қолдилар.

Айбдорларни излаш ва баланд овозда муҳокама қилиш билан овора бўлиб, кўпчилик уммат ўз текшируви давомида битта тарихий ҳолатни кўздан қочиради. XI аср охирида ўз даврининг энг илғор дунёқарашларга қарши клерикалларнинг таъсири кучайиб кетди, улар илмий изланишлардан воз кечишни тарғиб қилиб, эркин илмий тафаккурга қарши чиқишарди. Ушбу йўналишнинг энг йирик намояндаси Ғаззолий эди (1058–1112 йй.). Ислом оламида илф-фан таназзули муаммосини ўргана туриб, унинг фаолияти ва асарларини тилга олмасликнинг иложи йўқ. Тадқиқотчиларнинг Ғаззолийга нисбатан муносабати турлича, уларни шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин; биринчи гуруҳ Ғаззолийни фалсафа, хусусан материализм, илм-фан ва тарққиётнинг ашаддий душмани сифатида баҳолайдилар. Бу гуруҳга мансуб файласуфлар ва шарқшунослар Ғаззолийни “Инкорни инкор этиш – Ғаззолийнинг “Файласуфларни инкор этиш” китобига жавоб” китобида қаттиқ танқид остига олган андалуслик файласуф Ибн Рошднинг кучли таъсири остидалар.

Иккинчи гуруҳ Ғаззолийни буюк мусулмон олими, мусулмон ортодоксияси ҳимоячиси деб ҳисоблайдилар. Бу гуруҳга Ғаззолийнинг Ислом пойдеворини қўпорувчи таълимотлардан ҳимоя қилишни ҳамда  спекулятив илоҳиётдан (калом) тозалашга қаратилган “Диний фанларнинг уйғониши” асарига ишора қилаётган фақиҳлар кирадилар.

Илмий тафаккурни, хусусан, қадимги юнон илм-фани ва мантиқи таъсири остида (юқорида зикр этилганидек, қадимги юнон мутафаккирларининг кўплаб асарлари араб тилига таржима қилиб бўлинганди) ривожланиши ҳукмрон синфлар вакиллари, мусулмон мутакаллимлари (ҳақиқат мезони иймон дея таъкидловчи мутаассиб олимлар) рационализм, ҳурфикрлик ва бошқа тенденцияларга қарши курашда рационалистик далиллар ва мантиқдан фойдаланишга, яъни рақибнинг қуролини ўзига қарши ишлатишига олиб келди. 

Ибн Сино ва Ғаззолий даврида мусулмон Шарқида файласуфлар ва фақиҳлар ўртасидаги қарама-қаршилик энг юқори чўққисига чиқди; Ғаззолий ўзининг “Файласуфларни инкор қилиш” китобида фалсафанинг дин учун хавфли бўлган саволларини белгилаб берди. Диний таълиимотни нечоғлик жидди-жаҳд ила ҳимоя қилаётганини унинг мансублик концепциясига муносабатидан билса ҳам бўлаверади. Бу ерда у фалсафанинг мантиқан рад этиб бўлмайдиган энг муҳим масалаларидан бири бўйича рақибларини енгишга уринади.  Ғаззолий табиатда мансубликка ва ундан келиб чиқадиган ривожланиш қонуниятларига қарши чиқиш зарур деб ҳисоблаб келган, негаки ушбу масалага материалистик ёндашув табиат ҳодисаларида илоҳий кучларнинг аралашувини истисно этади. Ғаззолий табиатда мансублик концепцияси ҳар қанда илоҳий аралашувларни истисно этишини аниқ кўра билган. Агар икки унсурдан бири бошқасининг келиб чиқишига сабаб бўлмаса, унда Худонинг ҳаракати нима билан ифода бўлади? ушбу масаланинг материалистик тарзда илмий ечими фақиҳга кўра Худонинг сабаб сифатида инкор этилишига олиб келади. Айнан шунинг учун Ғаззолий ўз мулоҳазаларида шу қадар кескин фикр билдирадики, ҳатто пахтанинг олов таъсири остида ёниш сабабини ҳам инкор этиб қўйади. У файласуфларда ёниш сабабларини тушунтириб беришга ишончли далиллари йўқ, деб айтиб келган. “Уларда олов таъсирида ёнишни кузатишдан бошқа далиллари йўқ”.

Ибн Синонинг (Авиценна) “Тиб қонунлари” ўрта аср Европа медицинасининг асоси бўлган

Ғаззолий учун табиатдаги барча жараёнлар илоҳий куч томонидан белгилаб берилган тартибга бўйсунади ва Аллоҳнинг иродаси билан бир зумда вайрон бўлиши мумкин. Мавжудга нисбатан ташқи ҳисобланган меъёрнинг мавжудлиги, ташқи зарурат тўғрисидаги ҳар қандай ғоя истисно этилади.

Ғаззолий рационализмга қарши курашда дин ақидаларини мантиқий-фалсафий аппарат ёрдамида асослаш учун бор кучини сарфлади. Ғаззолий фалсафани мусулмон диний таълимотга киритиб, уни фикҳга “ходима” қилиб қўйди.

Шундай қилиб, рационализм ва ортодоксия ўртасидаги шафқатсиз кураш иккинчиси фойдасига тугади. Натижани узоқ кутишга тўғри келмади. Клерикаллар ҳурфикрлик, мантиқ ва сабаб-оқибат ришталарини излашни тақиқлаб қўйдилар. Бусиз илм-фан ривожланишини тасаввур қилиб бўлмайди. Таълим дастурларидан барча предметлар олиб ташланди, илло фикҳ дарслари қолди. Рационализм ўрнини ортодоксия эгаллаган мадрасалар физика, математика, астрономия, кимё ва биология бўйича мутахассисларни чиқармай қўйди. Ислом оламида илм-фанга улкан зарба берилди ва натижада илмий тафаккурга қизиқиш тез орада йўқ бўлиб кетди.

Бир вақтлар Малайзиянинг собиқ бош вазири Маҳатхир Муҳаммад Ислом оламида олимларнинг келиб Исломни ўз майлларига кўра, илм-фан Шариат предметларини ўрганиш доирасидан чиқмаслиги керак, дея таърифлашга бошлаганлари туфайли илмий изланишлар  йўқолди деб айтганди. 

Моддий ёрдамсиз

Ислом оламида илм-фаннинг таназзулга келишининг яна бир сабаби халифалар тарафидан моддий ёрдам тўхтатиб қўйилишини ҳам айтиш мумкин. Ислом дунёсида илм-фан ривожланиши доим халиф ва султонларга боғлиқ бўлган. Ҳукмдорлар олимларни қўллаб-қувватлаган, илмий марказларнинг қурилишига маблағлар ажратган, таниқли олимларни таклиф қилишган. Кейинги халифалар ўзларининг салафларидан фарқли ўлароқ ҳашаматга берилиб ғафлатда қолишди. Уларнинг саройларида мутафаккир, олим, шоир ва тарихчилар учун жой қолмади. Энди уларнинг саройлари қимматбаҳо буюмлар, тилло ва бошқа ҳашаматларга тўлди. Бироқ, бундай “ширин ҳаёт” учун жуда қимматга тушди. Мўғуллар босқини вақтида Аббосийлардан бўлган халифа душманларига қарши тура олмади, ҳатто ўзи асирга тушиб қолди. У ҳибсда таом сўраганида унга қимматбаҳо тошлар билан безатилган тилло идишлар киритилди. Бу идишларга қараб, буларни еб бўлмайди-ку, деганида мўғулларнинг хони Хулагу: “Агар сен буларнинг ҳаммасини қўшин учун сарф қилганингда, бизга асир тушмасдинг”, деб жавоб берган.

Бизнинг замондошлар ҳам ўша халифалардан узоққа боришмади. Илм-фан ривожига хисса қўшиш ўрнига бугунги мусулмон ҳукмдорлар катта пулларни нимага истаса сарф қиладилару аммо таълим ва илм-фан ривожига пул сарфлашга келганида бахилликлари тутиб қолади. Бунга мисол, араб қироллари, шайхларию шаҳзодаларининг исроф билан ўтказаётган ҳаётларига бир назар солиш кифоя.

Хулоса

Ислом олами тарихини варақлар экансиз, тахтда ўқиган ва виждонли ҳукмдорлар ўтирган вақтда илм-фан ривожланганига гувоҳ бўласиз. Буларнинг даврида илм-фан юксалган. Улар ўз пойтахтларини илм-фан марказларига айлантиришга ҳаракат қилишган. Ана шуларнинг ҳукмронлиги даврлари “Исломнинг олтин даври” деб тарих хотираларида қолган. Иқтидорда маърифатли одам турганида, Ислом тамаддуни гуркираб, яшнаган.

Улуғбек ҳукмронлиги даврида Маварауннаҳр ва айниқса унинг пойтахти Самарқанднинг юксалишини IX асрдаги олтин давр билан қиёс қилса бўлади. Улуғбек Самарқандни жаҳонда ўрта асрнинг илм-фаннинг энг илғор марказига айлантирди. XV аср бошларида бу ерда – Ғиёсиддин Жамшид Каший, Қозизода Румий, Алий Қушчи каби катта олимлар етишиб чиққан бутун бошли илмий мактаб вужудга келди. Ўша вақт Самарқандда Ўрта Осиё тарихини ёзган Хофиз Абру, таниқли табиб Мавлоно Нафси, Сирожиддин Самарқандий, Саккокий, Лутфий ва Бадахший каби шоирлар яшаган.

Улуғбек ўлими билан Маварауннаҳрда илм-фан таназзулга юз тутди: Самарқанд ўзининг олдинги шарафи-шуҳратини йўқотиши билан буюк бир илм дунёси ҳам йўқликка юз тутди. Бу ерда энди буюк олимлар туғилмади ва янги илмий кашфиётлар кашф қилинмай қўйди. Шу тарзда бутун дунёга донғи кетган Самарқанд жаҳон таррақиёти маркази деган мақомини батамом бой берди.

Клерикаллар сиёсий таъсирга эга бўлганидан бошлаб, олимлар калласи кета бошлади. Мирзо Улуғбекнинг аянчли тақдири ҳам бунга ёрқин мисолдир. Улуғбек ҳаёти давридаёқ баъзи мутаассиб диний доиралар унинг маданий ва давлат ишларидаги тутган сиёсатларига қаршиликлар қилган. Унинг фожиали ўлимидан сўнг эса, клерикаллар умуман қутириб кетди.

Улуғбек ўлимидан сўнг таълим соҳаси тубдан ўзгартирилди. Болаларга таълим бериш 6 ёшдан бошланиб, унда улар асосан араб алифбесини ўрганиб, сўнг хафтиякка тушар эди. Араб тилини тушунмаган болалар, асосан фақат матнларни ёдлар ва аслида саводсиз бўлиб қоларди. Бойларнинг болалари эса мактабдан мадрасага ўтиб, у ерда араб тили қоидалари, ақида ва фиқҳдан сабоқ оларди. Мадраса талабалари ҳам қуйи, ўрта ва олий гуруҳларга бўлиниб ҳар қийсисида саккиз йил ўқиши лозим эди. Қашшоқ оилаларнинг болалари кўпинча оч қоларди. Васифий ўзининг асарларида мусофир икки талабанинг очдан ўлганини зикр қилиб кетган. Талабалар ўзларига ёқмаган муллаларга қарши чиқишлари ҳам учраб турган. Муҳаммад Толиб бухоро мадарасаларининг бирида бўлиб ўтган шундай воқеаларнинг бирини зикр қилган. XVII-XVIII асрларда маданият ва илм-фан мусулмон рухонийларининг қаттиқ таъсири остида бўлган. Айниқса, сўфийларнинг тариқати жуда кучли бўлган. Ўша даврларда катта олимларни учратмаймиз. Ўрта Осиё халқлари жуда кўп хисса қўшган аниқ ва табиийи фанлар йўқ қилинди. Бухоро илоҳиёт фанининг таянчига айланди.

Рационализмга қарши курашда ғолиб бўлган диний консерватизм бугун ҳам бор. Ислом оламидаги бугунги кун илм-фанига назар солсангиз юқорида зикр қилинган ҳолат бугун ҳам такрор бўлаётганини кўрасиз. Диний доираларнинг консерватив қатламларининг илм-фанга бўлган муносабати бугун ҳам ўзгаргани йўқ; бу ўта хафлидир. Улар замонавий технологиялардан фойдаланишни истайдилар, бироқ илм-фанга яқинлашишга йўл қўймайдилар, буларни ўрганиш нариги дунё учун фойдаси йўқ дейдилар. Баъзилари: “Кофирлар кашфиётлари билан ўралашиб юрганида, биз вақтларимизни ибодатларга сарф қиляпмиз”, дейишади. Улар, Қуръон ва Суннатдаги илм фақат шаръий илмларни назарда тутган дейишади. Мутаассиблар нигоҳида илм-фан “Ғарб”ники бўлиб кўрингани учун ҳам унга тиш-тирноғи билан қарши турадилар. Илм-фанга эргашиш Ғарбга эргашиш деб тушунадилар. Уларнинг фикрича, бу йўл анъанавий диний қадриятларни вайрон қилиб, улар ўрнига материализм олиб келишдир.

Қурманалиев Мақсат,

№13 (405) “Эксперт Казахстан” журнали

Абу Муслим, эркин таржима