loader
Foto

Вабо, сиёсат ва зиддиятлар: Асрлар давомида ҳаж қандай бекор қилинган

Олдин хабар берганимиздек, Саудия Арабистони расмийлари дунё мусулмонларини бу йилги ҳаж режаларига шошилмасликка чақирмоқда. Шундай қилиб, қироллик расмийлари бу йил Ҳажни расмий бекор қилиш масаласи кун тартибида эканлигини аниқ кўрсатдилар.

Ҳар йили июл ойида бошланиши керак бўлган йиллик зиёрат пайтида Маккага икки миллионга яқин одам ташриф буюради, аммо бу йил режалар шубҳа остига олинмоқда, чунки қиролликда 1563 та коронавирус юқтириш ва унинг оқибатида 10 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Бошқа кўплаб мамлакатлар сингари, Саудия Арабистони ҳам касаллик авжининг олдини олишга қаратилган карантин ва комендантлик соати жорий этган, муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига кириш қатъий чекланган. Умра (кичик ҳаж) бажарилишини ҳам тўхтатиб қўйган.

Асрлар давомида ҳаж бир неча бор бекор қилинган бўлса-да, 1932 йилда Саудия Арабистони Қироллиги ташкил этилганидан бери бирорта ҳам йил қолдирилмаган. Ҳатто дунё бўйлаб миллионлаб одамларни ўлдирган 1917-18 йиллардаги Испан гриппи пандемияси пайтида ҳам ҳаж давом этган.

Аммо агар Саудия Арабистони 2020 йилги Ҳажни бекор қилса, у деярли 40 та драматик бекор қилишлардан иборат рўйхатга киради. Қуйида тарихдаги энг ёрқин бекор қилишлар келтирилган:

865: Арафат тоғидаги қирғин

Аббосийлар халифалиги билан тўқнашув пайтида ал-Сафак номи билан танилган Исмоил ибн Юсуф Макканинг тепасида жойлашган Арафат тоғига 865 йилда ҳужум қилди ва у ерда зиёратчиларни ўлдирди. Ушбу рейд ҳажни бекор қилишга олиб келди.

930: Қарматлар ҳужуми

Баҳрайнда жойлашган шиа-қарматлар давлати ҳар йили Маккага ва зиёрат қилиш йўлларига доимий ҳужумларни уюштиришни бошлагандан кейин Маккага зиёрат қилиш учун келадиган одамлар сони милодий 930 йилларга қадар ҳар йили камая бошлади.

930 йилда Ислом уламолари ҳаёти ва мол-мулки хавфсизлиги туфайли Маккага ҳаж қилишни тақиқловчи фатво чиқарди.

Ўша йили қарматларнинг етакчиси Абу Тоҳир ал-Жаннаби Маккага бостириб кириб, ўн минглаб зиёратчиларни ўлдирди. Тарихчиларнинг таъкидлашича, қарматлар 10 йилдан ортиқ вақт давомида зиёрат қилишни тақиқлаган.

Қарматлар Маккадан кетишларидан олдин Каъбанинг эшигини ва Ҳажр ал-асвадни (Қора Тош) ўғирлашган. Ўғирланган ҳар икки нарса 20 йил давомида уларнинг назорати остида қолган.

Аббосийлар уларни қайтариш учун 952 йилда 120 минг динор тўлашган.

Қарматлар эгалитар жамиятга ишонган ва ҳажни бутпарастларнинг урф-одати деб ҳисоблайдиган шиа исмоилий мазҳаби эди.

983: Аббосийлар ва фотимийлар уруши

Сиёсат ҳам ҳажни барбод қилган. 983 йилда икки давлат ҳукмдорлари - Ироқ ва Суриянинг аббосийлари ва Миср фотимийлари ўртасидаги сиёсий низолар мусулмонларнинг ҳаж қилиш учун Маккага боришига тўсқинлик қилди. 991 йилда ҳаж яна такрорланишига кадар саккиз йил ўтди.

1831 йил: Вабо

Аммо ҳажни бевор қилишга фақат можаролар ва қотилликларгина сабаб бўлмаган. 1831 йилда Ҳиндистондан келган вабо Маккада тарқалган ва ҳаж қилиш учун хавфли ва ҳосилсиз ерлардан бир неча ҳафта давомида ўтиб келган зиёратчиларнинг тўртдан уч қисмини ўлдирди.

1837-1858: Эпидемиялар серияси

Деярли йигирма йил давомида ҳаж уч марта тўхтаб қолди, натижада зиёратчилар Маккага жами етти йил давомида бора олмадилар.

1837 йилда муқаддас шаҳарга яна бир вабо келиб, зиёратни 1840 йилгача қолдирди.

Кейин, 1846 йилда Маккада вабо эпидемияси бўлиб, 15000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. 1850 йилгача у шаҳар аҳолисини қийноққа солган. 1865 ва 1883 йилларда авж олишлар такрорланди.

1858 йилда яна бир глобал вабо пандемияси шаҳарни қамраб олди, бу эса мисрлик зиёратчиларни Мисрдаги Қизил денгиз қирғоқларига оммавий равишда қочишга ва у ерда карантинда сақланишга мажбур қилди.