loader
Foto

Абу Ҳомид Ғазолий

Отаси аҳли солиҳ ва камбағал одам бўлиб жун йигириш билан кун кўрар эди. У уламоларни севар, ҳурмат қилар ва уларнинг хизматида бўлиб имкони борича уларга мол ҳам сарфлар эди. Уламоларнинг суҳбатларини тинглаганда йиғлаб ўтирар ва Аллоҳдан ўзи олим бўладиган ўғил тилар эди. Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди ва унга бир эмас икки ўғил берди. Ота ўғилларидан бирига Муҳаммад, бошқасига Аҳмад исмини қўйди.

Вафотидан олдин ота ўғилларини ўзининг сўфи оғайнисига васият қилиб қолдирди. Сўфи уларни таълим – тарбиясига киришди. Бу иш болаларнинг отаси қолдирган мол тамом бўлгунча давом этди. Пул тугагандан кейин сўфи уларни боқа олмай қолди ва «Мен сизларга отангиз қолдирган молни сарфладим. Ўзимнинг пулим йўқ. Энди сизлар мадрасага бориб яшасангиз яхши бўлади», деди.

Ғазолий ёшлигида она юртида Аҳмад ибн Муҳаммад Розконийдан фиқҳ илмини олди. Сўнгра Журжонга сафар қилиб имом Абу Наср Исмоилийнинг ҳузурида таълим олди ва кўплаб нарсаларни ёзиб олди.

Ўша ёзиб олинган нарсалар ўша вақт тилида «таълиқа» деб номланар эди. Кейин Ғазолий она юрти Тусга қайтди. Йўлда ажойиб ҳодиса юз берди. У ҳақда Ғазолийнинг ўзи қўйидагиларни айтади:

«Йўлтўсарлар йўлимизни тўсдилар ва улар менинг бору будуримни олиб қўйдилар. Кетаётганларида ортларидан эргашдим. Шунда уларнинг бошлиғи менга қараб:

«Орқангга қайт! Шўринг қурсин! Бўлмаса, ҳалок бўласан!» деди.

«Сен Ундан саломатликни тилайдиган зот номи билан сўрайман, фақат таълийқаларимни қайтариб бер. Барибир сизларга улардан фойда йўқ», дедим.

«Таълийқанг нима?» деди у.

«Анави халтадаги китоблар. Мен ана ўшаларни эшитаман, ёзиб оламан ва ичидаги илмни оламан деб ҳижрат қилганман», дедим. У кулиб юборди-да:

«Қандоқ қилиб сен улардаги илмни билибсан!? Биз уларни сендан тортиб олдикку! Сен улардан жудо бўлдинг! Илмингдан ажраб қолдинг!» деди. Сўнгра у одамларидан бирга амр қилган эди, у халтани менга қайтариб берди.

Ўша одамнинг тили билан Аллоҳ таоло мени тўғри йўлга иршод қилишни ирода қилган бўлса ажаб эмас. Тусга етиб борганимда кейин уч йил ҳаракат қилиб барча таълийқаларни ёд олиб йўлтўсарлар илмимни тортиб олалмайдиган бўлиб олдим».

Кейинчалик Ғазолий ўша пайтда салжуқийларнинг пойтахти ва Бағдоддан кейинги катта илмий марказ ҳисобланган Найсобурга бориб энг машҳур уламоларидан бири бўлган Имоми Ҳарамайнига шогирд тушди. Ғазолий бу улуғ устознинг ҳузурида ўта тиришқоқлик билан ўқиб фиқҳ, усул, хилоф ва жадал каби замоннинг кенг тарқалган илмларида пешқадам олим бўлиб етишди.

Ғазолийнинг устози Имоми Ҳарамайни жуда ҳам яхши кўрар ва уни мақтаб: «Ғазолий тубсиз денгиздир», дер эди.

Ғазолий ўзининг тўрт юз ҳамдарсидан анча илгарилаб кетди ва устозига ёрдамчи бўлиб фаолият кўрсата бошлади.

478 ҳ.с.да Имоми Ҳарамайни вафот этганидан кейин Ғазолий йигирма етти ёшида вазир Низомулмулкнинг олдига борди. Ўша вақтда Ғазолийнинг фазли зоҳир бўлиб, илмий шуҳрати тонг таратган эди. Низомулмулкнинг мажлиси эса аҳли илмнинг олий кенгашига айланган эди. Барча мажлисларда, ҳатто мотам марсимларда ҳам фиқҳ, илми калом ва бошқа илмлардан мунозаралар бўлар эди.

Ғазолий Низомулмулкнинг мажлисида кўплаб уламолар билан баҳс ва мунозаралар қилиб ўзининг кимлигини намойиш қилди. Ҳамма унга тан берди. Охири вазир Низомулмулк Ғазолийни «Низомия» мадрасасининг бош мударриси этиб таъйинлади. Бу ўша вақтнинг энг обрўли диний мансаби эди. Ғазолий бу мансабга 484 ҳ.с.да, ўттиз тўрт ёшида эришди ва бундай шарафга сазовор бўлган энг ёш олим бўлди.

«Низомия» мадрасасидаги дарслар олимнинг шуҳратига шуҳрат қўшди, уни имомлик даражасига олиб чиқди. Имом Ғазолийга нафақат аҳли илмлар, балки аҳли давлатлар ва аҳли ҳукмлар ҳам бўйин эгдилар. Халифалар ҳам Имом Ғазолийга яқин бўлишга интилдилар.

Аббосий халифалардан Муқтадий биллаҳ у кишидан баъзи ишларни илтимос қилди.

Халифа Мустазҳир биллаҳ Имом Ғазолийни ўзига дўст тутар эди. Унинг илтимосига биноан Имом Ғазолий ботинийларга раддия китобини ёзди ва китобни «Мустазҳирий» деб номладилар.

Шундоқ қилиб Имом Ғазолий барча тарафдан обрў – эътиборнинг чўққисига чиқди. У киши учун бу дунёда интилиш мумкин бўлган мансаб, мартаба, шуҳрат ёки улуғлик қолмаган эди. Бугунги кун таъбири билан айтилганда инсон боласининг қўли узатган ерга етадиганига айланган эди.

Аммо Имом Ғазолийнинг кўнгиллари ғаш эди. У киши ҳали илми яқийнга эришмаган эди. Ичларида нафсоний кураш борар эди. Ҳамма ҳақиқатни англаб етишга ҳаракат қилар эди. Шунинг учун барча шон шуҳратдан ўзини олиб қочиб чуқур ва атрофлича илмий баҳслар ва изланишлар олиб боришга қарор қилдилар. Бу мақсадга эриши учун Бағдодни тарк қилиб тўлиқ саодатни излаб илмий сафарга чиқдилар.

Имом Ғазолий ўша вақтда одамлар машғул бўлиб турган илмларни бирма бир ўрганиб чиқиш учун уларга назар солдилар. Ўша пайтда одамлар асосан, илми калом, ботинийя, фалсафа ва тасаввуфга қизиқар эдилар. Имом Ғазолий мазкур илмларни чуқур эгаллашга ва улардан қайси бирини танлаш мақсадга мувофиқ эканини аниқлашга киришдилар.

ҒАЗОЛИЙ ВА ИЛМИ КАЛОМ

Имом Ғазолий илми каломни ўз олимлари ва уларнинг китобларидан яхшилаб ўргандилар. У киши бу илмни пухта эгалладилар ва унда бир неча китобларни ёздилар.

1. ал-Иқтисод фил Эътиқод.

2. Илжомул овом ан илмил калом.

3. Ақийдату аҳли сунна.

4. Фазоиҳул ботинийя.

5. Файсалут тафриқа байнал Ислами ваз Зандақа.

6. ал-Қистосул мустақийм.

7. Кимёус саода.

8. ал-Мустазҳирий.

9. ал-Мазнун биҳи ала ғойри аҳлиҳи.

Имом Ғазолий ўзларининг илми каломни ўрганиб охирига етгандан кейин эришган натижалари ҳақида «ал-Мунқиз миназ золали» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Мен уни мақсадига эришган, менинг мақсадимга эриштирмайдиган илм эканини англаб етдим. Унинг мақсади аҳли сунна ва жамоа учун аҳли суннанинг ақийдасини муҳофаза қилиб бериш ва аҳли бидъатнинг адаштиришидан қўриш эди».

Имом Ғазолийнинг замонига келиб илми каломда турғунлик юзага келган эди. Илми калом уламолари ўтиб кетган катта имомларнинг гапларини маҳкам тутиб туришдан бошқа ишни қилмас эдилар. Қадимги гаплардан қилча четланиш йўл қўйиб бўлмайдиган нарса деган тушунчани қадрлар эдилар. Замон ўтиши билан эскириб қолган сўз ва жумлалар ўрнига кишиларга тушунарлироғини келтиришга журъат қилмас эдилар.

Имом Ғазолий бу нарсаларнинг ҳаммасини бир тарафга қўйиб улуғ уламоларнинг илмларидан фойдаланган ҳолда эркин ижтиҳод қилдилар. Одамларга яқини услуб ва тилда асарлар ёздилар ва илми каломда катта бурилиш юз беришига сабаб бўлдилар. Шунинг учун эски услуб тарафдорлари Имом Ғазолийни ёмон кўрдилар, танқид қилдилар ва залолатга кетганликда айбладилар. У киши илми каломдаги ўз танқидчиларига «Файсалут тафриқа байнал Исломи ваз Зандақа» номли китобларидан қониқарли ва етарли жавобларни берганлар.

Имом Ғазолий бу борада ўртача йўл тутганлар ва илми каломда яхши тараф ҳам салбий тараф ҳам борлигини таъкидлаб, у билан фақат мутахасис олимлар машғул бўлиши кераклигини уқтирган. Бу фикрларни тадқиқ қилиб ўрганган олимлар, илми каломни танқид қилганлар ундаги адашувларни танқид қилганлар. Уни мадҳ қилганлар эса фойдали тарафларини эътиборга олганлар. Шунинг учун унинг ижобий тарафларидан кўп нарсани ўрганса бўлади, деганлар.

Имом Ғазолий ақийда бобида Қуръони Карим услуби энг фойдали ва осон экани ва илми калом вақтинчалик чоралигини баён этганлар.

Имом Ғазолий ўзининг машҳур китоби «Эҳъёу улумуд Дийн»нинг биринчи жузида эътиқодий масалаларни баён қилган. Ўша жуздаги китоблардан бири «Қавоидул ақоид» яъни, ақийдалар қоидалари деб номланган. У етти фаслдан иборат.

1. Калимаи шаҳодатнинг аҳли суннат ақийдасидаги таржимаси.

2. Иршод даражасига кўтарилиш ва эътиқоднинг даражалари.

3. Ақийданинг ёрқин далиллари.

Бу фасл «Қудс» деб номланган ва тўрт рукнга тақсимланган.

Биринчи рукн – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотини таниш ва Аллоҳ таоло бир экани ҳақида. Бу масала ўнта аслдан иборат.

Иккинчи рукн – Аллоҳ таолонинг сифатларини билиш. Бу масала ҳам ўнта аслдан иборат.

Учинчи рукн – Аллоҳ таолонинг афъолларини билиш. Бу масала ҳам ўнта аслдан иборат.

Тўртинчи рукн – самъиёт ва у зот алайҳиссалом забар берган нарсаларни тасдиқлаш ҳақида. Бу масала ҳам ўнта аслдан иборат.

4. Иймон ва Ислом ҳамда иккисининг бирлашиши ва ажралиши, зиёда ва ноқис бўлиши каби масалалар ҳақида.

ҒАЗОЛИЙ ВА ФАЛСАФА

Имом Ғазолий кейин ҳақиқат қидириб фалсафани пухта ўрганишга киришдилар. Файласуфлар фақат фалсафа билангина ҳақиқатни топиш, яқийн ва саодатга эришиш мумкин дер эдилар. Имом Ғазолий эса айнан ўша нарсаларни қидираётган эдилар. У киши фалсафани ихлос ила чуқур ўрганиб ўша даврнинг энг кучли файласуфларидан бирига айландилар. Лекин Имом Ғазолий фалсафада ҳам ўзлари излаётган ҳақиқат мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилдилар. Аммо бу нарса улуғ олимга фалсафа ва файласуфлар ҳақида адолат ила ҳукм чиқаришга халақит бермади. У киши бу борада ўз илмий изланишлари натижасини фалсафа ва мантиққа аталган ўз китобларида ёзиб қолдирдилар.

1. Мақосидул фалосифа.

2. Таҳофутул фалосифа.

3. Маҳкун назар фил мантиқ.

4. Меъёрул илм фил мантиқ.

5. Ал-Мунқиз миназ Золал.

Имом Ғазолий ўз асарларида фалсафа ва файласуфларга холисона баҳо беришга ҳаракат қилдилар. У киши фалсафага оид илмларни олтига бўладилар ва уларнинг ҳар бирига ўзига яраша баҳо берадилар:

1. Аниқ фанлар.

Ҳисоб, ҳандаса, жуғрофия каби илмлар. Бу нарсаларда динга аралашилмайди. Улар аниқ ҳужжатларга асосланган илмлар. Шу боис уларни инкор қилиб бўлмайди. Аммо мусулмонлар бу нарсаларни кўриб фалсафага оид ҳамма нарса шу каби бўлади деб алданиб қолмасликлари керак.

2. Мантиқ.

Бунда ҳам динга тегишли нарса йўқ. Мантиқда ақлий ўлчовларга назар солиш, бурҳон муқаддималари шартларини ўрганиш, уларнинг таркибида хабардор бўлиш каби нарсалардир.

3. Табиий илмлар.

Бу илмларда ҳам динга боғлиқ нарсалар йўқ. Улар ҳаммаси тажрибага суянадиган нарсалар. Шунинг буларни ҳам инкор қилиб бўлмайди.

4. Сиёсий илмлар.

Файласуфларнинг бу соҳадаги барча гаплари дунёвий ишларга боғлиқ нарсалардан иборат бўлиб уларнинг кўпи Аллоҳ таоло пайғамбарларга нозил қилган китоблардан ва набийлардан қолган гаплардан олганлар. Шунинг учун буларнинг ҳам дину диёнатга тегишли жойи йўқ.

5. Ахлоқий илмлар.

Файласуфларнинг бу борадаги кўп гаплари сўфийларнинг гапларига тўғри келади. Улардан Ислом таълимотларига тўғри келадиганини олиб бошқаларини тарк қилиш лозим.

6. Илоҳиётга оид илмлар.

Бу борада файласуфлари ўзлари мантиқда қўйган шартларга вафо қилмадилар, улардан ташқарига чиқдилар ва катта хатоларга йўқ қўйдилар.

Имом Ғазолий асосан файласуфларни худи шу бобда танқид қиладилар. Кўпчилик фалсафа ҳақидаги танқидий гапларни умумийлашган ҳолда тушуниб хато қиладилар.

Имом Ғазолий файласуфларни учга тақсим қиладилар:

Даҳрийлар.

Улар Аллоҳ таолонинг борлигини ва сонеълигини инкор қилган ва олам ўзини ўзи яратган дейдиган зиндиқлардир.

Табиатчилар.

Улар Аллоҳ таолонинг борлигини эътироф қилсалар ҳам қайта тирилиш ва совобни инкор қилганлари учун диндан чиққанлар.

Илоҳиётчилар.

Булар илоҳиёт ҳақида баҳс юритган Суқрот, Афлотун, Арасту, Форобий ва Ибн Синога ўхшаш файласуфлар. Уларнинг баъзи гапларини эътироф қилишдан бошқа чора йўқ. Мисол учун Аллоҳ таолонинг борлигини эътироф қилишлари. Аммо баъзи гапларида улар адашиб қолганлар.

Имом Ғазолийгача фалсафа Исломга қарши ҳужум қилар ва мусулмон уламолар ҳимояланиш билан кифояланар эдилар. Худди Ислом айбдору илми калом уламолари унинг номида фалсафага узр айтаётганга ўхшар эди.

Имом Ғазолий эса ўзлари фалсафани яхши билганлари учун айбларини англаб етганлари учун бевосита унга шиддатли ва аёвсиз ҳужум қилишни йўлга қўйдилар. Бунинг учун аввал фалсафани кўпчиликка улар тушунадиган услуб ва тилда бу нарсани англатиш лозим эди. Чунки ўша давргача фалсафа китоблари кўпчилик тутушмайдиган услуб ва тилда ёзилар эди. Уни фақат файласуфларгина англаб етар эди. Бу эса ўзига хос тўсиқ яратган ва файласуфлардан бошқаларга фалсафа ҳақида сўз юритиш имконини йўққа чиқарган эди.

Имом Ғазолий «Мақосидул фалосифа» номли осон тил ва услуб ила китоб ёзиб кўпчиликка фалсафа нима ва файласуфларни нимани мақсад қилиб олганликларини тушунтириб бердилар. Бу китобда Имом Ғазолий фалсафий истилоҳларни ва файласуфлар юритадиган баҳсларни ҳеч қандай шарҳ ёки танқидсиз айни ўзини келтирдилар.

Имом Ғазолий кўпчиликка фалсафа нима, файласуфлар ким ҳамда мақсадлари қандайлигини англатиб олганларидан кейин фалсафани танқид қилишга ўтдилар.

Бу ишни Имом Ғазолий асосан «Таҳофутул фалосифа» номли китобларида амалга оширдилар. Бу китобнинг муқаддимасида Имом Ғазолий ўша пайтларда бошқалардан ўзларини юқори тутадиган тоифалар чиққанини, улар Исломий ибодатлардан бош тортаётганларини, динга шиор бўлган намозга ўхшаш нарсаларга паст назар билан қараётганларини, ҳаром қилинган нарсалардан сақланмаётганларини, баъзилари эса бутунлай диндан чиқиб кетганларини ва бошқа афсусланарли ҳолатлар бўлаётганини айтадилар. сўнгра мазкур шахсларнинг куфрга кетишлари сабаби ҳақида қуйидагиларни айтадилар:

«Аммо уларнинг куфрларининг сабаби Суқрот, Буқрот, Афлотун, Арстотулис каби улуғ исмларни, уларнинг издошларидан ақлларини ўткирлиги, усулларининг гўзаллиги, ҳандаса, мантиқ, табиат ва илоҳиётга оид илмларининг нозик жойларигача билишлари ҳақидаги мақтовларини, буюк ақлли бўлганлари учунгина анашу ишларни қила олишларини эшитганларидир.

Шунингдек, ана ўшалар ақллари ўткир бўлишлари ва фазллари кўп бўлишига қарамай шариатлар ва динларни инкор қилишлари, динлар тўқиб чиқарилган ҳийла найрангдан иборатлигини эътиқод қилишларни ҳақидаги ҳикояларни тинглаганларидандир».

Имом Ғазолий ўзларининг бу китобларига тўртта муқаддима қилганлар. Биринчисида ўз услубларини, иккинчисида файласуфларнинг ҳолини, учинчиси ва тўртинчисида уларнинг шариат билан тўқнашадиган ва тўқнашмайдиган илмларини баён қилганлар.

Кейин эса файласуфларни танқид қилишга ўтганлар. Бу танқидлар илоҳиётга ва метафизикага оид ўн олтита ҳамда табиат илмларига тегишли тўртта масалани ўз ичига олган.

Мазкур йигирма масаладан учтасида файласуфлар куфр кетганлиги ҳақида қарорга келинди. Ўша уч масала қуйидагилар:

1. Файласуфларнинг олам қадимдир деган гаплари.

Файласуфлар ўзларининг турли ақлий далилларидан келиб чиқиб олам қадимдир, у кейин пайдо бўлган ҳам эмас, уни биров яратган ҳам эмас деган фикрни айтганлар.

Имом Ғазолий уларга олам қадимий илоҳий ирода ила мавжуд бўлгани. Ўша ирода оламни маълум вақтда вужудга келишини ирода қилган. Ундан олдин мавжуд бўлиши ирода қилинмаган эди. Шунинг учун у пайдо бўлмаган. Янги пайдо бўлган ҳар бир нарса эса силсила ила охирги ва қадимги сабабга бориб тақалади. Ўша сабаб Аллоҳ таоло эканлигини таъкидладилар.

2. Файласуфларнинг Аллоҳ таоло жузъий нарсаларни билмайди деган гаплари.

Файласуфларнинг фикрича Аллоҳ таоло фақат собит куллиётларнигина билади. Шу нарса унинг камолига мос келади. Жузъий – майда нарсалар ўзгариб туради. Шунинг учун уларга боғлиқ илм ҳам ўзгариб туради. Илмнинг ўзгариб туриши эса Аллоҳ таолонинг камолига тўғри келмайди. Аллоҳ таоло инсониятнинг амалларини тўп шаклида умумий ҳолда билади, холос. Одамлардан алоҳида шахсларнинг қилган амалини билмайди.

Имом Ғазолий Аллоҳ таоло ўша жузъий амалларнинг барчасини ўзгармас битта илм ила билишини таъкидлайдилар.

3. Файласуфларнинг охиратда жасадларнинг қайта тирилишини инкор қилишлари.

Уларнинг фикрича охиратда фақат руҳлар қайта тирилтириладилар, холос. Бинобарин жаннатда жисмнинг лаззатланиши ва дўзахда азобланиши ҳам бўлмайди.

Имом Ғазолий эса жисмларни йўқдан бор қилишга қудрати етган Аллоҳ таоло уларнинг чириганидан кейин қайта тирилтириши осонроқ эканини таъкидлайдилар.

«Таҳофутул фалосифа» китобнинг аҳамияти катта бўлган. Унинг аҳамияти баъзи файласуфларни куфр кетганини баён қилишида эмас, балки фалсафанинг диниф эътиқод бобида ҳеч нарсага арзимас нарса эканини баён қилиб берганидадир. Бу борада фалсафа турли фикр, хаёл, қиёс ва тахминларнинг йиғиндиси, холос.

Фалсафани илоҳий таълимотлар ўрнида ёки уларга тенг равишда кўрилиб турган бир пайтда унинг ҳақида илмий асосларга мувофиқ тарзда бу каби кучли зарба берилиши тарихий воқеа эди.

Имом Ғазолий шу тариқа фалсафанинг обрўсини чилпарчин қилдилар. Файласуфлар у кишининг кучли ақли ва далиллари олдида довдираб қолишди ва деярли бирорта эътиборга олса бўладиган раддия ҳам қила олишмади.

ХУЛОСА

Демак, Имом Ғазолий яшаган ўрта асрларда ғайбиёт олами ҳақида фалсафий тортишувлар авж олганди. Бу тортишувларда ҳамма, жумладан, мусулмонлар ҳам иштирок этардилар. Аммо айни мусулмонлар ичидан мазкур тортишувлардан одамларга ҳеч қандай наф йўқлигини англаб етганлар ҳам чиқди.

Ўшалардан энг улуғи ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ эдилар. Имом Ғаззолий фалсафани чуқур ўрганган эдилар. Ўзларининг ҳақиқатни излаш йўлида олиб борган изланишлари давомида ҳақиқат фалсафада бўлса, ажаб эмас, деган фикрга ҳам борган эдилар. Аммо фалсафа у киши ахтараётган ҳақиқатни бера олмаслигини тушундилар. Шу билан бирга фалсафанинг заиф жойларини чуқур англаб етдилар.

Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами – метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқ - ойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун файласуфларнинг метафизикага оид тортишувларидан бир нечасини олдилар.

Мисол учун оламнинг азалийлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги масала. Унинг хатосини Имом Ғазолий «Такофуъул адиллати ала қидамил олами ва ҳудусиҳи» - Оламнинг қадимлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги далилларнинг тенглиги номли баҳсларида ёрқин ақлий таҳлил ва инкор қилиб бўлмайдиган далилу ҳужжатлар ила исботлаб бердилар.

Қадимдан файласуфлар бу масалада иккига бўлиниб олиб тортишиб келганлар. Баъзилари олам азалий - қадимий деса, бошқалари олам ҳодис – кейин пайдо бўлган, деган.

Икки тараф ҳам ўзининг гапи тўғрилигига ақлий далил олиб келади. Иккисининг далили ҳам ўзига тўғри кўринади. Иккиси ҳам қарши тарафга бир хил муваффақият билан раддия қилади. Қадимдан шундай бўлиб келмоқда эди. Бунга Имом Ғазолий Юнон файласуфларидан олдигиларнинг, юнонларнинг ва улардан кейин келган фаласуфларнинг далиллари бирма бир келтириб баён қилидлар.

Бу тортишув бундан кейин қиёматгача ҳам давом этаверади, дейдилар Имом Ғаззолий. Аммо ундан одамларга заррача фойда бўлмайди.

Имом Ғаззолийнинг фикрларича, файласуфларнинг мазкур тортишувлари охирига етиши мумкин ҳам эмас. Чунки улар ўзларидан мутлақ ғайбдаги нарса ҳақида тортишмоқдалар. Ўзлари ичида турган оламнинг асли ҳақида тортишувни уларга ким қўйибди. Бирор нарса ҳақида баҳо бериш учун унинг ташқарисида бўлиш керак. Оламнинг ичида турган одам унинг азалий ёки янги пайдо бўлганини қаердан билсин?!

Унинг ўрнига инсон қўл остида турган нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилиши керак, дейдилар Имом Ғаззолий. Мисол учун нима учун темирни оловга тутса куймайди-ю, пахтани тутса куяди? Мана шу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзида куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги куйдириш қобилияти ила куймоқдами?

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу фикрлари мусулмонларда тажрибий илмларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Имом Ғазолий тажрибий илмларнинг келиб чиқишига туртки бўлган фикр соҳиби сифатида дунё илмий тарихида муносиб жой олган улкан ақл соҳиби бўлган мусулмон шахс сифатида машҳур бўлдилар. Ўрта асрларда мазкур назарияга амал қилароқ Ислом оламида табиий илмлар кенг ривож топти. Улардан аста – секин оврополикларга ўтди ва улар бу илмларни яна ҳам ривожлантириб катта муваффақиятларга эришдилар.

Имом Ғаззолий ва бошқа мусулмонлар инсонга ўзидаги ақл ва заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига фойда берадиган тарзда ишлатишни таклиф қиладилар.

Инсоннинг ақл доирасидан ташқарида, минг тортишса ҳам фойда бермайдиган ғайбий олам – метафизикага оид маълумотларни эса тайёр ишончли манбадан, яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзи динлар орқали берган хабарлардан олишни таклиф қиладилар. Диний ақийдаларга оид маълумотлар айнан ғайбиёт олами – метафизикага оиддир.

Ҳозиргача кўпчилик мусулмонлар, жумладан, Имом Ғазолий фалсафани бутунлай куфрга чиқарган деган хаёлда юрадилар. Аммо аввал ўрганиб ўтганимиздек аслида ундоқ эмас. Имом Ғазолий фалсафани олтидан бирини, илоҳиётга тегишли ерини, яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, илоҳиётга тегишли йигирмата масаладан учтасини куфр эканини баён қилганлар, холос.

Аммо у кишининг ўзлари кучли файласуф бўлганлари аниқ. Балки кучли файласуф бўлибгина қолмай фалсафада тубдан бурулиш ясаган ва уни тўғри йўналишга йўллаган аллома сифатида танилганлар.

Имом Ғазолийнинг жаҳон фалсафасида тутган ўрнини тушуниб олиш учун дунёда донғи кетган мусулмонмас бирорта файласуф билан солиштириб кўриш лозим бўлади.

Келинг, ўша файласуф уларнинг энг каттаси, янги фалсафа отаси уновонини олган франсалик машҳур файласуф Рене Дикарт бўлсин.

Дикартни машҳур қилган асосий нарса унинг шак назариясидир. У ҳақиқий маърифатга эришишдан олдин шак зарурлигини таъкидлайди. Унинг бу назарияси Имом Ғазолийнинг шакларига жуда ҳам ўхшайди.

Ғарбда Имом Ғазолийни билмаганлари учун шак назарияси фақат Дикартга тегишли деган эътиқод ила уни кўкларга кўтариб мақтайдилар.

Шарқда Имом Ғазолийни билганлари учун буюк файласуф Дикартнинг назариясига ўхшаш гапни айтган шахс ҳам борлигини эслаб қўядилар.

Баъзи бирлари журъат қилиб Дикарт ва Имом Ғазолийнинг шакларини солиштириб ҳам қўядилар.

Аммо бу борадаги ҳақиқатни ҳеч ким билмайди. Ушбу ҳақиқат ила бу сатрларнинг котиби устоз Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг «Шахсиётун иставқафатни» номли китобларидан билди. У киши мазкур китобнинг 99 – 100 бетларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Сўнгра бу масалада барча иккиланиш ва ноаниқликка чек қўядиган васиқа – ҳужжат юзага чиқди. Уни устоз Маҳмуд Бийжу доктор Зақзуқдан нақл қилди. Унда айтилишича тунислик тадқиқотчи Усмон ал-Каок раҳматуллоҳи алайҳ Дикартнинг кутубхонасида «ал-Мунқиз миназ Золал» китобининг таржимасини топган. Унда Имом Ғазолийнинг «Шак яқийн – ишончли илм – нинг биринчи поғанасидир» деган машҳур ибораси Дикартнинг эътиборини жалб қилгани белгиси бор эди. Дикарт ўша иборанинг тагига қизил қалам билан чизиб қўйган ва унинг тўғрисига, ҳошияга «Бу бизнинг назариямизга кўчирилади» деб ёзиб қўйган экан.

Энсклопедиячи тарихий тадқиқотчи устоз Усмон ал-Каок раҳматуллоҳи алайҳ 1975 – мелодий санада Жазоирнинг Аннаба шаҳрида бўлиб ўтган Ислом фикрининг ўнинчи учрашувида маъруза қилди. Унда қандай қилиб Дикарт Имом Ғазолийнинг назариясини ўзиники қилиб олгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Дикартнинг ўз қўли билан ҳошияга ёзган нарсасини ўқиганини ҳам гапириб ўтди. Мен ўша учрашувда иштирок қилган ва унинг мазкур маърузасини эшитган юзлаб одамлардан бири эдим».

ИМОМ ҒАЗОЛИЙ ВА БОТИНИЯ

Ўша даврда ботинийлар ҳам ўз фикр ва таълимотлари ила кўпчиликнинг эътиборини қозонган эди. Хусусан, ёшлар ва толиби илмлар ботиний таълимот ва гапларга кўп мафтун бўлган эдилар. Ботинийлар ўз илмларини маъсум имомдан олишларини даъво қилар эдилар.

Имом Ғаззолий фалсафадан умидни узганларидан кейин ҳақиқат излаб ботиния томон юзландилар. У киши ўз одатларича бу мазҳабни ҳам чуқур ўрганиб чиқдилар. Охири бориб уларнинг гапларининг барчаси ҳам сариқ чақага арзимаслигини тушуниб етдилар ва ўз китоблари билан бу мазҳабнинг ҳам шармандасини чиқардилар. Бу борада Имом Ғаззолий бир неча китобларни тасниф қилдилар:

1. Ал-Мустазҳирий.

2. Ҳужжатул ҳаққи.

3. Мафсалул хилоф.

4. Қосимил ботиния.

5. Мавоҳимул ботиния.

Имом Ғаззолий ўзларининг «ал-Мунқиз миназ Золал» номли китобларида ботинийлар ҳақида жумладан қуйидагиларни айтадилар: «Уларда фикрлар зулматидан нажот берувчи шифодан ҳеч вақо йўқ. Уларга муросо учун муомала қилиб таълимга ва маъсум имомга эҳтиёж борлигини тасдиқлаб таъйин қилган имомларини сўрасак далил келтиришдан ожиз қолдилар. Сўнгра улардан ўша маъсумдан олган илмлари ҳақида сўрадик ва баъзи ишколларни арз қилганимизда жавоб бериш у ёқда турсин, масаланинг ўзини тушуна олмадилар. Ожиз қолганларидан кейин масалани ғойиб имомга оширдилар ва «Унинг олдига сафар қилиш зарур», дедилар. Ажабланарлиси, улар умрларини йўқ муаллимни ахтариш ила зое қилганлар ва бирор нарсани ўрганмаганлар. Худди нажосатга ботиб қолиб тозаланиш учун сув излаб уни топганда ишлатмай ифлосликнинг ичида қолаверганларга ўхшайдилар».

ИМОМ ҒАЗОЛИЙ ВА ТАСАВВУФ

Илми калом, фалсафа ва ботиниядан ўзлари излаган илми яқийнини топишдан умиди узилган Имом Ғаззолий ўша вақтнинг яна бир маърифат ўчоғи бўлган тасаввуфга юзландилар. Бу ҳақда у киши ўзларининг «ал-Мунқиз миназ Золал» номли китобларида жумладан қуйидагиларни айтадилар:

«Сўнгра ушбу илмлардан фориғ бўлганимдан кейин бори ҳимматим ила сўфилик йўлига йўлландим. Мен уларнинг йўли илм ва амал ила батамом бўлишини англаб етдим. Уларнинг амалининг ҳосили ҳавои нафс тўсиқларини кесиб ўтишдан, ёмон хулқлардан ва чикин сифатлардан покланиб қалбни Аллоҳ таолодан бошқага жой қолдирмаслик ва уни Аллоҳнинг зикри ила зийнатлашдан иборат эди».

«Мен учун илм амалдан кўра осонроқ эди. Мен уларнинг китобларини ўқиб илмларини ҳосил қилишдан бошладим. Абу Толиб Маккий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Қувтул қулуб»ини, Ҳорис Муҳорибийнинг китобларини, шунингдек, Жунайд, Шибилий, Абу Язийд Бистомий қаддасаллоҳу арвоҳаҳум ва бошқа машойихларининг қолдирган фикрларини ўргандим. Охири уларнинг илмий мақсадларининг ғоясига етишдим. Уларнинг йўли бўйича таълим олиш ва эшитиш билан ҳосил қилиш мумкин нарсаларни ҳосил қилдим. Менга уларнинг энг хос нарсалари таълим олиш орқали эмас завқ, ҳол ва сифатларнинг ўзгариши орқали бўлишини англаб етдим».

Аста секин Имом Ғазолий тасаввуф йўлидан тасирланиб ҳамма нарсани, жумладан Бағдодни ҳам ташлаб сафарга чиқдилар. Ўн йиллик тажрибадан сўнг ўзлари излаб юрган ҳақиқат тасаввуфда эканини англаб етдилар. Бу борада маълум мақомга эришиб кўнгилари таскин топгандан сўнг иднга, илмга ва мусулмонларга хизмат қилиш лозимлигини ҳис қилиб яна дарс беришга, илмий хизматларга қайтдилар.

Имом Ғазолийнинг бошқа олимлардан ажратиб турадиган икки хислатлари бор эди. Улардан биринчиси ўз даврларида тарқалган барча илмларни пухта эгаллаганлари. Биз юқорида ўтган сатрларда у кишининг ақоид, ботинийяга қарши ва фалсафа ҳамда мантиқ илмларига оид китоблари рўйхатини келтирдик. Энди тасаввуф ва динга оид китоблари билан танишайлик:

1. Одобус сўфийя.

2. Ал-Арбаъун фи усулуддин.

3. Эҳъёу улумуд Дийн.

4. Жавоҳирул Қуръон ва дураруҳу.

5. Ал-Рисола ал-Ладунийя.

6. Мишкотул Анвор.

7. Минҳожул Обидийн илал Жаннати.

8. Мийзонул Амал.

Шу билан бирга Имом Ғазолий кўзга кўринган фақиҳ ва усули фиқҳ олими ҳам эдилар. У киши бу соҳалар бўйича ҳам барчанинг таҳсинига сазовар бўлган китоблар соҳиби ҳисобланадилар:

1. Асрорул ҳажжи.

2. Ал-Мустасфо фии усулил фиқҳи.

3. Ал-Важийз фил фуруъ.

Имом Ғазолийнинг ҳамма китоблари ўта аҳамиятли ҳисобланади. Аммо уларнинг ичида «Эҳъёу улумуд Дийн» китоби алоҳида эътибор қозонган китобдир. Бу китобни ҳамма олимлар ва толиби илмлар ўқиган ва ўқимоқдалар.

Имом Ғазолийнинг илм бобидаги энг заиф ерлари ҳадис илмида эканини ҳамма зикр қилади. У кишининг ўзлари ҳам бу нуқсонни англаб умрларининг охирида илми ҳадисни эгаллашга ҳаракат қилганлар. Ҳадис олимларидан имом Бухорий ва Муслимларнинг Саҳиҳларини ўқиб бўлганларидан кейин вафот этганлар. Имом Ғазолий 505 ҳ.с.нинг ўн тўртинчи Жумадул Охирада, Тобаронда вафот этдилар.