«Афсуски, Сардобадаги офат натижасида биз билан чегарадош бўлган ён қўшнимиз – Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти Мақтарал туманининг айрим аҳоли пунктларини ҳам сув босди. Биз Қозоғистон Президенти, ҳурматли Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали бу масалани ўзаро тушуниш ва очиқлик руҳида атрофлича муҳокама қилиб олдик. Куни кеча Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукеев бошчилигидаги делегация воқеа жойида бўлиб, вазиятни ҳар томонлама чуқур ўрганди.
Биз қардош қозоқ халқи билан азал-азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдек яқин бўлиб яшаганмиз. Қувончли кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам ҳамиша бир-биримизга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаб келганмиз.
Ушбу кутилмаган техноген офат нафақат аҳолимизга, балки қўшни қозоқ биродарларимизга ҳам ортиқча ташвиш ва зиён етказганидан жудаям хижолатдамиз. Уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз.
Ҳукуматимиз, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа мутасадди ва мутахассислар қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича, албатта, яқиндан ҳамкорлик қилади.
Биз қозоғистонлик биродарларимизга табиий офат оқибатларини бартараф этишда керакли ёрдам беришга ҳам тайёр эканимизни билдирдик.
Ишончим комил, биз бошимизга тушган бу оғирликларни ҳам халқимиз билан биргаликда, ўзаро ҳамжиҳатликда бир тану бир жон бўлиб, албатта, енгиб ўтамиз», деган президент.
Маълумот учун, авария оқибатида Туркистон вилоятидаги 10та аҳоли пункти сув остида қолган, 14та аҳоли пунктидан 31 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган.
Туркистон вилояти ҳокими Умрзоқ Шукеевнинг айтишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вилоятдаги 845та уй, 3та мактаб, 5та болалар боғчаси, 4та тиббиёт муассасаси, 1та маданият уйи ва 54,7 км узунликдаги йўл остида қолган; 7 639 гектар экин майдонига зарар етган.
Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громовнинг сўзларига кўра, «Сардоба» сув омборининг қурилиши Қозоғистон томони билан келишилмаган.
«Бугун биз нота тайёрладик, у Ташқи ишлар вазирлиги орқали юборилади, унда бизнинг трансчегаравий сувларимизда Сирдарё дарёси ҳавзасида қурилган барча объектларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этиш сўралган», – деган вазир ўринбосари.
Аммо ушбу баёнотдан сўнг кўп ўтмай Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга нота йўллаш масаласи кўриб чиқилмаётганини маълум қилди.