Улар ушбу баёнотни, 7 май куни, Европада Иккинчи Жаҳон уруши тугаганининг 75 йиллиги муносабати билан тарқатишди, деб ёзади err.ee.
«Биз, Латвия, Литва ва Эстония президентлари Европада Иккинчи Жаҳон уруши тугаганининг 75 йиллигини нишонлаган ҳолда, 1945 йил 8 майда фашистлар режимини мағлубиятга учратган, шу билан кўплаб Европа мамлакатларини ишғолдан ва Холокост даҳшатларига чек қўйган барча қурбонлар ва иттифоқчилар аскарларининг хотирасини шарафлаймиз. Уруш тугаганидан кейин тинчлик, хавфсизлик ва умумий қадриятларни ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий халқаро тартиб ва кўп томонлама ҳамкорлик зарурлигини эътироф этган ҳолда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилди. Ғарбий Европа тинчлик, демократия, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига асосланган бирлашган ва эркин Европа ҳақидаги тасаввурни амалга ошира бошлади. Европа Кенгаши, НАТО ва Рим шартномаси янги Европанинг асосини ташкил этди», - дейишди Болтиқбўйи мамлакатлари президентлари.
Бироқ, урушнинг тугаши, уларнинг фикрига кўра, Марказий ва Шарқий Европа халқларига озодлик келтирмади. " Битта тоталитар режим ўрнига бошқаси келиб, Болтиқбўйи мамлакатлари сурбетлик билан Совет Иттифоқи таркибига киритилди. Икки шафқатсиз диктатор - Гитлер ва Сталин Совет Иттифоқи ва фашистлар Германияси ўртасида Молотов-Риббентроп пактининг махфий протоколларини имзолаш орқали Европани таъсир доираларига бўлиб олмоқчи бўлдилар. 1939 йил 1 сентябрда Иккинчи Жаҳон уруши бошлангандан сўнг, ушбу шартнома ҳамда чегара ва дўстлик тўғрисидаги Совет-Германия шартномаси асосида Совет Иттифоқи Латвия, Литва ва Эстонияни босиб олди ва аннексия қилди. Қарийб ярим аср давомида Европанинг марказий ва шарқий қисмлари коммунистик режимлар ҳукмронлиги остида қолди. Совет Иттифоқи Болтиқбўйи давлатларини ўзига бўйсундириш учун жуда катта ҳарбий устунлик, қатағон, оммавий депортация ва тўлиқ мафкуравий назоратдан фойдаланган", - дея таъкидлайди Эстония, Латвия ва Литва президентлари.
“Советлар оккупацияси СССР парчаланиб кетгунга қадар давом этди. Фуқароларимизнинг ҳудудларимизда ва бутун дунё бўйлаб тинч ва қатъий ҳаракатлари туфайли 1990-1991 йилларда Латвия, Литва ва Эстониянинг миллий мустақиллиги тикланди. Бир неча йил ўтгач, Россия армияси давлатларимиз ҳудудларидан тортиб олинди. Биз давлатларимизнинг совет босқинчилигини тан олмаган Ғарбнинг 60 дан ортиқ мамлакатларига ҳурмат кўрсатамиз. АҚШ Давлат Департаменти томонидан 1940 йил 23 июлда қабул қилинган Уэллес декларацияси тан олинмаслик сиёсатига асос бўлди. Бугунги кунда мамлакатларимиз Европа Иттифоқи ва НАТОнинг ажралмас қисмидир. Аммо ўтмишдаги фожиали сабоқларни унутмаслик керак. Биз ҳақиқат ва адолатни ўрнатиш муҳимлигини таъкидлаймиз. Иккинчи Жаҳон уруши ва Европанинг урушдан кейин бўлиниб кетишига олиб келган тарихий воқеаларнинг бузилиши тарихни қалбакилаштириш ва замонавий халқаро ҳуқуқ тартиботининг асосини шубҳа остига қўйишга уринишдир", - дейилади баёнотда. Левитс, Кальюлайд ва Науседа "НАТО ўз мамлакатларининг коллектив хавфсизлигининг асоси бўлиб қолмоқда" ва "трансатлантик алоқалар Европанинг келажакдаги хавфсизлиги ва барқарорлиги учун жуда муҳимдир" деб ишонтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Латвия Сеймининг ташқи алоқалар қўмитаси "Россиянинг Иккинчи Жаҳон уруши тарихини ўз манфаатларига қараб қайта кўриб чиқишга уринишлари билан" ташвишланаётганини билдирган эди. Латвия парламенти депутатлари Москва "Совет Иттифоқининг ролини танқидий баҳолашни бутунлай рад этиб, агрессив дезинформация кампаниясини бошлаганидан" норози. Украина ва Эстония ташқи ишлар вазирлари Дмитрий Кулеба ва Урмас Рейнсалу "Россия томонидан бузилган тарихий далилларни тарқатиш" га қарши курашда бирлашишга келишиб олдилар. Ўз навбатида, Латвия Адлия вазирлиги раҳбари Янис Борданс Латвия Совет Иттифоқининг "донори" бўлганлигини айтди.
Апрел ойида Литва "Россиянинг тарихий ревизионизмини ва Совет Иттифоқининг Иккинчи Жаҳон Урушининг асосий ташаббускорларидан бири бўлган ролини инкор этувчи - тажовуз қурбонларига ушбу ролни бериш истагини ва Молотов-Риббентроп Пактини асослаб беришни" қоралади. Литва президенти Гитанас Науседа ўтган йилнинг декабр ойида Россия гўё тарихни қайта ёзмоқчи бўлганини айтди. Шунга ўхшаш резолюция январ ойида Латвия Сеймида қабул қилинган.
Москва учта Болтиқбўйи республикасининг 1940 йил Совет Иттифоқига қўшилиши ўша пайтдаги халқаро ҳуқуққа мувофиқ бўлганлигини ва шунинг учун "оккупация" сифатида кўриб чиқилиш мумкин эмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги давлатлар ўртасида ҳеч қандай душманлик йўқлигини ва Совет қўшинлари маҳаллий ҳокимият билан келишилган ҳолда ва уларнинг розилиги билан республикалар ҳудудига кирганлигини таъкидлади.