loader
Foto

Танқидни нима учун ёмон кўрамиз?

Чунки қайси бир жамоа бошқасидан фикри ёки амали жиҳатидан фарқланиб турар экан, у ўзи нотўғри деб билган ва танқид қилган нарсаларни ўзгаларда кўргани учун уни тўғирлаш мақсадида ўз-ўзидан бошқалардан фарқли бўлиб шаклланади. Озгина тааммул қилиш бу нарсанинг тўғри эканини англаб етиш учун кифоя қилади.

Якка шахс бўлсин ёки жамият бўлсин, уларнинг ислоҳ бўлишида аввало улар ўз хато-камчиликларини билиб олишлари лозим бўлади. Бу нарсага ўзини ўзи тергаши, ташқи танқидларга эътиборли бўлиши ҳамда уларни жиддий қабул қилиши билан эришади.

Инсон табиатан таънаю маломатни ёқтирмайди. Айниқса, бу таъналар унинг хато-камчиликларига тааллуқли бўлганда бу нарса янада намоён бўлади. Айбу нуқсонлари айтилишини истамайдиган, фақат мақтовли гапларни эшитишни хоҳлайдиган инсонлар бориб-бориб хатокорлик инсоний фитрат эканини унутиб ҳам қўяди.

Одам боласи борки, у хатодан холи эмас. Лекин бу борада улар икки турли бўлади. Бирлари хатоларини ўзича ҳам, ўзгалар олдида ҳам эътироф қилмайди. Агар улар танқид қилинса, уни қабул қилиш ўрнига дарҳол хатоларини оқлашга киришиб кетади. Иккинчи нав инсонлар эса танқид қилиниб хатолари кўрсатилганда уни эътироф этадилар, гуноҳ ва нуқсонларини англаб етиб, унга тавба қиладилар ва тузатиш ҳаракатида бўладилар. Чунки бу тоифа кишилар хато қилиш инсоннинг фитратида бор эканини яхши билишади. Мана шу эътибордан хатони эътироф қилиш фазилат ҳисобланади.

Қайси жамиятда яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ишлари амалда жорий экан, у жамият яхши жамиятдир. Аллоҳ таоло шундай деган: “Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Зеро, сиз яхшиликка буюрасиз, ёмонликдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Бу оятдан тўғри танқидлар ёмон эмаслиги маълум бўляпти.

Тарихга назар солсак, жамият ичида ислоҳотчиларнинг етишиб чиқишига уларнинг маъсум бўлмаган башариятга танқидий кўз билан қарагани сабаб бўлганига гувоҳ бўламиз. Улар танқидий назар солиш натижасида аён бўлган хатоларни турли услублар билан ислоҳ қилишган. Шулардан бири – хатони тўғрилаш мақсадида ўша хатоларни танқидий тилга олишдир.

Тўғри, баъзан номуносиб қилинган танқид ислоҳ қилиш ўрнига вайрон қилиб қўйиши ҳам мумкин. Лекин бу нарса ислоҳот ва тараққиёт учун илк қадам бўлган танқиддан бутунлай воз кечишга сабаб бўлмаслиги керак.

Биз барча танқидлар вайронкор танқидлар бўлмаслигини ажратиб олишимиз лозим. Лекин минг афсуски, кўпинча – деярли доим – танқид қилувчи шахс ҳақида ёмон гумонга борилади, у айбдор деб топилади, унга ҳасадгўй, ичиқора ва бузғунчи деган ном берилади ва унга нисбатан турли туҳматлар тўқиб чиқарилади. Қилинган танқидни ўрганиб чиқиш ўрнига танқидчининг овозини ўчириш чоралари кўрилади. Бу эса катта хатодир. Ўринли танқидни қабул қилмаслик кибрдан ўзга нарса эмас.

Аслида яхши инсонлар насиҳатни қабул қилади, яхши гумонда бўлади, танқидга жиддий ёндашади. Агар танқид тўғри қилинган бўлса, хатони тўғрилайди. Агар ўша хато уларда бўлмаса ҳам, танқидни қабул қилгани ва унга эътибор бергани учун ҳеч нарса йўқотмайди.

Солиҳлардан бири “Айбларимни менга ҳадя қилган шахс менинг ҳақиқий дўстимдир” деган экан. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Мўмин мўминнинг ойнасидир” деганлар. Ойна кишининг айбини беркитмайди, аксинча, барча айбларини унга борича кўрсатади. У эса ойна ёрдамида ўз айбларини тузатиб олади. Худди шунингдек, мўмин киши ҳам ўз биродарида бирор айбу нуқсонни кўрса, омонатдорлик билан ёндашиб, ойна каби унга айбини кўрсатиб огоҳлантиради.

Аслида, тўғри ниятда қилинган танқид насиҳатнинг бир тури ҳисобланади. Бунда танқид қилувчи мақсадни тўғри қўйиб олиши, танқиди ёмонни яхшига айлантирадими ёки шайтонга ёрдамчи бўлиб, бутунлай вайрон қилиб юборадими, мана шу томонларига ҳам эътибор қаратиши лозим бўлади. Шунинг учун танқидчи хато билан хатокорни ажратиб олиши лозим. Унинг мақсади бировнинг шахсиятини муҳокама қилиш бўлмасин, балки хатони тўғрилаш бўлсин. Танқид одобларига риоя қилиш унинг фойдали бўлишида муҳим ўрин тутади.

Танқид қилувчи ушбу тарзда танқид қилганида танқид қилинаётган инсон ўзининг маъсум эмаслигини унутмаслиги ва танқидни тўғри қабул қилиши лозим. Чунки танқид ислоҳ қилувчи омиллардан биридир. Шундай экан, нима учун танқидни ёмон кўрамиз ва нима учун танқиддан қўрқамиз?!

Агар ҳар бир танқидчининг оғзига ураверсак, жамият аъзоларини фикр юртимайдиган қолоқ инсонларга айлантириб қўямиз. Аслида танқид қусурларимизни кўрсатадиган, уларни тузатиб олишга сабаб бўладиган, жамиятдаги турли фасодларни олдини оладиган муҳим восита ҳисобланади.

Кўпчилик инсонлар танқидни ҳам, танқидга сабаб бўлган ишларни ҳам эшитишни истамайди. Улар танқидни одамнинг қадрини туширадиган камситилиш, уни қабул қилишни эса ожизлик деб билишади.

Аслида шахсиятга тегмасдан одобга зид бўлмаган ҳолда қилинган танқид тараққиётга пойдевор бўлади. Танқидни тўғри қабул қилиш буюклик ва мардлик белгисидир. Чунки бу нарса хатоларни эътироф қилиш ҳамда уларни тузатиш учун қўйилган қадам ҳисобланади. Кўп нарсаларга ақл-идроки етмайдиган, енгилтак ҳамда фикрлаш қобилияти паст бўлган инсонларгина танқидни ёқтирмайди. Улар ўз айбу-нуқсонларида бардавом бўлади ва хатолари билан фахрланиб юради.

Танқид қилувчининг мақсади қандай бўлишидан қатъи назар, ўша танқид аслида танқид қилинувчига ўз хатоларини тўғрилаб олишида, тўғри йўлга ўтишида ҳамда дунё ва охират ишларида муваффақият қозонишида ёрдам беради. Танқид инсонни ҳалокатдан қутқаради, мақтов эса уни ҳалокатга учратади. Шунинг учун буюк инсонлар танқидни мақтовдан устун қўйишган. Биргина заковатли кишининг кучли танқидини бутун бир жамоанинг кўр-кўрона қувватлашидан устун деб билишган.

Шундай экан нима учун танқидни ёмон кўрамиз ва нима учун танқиддан қўрқамиз?!

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ