loader
Foto

Туркларнинг «Bayraktar»и ҳақида

Ўз-ўзини таъминлаш сиёсати

Вашингтон ривожланган авиацион ва зенит-ракета комплекслари етказиб беришдан бош тортганидан сўнг Анқара ўзининг шундай қуролини ишлаб чиқиши ҳақида ўйлай бошлади. Predator ҳужумкор учувчисиз учиш аппарати, Patriot ЗРК, сўнгра F-35 бешинчи авлод янги қирувчи самолети билан шундай бўлди. Америкаликларга президент Эрдўған ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси янги сиёсий курси ёқмади.

Айниқса, америкалик «ҳамкорлар» Predator учувчисиз учиш аппарати билан боғлиқ вазиятда ўзларини сурбетларча тутишди. Дастлаб улар НАТО аъзолари ўртасида ўзаро алоқа механизмидан фойдаланиб, танишиб чиқиш ва баҳолаш учун «муҳим иттифоқчи»га вақтинчалик фойдаланишга бир нечта намуна беришди.

Турк харбийлари улардан машғулотлар пайтида ва мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчи партияси исёнчиларига қарши операция давомида фойдаландилар. Бироқ, Анқара товар партиясини етказиб бериш сўрови билан мурожаат қилганда конгресс аъзолари бу талабни қондиришдан бош тортдилар.

Америкаликларга жаҳл қилиб, Эрдўған келажакда қурол-яроғ етказиб бериш масаласида Ғарб мамлакатларига қарам бўлмаслик, истиқболда эса дунё бозорида етакчи сотувчилардан бири бўлиш учун мамлакат мудофаа-саноат комплексини жадал ривожлантириш дастурини ишга туширди. Тўрт йил ичида Туркия мудофаа саноатига 35 млрд доллар киритди. Агар илгари мамлакат қурол-яроғнинг 80%ини хориждан харид қилган ва қолган 20%ини ўзида ишлаб чиқарган бўлса, ҳозирда бу рақамлар ўрин алмашган. Ҳар ҳолда, ҳукмрон партия назорати остида бўлган маҳаллий ОАВ шундай деб таъкидламоқда.

«Байроқдор»нинг пайдо бўлиши

Predator дан ташқари, турклар келиб чиқиши америкалик ва исроиллик бўлган қатор моделларни ҳам вақтинчалик фойдаланиш учун қўлга кирита олди. Бу уларга ўзида ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппарати қандай бўлиши кераклиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш ва уларга техник талабларни ифодалаш имконини берди.

Бундай лойиҳалардан бирини амалга ошириш учун Kale Baykar фирмаси - Baykar Makina ва Kale Group қўшма корхонаси сифатида ташкил қилинди. Таъкидлаш жоизки, Baykar Makina Туркия президентининг куёвига тегишли. Жаноб Салжуқ Байроқдор компанияда техник йўналишдаги раҳбар лавозимини эгаллайди.

Bayraktar Block 1 учувчисиз учиш аппарати ишлаб чиқиш 2007 йилда бошланди ва бир неча йилдан кейин синов намунаси биринчи парвозни амалга оширди. Яна икки йилдан кейин эса Туркия ҳукумати концернга шартнома таклиф қилди ва  уни бажаришни икки босқичга ажратди. Биринчи босқич – разведка ва патрул учун вариантда чекланган партияда ишлаб чиқариш. Иккинчи босқич – қуролли вариант яратиш. Техник топшириққа мувофиқ, у умумий вазни 150 кг гача бўлган ўқ-дори олиб юриши лозим. Бу талабларнинг бажарилиши мааксимал учиш вазни ва қанотлар кенглигини оширишга имкон берди. Бу учувчисиз учиш аппарати Bayraktar Tactical Block 2 (BTB2) номини олди.

BTB2 илк парвози 2014 йил апрелида бўлиб ўтди ва бир йилдан сўнг у қуролланишга қабул қилинди. Тез орада илк машиналар мамлакат ичида ҳам, Ироқ ва Сурияда ҳам курд қуролланган гуруҳларига қарши антитеррор операцияларига қарши қўлланди. Шундай қилиб, Туркия дунёда АҚШ, Россия, ХХР, Исроил, Покистон ва Эрондан кейин мустақил равишда жанговар учувчисиз учиш аппаратини ишлаб чиқариш ва ундан реал жанг шароитларида фойдаланган олтинчи мамлакатга айланди.

Туркия матбуоти BTB2 га «дунёда ўз синфида энг мукаммал ҳужумкор учувчисиз учиш аппаратларидан бири» сифатида таъриф берди. У 2015 йилда фойдаланишга топширилган бутун парк бўйича парвоз соатлари 2019 йилда юз минг соатни ташкил қилди.

Қарийб беш йил давомида BTB2 мамлакатда ишлаб чиқилган ягона учувчисиз учиш аппарати бўлиб келди, бироқ 2019-2020 йилларда унга Turkish Aerospace Industries (TAI) компаниясининг ANKA-T – қуроллантирилган базавий разведка аппарати ANKA кўшилди.

Ташқи кўриниши ва борт комплекси

«Байроқдор» узоқ парвоз қилишга қодир бўлган MALE синфидаги учувчисиз учиш аппарати ҳисобланади. У тўғри бурчакли катта ва узун қанотга, йиғилмайдиган уч ғилдиракли шассига эга. Дум қисми «тескари V» шаклида бажарилган. У фюзеляжга иккита дум балкаси билан бирлаштирилган бўлиб, улар ўртасига ҳаво винтини ҳаракатга келтирадиган поршенли мотор ўрнатилган.

Планёр композицион материаллардан, асосан - углепластикадан, кевлар ва гибридли композитлар иштирокида тайёрланган. Борт ускуналари инфрақизил ва электрооптик камералар, лазерли масофа ўлчагич ва нишонга олиш усунасига билан жиҳозланган.

Махсус BTB2 учун Roketsan компанияи томонидан SMM оиласидаги бошқариладиган авиация ўқ-дориси яратилган. «Асосий калибр» сифатида вазни 20-25 кг бўлган йўналтириладиган MAM-L авиабомбаси бош қисмининг турига қараб ўрнатилади. Бундан ташқари, 70 мм бошқарилмайдиган реактив ракета асосида ратилган MAM-C ракетси мавжуд.

Одатда BTB2 иккитадан MAM-L авиабомба ва MAM-C ракета билан қуроллантирилган бўлиб, умумий вазни 150 кг ни ташкил қилади, бунда авиабомбалар ички пилонларга, ракеталар эса ташқи пилонларга илинади. Бундан ташқари, матбуотда 8 км масофага урадиган OMTAS танкка қариш ракета қурилмаси ўрнатиш имконияти ҳам кўзда тутилади.

Жанговар қўлланиши

«Байроқдор» биринчи марта 2016 йил охири ва 2017 йил бошларида амалга оширилган «Евфрат қалқони» операцияси давомида жанговар вазиятда қўлланган бўлиб, бунда турк ҳарбийлари ва улар назорати остидаги сурилик исёнчилар Сурия шимолидаги Жараблус ва Ал-Баб шаҳарларидан террористларни сиқиб чиқардилар. Бундай кейин амалга оширилган суриялик курдларга қарши «Зайтун новдаси» операциясида «Байроқдор»лар жангда тез-тез фойдаланилди. Жанговар ҳаракатлар 2018 йил 20 январда бошланган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, бу пайтга келиб Туркия қуролли кучлари 34 та BTB2 олганди. Бундан ташқари, яна олтитадан «Байроқдор» полиция ва жандармерига берилган. Умумий 46 та BTB2 дан фақат 23 таси қурол илиш воситалари билан жиҳозланган.

«Зайтун новдаси» операцияси давомида Bayraktar оиласига мансуб машиналар оддий ва қийин об-ҳаво, жумладан, кучли ёмғир, қор, шамол ва туман шароитларида аниқ зарбалар берган.

Туркия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, BTB2 умумий давомийлиги 4916 соатга тенг бўлган учиш билан 382 та жанговар парвозни амалга оширган ва 49 ҳолатда қурол ишлатган. Бошқа 680 ҳолларда, бу учувчисиз учиш аппарати нишонларни излашни амалга оширган ва Т129 ўт очиш билан қўллаб-қувватлайдиган вертолётлар, F-4 ва F-16 тактик қирувчилар, шунингдек, артиллерия учун нишон кўрсатишни таъминлаган. «Зайтун новдаси» операцияси бир неча ой давом этди ва 2018 йил 18 март куни Африн шаҳрини босиб олиш билан якун топди. Кўп ўтмай, турк ҳарбийлари саноатдан, саккизта BTB2 дан иборат яна бир партия олишди.

Мўъжизакор қуролми?

Турли манбаларга кўра, 2019 йил турк ҳарбийлари 58 тадан 75 тагача «Байроқдор» типидаги қурилмаларга эга эди. Курдларга қарши учувчисиз учиш аппарати қўлланишини муваффақиятли деб баҳолагач, турклар кейинчалик улардан Сурия, Ливиядаги жангларда фойдаланишга қарор қилишди. Қорабоғда ҳам Озарбайжон улардан муваффақиятли фойдаланилмоқда.

Абу Муслим тайёрлади