Бироқ ҳозирги кунда, айниқса, ўша даврга оид бўлган ҳужжатлар билан танишиб чиқиш имкони пайдо бўлгач, ушбу тарих бироз бошқача кўринишга эга бўлганлиги маълум бўлди.
Россия империяси Ўрта Осиё ҳудудини ишғол қилган пайтга келиб Бухоро амирлиги бу ерда мавжуд бўлган учта энг йирик давлатдан бири эди. Қолган икки давлат бу – Амударёнинг қуйи оқимида, қадимий Хоразм ҳудудида жойлашган Хива хонлиги ва маркази Фарғона водийсида бўлган Қўқон хонлиги эди.
XIX асрда Ўрта Осиё нисбатан камбағал ҳудуд эди, бу ерда Амир Темур даврдиги ёки ундан олдин мавжуд бўлган Хоразмшоҳлар буюклигини ёдга солиб турадиган ҳеч нарса қолмаганди. Бунинг асосий сабаби ўша пайтга келиб Буюк Ипак йўлининг амалда фаолият кўрсатмай қолгани бўлган. Тахминан XVI–XVII асрлардан бошлаб Европа ва Осиё ўртасидаги савдо узил-кесил европаликлар қўлига ўтиб кетди ва фақат денгиз йўллари орқали амалга оширила бошлади. Натижада Ўрта Осиё муҳим транзит ҳудуддан Ислом дунёсининг чекка бир қисмига айланиб қолди.
Учала давлат, Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари ўтмишдаги чингизийлар авлоди бўлган хонларнинг ўрнини эгаллаган ўзбек қабилаларининг энг яхши намоёндалари томонидан ташкил қилинганди. Гуллаб-яшнаган даврларда Фарғонада водийсида жойлашган қисмини истисно қилганда ҳозирги Тожикистон, Ҳиндикуш тоғларидан Панж дарёсигача бўлган Афғонистон шимоли ҳамда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари билан бирга ҳозирги Ўзбекистон ҳудудининг бир қисмини эгаллаган Бухорода ҳукумат тепасида манғитлар сулоласидан чиққан амирлар ўтирарди.
Ҳарбийлар элитасини ўзбекларнинг кўчманчи қабилаларидан чиққан вакиллар ташкил қиларди, ҳам туркий, ҳам тожик тилида сўзлашган асосий аҳоли солиқлар тўлаш уларнинг мажбурияти бўлган райа ижтимоий қатламига кирарди, шу билан бир пайтда амирлар шахсий гвардиясни турли кўчманчи қабилалар ҳисобига тўлдирарди. XVIII–XIX асрларда уларнинг орасида бир пайтлар Манғишлоқдан сиқиб чиқарилган ва ўша пайтлар Бухоро амирлиги таркибига кирган, ҳозирги Туркманистоннинг Лебап туманида қарор топган туркманларнинг эрсари қабиласидан туркманлар кўп эди. Ҳозирги кунда туркман гази асосан айнан шу ердан қазиб олинмоқда.
Бухоро амирлиги Ўрта Осиёдаги энг йирик давлат бўлган ва XIX асрда минтақанинг катта қисмида ўз ҳукмронлигини ўрнатган Россия империяси билан охирги бўлиб тўқнаш келган. Агар Қўқон хонлиги охир-окибатда тугатилган, Хива хонлиги Россия ҳукуматига тўлиқ қарам бўлиб қолган бўлса, гарчи айрим ҳудудлар, жумладан, Самарқанд устидан назоратни Россияга топширига мажбур бўлганига қарамай, Бухоро маълум даражада мустақилликни (автономия) сақлаб қолди. Амалда Бухоро амирлиги Британия Ҳиндистони остонасидаги ерлар учун кураш олиб бораётган Россия ва Британия мустамлакачи империяларининг таъсир ҳудудлари ўртасида ўзига хос «буфер» ҳудуди бўлган. Гарчи амирлар кучларнинг ҳақиқий жойланиш тартибини ва Росиянинг таъсири устунлик қилишини тушунсада.
Инқилобга қадар амирлик Россия протекторати остида бўлган. Унинг ҳудудида ташкил қилинган рус аҳоли пунктларида Бухоро юрисдикцияси амал қилмасди. Бу мустамлакачилик даврида бутун Осиёда ҳамма жойда мавжуд бўлган европача сеттльментларнинг бир тури эди. Шу билан бир вақтда Бухорода Россия капитали кенг иштирок этарди, бу ерда товар шаклидаги пахта ишлаб чиқариш ривожланган, темир йўл қурилган. Амир Саид Олимхоннинг ўзи Петербург пажлар корпусини битирганди.
Россияда рўй берган 1917 йил инқилобидан кейин Россия амирлик ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Бироқ 1918 йилнинг март ойига келиб ўша пайтлардаги Туркистон Халқ комиссарлари кенгаши раиси, авантюрачи Федор Колесов қизил армиячилар отряди билан Бухорога қуролли ҳужум уюштирди, бу эса тинчи аҳолини - ҳам бухороликлар, ҳам русларни қирғин қилиш билан биргаликда кузатилган низонинг бошланишига сабабчи бўлди.
Гарчи амирликка жиддий зарба берилган, маҳаллий аҳоли ва ҳарбийларнинг Россияга қаршилик кайфияти эса жуда кучли бўлсада, эҳтиёткор Саид Олимхон ҳарбий тўқнашувдан қочиб қолишни афзал кўрди. Буюк Британия вакилларининг қаттиқ илтимослари ҳамда Сибир ва Каспийортидаги «оқлар» ҳаракати раҳбарияти томонидан кўндиришга қаратилган жиддий ҳаракатларга қарамай, Бухоро Совет Россиясига қарши урушга кирмади ва Фуқаролар уруши даврида марказий ҳудудлардан узиб қўйилган Совет Туркистонига орқадан зарба бермади. Бу ҳолатда Хивадан тортиб Еттисувгача бўлган улкан ҳудудда тарқоқ ҳолда жойлашган ўн минг кишига ҳам бормайдиган Тошкентдаги совет ҳукумати бардош бера олмаслиги эҳтимоли юқори эди.
Сибирда оқлар устидан қозонилган ғалабадан, шунингдек, Каспийорти фронтидаги муваффақиятлар ва Туркистонда 1919 йил совет ҳукумати мустаҳамланиб олганидан сўнг Бухоро ҳукуматининг эҳтиёткорона позицияси муносиб баҳоланиши лозимдай эди. Бироқ 1920 йил март ойида совет қўшинлари кутилмаган зарба бериш билан Хива хонлигини босиб олди ва бу ерда Хоразм Республикасини эълон қилди. Бухорода жиддий хавотирга тушиб қолишади, бундан ташқари, амирликнинг рус аҳоли пунктлари ҳудудида жадидлар номи остида ҳам машҳур бўлган «ёш бухороликлар» - Туркистондаги модернизм ҳаракати тарафдорлари қўним топади. Умумий мазмунда жадидлар анъанавий мусулмон жамиятини модернизация қилиш учун, маҳаллий аристократияга қарши, умумий Туркистон учун ҳаракат қилиб, ўз дунёқарашлари бўйича Покистон ва Ҳиндистон асосчилари Али Жинн ва Жавохарлал Неруга яқин бўлган. Бироқ улардан фарқли равишда жадидлар британияликлар томонидан ташкил қилинган институтлар – судлар, армия, университетларга таяна олмаган ва эски аристократияга қарши мустақил равишда кураша олмаган. Шу сабабли улар рус инқилобчиларидан ёрдам кутишган.
Руслар, гарчи жадидларни қўллаб-қувватлаган бўлсада, амир ҳукуматини тинчлантиришга ҳаракат қилган. Бухородаги Советлар вакиллари Аксельрод ва Гуревич Олимхонни «дўстлик даври» келди деб ишотиришга ҳаракат қилган. 1920 йил 30 мартда шахсан амир билан учрашув вақтида Фрунзе Россия «Бухоронинг ҳудудий дахлсизлигидан юқори даражада манфаатдор» эканлигини таъкидлаган.
Шу билан бир пайтда, махфий буйруқ ва кўрсатмаларда Бухоро амирлиги ҳудудидаги рус аҳоли пунктларида гарнизонларни кучайтириш кўрсатилган. 7 май куни Аксельрод «ҳаддан ташқари юмшоқ сиёсат»да айбланиб, Бухородан чақириб олинади, унинг ваколатлари эса Бухоро масаласини ҳарбий йўл билан ҳал қилиш тарафдори бўлган Луцевич-Зарембега берилади. 13 май куни Ташқи ишлар халқ комиссарлигининг Туркистондаги вакили «Бухорога нисбатан сиёсий хулқ-атвор тезислари» тузиш ҳақида буйруқ олади. 22 май куни Россия компартияси МК сиёсий бюроси Қорахоннинг тақдимоти бўйича бухоролик инқилобчиларни қўллаб-қувватлаш ҳақида қарор қабул қилади.
Бундан бир неча кун олдин, 18 май куни, совет қўшинлари Эроннинг шимолий қисмида кириб келиб, бу ерда Форс совет республикаси «қўғирчоқ» ҳукумати тузади. Шу билан бир пайтда 31 май куни Лондонда дастлабки совет-британ савдо алоқалари ўрнатилди. Фуқаролик уруши давом этаётган шароитларда Буюк Британия бир-бирига қарши курашаётган томонлардан бирини қўллаб-қувватлаши Лондон келишиб олишга қарши эмаслигидан далолат берарди. Табиийки, совет қўшинларининг Буюк Британия жиддий манфаатларга эга бўлган Осиёда фаол ҳаракат қилиши муҳокама мавзуларидан бири бўлган. Британияликлар Совет Россияси билан муносабатларда Шарқни советлаштиришни давом эттиришни тўхтатиш эвазига муросага келишишга рози бўлиши шубҳасиз эди. Троцкий ва Ленин бу савдолашиш учун баҳона бўлиши мумкин деб ҳисоблаган, бироқ кўплаб коммунистлар жуда қатъий ва кескин кайфиятда бўлган. Машҳур коммунист Сокольников бу кунларда Совет Россиясининг бош мақсади Форс қўлтиғи ва Месопотамия томон ҳаракат қилиш деб ҳисоблаган. Бошқа бир инқилобчи Геллер эса дастлаб кучларни Бухорога, ундан кейин Эронга, сўнгра Ҳиндистонга ташлаш керак деб ҳисоблаган.
Бухорода умумий вазиятдан хабардор эдилар, албатта, бу ерда британияликлар ва афғонлар билан алоқа қўллаб-қувватланарди. Шу сабабли Совет Россиясига нисбатан иғво билан фитна чиқармаслик ҳамда Москва ва Лондон ўртасидаги алоқаларда бирон-бир келишувга келмагунга қадар вақтни чўзиш амир учун асосий вазифа ҳисобланган. Мос равишда, амир тўқнашувнинг олдини олишга ҳаракат қилган, Тошкентнинг барча талабларини қондирган, июлда Москвага фавқулодда элчилар жўнатиб, ёш бухороликларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ҳақида илтимосини бекор қилган.
Бироқ Москвада шуни ҳам тушунишардики, брианияликлар билан кутилаётган музокаралар арафасида улар билан савдолашиш учун қўлда кўпроқ «кўзир»га эга бўлиш керак. Бухоро осон ўлжа бўлганлиги сабабли унинг ҳудудини босиб олиш Лондон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудудда глобал музокаралар бошланишидан олдин ўз позициясини кучайтиришни англатарди.
Июлдан бошлаб Туркистон матбуотида Бухорога қарши тарғибот кампанияси бошланди, бунда амир бор гуноҳларнинг барчасида айбланди, амир ҳукумати қонунийлигига шубҳа билдирган ғазабланган бухороликларнинг хатлари чоп этилди. Тошкентда чиқадиган «Известия» газтеасида босиб чиқарилган мақолалардан бирининг сарлавҳаси маънодор эди – «Бунга барҳам бериш зарур». Бир вақтнинг ўзида Фрунзе Москвага хат ёзиб, унда «воқеа-ҳодисалар учун жавобгарлик Бухоро ҳукумати зиммасига юкланиши учун бор кучлар қўлланиши лозим» эканлигини кўрсатади. 30 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган ҳарбий бюро йиғилишида у Бухорога қарши операция 15-20 август кунларига мўлжаллангани ва бир кунда якунланиши лозимлигини маълум қилади.
Шу аснода вазият кескинлашиб борарди. Қизил армиячилар амирлик ҳудуди ва унинг чегараларидаги таянч пунктларни эгаллаб олдилар, Бухонинг ўзида эса кўп жиҳатдан диний сабабларга асосланган ватанпарварлик руҳида кўтарилиш бошланди, вақти-вақти билан тўқнашувлар руй берарди. 10 август куни Москвада сиёсий бюро Куйбишев ва Фрунзенинг хатлари асосида, Аксельрод ва Гопнернинг эътирозларига қарамай, «Бухоро ва унгача чегарадош ҳудудларда рус халқи ва Россия муассасаларини ҳимоя қилиш» ҳақида директива қабул қилади.
12 августда Фрунзе ҳарбий қисмларга «бухоролик инқилобчилар чиқишининг кутилиши муносабати билан» бор позицияларни эгаллашга буйруқ беради. Бухорога бостириб кириш эса 1920 йилнинг 29 августида бошланди.
Шок ва ҳайрат
29 август тонг соат бешда Эски Чоржўй босиб олинди ва бу ерда ёш бухороликлар таркибидан инқилоб қўмитаси ташкил этилгани ҳақида маълум қилинди. Қўмита қўзғолон бошлангани ҳақида эълон қилди ва зудлик билан Совет Россиясидан ёрдам сўраб мурожаат қилди. Шундан сўнг шу йилнинг май ойида Фурманов билан бирга машҳур Верный қўзғолонини бостиришда иштирок этган дивизия қўмондони Белов бошчилигидаги 2,5 минг кишидан иборат ёш бухороликлар қўшини Бухорони штурм қилишга йўл олди. Бироқ ҳужум қилаётганлар – уларнинг орасида еттисувлик қизил армиячилар ҳам кўпчилик эди – кўп сонли кўнгиллилар иштирокидаги 15 минг кишидан иборат амир ўшинларининг жиддий қаршилигига дуч келди, катта йўқотишларга учради ва чекинди.
Вазият шу қадар жиддийлашдики, кичик кучлар билан катта шаҳарни забт этиш амримаҳол эди. Шунда Фрунзе артиллерия ва авиациядан фойдаланишга буйруқ беради. Шаҳар томонга 12 мингдан ортиқ турли, жумладан, кимёвий снарядлар билан зарба берилди, 11 та самолет шаҳарни тўхтовсиз бомбардимон қилди. Бомба ёғдириш уч кун давом этди. Шаҳар маркази вайрон килинди, шаҳарга бостириб кирган қўшинлар уни талай бошлади, кўплаб масжидлар отхона ва казармаларга айлантирилди. Москвага фронт штабидан жўнатилган хатда маълум қилинишича: «босқинчилик, талон-тарож шу даражада авжига чиққан эдики, уни тўхтатиб ҳам бўлмасди».
То Фрунзе мародерларни отиб ташлаш ҳақида буйруқ чиқармагунга қадар, қизил армиячилар шаҳарни тўрт кун таладилар, шундан кейин ҳам талончилик тезда тўхтагани йўқ. Москва вакили Машицкийнинг ёзишича, аскарлар ва командирлар Регистондаги ҳамма биноларни таладилар, яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолисига нисбатан оммавий зўравонлик амалга оширдилар. Куйбишевнинг шахсий кундалигида қайд этилишича: «15 сентябрь – аскарлар талончилик қилмоқда, 16 сентябрь – аскарлар талончилик қилмоқда, 24 қути қимматбаҳо зийнат буюмлари, 17 сентябрь – Махсус бўлимга мародерликка қарши курашни кучайтиришни таклиф қилиш».
Ғиждувон яқинидаги тоғларда 2-байналмилал кавалерия полки қочиб кетаётган амирни қувиб етгач, фақат қизил армиячиларнинг карвонни талашга киришиб кетганлиги амирнинг жони омон қолишига сабабчи бўлди. Бунда полк командири ва унинг комиссари «қимматбаҳо зийнат буюмлари солинган яшик, бир қоп олтин, тилла камар, қимматбаҳо тошлар билан безатилган тилла қурол, бриллиант юлдуз ва ҳ.к.» ўзиники қилиб олди. Шуниси ҳам маълумки, босқинчилик қилиб топилган ўлжадан ўз улушини олмаган бронепоездлар командирлари 2-байналмилал кавалерия полки командиридан тилла камар ўғирлайди ва бунинг учун ҳибсга олинади. Кейинроқ армия қўмондонлар таркиби барча қўлга киритилган ўлжалар уларга маҳаллий аҳоли ва инқилоб қўмитаси томонидан совға қилинган деб туриб олади. Ҳаттоки Фрунзе ҳам амирнинг шаҳар ташқарисидаги саройидан бир жуфт тилла қилични ўзи билан бирга олади.
Кейинчалик ҳукумат тартиб ўрнатишга ҳаракат қилади ва Бухорода тортиб олинган мулкларнинг топишга эришилган қисми рўйхатини тузиб, Тошкентга жўнатадилар. Бу рўйхат нафақат олтин ва кумушдан иборат эди, балки «1007 та кўйлак, 1174 та чопон, 596 та кўрпа, 1 та пальто ва 13 та палас»ни ҳам ўз ичига оларди. Бошқа ўлжалар орасида «металлдан ясалган будильник», «эмалланмаган каравот поялари қуббаси» ҳам бор эди. Бундан ташқари, Бухородан жуда кўп миқдордаги товарлар ҳам олиб чиқиб кетилган бўлиб, бу бухоролик инқилобчиларга иқтисодий талончилик ҳақида гапиришга имкон берди.
Оқибатда Бухоро олтинининг катта қисми номаълум йўналишда йўқолиб кетди. 1925 йил Дзержинский ўз ёрдамчиси Кацнельсонга «Бухоро амирининг 15 млн олтин рублга тенг тиллалари қаерга гумдон бўлгани»ни аниқлашни топширди. 1921 йилнинг 21 сентябрида, Фрунзе учун генерал Врангелга қарши ғалабага олиб келган урушдан сўнг сиёсий бюро унинг ишини кўриб чиқди, бу иш доирасида унга Бухорода гўёки армиялар қўмондонларидан «тилла таёқ, бриллиант юлдуз ва тилла револьвер» совға қилиб олганликда айблов қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Лекин Фуқаролик уруши қаҳрамонига қарши иш бости-бости қилиб юборилди.
Ғалабадан сўнг
1920 йилнинг октябрь ойида совет қўшинлари Шарқий Бухорога юриш бошладилар – бу ҳозирги кунда Тожикистоннинг жанубий қисми, Гарм ва Кўлоб вилояти ҳамда пойтахт Душанбе шаҳри ҳисобланади. Бу ерда жудда қаттиқ қаттиқ қаршилик кўрсатилди, боз устига, қизил армиячилар аҳолининг диний туйғулари билан ҳисоблашиб ўтирмасдан, яна масжидлардан отхона сифатида фойдаланиб, қишлоқларни талашни бошлаганди. 1-Туркистон кавалерия дивизияси қўмондони Спасскийнинг гувоҳлик беришича, «жанговар полклар партизанларга ва ундан ҳам ёмони –бандитларга айланиб кетди». 1921 йилнинг ёзида Шарқий Бухорода умумий қўзғолон бошланди. Дивизия қўмондон лавозимини Спасскийдан кейин эгаллаган Винокуровнинг ёзишича: «Назарий жиҳатдан биз бу ерда совет ҳукуматини мустаҳкамладик, амалда эса минглаб камбағалларни қиличдан ўтказдик, ҳозирнинг ўзида 15 мингдан ортиқ қўзғолончи қириб ташгланди».
«Босмачилар» деб аталган қўзғолончилар томонга нафақат милиционерлар, балки 1-Бухоро ҳарбий мактаби курсантлари тўлиқ таркибда ўтиб кетди, Бухоро республикаси МИҚ раиси Ҳўжаев ва ҳарбий министр жадид Арифов ҳам исёнчилар тарафига ўтди. Арифов аҳолига мурожаатида қуйидаги сўзларни ёзганди: «Мен босмачилар – коммунистик вакханалия ва большевистик деспотизмга қарши бош кўтарган кишилар эканлигини анчадан бери билардим… Шиор – демократик республика, Туркистон учун кенг мухторият, Бухоро ва Хиванинг мустақиллиги».
Шарқий Бухоронинг тоғли ҳудудларида уруш ҳаракатлари 1930-йилларгача давом этди. Совет қўшинлари таркибида ўн йил ичида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, маҳаллий аҳолидан неча киши ҳалок бўлганини эса ҳеч ким санаб ҳам ўтирмаган. Умуман олганда, бу Афғонистонда олиб борилган совет сиёсатининг ўтмишдаги тимсоли эди, бу ерда ҳам мўътадил ҳукмдор ағдирилди, мамлакат ҳудуди советлаштиршига ҳаракат қилнди, 10 йил ичида маҳаллий аҳолини ҳисобга олмаганда 15 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Лекин советлар бу урушда мағлуб чиқдилар, чунки йигирманчи асрнинг охирида уруш жуда қимматга тушарди, инсонлар ҳаёти эса, йигирманчи йиллардаги фуқаролик уруши билан таққослаганда, анча қадрланар эди.
Абу Муслим таржимаси