loader
Foto

Баччабозлик

Ҳозир баччабозлик тарқалган асосий минтақалар — Афғонистон ва Покистон. Афғонистонда баччабозлик бизнеси 2000-йилларнинг бошларида, «Толибон» режими қулаганидан кейин гуллаб-яшнаган, кўп эркаклар баччаларни бойлик ва қандайдир мақом кўрсаткичи сифатида уйида ушлаган. Бу амалиёт ноқонуний ва расман мавжуд эмас, гарчи у аслида кенг тарқалган бўлсада; мижозларнинг кўпчилиги дала қўмондонлари, полиция эса, кўпинча уларнинг шериклари ҳисобланади.

Афғонистон парламенти аъзоси Абдулхабир Учқун BBC га берган интервьюсида айтишича, охирги пайтларда баччабозлик сони ўсмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг болалар ва қуролли можаролар бўйича махсус вакили 2009 йилда ўғил болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйишга чақирган мурожаат юборди.

Афғонистонлик журналист ва режиссёр Нажибуллоҳ Қурайший Қироллик санъат ҳомийлиги жамияти кўмагида 2010 йил 20 апрелда Frontline ҳужжатли сериали доирасида телевидениега чиқарилган ҳужжатли фильм суратга олди.

2020 йил ҳолатига кўра бача-бази амалиёти давом этаётган эди. Толибон ҳаракати ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг, бу жирканч жиноят таъқиб остига олинди. Ва ҳаракат вакиллари бу қабоҳат билан курашмоқчи эканини очиқ эълон қилди.

Тарихи

«Баччабозлик» қабоҳати минтақада узоқ вақт олдин: IX ёки X асрда пайдо бўлган.

Биринчи Жаҳон урушидан олдин у айниқса, Шимолий Афғонистонда кўпроқ тарқалган эди, кейин эса сезиларли даражада, ҳар ҳолда, катта шаҳарларда қисқарди; рақс тарихчиси Энтони Шэй бунинг сабаби мустамлакачилар: Россия империяси, Британия империяси ва Франция, шунингдек Европа қадриятларига эга бўлган мустамлакадан кейинги элитанинг маъқулламаслиги деб ҳисоблайди. Марказий Осиёга ташриф буюрган бир қанча ғарблик саёҳатчилар баччабозлик ҳақида хабар беришган. 1872-1873 йилларда дипломат ва саёҳатчи Юджин Скайлер Туркистонда яшаган. Унинг таъкидлашича, ўғил болалар раққосалар каби рақс тушишга ўргатиларди. У, гарчи кўпинча одобсиз бўлган бўлса ҳам, рақсни ҳеч қачон беҳаё эмас деб ҳисобларди. Бу вақтга келиб, баччабозлик ҳукуматнинг норозилигига сабабчи ҳам бўлган эди. 19-асрнинг охирида Бухоро ва Самарқандда рақс тушадиган ўғил болалар жуда оммалашди, Қўқон хонлиги даврида эса рақсларни оммавий ижро этиш тақиқланди. Тошкентда баччабозлик 1872 йилдаги вабо эпидемиясигача гуллаб-яшнаган: ўшанда муллалар бу рақсларни Қуръон, Исломга зид деб тақиқлаб, Россия расмийларига мурожаат қилган ва унга Россия томонидан бир йил расмий тақиқ қўйилган. Скайлер, шунингдек, «бача» ҳурматли ва буюк қўшиқчилар ва санъаткорлар, деб ҳисоблангани ҳақида хабар беради.

Рассом Василий Верещагин бу урф-одатларни «Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат» асарида қуйидагича таърифлайди:

“Томошанинг расмий қисми, яъни қўшиқ ва рақслар тугагач, гарчи норасмий ва ҳамма учун очиқ бўлмаса-да, энг қизиғи бошланади. Маҳаллий урф-одатлар билан таниш бўлмаганлар учун жуда ғалати бўлган меҳмондорчилик – узоқ давом этадиган баччани меҳмон қилиш бошланади. Бундай пинҳоний зиёфатлардан бирида хонага кириб, қуйидаги манзаранинг гувоҳи бўлдим: девор ёнида бачча виқор билан ва гердайиб ўтирибди; бурнини баланд кўтариб, кўзларини қисиб, атрофга такаббурлик билан, ўз қадр-қимматини англаган ҳолда қарайди; ундан нарида, девор бўйлаб бутун хонада, бир-бирининг ёнида ёшу қари, баланд ва пакана, семиз ва озғин сартлар оёқларини йиғиштириб ўтирарди, ҳамма тирсакларини тиззасига тираб, бачага меҳр билан қарарди; унинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб, нигоҳларини улашарди, ҳар бир сўзига қулоқ соларди. Боланинг нигоҳига, бир оғиз сўзига муяссар бўлган одам ҳурмат ва эҳтиром билан жавоб беради, юзи ва бутун қиёфаси билан ҳақирлик намойиш этиб, соқолини силаган ҳолда таъзим қилади, иззат-икром билдириш учун тинмай "тақсир" деб туради. Ким баччага бир пиёла чой ёки бошқа бирон нарса узатиб хизмат қилиш шарафига эга бўлса, буни фақат эмаклаб, тиз чўкиб, соқолини силаб таъзим қилган ҳолда бажаради. Бола буларнинг барчасини шундай бўлиши керакдай қабул қилади ва бунга миннатдорчилик билдиришни ўзига эп кўрмайди”.

Бачча улғайиб, рақсга тушиш учун жуда «қариб» қолганидан сўнг, унинг ҳомийси кўпинча иш топишига ёрдам берарди.

1909 йил Тошкентда Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги, саноат ва илм-фан кўргазмасида бошка ижрочилар билан бирга иккита «бачча» ҳам қатнашган. Томошабинларнинг қизиқиши ва кулгисини пайқаган бир нечта маҳаллий тадқиқотчилар Марғилондан келган баччалар куйлаган қўшиқларнинг сўзларини ёзиб олишди. Кейин қўшиқлар рус тилига таржимаси билан бирга "сарт тили"да нашр этилди.

Этнографик экспедициялар материаллари шундан далолат берадики, баччабозлик ҳодисалари Совет Ўрта Осиё ҳудудида 1920-йилларнинг охири - 1930-йилларнинг бошларида ҳам қайд этилган.

Жадидларнинг асарларида ҳам бу жиноят қаттиқ танқид қилинган.

2011 йилда Покистонда ўтказилган тадқиқот маҳаллий «бача-бази» амалиёти билан 1970-йилларда Ингеборг Балдауф томонидан тасвирланган ўзбек амалиётининг ўхшашлигини аниқлашга қаратилган.

Замонавий ҳолати

Қисман, баччабозлик жинслар ўртасидаги мулоқотга нисбатан афғон одобининг жиддийлигидан келиб чиқади: эркак киши яқин қариндоши бўлмаган аёл билан унга турмуш қуриш таклифидан олдин гаплашиш тақиқланган. Афғонистонда "аёллар бола кўриш учун, ўғил болалар завқланиш учун" мақоли кенг тарқалган, шунинг учун баччалар «хўжайин»лари уйланганидан кейин ҳам улар билан яшашлари мумкин.

1996-2001 йиллар, «Толибон»нинг илк ҳукмронлиги даврида баччабозлик гомосексуаллик дея толиблар томонидан тақиқланган, мусиқа ижроси туфайли ҳам қатъиян ман этилган.

«Толибон» режими қулаганидан кейин баччабозлик анъанаси яна гуллаб яшнади. Баччабозлик мамлакат шимолида айниқса кенг тарқалган. Кобулда ва Афғонистоннинг бошқа шаҳарларида, баччабозлар тасвирланган CD ва DVD-диклар кўча расталари ва араваларда кенг сотилади, ҳақиқий баччабозларни кўриш имконига эга бўлмаганлар томонидан томоша қилинади, кўп кафеларда эркаклар ўтириб, чой ичади ва рақс тушаётган баччабозлар тасвирланган видеолавҳалар томоша қилади.

Чиройли ва жозибадор ўғил болалар 11 ёшдан рақсга тушиш учун танланади, томошалар учун эса, аёллар кийимига кийинтирилади ва сохта кўкраклар қўйилади. 19 ёшга етгач, баччалар одатда озод қилинади, шундан сўнг улар оддий одам ҳаётини бошлаши мумкин, гарчи касбнинг исноди улар билан абадий қолса ҳам. Кўпинча қашшоқ болалар ва ўз оилалари юз ўгирган, масалан, зўравонликни бошидан кечирган ўғил болалар, шунингдек, оиласи сотиб юборган ўғил болалар омма одида рақс туша бошлайди.

«Толибон» ҳокимият тепасига иккинчи марта келгач, 2021 йил Афғонистон Ислом Амирлиги ҳудудида баччабозлик учун ўлим жазосига ҳукм қилиниши эълон қилинди.

ОАВда ёритилиши

Афғон журналисти Нажибуллоҳ Қурайший 2010 йил март ойида Буюк Британияда, апрелда эса АҚШда намойиш этилган The Dancing Boys of Afghanistan (Афғонистоннинг рақс тушаётган ўғил болалари) ҳужжатли фильмини суратга олди. The Huffington Post журналисти Николас Грэм фильмни ҳам қизиқарли, ҳам қўрқинчли деб атади. Филм 2011 йилда энг яхши ҳужжатли фильм учун Amnesty International UK Media Awards мукофотини қўлга киритди.

Афғонистон аёллари инқилоб ассоциацияси баччабозликни қоралайдиган расмий баёнот билан чиқди. АҚШ Мудофаа вазирлиги социолог ва ҳарбий тадқиқотчи Анна-Мария Кардиналлини «баччабозлик»ни тадқиқ этиш учун ёллади, чунки патруллар катта ёшдаги эркаклар чиройли болалар билан қўл ушлашиб кетаётган ҳолатга тез-тез дуч келарди. Британиялик аскарлар эркаклар уларни "эркалаш" га уринишаётганини аниқлади, буни аскарлар тушунмади.

«Шамол ортидан югураётган» номли роман ва фильмда қаҳрамонлардан бири бу пайтгача боланинг отасини зўрлаб келган юқори мартабали «Толибон» амалдорининг жинсий қули бўлишга мажбур бўлади.

2010 йил декабрида WikiLeaks Дайнкорп хорижий пудратчилари баччабозликка пул сарфлагани ҳақида кейинроқ Анна-Мария Кардиналли томонидан тасдиқланган маълумотларни эълон қилди. Афғонистон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ханиф Атмар америкалик ҳарбийлардан Дайнкорпни назорат қилишни талаб қилди, бироқ АҚШ элчихонаси «бу юридик сабабларга кўра имконсиз» деб жавоб берди.

2011 йил BBC World Service «Ҳужжатли кино» кўрсатувида баччабозлик пайдо бўлиши ҳолатларининг ўсганига эътибор қаратди.

2015 йил The New York Times газетасининг хабар қилишича, Афғонистонда хизмат қилаётган америкалик аскарлар «зўрлаш уруш қуроли сифатида фойдаланиладиган» ҳолатларни истисно қилганда, афғон хавфсизлик кучлари томонидан болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатларига эътибор қаратмаслик ҳақида командирлари томонидан йўриқнома олган. Америкалик аскарларига аралашмаслик ҳақида кўрсатма берилган; баъзи ҳолларда, ҳатто афғон иттифоқчилари интервью ва суд ёзувларига кўра, ҳарбий базаларда ўғил болаларни таҳқирлаганда ҳам. Аммо америкалик аскарлар педофиллардан қутулиш ўрнига ҳарбийлар уларни «Толибон»га қарши қуроллантиргани ва қишлоқларда полиция коменданти этиб тайинлагани, болаларга нисбатан зўравонликнинг деярли олдини олмаганидан тобора хавотирга тушган.

Афғонистонни тиклаш бўйича махсус бош инспектори томонидан 2017 йил июнида чоп этилган ҳисоботга кўра,  АҚШ ҳарбийлари аксарияти жинсий зўравонлик билан боғлиқ бўлган Афғонистон қўшинлари томонидан "ялпи инсон ҳуқуқлари бузилиши" ҳақида 5753 та ҳолатдан хабар берган. The New York Times га мувофиқ, Америка қонунига кўра, бундай ҳаракатлардан сўнг ҳарбий ёрдам кўрсатишни бас қилиш керак, аммо бу ҳеч қачон юз бермаган. АҚШ махсус кучлари офицери, капитан Дэн Куинн Афғонистонда болани жинсий қулликда сақлаган афғон кўнгиллилари қўмондони билан жанжаллашганидан сўнг лавозимидан четлатилган.

Оммавий ахборот воситалари баччабозлик ҳолатларини, шу жумладан 2016 ва 2017 йиллар давомида изчил ёритиб борди.



Хуллас, бу ҳаром амал. Мусулмон одам бундай қабиҳ жиноятлардан доим узоқда бўлади. Буни Исломдан, мусулмонлар ўзи шундай, деб туҳмат тарқатаётган ислом душманларига Аллоҳ таоло кифоя қилсин...