loader
Foto

Туркия ва Саудия Арабистони: суннийлар ичидаги гибрид уруш тугайдими?

Эслатиб ўтамиз, Байден Ражаб Тойиб Эрдўғанни ҳокимиятдан кетказиш учун ҳаракат қилишга ваъда берган эди. Бошқа томондан, Оқ уйдан Доналд Трампнинг кетиши билан АҚШ-Саудия муносабатларидаги олтин давр, албатта, тугайди, аниқроғи, Вашингтоннинг валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Бин Салмонни сўзсиз қўллаб-қувватлаши унинг инсон ҳуқуқларини бузиши туфайли муносабатларда совуқчилик билан алмаштирилиши мумкин. Шу аснода сўнгги йилларда бир-бирига қарши чиққан Туркия ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқалар илиқлашувнинг айрим аломатлари кўрина бошлади.

Жумладан, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳан Сауд қироллик томонидан Туркия маҳсулотларининг махфий бойкоти ҳақидаги маълумотни инкор этиб, кутилмаганда икки давлат ўртасидаги муносабатларни "яхши ва чиройли"деб атади. Шундан сўнг Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Саудия Арабистони қироли Салмон Бин Абдулазизга телефон орқали қўнғироқ қилиб, давлат раҳбарлари дўстона суҳбат қуришди.

Бундай дўстликнинг қуруқ сўзлардан ҳам ривожланиши мумкинлигига эҳтиёткорона ишора - Саудиянинг дунёга машҳур яманлик олим, шариат ва тиббиёт фанлари доктори Абдулмажид Зиндоний озод этилиши ва унинг Туркияга кетишга рухсат берилиши бўлди. Аввалроқ шифокор Қатар ва Туркияни қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи иҳвонларга хайрихоҳликда айбланган ва ар-Риёднинг ислом уламоларига қарши кампанияси доирасида уй қамоғида эди.

Айни пайтда, иҳвонларга қарши курашда Саудия Арабистонининг энг яқин иттифоқчиси Бирлашган Араб Амирликлари тўхтамоқчи эмас. Агар илгари «Мусулмон биродарлар» террорчи ташкилот сифатида фақат шу мамлакат ҳукумати томонидан тан олинган бўлса, яқинда Бирлашган Араб Амирликлари Уламолар Кенгаши ҳам шундай фатво чиқарди. Воқеаларнинг бундай ривожланишида саудияликлар иккита қуённи бир пайтда қувиб етолмайди, яъни БАА билан иттифоқчилик алоқаларини сақлаб қолиши ва Туркия билан муносабатларни нормаллаштириши даргумон. Агар Саудия Арабистони ва Туркия ўртасидаги муносабатларда ташкилот сифатида ихвонларнинг мавзуси четлаб ўтилса, бу Қатар билан муносабатларга нисбатан иш бермайди. Саудияликлар шу пайтгача БАА билан биргаликда аксил-турк платформасида ҳаракат қилган ташқи сиёсатнинг бошқа масалалари бўйича ҳам қарор қабул қилишлари керак бўлади: Ливиядаги Хафтарни қўллаб-қувватлаш, Туркия билан можарода Грецияни қўллаб-қувватлаш ва ҳоказо.

Умуман олганда, саудияликлар ташқи сиёсатда қандай танловни амалга оширишлари учун асосий мезон уларнинг ички сиёсатининг юзи бўлади, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Саудия Арабистони томонидан Туркияга қаратилган барча душманона қадамлар унинг БААлик ҳамкасби Муҳаммад Ибн Зеид билан биргаликда ҳаракат қилган ёш валиаҳд Муҳаммад Бин Салмондан (МБС) келиб чиққан. Шунинг учун МБС ҳокимият тепасида қолса, Туркия ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар ҳақиқатдан ҳам нормаллашиши мумкинлигини тасаввур қилиб бўлмайди. Агар МБС доно отаси томонидан сояга олинса ва Саудия Арабистони ва Туркия ўртасида келишув бўлса, бу нафақат МБС сиёсий карьерасининг охири, балки БААга Муҳаммад Ибн Зеид томонидан қўйилган саргузаштли сиёсат якунининг бошланиши бўлиши мумкин.

Бундай ривожланиш эҳтимоли бор, чунки Жо Байден Эрон билан АҚШ ядровий битимига қайтишга ваъда берди, ундан Трамп Теҳронга қаттиқ босим бошлаб, чиқиб кетганди. Эроннинг бу заифлашуви бир вақтнинг ўзида БАА ва КСА қўлларини фаол курашиш заруратидан озод қилди ва уларга Трампнинг куёви Джаред Кушнер томонидан ундалган, ўсиб бораётган Туркия ва унинг иттифоқчиси Қатарга ўтишга имкон берди. Шунинг учун, Агар америкаликлар энди Эронга нисбатан ғазабини марҳаматга ва Саудия Арабистонига нисбатан марҳаматини ғазабга ўзгартирса, минтақанинг сунний давлатлари яна Вашингтон томонидан қўллаб-қувватланадиган шиа экспансиясига қарши кучларга бирлашиш зарурлигига дуч келиши мумкин. Аммо бу Саудия Арабистони ва БААда сўнгги йилларда суннийлар ичидаги гибрид урушни бошлаганларни ҳокимият тепасидан олиб ташламасдан содир бўлиши мумкин эмас.