loader
Foto

Ислом модернизми ва салафия – умумийлик нимада?

Ислом модернизми – бу шарқшунослик муҳитида кўпинча ислом динини демократия, фуқаролик ҳуқуқлари, тенглик ва тараққиёт каби замонавий (модернистик) қадриятлар билан муросага келтиришга уринаётган «Ғарбнинг маданий ва сиёсий қарашларига биринчи исломий мафкуравий жавоб» сифатида търифланадиган ҳаракатдир. Бу эса «Ислом ҳуқуқшунослигининг классик ақидалари ва усулларини танқидий қайта кўриб чиқиш» ва ислом илоҳиётига ҳамда Қуръон ва Суннат тафсирига янгича ёндашувга олиб келди.

Модернизм XIX аср ўрталарида айниқса, мусулмон дунёсида ғарб цивилизацияси ва мустамлакачилик босими остида рўй берган тез ўзгаришларга жавобан юзага келган секуляризм, исломизм ва салафийликни ўз ичига оладиган бир неча Исломий ҳаракатларнинг биринчиси бўлган. Бу ҳаракатнинг пешқадамлари қаторига одатда Муҳаммад Абдо (1905 йилда ўлимидан олдин қисқа муддат Ал-Азҳар университети ректори бўлган), Жамолиддин ал-Афғоний ва Муҳаммад Рашид Ридни (1935 йилда вафот этган) киритиш мумкин.

Илк ислом модернистлари (ал-Афғоний ва Муҳаммад Абдо) «салафийя» атамасидан исломий фикрни янгилашга уринишларини белгилаш учун фойдаланишган ва бу «салафийя ҳаракати» Ғарбда кўпинча «ислом модернизми» деб юритилади, гарчи у ҳозирда одатда «барча палитраси билан ваҳҳобизм мафкураси» кўзда тутиладиган салафий ҳаракати деб аталадиган ҳаракатдан жуда фарқ қилсада.

Модернизм вужудга келганидан буён модернистларнинг ҳаракатларини бидъат ва динни бузиш деб қабул қилган анъанавий олимлардан ҳам кўплаб, дунёвий ҳукмдорлардан ҳам ҳужумларга дучор бўлди.

Модернизм классик секуляризмдан фарқ қилиб, диний ақиданинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамиятини ҳимоя қилиши, салафийлик ёки исломизмдан замонавий Европа институтлари, ижтимоий жараёнлар ва қадриятларни қамраб олиши билан ажралиб туради. Ислом модернизмининг асосий ғояларидан бири Малайзия Бош вазири Муҳаммад Маҳатҳир томонидан яхши ифодаланган: «Ислом бундан 1400 йил олдин бўлганидан фарқ қиладиган дунёда долзарб бўладиган даражада талқин қилинса, фақат шундагина Ислом барча авлодлар учун дин деб ҳисобланиши мумкин».

Одатда Ислом модернизмининг бошланиши юқорида санаб ўтилган уч шахс билан боғлиқ бўлса-да, улардан олдин ҳам шунга ўхшаш фикрларни билдирган олимлар бўлган. Масалан, 1826 йилда Миср ҳукмдори Муҳаммад Али олим Риф ат-Таҳтавийни 5 йилга Парижга ўқишга юборди. Мисрга қайтганидан сўнг Франция ҳақидаги таассуротлари ҳақида ёзиб, Европанинг кўплаб асарларини араб тилига таржима қилган.

Ат-Таҳтавий Европанинг технологик ва илмий тараққиёти ва сиёсий фалсафасидан катта таассурот олганди. Ислом ва Европа қонунчилигини ўрганиб чиқиб, у «шариатни янги шароитларга мослаштириш керак», «Ислом ҳуқуқи тамойиллари» билан замонавий Европа кодекслари асос қилиб олинган «табиий ҳуқуқ» тамойиллари ўртасида унчалик фарқ йўқ, деб таъкидлайди.

У 1835 йилда «Тиллар мактаби» га асос солди ва 19-аср Мисрнинг фан, ҳуқуқ ва адабиёти ривожига таъсир кўрсатди. Унинг ижоди кейинчалик кўпгина модернистлар, жумладан, Муҳаммад Абдонинг қарашларига таъсир кўрсатди. Ат-Таҳтавий, кўпинча "Наҳда" (Ислом Ренессанси) деб аталадиган ҳодисанинг бошқа иштирокчилар каби, француз (ва умуман Ғарб) маданиятига мафтун бўлган. Келиб чиқиши мисрлик бўлган америклаик замонавий шарқшунос ва маданиятшунос Шаден Тагелдиннинг фикрига кўра, бу Миср зиёлилари орасида бугунги кунда ҳам тирик бўлган "интеллектуал мустамлакачиликка" ҳисса қўшган ғояларида интеллектуал заифлик туйғусига олиб келди.

Модернизм фақат сунний муҳитгагина хос деб ўйлаш керак эмас, форс зиёлилари доираларида ҳам худди шундай жараёнлар рўй берди, бу ерда Мирза Мелкум-хонни эслатиб ўтиш лозим.

Мирза Мелкум-хан – Иосиф (Овсеп) Мелкумян (1834–1908 йй.), шунингдек, Мелкум-хон номи остида ҳам маълум бўлиб, фикру-хаёли Эронни Ғарб намунаси бўйича замонавий давлатга айлантириш билан боғлиқ бўлган таниқли эронлик модернист эди. Арман миллатига мансуб форс давлат арбоби, дипломат, маорифчи, ёзувчи ва публицист, Мирза Мелкум-хон ижтимоий ислоҳотчи ва маорифчи сифатида машҳур. У Эронда «МИРЗА» мақомини қўлга киритган биринчи насронийдир.

Унинг асарида энг машҳур жиҳат Шоҳ ҳокимияти дунёвий, демократик институтлар билан чекланадиган конституциявий монархия яратиш учун қонунларни тарғиб қилиш эди. У мазкур ғояларни бир қатор асарларида, айниқса, ўзининг ўқувчилар сони кўп бўлган ва Эрон модернистлари орасида жуда машҳур бўлган "Қонун" газетасида тарғиб қилган. Шундай қилиб, уни Эрон конституциявий инқилобининг оталаридан бири деб ҳисоблаш мумкин.

Модернистик ҳаракатдаги "салафийлик" атамаси ва "салафларга қайтиш" шиорининг келиб чиқиши кўплаб мутафаккирлар томонидан қайд этилган Жамолиддин ал-Афғоний ва Муҳаммад Абдо билан боғлиқ. Ислом модернистлари ҳам, замонавий салафийлар ҳам ўзларини "салафийя" деб аташи ва салафларга қайтишга чақириши сабабли сўнгги йилларда бироз чалкашликлар юз берган бўлса-да, бу баъзи кузатувчиларни уларнинг умумий мафкуравий сафи ҳақида нотўғри хулосага олиб келади.

Илгари салафиячилар (модернистлар) асосан мутакаллимлар ва файласуфлар эди. Муҳаммад Абдо ва унинг ҳаракати баъзан каломнинг муътазилийлар мактабини назарда тутиб," нео-мутазилийлар" деб юритилади. Кўпчилик Абдо ғоялари муътазилизм билан мос тушишини таъкидлаган. Абдо ўзи муътазилий эканлигини инкор этган бўлса-да, ҳар қандай илоҳиёт мактаби орқалигина тақлид инкор этган асосдагина муътазилий эканлигини инкор этган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Бу шиорлардаги ўхшашликнинг сабаби шундаки, бу иккала гуруҳ – модернистлар ҳам, салафийлар ҳам салафларга эргашишга, кейинги имомларнинг авлодларини четлаб ўтишга чақирадилар. Яъни, содда қилиб айтганда, уларнинг шиорини қуйидагича ифодалаш мумкин: "Бошида ҳаммаси яхши эди, лекин маълум бир нуқтада биз нотўғри йўлга бурилдик, келинг, энди ҳаммаси яхши бўлган даврга таянайлик". Аммо кейинчалик бу икки гуруҳнинг хулосалари турлича, худди улар турли "салафлар" га эга эканлиги каби: модернистларда бу муътазилийлар ва файласуфлар, салафийларда эса Ибн Таймийя орқали ўтган аҳлу ҳадислар.

Модернист ислом фикрда энг тарқалган тенденциялар қуйидагилр ҳисобланади: Ғарбнинг технологик, илмий ва ҳуқуқий ютуқларини " турли даражада танқид ёки тақлид билан" тан олиш, шу билан бир пайтда "мусулмон мамлакатларининг Ғарб томонидан мустамлака сифатида эксплуатация қилиниши ва Ғарб дунёвий қадриятларини қабул қилдириш"га қарши эътироз; мусулмон дунёсини мустаҳкамлаш ва янада эксплуатация қилинишини олдини олиш керак бўлган мусулмонлар орасида илм-фан замонавий тушунча ривожлантиришга қаратилган даъватлар; "жамоат манфаати"ни (маслаҳа, Ислом фиқҳидаги иккинчи даражали манбаи) қўллаб-қувватлаш учун "шариат мақсадлари"га (makasid al-sharia) амал қилишга даъват.

Модернистлар кўпинча ислом қонунчилигига доир мумтоз асарларда тилга олинмаган, лекин биринчи навбатда ҳал қилиниши зарур бўлган долзарб сиёсий ва иқтисодий муаммолар сифатида кўриладиган ташаббусларини оқлаш учун бундай далилларга мурожаат қиладилар.

Модернистлар ҳам шариатнинг икки асосий манбаи – Қуръон ва Суннатни қайта талқин қилишни тарғиб қиладилар ва кўпинча итжтиҳод дарвозаларини кенг очиш, ўзларини мужтаҳидлар ва ҳатто мутлақ мужтаҳидлар даражасига даъво қилишни тарғиб қиладилар.

Бу ерда модернистлар ва салафийлар ўртасида яна бир ўхшашлик бор, чунки уларнинг тушунчаларида ижтиҳод дарвозаларининг ёпилиши салафдан узоқлашишдир. Олимлар консенсусининг (ижмо) у ёки бу даражада радикал қайта талқин қилиниши. Бу, айниқса, "замонавий ҳақиқатлар"га зид бўлган кўпхотинлик, ҳадда (жиноий жазолар), жиҳод ва мусулмон бўлмаганлар билан муомала, кредитлар бўйича фоизларни (рибо) тақиқлаш масалаларига тааллуқлидир.

Рибо (судхўрлик) масаласида Сайид Аҳмад Хон (ҳинд модернисти), Фазлу-Раҳмон Малик, Муҳаммад Абдо, Рашид Рида, Абдураззоқ ал-Санҳурий, Маҳмуд Шалтут фоиз гаровларининг турли шакллари ўртасида фарқ бор деб ҳисоблаб, рибога олиб борувчи битимнинг ҳар қандай шакли ҳаром, деб таъкидлаган анъанавий фақиҳлар фикрларига қарши чиқарди. Модернистлар апологетикаси ислом дунёқарашининг жиҳатларини Ғарб ғоялари ва амалиётлари билан боғлашга уринади ва мазкур Ғарб усуллари дастлаб Исломдан олинган, деб таъкидлайди.

Кўплаб модернистларнинг яна бир хусусияти ҳадисларга, айниқса, бир ёки бир неча узатиш занжирлари орқали узатиладиган (яъни, мутаваттир эмас) ҳадисларга шубҳа билан қарашдир, ҳаттоки улар ҳадисларнинг олтита каноник китобларнинг (Кутуб ал-Ситта деб номланувчи) исталган бирида ишончли ҳисобланса ҳам.

Муҳаммад Абдо ўлимидан олдин ўз систематик методологиясини ишлаб чиқмаган бўлса-да, ҳадисларни ўрганишда анъанавий ечимларни қайта баҳолаш зарурлигини фаол ҳимоя қилди. Бу ерда ҳам модернистлар ва салафийлар ўртасида, салафийларнинг ҳадис илмига қизиқиши, уларнинг ҳадис бўйича мустақил қарор қабул қилишлари ўртасида кесишув бор. Масалан, ҳозирги замон салафийларидан бири Носиридин Ал-Албоний ҳадис илмига Рашид Ридонинг "Ал-Манар"журнали туфайли қизиқиб қолган.

Замондошимиз бўлган покистонлик-америкалик воиз Ёсир Қози, модернистларнинг ва салафийлик устуни Ибн Таймиянинг қарашларини бирлаштирган Мадина университети битирувчиси шундай ёзади: "Рашид Ридо ўзи бошқарган муайян бир ҳаракатни (Ислом модернизмини) тасвирлаш учун "салафийя" атамасини оммалаштирди. Бу ҳаракат мазҳабларнинг қотиб қолишидан воз кечиб, фиқҳ ва замонавийликнинг стандарт муаммоларини, баъзан жуда либерал йўллар билан қайта кўриб чиқишга интилди.

Муҳаммад Носириддин Ал-Албоний исмли ёш олим Ридонинг мақоласини ўқиб чиққач, сўнг атамани олиб, бутунлай бошқа бир ҳаракатни баён қилиш учун фойдаланган. Тақдир тақозоси билан, Ридо бошқарган ҳаракат охир-оқибат модернистик ислом бўлди ва "салафийлар" ёрлиғини ташлаб юборди, ал-Албоний ҳимоя қилган ҳуқуқий методология - Ислом ҳақида Ридо қарашлари билан минимал мос келган ҳолда "салафийлар" номини сақлаб қолган. Охир-оқибат Албоний ўзлаштирган ном Наждий мурожаати билан ҳаракатнинг барча йўналишларига тарқалгунга қадар қабул қилинди. Шу асрга қадар "салафийлар" атамаси умумий ва хусусий ном сифатида ишлатилмаган. Шундай қилиб, "салафийлар" атамаси аллақачон мавжуд мазҳаб, Асария мактабига қўшилди.

Абу Муслим таржимаси