loader
Foto

Эскапизм ёки модернизм

Сарлавҳадаги «эскапизм» сўзидан чўчиманг, у бу кундалик ҳақиқатдан бошқа борлиққа, хаёлот дунёсига қочиш демакдир; бу ҳақиқатдан қочишдир. Мен бу номни бир сабаб билан танладим, чунки у Ислом ва унинг меросини энг аввало мусулмонларнинг ўзлари ва унинг бир-бирига тез-тез қарама-қарши турадиган икки модели орқали идрок этишга асосланган. Исломда эскапизм остида мен шундай ҳолатни (моделни) кўзда тутаманки, бунда ўтмишдаги уламоларнинг юзага келган фикрлари ёки фатволари ҳақиқат мезонига айланади ва ўзгача фикр бўлиши мумкин эмас. Яъни кўр-кўрона тақлид исломий (шаръий) билим олишнинг ягона шаклига айланади, ижтиҳод эшиклари эса узил-кесил ёпилади. Нима учун мен буни эскапизм деб атайман? Чунки бу шунга олиб келадики, шариат билимлари ва оқибатда, шариатнинг ўзи ҳам реал воқеликдан узилади, амалиёт учун имконсиз ва ўзгараётган дунёнинг янгича даъватларига жавоб бера олмайдиган бўлиб колади. Яъни у ўзи билан ўзи ёпиқ, воқелик билан кам алоқада бўладиган нарсага айланади, илмий ва таълим олиш жараёни эса ўтмиш авлод олимларининг фикрларини ўрганишга бориб тақалади – бундай илмий ёндашув ҳадисшунослик ёки грамматика каби фанларда ўз ўринга эга бўлиши мумкин, лекин амалий аҳамиятга эга бўлган фиқҳ ёки ақидада, айниқса, муомалат (товар-пул муносабатари) каби бўлимларда йўл қўйиб бўлмайди.

Олимлар ортидан оддий (оми) мусулмонлар ҳам шундай вазиятга тушиб қолади, бу табиий-илмий билимга ишончсизлик, турли фитна назариялари оммвийлиги, ўзини-ўзи интеллектуал изоляция қилиш тенденциялари сабабларидан биридир. Агар биз ўзимиз учун интеллектуал чўққи сифатида Ўрта асрларда юзага келган фикрни белгилаб оладиган бўлсак, Ғарбдан бир неча асрга ортда қолаётганимизга ажабланмасак ҳам бўлади. Бошқа томондан, диний билим (онг) ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бу табиий-илмий билимдан фарқли равишда, Худодан тўғридан-тўғри мукаммал шаклда билим олган эталон ва олтин стандарт доим ўтмишда эканлигини тушуниш керак. Шу сабабли кейинги авлодлар олдинги авлодларчалик бўлмайди, билим эса аста-секинлик билан сўниб боради. Лекин шу билан бирга, диний билимлар илмий билимлар билан юқорида айтиб ўтилган масалаларда кесишади, шу сабабли ўтмишдаги «авторитет»ларга кўр-кўрона эргашиш доим ҳам иш бермайди, замон талабларини ҳисобга олган ҳолда ўзгаришлар киритиш керак. Бу ҳақида дарвоке, кўплаб имомлар ҳам айтган ва фатволар одамларнинг одатлари, замон, макон, ҳолат ва ҳ.к.ни ҳисобга олган ҳолда берилиши лозимлигини таъкидлаган.

Бошқа бир қарама-қарши ҳол модернизм ҳисобланади, бу атаманинг ўзи жуда кенг доиралага эга, лекин умумий жиҳатларда уни исломни замонавий секуляр стандартларга мослаштириш мақсадида юзага келган ислом анъаналарига қарши кураш сифатида тавсифлаш мумкин. Бу атама XX асрнинг бошларига бориб тақалади, у Жамолиддин Афғоний, Рашид Ридо, Муҳаммад Абдо каби исмлар билан боғлиқ. Улар даъватларининг бош мавзуси айнан исломни ислоҳ килиш бўлган, лекин уммат муаммоларининг адолатли кўрсатилишига қарамай, уларнинг ечимини ўзига хос тарзда – юзага келган сунний анъаналардан воз кечиш ва ҳатто уларга қарши курашда: мазҳабларга тақлидни тўлиқ тақиқлаш, неомуътазилизм ва зоҳирийликни тарқатишда деб кўрганлар. Бу ёндашув юзага келган муаммоларни ҳал қилиш у ёқда турсин, янги муаммолар ҳам яратди. Ислом асосларини замонавий Ғарб жамияти фойдасига тўлиқ қайта кўриб чиқиш ғояси дунёвий демократияга исломий либослар кийдиришнинг имкони бўлмаса-да, яшашда давом этмоқда.

Бу икки қарама-қарши ҳолат ўртасида мувозанатга амал қилиш – долзарб муаммоларга жавоб беришга қодирлар бўлган замонавий олимлар мезонидир. Савол туғилади: уларни қаердан олиш мумкин? Ахир замонавий ислом таълим тизими ранжитадиган аҳволда, ҳозирги кунда кам сонли ҳақиқий олимлар қоидадан кўра истисно тариқасида пайдо бўлмоқда. Бу масаланинг ечими – юзага келган инқироздан чиқиб кетишда асосий вазифалардан биридир. Биз ўзимизнинг think tank (таҳлилий/интеллектуал марказлар) ташкил қилишимиз, бу ерда ислом интеллектуаллари долзарб вазифаларни ҳал қилиш учун ўз ҳаракатларини қўллаган бўларди. Яъни маълум маънода жамоавий ижтиҳод юзага келган муаммоларни ҳал қила олади, бутун уммат муаммоларини, бугунги кунда айрим мусулмонлар шуғулланаётган тор доирадаги муаммоларни эмас. Гуманитар, ижтимоий ва ишбилармонлик соҳасида ўз етакчиларини яратмасдан туриб, бирон-бир вазифани самарали бажариб бўлмайди, ўзининг шинам дунёсига беркиниб олиш эса – боши берк кўча бўлиб, аллақачон уни тарк этиш вақти келган.

Абу Муслим таржимаси