loader
Foto

Замонавий атеизм танқиди

Ҳа, секуляризм ва атеизм расман бир хил нарса эмаслигига қарамай, моҳиятан улар битта натижага одамнинг асл маънода Худога бўлган эътиқодини (Унинг тақиқларига риоя қилиш ва Унинг буйруқларига амал қилиш) йўқотишига олиб келади, чунки секуляризм қонунчилик даражасида Худога эътиқод ва Уни рад қилиш ўртасига тенглик белгисини қўяди ва жамиятнинг барча аъзоларидан бу шартни тан олишни талаб қилади. Мен дарҳол айтиб ўтмоқчиманки, мақола ўқувчидан маълум бир интеллектуал тайёргарликни талаб қилади, чунки атеистлар бизга қарши илгари сурган далилларни икки-уч сўз билан рад қилиб бўлмайди, ўқувчиларимиз орасида умумий таълим даражасини ошириш ҳам бизнинг мақсадларимиздан биридир.

Аввало, шундан бошлаймизки, атеистлар томонидан илгари сурилган асосий далиллардан бири, Худо мавжудлигининг ҳақиқий далили йўқ, дин инсониятнинг ривожланишида фақат бир босқичдир ва замонавий инсон эскирган ахлоқий меъёрларга муҳтож эмас ва уларга эргашиш – ортга қараб юриш ва таназзул йўли эканлигидир. Уларга изчиллик билан жавоб берамиз.



Биринчидан: Худо мавжудлигининг объектив исбот-далиллари борми?

Худонинг мавжудлигини ақл билан исботлаб бўлмайди, деган фикр немис файласуфи Иммануил Кантга тегишли бўлиб, унинг моҳияти шунга бориб тақаладики, объект ҳақида ҳақиқий реал билимни фақат эмпирик (тажриба) йўли билан олиш мумкин, оқилона (ақлий, мантиқий ва ҳ.к.) исботларга асосланган объект ҳақида билимлар эса бундай ҳисобланмайди. Инсон билимлари барибир унинг тажрибасига асосланиши сабабли объект билан боғлиқ ҳолатда эмпирик алоқа ўрнатиб бўлмаса у ҳақида ҳақиқий билимни ола олмаймиз.

Кант бундай объектларни ўзидаги нарсалар ёки трансцендентал нарсалар деб атайди ва Худони ҳам улар қаторига киритади. Шу сабабли у эътиқод ва билимни ажратади, эътиқод унга кўра билимларга эмас, ҳий-туйғуларга асосланади.

Келажакда бу ғоя Ғарб жамиятида шу қадар ўта машҳур бўлди-ки, баъзи диндорлар ҳам худди шундай деб ҳисоблай бошладилар. Кант бу ҳолатда Худони инкор қилмаганига ишора қилиш керак, лекин унинг мавжудлигини исботлашда у фақат эътиқод инсоннинг яхши фазилатлари кафолати бўлиши мумкинлигини ва шунинг учун Худо мавжуд бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу далилнинг заифлиги, ва у Кант рад этганга қараганда ҳам камроқ исбот қилиниши равшандир. Бу фикрга кейинчалик бошқа йирик немис файласуфи Ницше ҳам келади, унинг «уберменш» доктринаси ахлоқдан устун туради ва, унинг фикрига кўра, эскирган ахлоқий чекловларга, демак Кантга кўра бу қадриятларнинг асосий кафолати сифатида Худога ҳам муҳтож эмас.

«Антихрист» китобида у ўз ғоясини «Худонинг ўлими» сифатида тавсифлайди. Бу сўзларни қўпол том маънода тушуниш керак эмас, Ницшенинг ўзи бу сўзлар билан иблиснинг ғалабасини кўзда тутмаслигини, балки эски даврнинг охири ва янги давр бошланишини кўзда тутишини айтади, унда Худони йўқотган Европага бу жуда қимматга тушади. Дарҳақиқат, 20-асрнинг биринчи ярмида иккита қонли жаҳон уруши бўлиб ўтди. Ницшеники каби ғоялар рус ёзувчиси Достоевский томонидан «Жиноят ва жазо» романида яққол тасвирланган.

Бундан замонавий атеистларнинг иккита асосий хулосаси келиб чиқади:

1) Худонинг мавжудлигини исботлаб бўлмайди,

2) Диний ахлоқ қолоқликни, муросасизликни таъминлайди ва замонавий инсон учун керак эмас.

Энди моҳият бўйича: ҳақиқий билим, Кант ёзиб ўтганидек ва замонавий атеистлар унинг фикрларини такрорлаганидек, фақат тажрибалар йўли билан олинадими? Йўқ. Дарҳол айтиб ўтамизки, табиий-илмий тадқиқот мезонларини Худога нисбатан қўллаш маъносиздир, чунки биз, мусулмонлар, ўлчаш, ҳис қилиш, парчалаш ва ҳоказо қилиш мумкин бўлган Худога ишонмаймиз, шунинг учун бундай далилларни талаб қилиш бефойда. Бу ҳолатда Худонинг борлигига объектив далил йўқлиги келиб чиқадими? Йўқ, келиб чиқмайди, чунки бу ҳолатда гуманитар фанларни инкор қилишга тўғри келади, ахир уларда, масалан, тарихда ёки иқтисодиётда эксперимент ўтказиб бўлмайди. Иқтисодиётда эксперимент ўтказишга уриниш бўлган, бу бизнинг мамлакатимизда, Совет даврида бозор муносабатлари тақиқланган эди. Лекин бу жуда аянчли тугади. Шунингдек, бундай ёндашув билан табиий-илмий далилларга асосланган, лекин улар ўзлари (масалан, макроэволюция назарияси) бундай бўлмаган назарияларни ҳам инкор қилиш (илмий мақомдан маҳрум қилиш) керак бўлади, чунки замонавий илм-фан атрофдаги жараёнларни айнан шундай назариялар билан тушунтиришга ҳаракат қилади ва бу ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлмайди. Динни танқид қилишга бундай ёндашув одатда сайентизм (материализм, физикализм) деб аталади.

Шу ўринда 20-асрнинг энг йирик файласуфи Карл Поппер ўзининг "Илмий билиш мантиғи" асарида фальсификационизм тамойилидан иборат илмий билиш ҳақиқатининг мезонларини илгари сурган, унга кўра бирор назария уни эксперимент йўли билан тасдиқлаш ёки рад этишнинг методологик имконияти мавжуд, лекин ҳали бундай эксперимент амалга оширилмаган бўлса ҳам, бу назария илмий ҳисобланади.

Бу назариянинг асосий муаммоси, юқорида айтиб ўтганимиздек, шундаки, бу ҳолатда гуманитар фанларни ва атрофдаги жараёнларни тавсифлайдиган кўплаб илмий жараёнларни илмийлик мақомидан маҳрум қилишга тўғри келади, демак, бундай талабларни барча билимлар турларига нисбатан қўллаш хато бўлади, чунки бу ёндашув инсонни қўпол материализм даражасига тушириб, фундаментал масалаларни тушунишдан маҳрум қилади. Шу сабабли илмий назарияларни динга қарши қўйишга уринаётган замонавий атеистлар тан олишлари керакки, Худога ишониш илмий далиллар нуқтаи назаридан анча кўпроқ далилланади. Масалан, замонавий фан шундай хулосага келганки, Коинотнинг ибтидоси бор ва у ўсади. Кўриниб турибдики, бундай ҳолатда ҳамма нарса ўз-ўзидан пайдо бўлган деб ўйлаш жуда бемаъниликдир ва аксинча, бундан табиий равишда келиб чиқадики, ҳамма нарсага асос солган ва абадий мавжуд бўлган Зот, яъни Худо бор. Кантнинг шубҳаларига асосий жавоб мана шунда, чунки унинг даврида дунёнинг ибтидога эга эканлиги аниқ эмасди.

Бироқ, замонавий атеистларнинг ўта догматизми туфайли (улар билан оғзаки равишда жанг қилишади), бу фикрни улар қабул қила олмайди. Бунинг ўрнига, улар ёрдамида бу боши берк кўчадан чиқишга ҳаракат қиладиган ғояларни таклиф қилишади; масалан, бутун дунё компьютер симуляцияси, қандайдир юқори ривожланган цивилизация томонидан яратилган матрица ва биз ундан ташқарига чиқа олмаймиз деган ғоя. Бу ғоялар Худо ва дин суррогати, эрсац, паст сифатли алмаштирувчи ҳисобланади. Шундай қилиб, замонавий атеизм, дин билан курашиб, ўзи шундай бўлиб қолди.

Мусулмонлар келтирадиган далиллардан яна бири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шахси ҳисобланади, унинг таржимаи ҳоли ва у келажакда унинг таълимоти билан келган ўзгаришлар, муболағасиз бутун инсониятга таъсир кўрсатиб, дунё тарихида ўхшаши йўқлиги, унинг рисолати ҳақиқий эканлиги ва уни ҳақиқатда Худодан олганлигни тасдиқлайди. Бунга қарши кураш учун мусулмон бўлмаганлар бутун бошли бир ихтисосликни – шарқшуносликни ўйлаб топдиларки, унинг мақсади нафақат исломни ва мусулмонларни тушуниш, балки исломни улар учун фойдали бўлган кўринишда акс эттиришдан иборат. Шу сабабли улар бузиб кўрсатиш учун исломнинг асосий рамзлари - Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни нишон қилиб олишган. Улар билан баҳс-мунозара алоҳида улкан мавзу, у билан танишиб чиқиш учун Муҳаммад Мустафо ал-Азамийнинг рус тилига таржима қилинган "Қуръон матни тарихи" китобини ўқишни тавсия этамиз.

Энди ахлоқ ва инсонпарварлик ҳақида - замонавий атеистларнинг иккинчи байроғи ҳақида гапирамиз. Жамият учун қадриятларни шакллантириш ҳуқуқига ким эга, деган саволдан бошлаймиз? Исломда бундай қонун чиқарувчи Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳдир. Атеистик ахлоқ инсоннинг ўзига қадриятларнинг яратувчиси бўлишни таклиф этади. Ушбу ёндашув билан қадриятлар тўплами турлича – ултра ўнгдан ултра сўлгача бўлган кўплаб моделлар туғилади, уларнинг ҳар бири ўзларини ҳақиқатдамиз деб даъво қилади.

Бунда ҳеч қандай бирлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, аксинча, айнан шу ёндашув инсоният тарихидаги икки қонли жаҳон урушига, кейинчалик дунёнинг икки уруш лагерига бўлинишига олиб келди. Шунинг учун ҳам бу жамиятлардаги ўртача статистик одам яхшилик ва ёмонлик ҳақида аниқ диний тасаввурга эга бўлган одамга нисбатан анча бахтсиз ва ўз жонига кўп суиқасд қилади.

Биз замонавий дунёвий режимлар қандай "инсонпарвар" эканини ва улар ўз худбин манфаатларида дунёни бўлишда давом этиши, бунда инсон ҳуқуқлари ва озчиликларни ҳимоя қилиш ниқоби ортида яшириниб, қандай агрессив равишда ўз кучини ўтказишига гувоҳ бўламиз. Диндан озод бўлган янги дунё инсонпарварроқ бўлдими? Йўқ. У янада иккиюзламачи бўлиб қолдими? Ҳа. Боз устига, қадриятлар марказига одамнинг шахсий муваффақиятини қўйиб, диний ахлоқни бир четга суриб қўйган замонавий дунё чуқур оила инқирозига дуч келди, бу эса аҳолининг табиий камайишига олиб келади, чунки асрлар давомида одам зотининг давом этишини таъминлаб келган анъанавий оила замонавий жамиятга керак эмас, унга мос келадиган муқобил вариантни эса таклиф қила омлайди. Кўриб турибмизки, ахлоқий стандартлар тобора пасаймоқда, инсон энди маълум бир ахлоқий идеалгача кўтарилиши керак эмас, аксинча, ахлоқнинг чегараси тобора паст тушади – шунчаликки, энди ахлоқсиз деб ҳисобланишнинг деярли имкони йўқ.

Бу инқирозларнинг барчасига анъанавий жамият уларни ҳал қилмаган, балки янгиларини яратган ва дуч келган инқирозлар тўлқинида пайдо бўлган ва куч тўплаган атеизм ва дунёвийлик сабаб бўлди.

Шунингдек, дин илмий қолоқликка олиб келади, деган айбловга жавоб бериш лозим. Биз фан-техника тараққиётининг аҳамияти ҳақида алоҳида мақола ёздик. Фақат шуни қўшимча қилиш керакки, ислом мамлакатларининг технологик жиҳатдан қолоқлиги Ғарб давлатлари сиёсати томонидан қабул қилдирилган, ва у, афсуски, кўпчилик мусулмонлар томонидан воқелик сифатида қабул қилинган. Гарчи ислом, аксинча, одамларни илм-фанга қарши курашмасдан, уни ривожлантиришга ундайди.

 

[1] Секуляризм – унга кўра, ҳукумат ва бошқа ҳуқуқ манбалари диннинг ҳар қандай туридан алоҳида мавжуд бўлиши керак деган концепция. Бир томондан, секуляризм диний қонун-қоидалар ва таълимотлардан эркинлик ҳамда давлат ва жамият томонидан диний эътиқодга мажбурлаш йўқлигини англатиши мумкин. Бошқа томондан эса, секуляризм одамлар фаолияти, айниқса, сиёсий фаолият диний аралашув туфайли олдиндан ҳал қилиб қўйилмаган далил ва исботларга асосланиши лозим, деган концепцияни англатиши мумкин. Замонавий секуляризм Эпикур ва Марк Аврелий каби қадимги файласуфларнинг, ўрта аср Ислом ва Европа мутафаккирлари (Ибн Рушд, Марсилий Падуанский), Уйғониш даври файласуфлари (Дидро, Вольтер, Джефферсон ва б.) асарларига бориб тақалади. Секуляризм жараёни кўпинча секуляризация деб аталади.

Абу Муслим таржимаси