loader
Foto

Юсуф Қарзовийнинг замонавий ислом дискурсига қўшган ҳиссаси

Юсуф Қарзовий (1926 йил туғилган) – анча мураккаб ва қарама-қарши шахс. Ислом дунёсида энг нуфузли замонавий алломалардан бири, унинг китоблари кўплаб одамларнинг динга қайтишига ёрдам берган. «Мўътадил исломчи», бу гуруҳнинг расмий раҳбари лавозимидан воз кечаётган «Мусулмон биродарлар» интеллектуал ва маънавий етакчиси. Мисрлик машҳур дин тарғиботчиси, олим, кенг доирадаги исломий масалаларга бағишланган 120 дан ортиқ китоб ва юзлаб мақолалар муаллифи, жамоат арбоби, суннийлар, шиалар ва ибодийлар нуфузли шахсларини ўз ичига оладиган мусулмон олимлар Халқаро иттифоқи раҳбари (2004 йил Дублинда таъсис қилинган). «Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа иттифоқи» асосчиларидан бири. Унинг «Ал-шари’а ва ал-ҳайа» («Шариат ва ҳаёт») кўрсатуви бутун дунё бўйлаб 40-60 млн киши томоша қиладиган «ал-Жазира» канали томонидан намойиш этилади. Бундан ташқари, иккита интернет-портал: Islamonline.net ва Qaradawi.net асосчиларидан бири ва бош муаллифи ҳисобланади.

Қарзовий қаламига мансуб асосий асарлар: «Фиқҳуз-закот», «Фиқҳул-жиҳод», «Исломда ҳалол ва ҳаром», «Рухсат этилган тафовутлар ва қораланадиган ихтилоф шароитларида исломнинг тикланиши» ва ҳ.к. Унинг учун муҳим аҳамиятга эга бўлган мавзулар орасида фиқҳни янгилаш, аёлларнинг жамиятдаги роли, таълим, ислом иқтисодиёти, санъат ва кўнгилочарликлар саноати, мустамлакачилик тизими, неоимпериализм, демократия, секуляризм, сионизм, ғарбдаги мусулмонлар озчилиги ва Фаластин муаммоси ўрин олган.

Ушбу мақолада биз биринчи навбатда Юсуф Қарзовийнинг назарий ҳиссасига эътибор қаратамиз, унинг турли воқеаларга бой ҳаётига эмас.

Юсуф Қарзовий 1926 йил 9 сентябрда, Мисрнинг Сафт ат-Тураб қишлоғида, Нил дарёси дельтасида туғилган. У икки ёшида отасидан етим қолганлиги сабабли уни тарбиялаш учун жавобгарликни онасининг оила аъзолари ўз зиммасига олади. Бўлғуси олим бошланғич таълимни маҳаллий мактабда олди, у тўққиз-ўн ёшида Қуръонни ёддан биларди.

У 1939 йил ал-Ғарбия провинциясининг маъмурий маркази, Танта шаҳрининг мактабига боради. Тантада ўн етти яшар Юсуф масжидда илк хутба ўқийди ва унга кучли таъсир кўрсатган Хасана ал-Банни учратади. 1949 йилдан 1953 йилгача ал-Азҳарда таҳсил олади, бу ерда араб тили факультетини аъло баҳоларга тугатади.

1940-йилларнинг бошларида, пойтахтга кўчиб ўтишидан олдин, Қарзовий «Биродар мусулмонлар»га қўшилади. Унинг таржимаи ҳолида туб бурилиш айнан шу воқеа билан боғлиқ. Талабалик йиллари давомида у ташкилот эмиссари ролида бутун Яқин Шарқни айланиб чиқади, шунингдек, Буюк Британиянинг Миср устидан протекторатига қарши иш ташлашларда қатнашади. 1940-1950-йиллар «Биродар мусулмонлар»га қарши ҳукумат қатағонлари давомида ёш фаол бир неча марта қамоққа тушади. 1956 йил, навбатдаги сафар қамоқдан озод бўлгач, у вақтинчалик сиёсий фаолликдан четлашишга ва таълим олишни давом эттиришга қарор қилади. 1957 йил Юсуф Қарзовий ал-Азҳар университети усул ад-дин факультетида малакавий имтиҳон топширди. 1960 йил Қарзовий ҳаётида иккита воқеа билан боғлиқ: биринчидан, шу йили унинг ҳозирги кунгача энг машҳур бўлган «Исломда ҳалол ва ҳаром» китоби нашр қилинди, иккинчидан, худди шу йили у қуръоншунослик бўйича магистрлик даражасини қўлга киритади. Бир йилдан сўнг у Қатар пойтахти Дохага йўл олган илмий делегация таркибига киритилди, бу ерда 1962 йил ал-Азҳар бўлинмаси - Қатар диний тадқиқотлар институтини бошқаради. Бу ерда 1973 йил (Носирнинг ўлимидан сўнг, яъни Қарзовий яна Мисрга ташриф буюра бошлагач) у «Закот ва унинг ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга таъсири» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва ал-Азҳар илмий даражасини қўлга киритди. Бу диссертация Қарзовийнинг энг кўп ўқиладиган ва нуфузли асарлари орасида иккинчи ўринда турадиган «Фиқҳуз-закот» китобининг пайдо бўлишига асос бўлиб хизмат қилди. Қатор тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, у ҳалигача мос келувчи соҳадаги энг чуқур ва ҳар томонлама таҳлиллардан бири бўлиб қолмоқда. Унда Қарзовий закотни муносиб инсон фаровонлигини қўллаб-қувватлаш ва шу билан бир пайтда садақа берувчини поклаш усули, шунингдек, қашшоқликка қарши курашда кенг қамровли тизим сифатида кўриб чиқади.

Дохада бўлиб турган пайтида Қарзовий Қатарнинг ҳукмрон сулоласи билан яқинлашади ва ҳатто бўлғуси амир (1972-1995 йй.) - Хамад ибн Халиф ат-Танийни ўқитади. Шу алоқалар туфайли у «Мусулмон биродарлар»ни таъқиб қилишни қайта бошлаган Миср ҳукумати Қарзовийнинг Қатарда бўлиб туриш вақтини узайтиришни тўхтатгач, мамлакат фуқаролигини қўлга киритади ва бу ерда қолади. Мисрлик шайх умрининг учдан икки қисмини айнан Қатарда ўтказди: бу ерда унинг фарзандлари дунёга келди, у, моҳиятан шу ерда янги, Саудия Арабистонидан мустақил бўлган янги диний таълим тизимини яратди. Қатар Қарзовийга бутун дунё бўйлаб кўплаб минтақаларга (АҚШ, Канада, Европа мамлакатлари, Австралия, Япония ва ҳ.к.) ташриф буюриш учун юридик ва молиявий ёрдам кўрсатди, ваъз айтиш учун майдон тақдим этади, исломнинг турли йўналишларини бирлаштириш ва ислом фаоллигига бағишланган халқаро анжуманлар ташкил қилиш учун ресурслар тақдим этади. Гарчи Қарзовий нисбатан мустақил мутафаккир саналсада, унинг танқидчиларида кўпинча Қатар режими билан алоқалар ва уларнинг олим объективлигига таъсири борасида саволлар туғилади (юқорида баён қилинганлар туфайли буни тушуниш мумкин ).

2011 йил 18 февралда Қарзовий ниҳоят Мисрга қайтади ва Қоҳиранинг Таҳрир майдонида жума хутбасини ўқийди, унда мусулмонларни «араб баҳори» ютуқларини сақлаб қолиш ва Қуддусдаги ал-Ақса масжидини қўлга киритишга даъват қилади. 2013 йил Мисрда амалга оширилган ҳарбий тўнтаришдан сўнг, 2015 йи 16 май куни Қарзовий (ағдарилган президент, Муҳаммад Мурсий ва «Мусулмон биродарлар» билан боғлиқ бошқа юзлаб мисрликлар қаторида) Миср суди томонидан сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинади. У ҳалигача Миср ҳукумат томонидан расман «қидирилмоқда».

Васатийа – ўрталиқдаги йўл

Юсуф Қарзовийнинг фундаментал позицияси «васатийа» атамаси билан белгиланиши мумкин. Ислом нуқтаи назаридан, ҳисоблайди Қарзовий, мўътадиллик ёки ўрталиқдаги вазият алоҳида салобатга эга, қарама-қарши ҳоллар бир-биридан фарқ қилганидан кўра, улардан кўпроқ даражада фарқ қилади. Гап, албатта, механик ўрталик эмас, «олтин ўрталик» ҳақида, иккита бир хил, мос келмайдиган ҳодиса ўртасидан ўтишга имкон берадиган учинчи йўл ҳақида боради. Исломнинг табиати, унга хос бўлган адолатлилик ва мувозанатланганлик айнан ўрталиқдан иборат. Фиқҳга нисбатан васатийа матнга ҳам, жамоат манфаатларига ҳам йўналтирилган эътиборни кўзда тутади. Бунда васатийа тамойилига содиқлик радикал либерал ёки сўзма-сўз талқинларга амал қилиш заруратидан озод қилади. Либерализм мақбул эмас, чунки «ислом уйғониши»нинг асосий мақсади, Қарзовийнинг фикрига кўра, шундан иборатки, замона чақириқларига исломий жавоб бериш, унга мослашиш ва унда «эриб» кетиш эмас. Салафийликка келадиган бўлсак, Қарзовий Муҳаммад Абдо ёки Рашид Рида каби «интеллектуал салафийлар», илк ислом модернистлари руҳига ва методологиясига жуда яқин бўлиб чиқади. Лекин шунга қарамай, у ваҳҳобийлар мафкурасига кескин қарши чиқиб, уларни сўзма-сўз фикрлаш торлиги, мазҳабчилик (бешинчи мазҳаб яратиш) ва ўтмишнинг буюк уламоларига хиёнатда айблайди. Шундай қилиб, васатийа Қарзовий талқинида бу – замонавийликка ҳам либерал ва секуляр ёндашувни, ҳам ислом ниқоби ортида яширинган экстремизмни рад қилишдир. Бундай талқин билан унинг исломий бирдамлик тамойили боғлиқдир: «Ҳамкорлик биз нимада якдил бўлсак, шунда, ўзаро чидаб туришлик эса – бизнинг фикрларимиз фарқ қиладиган нарсаларда». Ислом бирдамлиги (барча мусулмонларни боғлаб турадиган мустаҳкам биродарлик ришталари ва бир-бирига ёрдам қўлини чўзиш), фиқҳнинг васатийа тамойилларида янгиланиши, замонавий дунё воқеликларига эътибор, Қарзовийга кўра, исломни ижтимоий-иқтисодий мазмунда «учинчи йўл»га, яъни социалистик ва капиталистик тарзнинг самарали муқобил вариантига айлантириши мумкин. Бу тадбирнинг муваффақияти олдиндан белгилаб берилган бўлиб, бевосита мусулмонлар ҳаракатлари билан боғлиқ.

Васатийа тамойилини амалга ошириш табиий равишда ечимни ижодий излашга етаклайди, чунки ўртача тор фикрли киши, диндорларни ҳам истисно қилмаганда, муқобил вариантлардан бирига кўр-кўрона тақлид қилишга мойил бўлади. Гап минтақа, маданият, урф-одатлар, алоҳида бир ҳуқуқий мактабнинг қарорлари ва ҳ.к.га фанатик тарзда боғлиқлик ҳақида боради. Ғоялардан кўра кўпроқ феъл-атвор соҳасига мансуб бўлган нарсаларга фанатик тарзда боғлиқлик ихтилоф хавфини соладиган нотўғри келишмовчиликларни юзага келтиради. Шу муносабат билан Қарзовий «мазҳабсизлик»ка даъват қилмайди, лекин олим одам қайсидир бир мазҳаб доирасида қабул қилинган фатволар, қарорлар тўплами билан чекланиб қолмаслиги лозим, деб таъкидлайди. Унинг мажбурияти мос келувчи далилларни, яъни ҳуқуқшунослик доирасида қабул қилинган матн кўринишидаги исботларни диққат билан таҳлил қилган ҳолда турли мазҳабларнинг барча эҳтимолий фатволарини ўрганишдан иборатдир. Маълум бир мазҳабга мансуб бўлган ҳуқуқшунос, агар уларни асослироқ деб ҳисоблайдиган бўлса, бошқа мазҳабнинг қарорларига эргашишга ҳақли. Лекин шунга қарамай, агар тафовутлар иккинчи даражали масалаларга тааллуқли ва тенг исбот кучига эга бўлса, ҳеч ким уларга ортиқча эътибор қаратиш ва муқобил фикр тарафдорларини қоралашга (айниқса, уларни бидъатчи деб эълон қилишга) ҳеч ким ҳақли эмас. Қарзовийнинг ёзишича: «... ижтиҳод якун топди, тафовутлар эса зарур; қонун хатога йўл қўйган мужтаҳидни мукофотдан маҳрум қилмайди. Ҳар бир киши унинг учун нима кўпроқ эҳтимолий бўлиб кўринса, шунга мувофиқ ишлайди. Бу марҳамат ва неъмат қиймати, лекин барча фикрлар – ҳаттоки улар қарама-қарши бўлсада – тўғри эканлигии англатмайди. Улардан фақат биттаси тўғри, лекин ҳаммаси ҳам мукофотга ва мақтовга муносиб, худди Аллоҳ Таоло айтганидек: "Бас, Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик..."(Анбиё сураси, 79)» .

Юқорида айтилган фикрлардан келиб чиқадики, Қарзовий «ижтиҳод дарвозаларини ёпиш» ғоясини асло қабул қилмайди. Ноўрин шошилишлардан холи ва энг яхши диний ниятлар илгари сурадиган ижтиҳод мужтаҳидга, ҳаттоки у хато қилган тақдирда ҳам, мукофот ваъда қилади (ҳақиқатга эришганда унга икки карра мукофот кафолатланади). Ижтиҳод амалиёти ва хато қилиш имконияти ички муносабатлар билан боғланади, яъни бир-бирини назарда тутади, чунки мужтаҳид, пайғамбардан фарқли равишда, бенуқсонлик хислатига эга эмас. Бир маъноли матн ва олимларнинг умумий розилиги билан қайд қилинган фундаментал тамойил қаторига кирмайдиган барча масалалар бўйича  қарорлар жамият манфаатларига, урф-одатлар ва вазиятга таянган ҳолда қабул қилиниши сабабли замноавий мужтаҳид замона белгилаб берадиган янги контекстни ҳисобга олиши керак. Қарзовийнинг фикрига кўра, энг тўғри фикр бўлишга даъво қиладиган фатвони танлашда  маълум бир талабларни ҳисобга олиш зарур, хусусан: фатволар турли билимлар соҳаларида замонавий экспертларнинг қарашлари билан мос келиши, жамиятда осон мослашиши, шариатнинг мақсадларини бажариши, шунингдек, потенциал зиён етказишнинг олдини олиши лозим.

Энг яхши, яъни энг асосланган фатвони афзал кўриш таржиҳ деб аталади. Қарзовий муайян мазҳабда атиги бир нечта алоҳида фатвони танлаш амалиётига қарши чиқади. Унинг фикрига кўра, ҳақиқий таржиҳ фатво олиш жараёнида амалга оширилиши лозим. Таржиҳ бу – тақлиддан (ёки маълум бир мазҳабга кўр-кўрона эргашиш) узоқлашиш ва исботларни ўрганиш билан боғлиқ барча очиқ қарашларни ҳар томонлама кўриб чиқишга ҳаракат қилишдир. Лекин шунга қарамай, таржиҳ барча ижтиҳод шаклларини чеклаб қўймайди. Ижтиҳоднинг бошқа бир шакли янгиланиш ишига, яъни таждидга хизмат қиладиган ижтиҳоддир. Бундай ижтиҳод уларнинг тўғридан-тўғри ечимини исломий манбалардан ёки фиқҳ бўйича мумтоз адабиётлардан топиш имкони бўлмаган муаммоларга дахл қилади. Шундай қилиб, у, юқорида айтиб ўтилганидек, қатъий белгиланган фиқҳ мазмунига, масалан, ислом арконларига ва яққол Қуръон матни билан тасдиқланган ворислик ҳуқуқига дахл қилмайди. Қатъий белгиланган мазмунга, шунингдек, улар бўйича шариатда аниқ ечимлар берилган, чунончи, судхўрликнинг тақиқланиши, спиртли ичимликлар ва чўчқа гўшти истеъмолининг ҳаром қилингани киради. Таждид учун, ўз навбатида, гап замонавий дунёнинг ижтимоий нуқтаи назарини ҳисобга олишни талаб қиладиган масалалар ҳақида боради. Фиқҳ ал-вақи замонавий воқеликлар ва улар йўл қўядиган ҳуқуқшуносликни ўрганиш билан шуғулланади. Фиқҳ ал-ваки’ шариатнинг фиқҳ ат-тайсир тамойили, яъни ҳаётни енгиллаштирадиган мослашувчан ва прагматик қарорлар излаб топиш билан тўлдирилиши лозим. Бу барча меъёрлар орасида энг қатъийсини асоссиз ва ихтиёрий равишда танлаш орқали ҳаётни риторик мураккаблаштиришга қарши туради. Ўз позициясини ҳимоя қилар экан, Қарзовий, шу билан бир қаторда, қуйидагиги ҳадисни келтириб ўтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар. Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар», дедилар». Бухорий, Муслим). Мисрлик уламо эслатиб ўтадики, ҳалолни ҳаром қилиш ширк гуноҳи билан бир хил.

Ижтиҳоднинг мукаммал шакли жамоавий муҳокама қилишни (ижтиҳоди жамоа) кўзда тутади, чунки битта оддий киши замонавий дунёда рўй бераётган мураккаб жараёнлар ҳақида объектив мулоҳаза юритиши қийин. Идеал вазиятда у муросага, ижмоъга олиб келади. Индивидуал мулоҳазада, Қарзовийнинг фикрича, олимлардан бири томонидан амалга оширилган ижтиҳод бошқа олимлар ижтиҳодини бекор қилмаслиги лозим. Ушбу ижтиҳод амалга оширилган асослаб бериш қолганларидан асослироқ деб ҳисоблайдиган диндорлар учун муқобил нуқтаи назарни таклиф қилади. Йўл қўйиш мумкин бўлган хилма-хилликнинг ўзи ва, айрим ҳолатларда, ҳатто кўпликдаги ҳақиқатнинг мавжудлиги бу – мусулмонлар учун ички фикрлар қарама-қаршилиги марҳаматидир (ихтилоф қарама-қаршилик ёки келишмовчилик сифатида эмас, балки турли фикрлар мавжудлиги маъносида). Унинг қарашларига қўшилмайдиганларга нисбатан маълум бир позиция тарафдорининг ҳаракатлар тарзини «муросалар сиёсати» формуласи билан тавсифлаш мумкин. Муросалар деганда умумий ҳолатда худди шундан тарзда далиллар билан ўз нуқтаи назарини ҳимоя қила оладиган бошқа бир мусулмонга нисбатан сабр-тоқатли муносабат ва феъли кенглик кўзда тутилади. Умуман олганда, потенциал муроса чегаралари вазиятга қараб белгиланади. Бу ёвузликларнинг энг кичигини танлаш лозим бўлган тамойил Қарзовийнинг сўзларига кўра, ҳатто янада каттароқ новаторга қарши янгиликлар киритишнинг ҳимоячиси билан ва янада кучлироқ худосизга қарши бошқа худосиз билан ҳамкорлик қилишга имкон беради.

Фиқҳ ва замонавийлик ўртасидаги ўзаро алоқалар

Хилма-хилликни ҳурмат қилиш, динни енгиллаштириш, шариатнинг умумий мақсадга мувофиқлиги, мувозанат ва уйғунликка асосий эътибор қаратиш бугунги кунда Ислом қонунчилигининг жалб этувчанлигини таъминлаши кўзда тутилган. Замонавийлик уламоларнинг оддий фатволари кимнидир имонга қаратиш қобилиятини йўқотадиган турмуш тарзига имкон беради. Одамлар янада ҳаракатчан, бир жойдан бошқа жойга кўчиб ўтиши мумкин, танқидий фикрлаш қобилияти (аммо, ҳақиқий зийракликдан кўра кўпроқ кўрсатмалар сифатида) ва умумий хабардорлиги ўсади. У кўпинча жамоат манфаатлари билан боғлиқ бўлмаган ўз шахсий мақсадларига ва шахсий фаровонликка интилади. Унинг ҳаётий фазилатлари (нейтрал маънода – ҳаётдаги қадриятлар йўналишлари) тўлалигича диний тушунчалар билан белгиланмайди. Аксинча, қадриятлар конфигурацияси фақат қисман диний фазилатларни ўз ичига олади. Замонавий инсон сиёсий эркинликни, танлов кенглигини, муқобил вариантлар мавжудлигини қадрлайди. Аммо замонавийликнинг ушбу модели салбий оқибатларга: алоҳида бир мақсадга айланган доимий ҳаракатда ўзини йўқотиш, ўсиб бораётган беадаблик ва умумий тартиб билан ассимиляцияга олиб келади. Бу Ғарб мамлакатларида яшовчи мусулмон озчиликларга алоҳида хавф туғдиради. Уларнинг ҳаётларини тартибга солувчи тизим мутлақо нуқсонли ва Ислом билан мос келмаслигига ишонтириш мумкин эмас. Бундай риторика мусулмон озчиликларни геттолаштиришга, уларни маҳаллий ҳокимиятларга қарши туриш ва қўшнилар билан муносабатларнинг кескинлашиши ёки уларнинг ҳаётидаги обрў-эътиборини йўқотишларига олиб келиши мумкин.

Маданий ассимиляция ҳам, мусулмон озчиликларнинг яшаш жойларидаги мамлакатлар ижтимоий-сиёсий воқелигидан амалий ажратилиши ҳам умматнинг тараққиётига хизмат қлимайди. Кўриниб турибдики, аксарият Ғарб мусулмонлари учун Америка ёки Европа ижтимоий тузумидан ташқарига чиқиб кетиш масаласи ҳатто мавжуд ҳам эмас. Уларнинг кундалик ҳаёти бошқа муаммолар билан белгилаб берилади. Демак, уламонинг, воизнинг, ислом олимининг вазифаси бу озчиликларга ўзларининг исломий айнан бир хиллигини тушуниш воситаларини ва уларни дин бағрида сақлаган ҳолда Ғарб жамиятининг жараёнларига фаолроқ кириб боришига ёрдам берадиган улар билан боғланишни таклиф қилишдан иборат бўлади. Бундай қўшилиш бугунги шароитларни ўзгартириш истагига зид келмайди, аксинча, у мусулмонларни кўпроқ мулоқот тарзига йўналтиради ва уларнинг танқидларини янада самаралироқ қилади. Шунинг учун, Қарзовийга кўра, мусулмонлар ўзларининг "аъмри маъруф ва наҳйи мункар" каби диний мажбуриятларини янада яхшироқ бажаришга ёрдам берадиган барча нарсаларни ҳисобга олиши лозим.

Қарзовий томонидан бошқарилган ташкилотлар, масалан, юқорида айтиб ўтилган «Европа фатволар ва тадқиқотлар бўйича кенгаши» ғарб мусулмонларига ўз давлатларининг тўлақонли фуқаролари бўлиш ва бунда уларнинг ўзига хосликларини йўқотиши олдини олишга ёрдам беришга интилади. Таъкидлаш жоизки, айнан Юсуф Қарзовий фиқҳул-ақаллийат (озчилик ислом ҳуқуқи) номи остида ислом ҳуқуқининг янги бўғинини ишлаб чиқишда кашшоф бўлди. Бу ерда гап улар ҳақида кетадиган озчиликларга номусулмон мамлакатларда яшайдиган мусулмонлар киради. Кўриб чиқилаётган гуруҳ учун фиқҳул-ақаллийат ўта долзарб эканлигига қарамай, ушбу ҳуқуқий концепция универсал салоҳиятга эга, чунки ҳозирда яшаётган деярли ҳар бир мусулмон киши модерн тенденциялари таъсирига дуч келади. Аслини олганда, шу сабабга кўра кўплаб назариячилар фиқҳул-ақаллийат ғоясининг ўзини танқид қиладилар ва янада универсал концептуал схемалар яратишга даъват қиладилар. Барибир Қарзовийнинг ёндашуви ижтимоий жиҳатдан истиқболли ва яшамол бўлиб чиқиши мумкин. Унинг Ғарб мамлакатлари реал воқеликларига жавоб тариқасида ишлаб чиқилган фиқҳи прагматик характери билан ажралиб туради, шиорлар ва лойиҳалар доирасидан чиқиши мумкин бўлган назарий қамров глобаллиги билан эмас.

Ушбу прагматизмга келсак, бир фикрни айтиш жуда муҳимдир. Қарзовий классик ислом қонунларининг мантиқий фикрлашга асосланган анъаналарига қўшилгани сабабли, у фиқҳни замонавийлик талабларига мослаштириш мақсадига эга бўлган ихтиёрий ўзгартириш билан эмас, балки ислоҳ қилиш ёки янгилаш билан банддир. Мисрлик мутафаккирнинг фикрига кўра, исломга ёки ислом уммати жипслигига яққол таҳдид бўлмаган ҳолатларда у анъанавий талқинларга қарши боришдан воз кечади. Қарзовийнинг қайд этишича, фиқҳ муаммоларини ҳал қилишда унинг меросига - турас ал-фиқҳига мурожаат қилиш лозим. Шариатнинг замонавий талқин қилиниши асосий матнлар ва шарҳлаш анъаналарини чуқур тушунмасдан ўринга бўлиши мумкин эмас, фиқҳнинг тўғри ислоҳоти эса ичкаридан келадиган ривожланишдир. Бундан ташқари, анъаналарга бундай мурожаат характери ҳам муҳим: кўпинча ўтмишнинг буюк ҳуқуқшунослари матнларига сўзма-сўз амал қилишда улар машғул бўлган ишнинг моҳиятидан чалғиб кетамиз. Уларнинг фикрларини контекстни, мантиқий асослар ва уммат учун фойдасини ҳисобга олмасдан, мулоҳазаси ва фанатик ҳимоя қилиш ишга уларнинг йўлини давом эттирадиган оқилона ва оқланган ўзгаришлардан кўра кўпроқ бевафолик бўлиб чиқади.

Ўтмишдаги буюк ҳуқуқшуносларнинг ишини баҳолаш ва самарали тарзда давом эттириш қобилияти (бу ваҳҳобийлик фанатизмига Исломнинг олтин асрига қайтишни концептуал қарши қўйиши мумкин) мужтаҳиддан иқтидор ва маълумот, яхши хотира, чуқур ва асосли ўйлашни талаб қилади. Мужтаҳидларга қўйиладиган талаблар қаттиқ эканлигига қарамай, Қарзовий бизнинг замонамиз ижтиҳодни амалга ошириш жараёнини енгиллаштиради деб ҳисоблайди. Замонавий технологиялар, хусусан, радио, телевидение, Интернет, авиаалоқа ва ҳ.к., олимларга уларнинг ўтмишдошлари машҳур шайх билан учрашиш, зарур ахборотлар тўплаш ёки ноёб қўлёзма билан ишлаш имконига эга бўлиш учун вақтни тежашга ёрдам беради. Бу ерда Қарзовийнинг ўз хутбаларида уларга таянадиган ва унинг битмас-туганмас қизиқиши предметини ташкил қиладиган фан-техника тараққиёти ютуқларига умумий ижобий муносабати ўз сўзини айтади  (эҳтимол, мисрлик мутафаккирнинг қизи, Илҳом Юсуф Қарзовий, атом физикаси соҳасида дунёда тан олинган мутахассис саналиши ҳам бежизга эмас). Замонамиз технологик ютуқларига бундай қизиқишга мисол қилиб етимлар учун «кўкрак сути банки» яратиш (анча мунозарали муаммо) ёки ҳалок бўлган одам органини тирик одамга, мусулмон бўлмаган одамнинг органини мусулмонларга ва аксинча ўтказиш – донор барча оқибатлар ҳақида огоҳлантирилган бўлиши ва тиббий операция унга жиддий хавф туғдирмаслиги шартида - рухсат этилган фатволар хизмат қилади.

Фиқҳни ислоҳ қилиш ва динда мўътадиллик билан бир қаторда Қарзовий ижодида яна бир муҳим мавзу гендер масаласи, яъни жинслар ўртасидаги муносабатлар, уларнинг ижтимоий роли, юридик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳисобланади. Шундай қилиб: Қарзовийга кўра, Қуръондаги ҳар бир оят, икки жинсдан бири, масалан, мерос билан боғлиқ равишда ёдга олиб ўтиладиган муайян ҳолатларни истисно қилганда эркаклар ва аёлларга бир хилда тааллуқлидир. Ал-Азҳарда ўқиган пайтида у аёлларнинг ушбу таълим муассасасига қабул қилиниш ҳуқуқи тарафдори бўлгани алоҳида аҳамиятга эга. Мисрлик илоҳиёт мутахассисининг позициясини қисқача қилиб қуйидагича тавсифлаш мумкин: эркаклар ва аёллар Аллоҳнинг олдида тенгдирлар, улар бир хил сиёсий ҳуқуқларга ва бир хил таълим олиш ҳуқуқига эгалар. Боз устига, гап фақат бир хил ҳуқуқлар тақдим этишда эмас, балки уларни амалга оширишни таъминлашда иштирок этишдан ҳам иборат. Бундай бирга қатнашиш анъанавий жамиятда ушбу масала билан боғлиқ ҳукмрон бўлган кайфиятларни ўзгартиришни назарда тутади. Айтиш мумкинки, Қарзовий, худди тунислик файласуф Рашид Ғаннуший ва суданлик ҳуқуқшунос Хасан Туробий каби, аёллар учун анъанавий шариатга мос келадиган ўзига хос «озодлик келтирадиган лойиҳа»ни қўллаб-қувватлайди. Агар либерал ислом (Н.Х. Абу Зайд, М. Аркун, «ислом феминизми» ва б.) билан мунозараларни ҳисобга олмаганда, Қарзовийнинг гендер масаласига ёндашуви энг инновацион ёндашувлардан бири ҳисобланади.

Мунозарали масалалар

Юқорида айтиб ўтилганидай, Қарзовий – замонавий ислом нуқтаи назаридан энг мунозарали шахслардан бири. Ҳозирги кунда Интернетда «Шайх Юсуф Қарзовийнинг иштибоҳлари» номи остида бирлаштириш мумкин бўлган юзлаб нашрларни учратиш мумкин. Уни фундаменталистлар, либераллар, дунёвий ҳаракат фаоллари танқид қилади. Айримлар учун у барча тан олган эътиборли киши ҳисобланади, бошқалар эса уни салкам муртад санайди. Хусусан, радикаллар уни мактаб маъмурияти билан низога олиб келиши ва таълим олишга тўсқинлик қилиши мумкинлиги сабабли француз мактабларида ўқувчи қизларнинг ҳижобсиз юришига рухсат бергани учун танқид қилади. Албатта, бунда Қарзовий француз ҳукуматининг ҳижобни тақиқлаш ҳақидаги қарорини аёвсиз танқид қилади – у диний мажбурият шундай эканлиги сабабли ҳижобда юриш заруратини ҳимоя қилади (яъни, гап оддий диний рамз ҳақида боради). Кузатувчи қўшиладиган бу истиқболлардан келиб чиқиб, оппортунизм ҳам, мисрлик шайхга хос бўлган мослашувчанлик ҳам қайд этилади. Радикаллар танқид қиладиган яна бир нарса бу Қарзовийнинг таркибида спирт миқдори 0,005 фоиздан ортиқ бўлмаган (агар бу ерда спирт табиий бижғиш натижаси бўлса) маҳсулотларни таом сифатида фойдаланишга рухсат берадиган фатвоси ҳисобланади. Қарзовий фикрига кўра, бундай маҳсулотлар сархуш бўлишга олиб келмаслиги сабабли уларни тақиқлаш учун асос шариатда шароб ичиш тақиқланиши билан бир хил бўлмаслиги лозим. Бундан ташқари, 2001 йил Қарзовий толибоннинг Будда Бамиан ҳайкалларини бузиб ташлашига қарши чиққан ва бунинг учун бир қатор диний фундаменталистлар томонидан қораланган.

Айниқса, Саудия Арабистони олимлар томонидан Қарзовий нуқтаи назарини танқид қилишга сабабчи бўлган бошқа бир масала «ўзини портлатиш»га рухсат этилгани ҳақидаги масала ҳисобланади. Бу жиҳатдан бошқа мўътадилроқ оқимлар вакиллари ҳам унинг фикрига қўшилади. Умуман олганда, Қарзовийнинг ҳисоблашича, агар гап исломни ҳимоя қилишга қаратилган адолатли уруш ёки золимга қарши инқилоб, ўзини ҳимоя қилиш ҳақида бормайдиган бўлса, зўравонлик сиёсий курашнинг қонуний воситаси ҳисобланмайди (агар бошқа воситалар самарасиз бўлиб чиқадиган бўлса). Сўнгги мулоҳазаларга амал қилиб, Қарзовий хусусан, 2011 йил Муаммар Қаддафийни ўлдиришга даъват этган. Шу билан бирга, Қарзовий 2001 йил АҚШда ҳамда 2009 ва 2010 йиллар Россияда рўй берган терактларга кескин қарши чиққан. Испания, Буюк Британия, Ироқ ва бошқа бир қатор мамлакатларда рўй берган терактлар ҳам унинг танқид объектига айланади. Бироқ у Исроилдаги ҳудкуш-террорчилар портлатишларини террористик хуружлар деб ҳисобламайди. Аксинча, Қарзовийга кўра, бу ҳолатда биз буюк қаҳрамонлик тимсолига эга бўламиз. Унинг ишончи комилки, гап синоист босқинчиларга қарши миллий-озодлик кураши эпизодлари ҳақида кетмоқда. Шундай қилиб, агарда «Фаластин доирасидан ташқарида» амалга ошириладиган бўлса, зўравонлик акцияларини маъқулламайди.

Бу қўшимча шарт жуда муҳим. Биринчидан, жангариларнинг ўзини-ўзи портлатиб юбориши исломда тақиқланган ўз жонига суиқасд қилиш билан тенглаштириладиган олимлар (сионизмни хуш кўрмайдиганлар) ўртасида юзага келган муросани бузади. Қарзовийнинг айтишича, исломий жиҳод концепцияси бегуноҳ аҳоли, аёллар ва болаларни ўлдиришга рухсат этмайди. Бунда у ҳудкуш-террористларнинг барча исроилликларга, жумладан, аёлларга ҳам ҳужумларини қўллаб-қувватлайди, чунки Исроил жамиятини «тўлиқ ҳарбийлаштирилган», фуқаро шахслар мавжуд бўлмаган жамият деб қарайди. Ҳатто болалар, жумладан, онасининг қорнидаги болалар ҳам, Қарзовийнинг фикрига кўра, уларга қарата ўқ отиш мумкин бўлган нишон ҳисобланади, чунки келажакда улар Исроил армияси қаторларини тўлдиради. Бу ерда шуни таъидлаш жоизки, кимнингдир келажакда Исроил аскари бўлиш имконияти ҳозирда уни мудофаа жиҳоди доирасида йўл қўйиш мумкин бўлган мақсадга тенглаштирмайди. Бундан ташқари, «тўлиқ ҳарбийлаштирилган жамият» концепцияси курашнинг террорчилик шаклини оқламайди – ҳудкуш-террорист ўз жонига суиқасд қилмаган бўлиб қолмайди ва долзарб вақт маҳалида ЦАХАЛ аскарларига қарши жанговар ҳаракатлар қатнашчисидан жиддий фарқ қилмайди. Бизнингча, ушбу масалада Қарзовий томонидан ҳаддан ошиб кетиш яққол кўзга ташланиб турибди. Ҳеч ким инсонни ҳаётидан ва ўз тақдирини белгилаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳақли эмас. Иккинчидан, Қарзовийнинг айтиб ўтилган қўшимча шарти сиёсий конъюнктура билан мотивация қилинади. У фиқҳ соҳасига алоқадор бўлган ўз нуқтаи назари фойдасига аниқ ва етарли даражада асосланган далил келтирмайди. Бу ушбу "қўшимча шарт"ни ер шарининг бошқа минтақаларига: Ҳиндистон, Хитой (Шинжон Уйғур автоном вилоятидаги кескинликлар), Россияга ва бошқаларга экстраполяциялашнинг мантиқий тўсиқлари йўқ деган маънони англатади. Бундай риторик-сиёсий позицияни асослаш турли экстремистик гуруҳлар учун қанчалик жалб этувчан бўлиши ҳақидаги савол ўқувчининг адолатли ҳукмига қолдирилади.

Қарзовийнинг Холокост каби масала бўйича танқидий фикрлари йўқлиги афтидан, антисионистик қўшилганлик билан изоҳланади. Масалан, "Ҳолокост инкарчиси" бўлган М. Аҳмадинежад каби «Холокостни инкор қилувчи»лардан бўлмагани ҳолда, у яҳудийларнинг гуноҳлари учун геноцидга лойиқлиги ҳақида ўзига хос (кўп жиҳатдан ретроспектив характерли) диний асослар тақдим этади. Бундан ташқари, Қарзовий фикрига кўра, ушбу геноцид яҳудийлар уни писанд қилмаган ўзига хос Илоҳий огоҳлантириш бўлган. Бизда илоҳиёт мутахассиси бундай баёнотар беришга қанчалик ваколатларга эга деган савол юзага келади. Афтидан, ушбу ҳолатда биз жиддий илоҳиётшунослик асосларидан ҳам, қандайдир тушунарли далиллардан ҳам маҳрум, яъни ихтиёрий нуқтаи назардан издошларнинг ўзига хос интеллектуал муваффақиятчизлигини акс эттирадиган қуруқ сафсатага дуч келамиз. Умуман, Қарзовий афсуски, анча одатий тарзда яҳудийлар ва Исроил сиёсатининг маълум бир жиҳатларини аралаштириб юборади. Бу Фаластин-Исроил зиддиятини тинч йўл билан ҳал этишга қанчалик ёрдам бериши ва умуман, тарихий жараён ҳақида ўйлашнинг самарали усули бўлиб, уни яна ўқувчининг ҳукмига қолдирамиз.

2012 йил 12 октябрда Қатар телевидениеси эфирида Юсуф Қарзовий Россияни (Эрон ва Хитой билан бир қаторда) «мусулмонлар ва исломнинг биринчи рақамли душмани» деб атади ва бутун дунё мусулмонларидан уни бойкот қилишни талаб қилди. Гап мисрлик мутафаккир аввалроқ АҚШ ва Исроил билан бойкот қилишга чақирган сиёсий ва иқтисодий бойкот ҳақида борган. Яна бир бор таъкидлаб ўтамиз: шайх Қарзовий оммавий баёнот билан чекланган ва мамлакатимиз фуқароларига нисбатан ҳеч қандай ғайриқонуний ҳаракатлар амалга оширмаган. Боз устига, кўп йиллар давомида у Шимолий Кавказда сепаратизм душмани бўлган ва у ерда катта нуфузга эга бўлган. Қарзовийнинг юқоридаги фикрлари «араб баҳори» борасидаги нуқтаи назарнинг мантиқий оқибати ҳисобланади. Хусусан, у аввалбошдан Сурияда исён кўтарганларни қўллаб-қувватлаган ва «араб баҳори» - ҳақиқий халқ қўзғолони деб таъкидлаган. Гап 2011 йил Яқин Шарқда рўй берган жараёнларга хорижий кучларнинг реал ёки хаёлий иштироки ҳақида эмас, балки шундаки, Қарзовийга кўра, ғалаёнлар кўлами йиллар давомида тўпланиб қолган халқларнинг ҳукмрон режимдан норозилигидан далолат беради ва қандайдир конспирологик «геосиёсий» назариялар билан изоҳланмайди. Албатта, Ғарб ўзининг манфаатларини кўзлаган ҳолда «араб баҳори» ҳодисаларига аралашган (дарвоқе, Қарзовийнинг ёзишича, вазият нуқтаи назаридан ва маълум бир давргача қўзғолончилардан доим ҳам радикал фарқ қилмаган). Қачонлардир тарихда рўй берган инқилоблар ва тўнтаришларда ташқи кучлар – халқ оммаси томонидан ҳам, ҳукмрон режимлар томонидан ҳам иштирок этган. Халқ қўзғолонлари ҳақида идеаллаштирилган тасаввурни танқид остига олишда халқ ғалаёнларини ҳодиса сифатида рад этиб бўлмайди. Сурияда баасизм режимини изчиллик билан танқид қилган Қарзовийнинг сўзлари Башар Асад ҳукуматини у ёки бу тарзда қўллаб-қувватлаган (ҳарбий куч, қурол етказиб бериш, БМТда ҳимоя қилиш ва бошқалар) томонидан қўллаб-қувватланган мамлакатларга дахл қилди. Ва бу ажабланарли эмас.

Шак-шубҳасизки, Қарзовийни «икки ёқлама стандартлар»: бошқарувнинг республика шакли ва демократияга даъват қилган ҳолда у Қатар ёки Саудия Арабистонида қироллий сулолаларини ағдариш тарафдори бўлиб чиқмаган. Бошқа томондан, Қарзовий бу қиролликларнинг анъанавий мақомини ҳам тасдиқламайди. Моҳиятан, мисрлик олим, унинг ҳисоблашича, Яқин Шарқдаги авторитар режимларни ағдарган ҳақиқий халқ норозиликлари портлашини қўллаб-қувватлаган. Шу нуқтаи назардан, бошқарув шакли масаласи иккинчи даражали бўлиб чиқади – бу мамлакатлар сиёсий ҳаётида ўринга эга бўладиган амалдаги халқ розилиги/норозилиги, шунингдек, бу розилик/норозиликни илгари сурадиган идеаллар ҳақида масала бирламчи аҳамият касб этади. Қарзовийнинг жуда таъсирли сўзлари вақт бўйича маҳаллийлаштирилган ва у тўла тушунарли сиёсий контекстга боғлиқ. У Россия моҳиятан Ислом душмани ҳисобланади деб ҳам, абадий шундай душман бўлиб қолаверади деб ҳам таъкидламаган. Мисрлик илоҳиётчи Россиянинг замонавий сиёсатидан норозилигини Россия ва Исломни бир-бирига қарши қўядиган формулага айлантириши афсусланарлидир. Шунга қарамай, сиёсий нуқтаи назарни ифодалаш учун мамлакатимизда яшовчи мусулмонлар сонини ҳисобга олиб, эҳтиёткор сўзлар топилган бўлиши керак.

Ушбу сюжетни кўриб чиқишга якун ясашда иккита изоҳ бериб ўтилиши керак: биринчидан, кўпчилик кўрсатиб ўтганидек, гап Қарзовийнинг олимлик позицияси ҳақида бормаяпти, чунки у ўзининг шахсий фикрини билдирган ва тегишли фатво чиқармаган; иккинчидан, Қарзовийнинг ушбу фикри фиқҳ соҳасидаги кўп йиллик ишларни, умумий исломий бирдамлик чақириғини, жиҳодчиларни танқид қилишни, динда мўътадиллик ҳақида ва фанатизмга йўл қўйилмаслик ҳақидаги фикрларини йўққа чиқармаслиги керак.

Хулоса

Юсуф Қарзовий замонавий исломнинг етакчи овозларидан бири ҳисобланади. Бизнингча, у дарҳақиқат ўтмишнинг буюк дин тарғиботчилари асарларини баҳолай олган ва исломий манбаларни талқин қилишга ижодий ёндашган. Мисрлик илоҳиётшунос ҳаётидаги асосий вазифа фиқҳни ҳар томонлама янгилаш, анъанавий концепцияларини қайта кўриб чиқиш ва замонавий нуқтаи назардан асло яроқли бўлмаган фикрларни рад этишни кўрди (ва кўрмоқда). Қарзовий бутун тарих давомида мусулмонлар Исломнинг ўзига хослигини таъминлайдиган оз сонли қатъий белгиланган қоидаларга тегишли бўлмаган қарорларни яна ва яна қайта кўриб чиқишга мажбур бўлишлари лозимлигига ишонч ҳосил қилади. Жиддий айтганда, янгиланиш бу – қандайдир алоҳида ҳаракатлар режаси ёки ўзига хос лойиҳа эмас. Бу ислом жамиятининг мавжудлик шакли, унинг ички кучи ва ҳаётий фаолияти ўлчамидир. Суннат ва Қуръон матнига зид келмайдиган жамият қизиқиши бутун дунё бўйлаб мусулмонлар ғамхўрлик қиладиган асосий мавзу бўлиши лозим. Бу қизиқиш умматимизга исломнинг васиятини – яхшиликни тарқатиш ва ёмонликнинг олдини олишга ёрдам берадиган мусулмонлр иттифоқи ва бирлашувидан (сиёсий-давлат бирлашуви бўлиши шарт эмас) иборат. Бундан Қарзовийнинг мусулмонлар ўртасида ўзаро ихтилоф муаммосига ёндашадиган эътибор яққол кўзга ташланади: мусулмонлар иккинчи даражали масалаларда бир-бири билан курашиш учун сарфлайдиган улкан куч-қувват умумий ишда бунёдкорлик йўлида иштирок этишга қаратилиши мумкин.

Дамир Ваис ули Мухетдинов

Муфтий ноиби (Россия),

Абу Муслим тайёрлади