loader
Foto

Янги чиққан китобфурушлар фаолиятининг зарарлари ҳақида (ФАТВО)

Чунки дин аҳкомларини ҳар ким ҳам ўз ҳолича, билар-билмас талқин қилавериш ва ўз раъйича шарҳ ва тафсирлар қилишлиги шаръи шариф нуқтаи назаридан қатъийян ман этилган. Чунончи, сураи “Бақара”нинг 75-оятида Бани Исроил қавми Таврот ва Инжил каби илоҳий китобларни ўз ҳоҳишларича ўзгартириб юборганликларини Аллоҳ Таоло қаттиқ қоралаб, марҳамат қиладиким:

“Эй мўъмин-мусулмонлар, сизлар бу Бани Исроил қавмидан ҳақ йўлга итоат қилишларини умид қиляпсизларми?! Ҳолбуки уларнинг баъзи аждодлари бир вақтлар Тавротни ўқиб ва тушуниб олганларидан кейин, қасддан унинг ибораларини ўзгартириб юборар эдилар”, -деб, Каломуллоҳни нотўғри талқин қилувчиларни танқид остига олади.

Жаноби Расули акрам соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларини тўғри нақл этишга буюрар ва ўзбошимчалик билан, ўз ҳолича сохта ҳадислар тўқиб, уларни кенг омма орасида тарқатишликни қатъий ман этар эдилар. Бу борада ворид бўлган ҳадиси шарифлардан бирида: “Кимки мен айтмаган ҳадисни қасддан, ўзидан тўқиб, мусулмонларга менинг номимдан нақл қилса, дўзахдан ўзига жой танлаб олаверсин”, -деганлар.

Шунинг учун жаноби Расулуллоҳниннг замонаи саодатларидан то бизнинг асримизгача ўтган улома ва фуқоҳаларимиз тафсир, ҳадис, фиқҳ каби шариати исломия таълимотига оид ёзилган китобларни қунт билан ўрганиб чиқишар ва атрофлича текшириб чиққанларидан кейингина ҳаётга тадбиқ  этишга рухсат берар эдилар.

Лекин шунга қармай тарихда дини ҳанифимизнинг таълимот ва усулларига тўғри келмайдиган, сохта, пуч ва ғайри муътамад китоблар ҳам турли муаллифлар тамонидан, ҳар хил ғаразлар билан ёзилиб қолган ва халқ ўртасида кенг тарқалиб кетган. Шунга ўхшаш ҳоллар араб, форс ва туркий тилларда ёзилган диний асарларда кўпроқ учрар эди.

Забардаст Илсом олимлари ичида бундай китобларни фош қилган ва бу борада ислоҳ ишларини олиб борган зотлар тарихда кўплаб ўтганлар.

Мусулмон аҳолиси ичида то ҳозирги кунга қадар истимолда бўлиб келаётган ўзбек тилидаги “Мавлиди шариф” , “Биби Сешанба”, “Мушкул кушод”, “Нурнома” каби турли рисола ва жангнома китоблар эски вақтларда нашр этилиб қолган. Бу китоблардаги маълумотларнинг кўп қисми Ислом дини усулларига тўла мувофиқ келмаслигидан шундай хулоса қилиш мумкинки, уларнинг муаллифлари ва ноширлари ё динни бузиш мақсадида, ёки моддий маблағ орттириш ниятида бундай номаъқул ишларга қўл урганлар.

Афсус ила қайд қиламизки, худди юқорида айтиб ўтилган китобларга ўхшаш янги пайдо бўлаётган адабиётлар шу кунларда баъзи содда мусулмонлар тамонидан истеъмол қилиб келинаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз, “Рисолаи шариф”, “Нурнома”, “Шароити имон”, “Ислом дини нима?”, “Муллими соний”, “Фарз айн”нинг янги нашри, туркий “Мавлиди шариф” каби китоб ва рисолалар шулар жумласидандир. Бу китобларда на муаллифлар ва нашр этувчи шахслар ва муассаларнинг ном ва унвонлари зикр этилган. Улар ҳеч қандай муҳаққиқ  олимлар тарафидан тасдиқ ҳам этилмаган. Маълумки, бу тарздаги китоблар Ислом оламида ғайри муътамад ва эътибордан ҳоли ҳисобланиб, улардан манбаъ сифатида фойдаланилмайди.

Бундай китобларни чоп этиб тарқатаётган номаълум шахсларнинг ниятлари маълум: улар қандай йўл билан бўлмасин, содда кишиларни лақиллатиб, фақатгина дунё орттириш пайига тушган кишилардир. Агар уларнинг ниятлари Аллоҳнинг ризоси-ю, ажру-савоб орттириш бўлганда эди, аввало китобни тўғри ва пухта ёзишга ҳаракат қилган бўлар эдилар. Ундан сўнг асарни уломалар тасдиғидан ўтказиб, ўз исм ва унвонларини унда аниқ кўрсатган бўлур эдилар.

 Шунинг учун ҳам ушбу фатво орқали барча мусулмонларни огоҳлантирамизки, мазкур китоблар ва шуларга ўхшаш ҳар қандай янги босиб тарқатилаётган адабиётлар қўлларига

тушиб қолса, улардан дарҳол фойдаланишга ўтмасликлари керак.

Сиз мусулмонларга шуни маълум қиламизки, Ўрта Осиё ва Қозоқистон мусулмонлари Диний Бошқармасининг раҳбар ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишлар  натижасида халқимиз орасида тарқалган турк тилларига мансуб эски ва янги нашрлардан жуда кўп хатолар ва нотўғри маълумотлар топилди. Бу адабиётларда ислом динининг энг асосий рукни саналмиш ақоид масалалари қўпол равишда бузиб кўрсатилган. Мўътабар китобларнинг бирортасида зикр этилган,  аҳамиятсиз ва заиф масалалар гўё фарз даражасида қилиб кўрсатилади. Бу китоб ва рисолаларни оммаи халққа кенг ёйиш ва кўпроқ  моддий фойда орттириш мақсадида,  уларнинг муқаддима ёки хотима қисмларида бирорта ҳам мўътабар китобларда келмаган қуруқ ваъдалар ва тарғиботлар қилинади.

 Масалан бир неча кичик рисолалар тўпламидан иборат “Рисолаи шариф” асарини олайлик. Унинг биринчи қисмида “Нурнома дуоси” келтирилган. Бу дуо араб тилида бўлиб, жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бошқа дуолар қатори ўз мақомида ўқиб юришликни таълим берганлар.

Лекин бу рисолада “Нурнома”нинг хосияти шундай юқори баҳоланганадики, ҳатто соддадил одам эшитса, Қурони каримдан ҳам улуғ экан деган этиқодга бориб қолиши турган гап. Ҳадиси шарифларда ҳеч ворид бўлмаган ваъдаларни муаллиф жаноби Пайғамбаримиздан нақл қилади. Масалан “Ҳар ким бу Нурнома”ни ўқиса, ё ўзи бирла тутса, икки жаҳон балосидан амонда бўлғай, танаси танаси гўрда чиримагай, шайтони лаин шарридан хотиржамъ юргай, яна ул бандага Таврот, Инжил, Забур ва Фурқоннинг савоби берилур.... Агар уни ихлос бирла эшитса, Аллоҳи Таоло айтурки, Менинг билан унинг парда бўлмагай, 313 пайғамбари мурсалнинг савоби ва жамии ер юзидаги молу-мулк ни садақа қилганнинг савобига молик бўлур..... Бу рисолани ўзи бирла тутса ёки  ўқиса ва ё ўқитиб эшитса, ул банданинг иши ривож топгай. Ҳар ким бунга шак келтирса, кофир ҳисобланиб, бу савобдин маҳрум бўлгай”. (“Рисолаи шариф”, 10-16 бетлар).

Маълумки, ҳадис китобларининг бирортасида ҳеч қайси дуо учун бу каби мукофатлар ваъда қилинмаган. Бундан маълум бўладики, бу тарғиботни рисолафурушларнинг талаби бўйича, бозори чаққон бўлиши учун, туркий адабиёт муаллифлари ўз ичларидан тўқиб ёзганлар.

Ҳар бир касбу-ҳунар учун алоҳида рисола ёзилган бўлиб, барча косиб, деҳқон ва ҳунармандлар ўзларига хос рисоладан алабатта сотиб олган бўлишлари вожиб, деб уқтирилади. Масалан, “Рисолаи деҳқоний”, “Рисолаи темирчилик”, “Рисолаи дуродгарлик”,”Рисолаи сартарошлик”, “Рисолаи тикувчилик” ва ҳаказолар. Бу рисолаларнинг барчасида асоссиз далиллар билан турли ёлғон ривоятлар келтирилади, мақомига тўғри келмайдиган оятлардан нақл қилинади. “Буғдой сепганда бу оятни, маккажўхори сепганда бу оятни ўқисин”, -деб, ҳеч қайси мўътабар китобда ёзилмаган гаплар ўта муболаға билан келтирилади, (“Рисолаи деҳқоний”, 33-34 бетлар).                         

“Биби Сешанба” рисоласига келсак, у ҳам шариати исломия усулларига мутлоқа тўғри келмайдиган бир афсонавий эртакдан иборатдир. Қандайдир бир Биби Сешанба исмли зоҳид аёлга бағишлаб турли хил таомлар тайёрлашлик, қабристон ва мозорларга исрофгарчилик ила тарқатишлик бидъатининг тарқалишига шу асарнинг аёллар ичида кўп ўқилиб туришлиги асосий сабабдир.     

“Ҳазрати Биби Сешанба васият қиладиларки, сен улуғ мартабага эришдинг, лекин зинҳор бизни унитмагин. Менинг ҳаққимда ош қилиб тургин. Бу васият эсига тушиб, етим қиз дарҳол уйнинг тўрт бурчагига табақларда ун қўйиб, шу унлардан олиб бир қазон умоч, етти чавати, бир кулча пишириб турганда хўжайинлар кириб қолиб, суриштирмай мазкур таомларни улоқтириб ташлайдилар. Шундан кейин улар жуда кўп қайғу-алам ва бало-кулфатларга грифтор бўладилар. Қачонки, қайтиб келиб қиздан узр сўрадилар, шундан кейингина ҳамма ишларига кенг тарғиб қилинади. Ваҳоланки, бирор азиз-авлиёнинг руҳига ёки мозорига атаб таом пиширишлик мутлоқа шариати исломия таълимотида йўқдир. Билъакс, азиз-авлиёларнинг мозорларига атаб сўйилган жондорларнинг гўшти ҳаром ҳукмида бўлиб қолишлиги тўғрисида оятлар ва ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Ушбу ояти карима билан Аллоҳи Таоло Ўзидан бошқага атаб сўйилган жондорнинг гўшти худди ўлимтик мол, тўкилган қон ва тўнғиз гўшти каби ҳаром қилинганидан хабар беради. Худди шу мазмун “Бақара”, “Моида”ва “Анъом” сураларида ҳам таъкид учун такроран зикр қилингандур.  

Жаноби Пайғамбаримизнинг  ҳадиси шарифлари ҳам мазкур мазмунни қувватлайди. Бу сўзлари билан Ислом динида Аллоҳи Таолодан ўзга бирор зотга бағишлаб қурбонлик ёки назр қилиш йўқлиги ҳақида ўз умматларини огоҳлантирадилар.

Туркий тилда ёзилган “Мавлиди набавий” китобининг эса, аввало номи ҳам тўғри ёзилмаган. Яъни “Мавлудун набий” деб нотўғри таъбир қилинган. Бундан “Пайғамбарнинг фарзанди” деган маъно чиқади. Китобнинг номи аслида “Мавлидун набий” ёки “ал-Мавлидун набавий” яъни, “Пайғамбарнинг туғилган кунлари” деб аталиши керак эди. Китобни туркий тилда қадим ўзбек шоирларидан бир номаълум шахс тамонидан ёзилган бўлиб, унда Пайғамбаримизнинг туғилишларидан то вафотларигача қисқача таржимаи ҳоллари баён қилинади. Лекин асосий муҳим воқеалар ва зарур маълумотлар тўғрисида ҳеч гап йўқ . Унинг устига унда одамларни ўз хонадонига тўплаб, катта ваъдалар қилинади. Ақл ва инсоф кўзи билан боқиб, яхши мулоҳаза қилиб кўрган киши бу китоб маросимлар ва китобфурушлик орқали дунё орттирувчиларнинг талаби билан ёзилганлигига дарҳол тушиниб етади. Чунки ундаги мавлидхонликка бўлган тарғибот шунчалик кучлики, ҳатто содда одамлар Қуръону-Ҳадисдан ҳам кўра бу китоб ва маросимга қаттиқроқ ихлос қўйишга мажбур бўлиб қоладилар.

Ҳар йили мавлид маросимини ўтказиш тартиби тўғрисида Диний Бошқарма барча масжидларга махсус қўлланмалар юбориб турибди. Шу қўлланмаларда айтилган гапларга тўла амал қилиб борилса, айни муддао бўлур эди.

Юқорида зикр этилган гаплардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда ушбу фатвони яхши ўрганиб чиқиб, имом-хатибларнинг уни масжидларда жумъа кунлари ўқиб беришларидан ташқари тез-тез қўшимча маълумотлар билан шархлаб , халқни яхши огох қилиб туришлари сўралади, токи мусулмон ахолиси фақат ишончли манбаълар орқали дини ислом ахкомларини ўқисинлар ва ўргансинлар.

Бу фатво хақидаги фикр ва мулохазалар хамда унинг амалга оширилиши ва натижалари хақида имом-хатиблар Диний идорага хабар беришлари талаб қилинади.

Ўрта Осие ва Қозогистон мусулмонлари

Диний Бошқармаси раислари:

Муфтий Шамсуддин ибн Зиёуддин ибн Эшон Бобохон.