loader
Foto

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908-1982)

Унинг шогирди, қарийб ўн йил давомида ЎМИ раиси, муфтий лавозимида ишлаган Абдурашид қори Баҳромов устозини шундай ёдга олади: “Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида айтилганидек, инсон ўзидан кейин диний ёки дунёвий манфаати одамларга етиб турадиган илмий асар ва шогирдлар қолдириб кетган бўлса, номаи аъмоли ёпилмай, унга муттасил савоблар ёзилиб турар экан. Мана шундай кишилар сирасига устозимиз Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазрат ҳам киради. Ул зоти шариф ўз умри давомида ислом динининг софлиги, тинчликсевар ғояларнинг ҳар ерда тарқалиши йўлида бетиним хизмат қилди. Ислом динининг муқаддас аҳкомларини бидъат ва хурофотлардан тозалашга ақидапарастлик ва мутаассиблик кўринишидаги ихтилофли ҳолатларга ўз вақтида барҳам беришга ҳаракат қилди. Устознинг серқирра фаолиятлари ва ижодий мерослари машъала каби бизнинг ҳам йўлимизни ёритиб туради”.

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (Зиёвуддин Бобохонов) 1908 йилда Тошкентнинг Ҳазрати Имом маҳалласида дунёга келган. У ўн икки ёшида Қуръони каримни тўла ёд олган. 1920 йили Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга киради. Мадрасада унинг бетакрор истеъдодини юзага чиқарган устози атоқли олим Шайх Муҳаммад ибн Саид ибн Абдулвоҳид ал-Асалий ат-Тараблусий - Шомий домладир.

Шўролар ҳукумати давридаги тазйиқлар Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохонни ҳам четлаб ўтмади: у 1941 йилда бир муддат ЎзССР ИИХК қамоқхонасида ҳибсда ушлаб турилади. Унга қарши қўзғатилган жиноийҳаракат тўхтатилиб, оқлангач, озодликка чиқарилади. 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати таъсис этилган кундан бошлаб масъул котиб вазифасига қўйилади. Бирмунча вақтдан сўнг Ўзбекистон қозиси этиб тайинланади. 1948 йилдан бошлаб диний назорат раиси ўринбосари бўлиб ишлайди.

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон қозиси ҳамда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси масъул котиби вазифаларини бажаргани ҳолда отаси муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхонга диний бошқарма фаолиятидаги барча соҳалардаги ишларни амалга оширишда кўмакдош бўлди. Унинг бевосита раҳбарлигида долзарб масалалар бўйича бир қатор фатволар чиқарилган. Иш жараёнида Шайх Зиёвуддинхон масжидлар фаолиятига катта эътибор қаратган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 1948 йил декабрда чақирилган иккинчи қурултойида масжидлар иши ҳақидаги Низомни тайёрлаш Шайх Зиёвуддинхон раҳбарлигида тузилган ҳайъатга топширилади. Низомни такомиллаштириш жараёнида унинг ташаббуси ва бевосита иштирокида мавлид ун-набий, жаноза каби анъанавий маросимларни шариат қоидаларига мувофиқ тарзда ўтказиш тартиблари қайта ишлаб чиқилиб, масжидларга тегишли кўрсатмалар берилади. Шунга кўра масжидлар фаолияти борган сари аниқ ва мақсадга мувофиқлашиб борди. Шайх Зиёвуддинхон отаси - муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг вафотидан кейин 1957 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ва муфтий этиб сайланади.

1945 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасасининг фаолияти қайта тикланишида, 1971 йилда Тошкент ислом институтининг очилишида ҳам муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг хизмати беқиёс. 1968 йили муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ташаббуси билан Қуръони каримнинг катта ва кичик ҳажмдаги нашри амалга оширилди.

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон раҳбарлиги остида амалга оширилган хайрли ишлардан яна бири собиқ Иттифоқдан, жумладан, Ўзбекистондан ҳам мусулмонларнинг муборак ҳаж ибодатини адо этиш учун боришининг ташкил этилишидир. Ҳажга борувчилар сони жуда чекланган бўлишига қарамай, бу улуғ ибодат учун йўл очилганининг ўзиёқ катта воқеа бўлди. Юртимиз мусулмонларининг чет элдаги диндошлари билан алоқалар ўрнатишлари, намоз вақтлари белгиланган диний тақвимнинг қайтадан нашр этила бошлаши ҳам Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг раҳбарлиги даврида йўлга қўйилди. Унинг ҳар бир хориж сафарида йирик уламолар, руҳонийлар, дин ва давлат арбоблари билан яқин муносабатлар ўрнатилди. У ҳаётининг охирги кунигача Яман Араб Республикаси бош муфтийси Аҳмад Забара, Ливан бош муфтийси Ҳасан Холид, Сурия бош муфтийси Аҳмад Куфтару, Тунис Президенти қошидаги Ислом ишлари бўйича бошқарма директори Шайх Мустафо Камол ат-Тарзий, Болгария муфтийси Муҳаммад Топчиев, Франция мусулмонлари раҳбари Абу Бакр Ҳамза, Робита ал-олам ал-исломий (Ислом олами лигаси), Бутунжаҳон Ислом Конгресси, Покистон, Туркия, Марокаш, Ливия, Мавритания, Миср, Ироқ ва бошқа мамлакатларнинг уламолари билан дўстона алоқаларни узмади. 1955 йили Деҳлида Халқаро кескинликни юмшатиш учун чақирилган Осиё жамоат арбобларининг конференциясида у Бутунжаҳон Тинчлик қўмитасининг аъзоси сифатида қатнашади. Унинг 1962 йили Бағдодда Ислом Конгрессининг навбатдаги сессиясида, 1971 йили Қоҳирада Ислом тадқиқотлари академиясининг VII конгрессида, 1976 йили Маккада Масжидлар Олий кенгашининг навбатдаги сессиясида, 1978 йили Карачида Осиё мусулмонларининг I конференциясида, 1977 ва 1982 йилларда Жаҳон динлари анжуманларида сўзлаган нутқлари ва мунозаралардаги иштироклари тарих саҳифаларида битилган.

Диний идора ва бевосита Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон бошчилигида 1979 йил 12-14 сентябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида йирик халқаро Ислом анжумани ташкиллаштирилган. Шунингдек, 1980 йилнинг сентябрида Тошкент шаҳрида “Ҳижрий XV аср халқлар ўртасида тинчлик ва дўстлик асри бўлиши керак!” шиори остида халқаро анжуман ўтказилди. Мазкур анжуманларда халқаро ва минтақавий Исломий ташкилотлар ва бирлашмалар вакиллари, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, йирик олимлар иштирок этишган.

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон бошчилигида Имом Термизийнинг “Аш-Шамойил ал-Муҳаммадий” китобининг ўзбек тилига таржимаси амалга оширилди, 1980 йили академик Убайдулла Каримов билан ҳамкорликда рус тилида Абу Али ибн Синонинг (980-1037) соғлиқни сақлашга доир рисоласи - “Трактат по гигиене” нашр этилди. У Футуҳий тахаллуси билан шеърлар ёзган.

Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ислом равнақи йўлидаги хизматлари учун икки марта I даражали “Иордания юлдузи” ордени, “Иордания юлдузи” кўкрак нишони, I даражали “Ливан қарағайи”, “Ливан юлдузи” орденлари, Марокашнинг олий даражали “Буюк мутафаккир” ордени, собиқ Иттифоқнинг “Ҳурмат белгиси”, “Халқлар дўстлиги” орденлари билан тақдирланган.

1982 йили Москвада ўтказилган барча дин вакилларининг минтақалараро конференцияси муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон қатнашган охирги анжуман бўлди. Бутун умри давомида инсонларни бирдамлик ва тинчликка чорлаган муфтий Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 1982 йил 23 декабрда Тошкентда оламдан ўтган. Жанозасини Абдулазиз қори Маҳмудов ўқиган. Ҳазрати Қаффол Шоший мақбарасига отаси Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг ёнига дафн этилган.

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида “Замонамиз уламолари”, “Сўнмас зиё”, “Эътиқодга бахшида умр”, “Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон” каби китоблар ёзилган.

Йўлдошхўжаев Ҳайдархоннинг

"Ўзбекистон уламолари" китобидан