loader
Foto

Франциялик мусулмонлар ҳижобни тақиқловчи қонунга қарши

"Бу ўзлигимнинг бир қисми. Ундан воз кечишга мени мажбурлаш камситиш билан тенгдир”, - дейди Марям Шорак исмли 16 яшар мусулмон қиз.

Диний рамзлар, либослар ва амалиётларнинг жамоат жойларида намойиш этилишига қарши ҳаракат Европанинг энг кўп мусулмонлар яшовчи бу мамлакатида кўпдан бери мавжуд.

2004-йилдан бери давлат мактабларида ҳижоб кийиш ман қилинади. 2010-йилда эса кўча, боғлар, шаҳар транспорти ва давлат идоралари каби жамоат жойларида паранжига ўхшаш ниқобда юриш ҳам чекланди.

Айни пайтда муҳокама этилаётган қонунга тузатиш барча диний рамзларни ўз ичига олса-да, мусулмонлар ҳужжат, асосан, уларга қарши қаратилганини айтади.

"Ота-оналар фарзандларини ақидапарастликка мажбурламаслиги керак”, - дейди сенатор Кристиан Билак.

Ташаббусга қарши мусулмон қизлар тарғиб қилаётган акцияга 200 дан ортиқ одам қўшилган.

"Сиёсатчилар бизни озод этмоқчи, ўзлари ўйлаб топган зулмдан бизни қутқармоқчи, аммо аслида шундай ҳаракатлари билан улар бизга зулм қиляпти”, - дейди Страсбург шаҳрида яшовчи 25 яшар тиббиёт талабаси Мона Машули.

“Ҳижобдан қўлингни торт” акцияси халқаро саҳнада кўзга ташланди. АҚШ Конгрессидаги мусулмон қонунчи Илхон Умар ҳамда Олимпия мусобақаларида ҳижоб кийган илк спортчи Ибтиҳаж Муҳаммад уни қўллаб-қувватлади. Хештег ижтимоий саҳифаларда ўн минглаб маротаба улашилди.

Франция Президенти Эммануэл Макроннинг айтишича, исломийлик республика бирлигини емирмоқда.

Бўлгинчиликка қарши қабул қилинган қонун мажбурий никоҳ, бокиралик тестлари каби амалиётларни ман қилиб, диний уюшмалар устидан назоратни кучайтирган. Қонуннинг биринчи кўриниши балоғат ёшига етмаган ёшларга жамоат жойларида ҳижоб кийишни ман қилмайди, бироқ қонунчилар тақиқни тузатиш орқали жорий этмоқчи.

Мактаб уюштирган экскурсиялар пайтида ўқувчиларга ҳамроҳлик қилаётган оналарнинг ҳижоб кийишини ҳамда пляжларда баданни бутунлай ёпадиган буркинида юришни ҳам ман қилиш кўзда тутилган.

Тузатишлар парламентда муҳокамага қўйилган.

"Тузатиш қабул қилинмайди ва ҳижобни жамоат жойларида бемалол кийиб юраман деган умиддаман. Умуман бу мавзудаги мунозаралар ҳам келажакда тўхтаб, эътиқодимизга қандай амал қилишимиз кераклигини бизга ортиқ буюришмайди, ҳуқуқларимиздан маҳрум қилишмайди, эътиқодимиз, танловимиз ва танамизни назорат қилишни бас қилишади деган умиддаман”, - дейди Марям Шорак.