loader
Foto

Тақиқларни бузиб

Аслида вақт жамиятнинг инқирозга юз тутиши ва аҳлоқий чўкишига таъсир қилмайди. Ҳақиқат шуки, ахлоқ даражасини жамиятнинг ўзи тартибга солади ва унинг юксалиши ҳамда чўкиши жамиятнинг ўзи белгилаб берган меъёридан, рухсат берган чегарасидан чиқиб кетмайди.

Биз бу масалани ўрганар эканиз, бундай қабиҳ бебошликларнинг қоқ маркази ҳисобланган Европа ҳам илгари бу каби “эркинликларга” йўл бермаганини, жамиятнинг маънавий тарафи мустаҳкам бўлиб, одамлар бир-бирларини ёмон ишлардан тўсиб турганининг гувоҳи бўламиз. Бироқ вақтлар ўтди, жамият одоб-ахлоқ устидаги ўз назоратини заиф ташлаб қўйди. Натижада ҳамма ёқни жирканч, қабиҳ иллатлар босиб кетди.

Бир умуминсоний қонун бор, унга барча халқлар ва давлатлар буйинсунади: “Агар одамлар бир-бирларини яхшиликка чақирмаса, ёмонликдан қайтармаса, улар ҳалокатга юз тутиши сўзсиз муқаррардир. Ким бу нарсалар “чириб битган Ғарб”гагина тегишли деб ҳисоблайдиган бўлса, атрофига бир назар солиб, ўзи яшаётган жамиятнинг ахлоқ-одобини йигирма йил олдин қандай бўлганига бир қиёс қилиб кўрсин. Мана шу қисқа вақт ичида ҳеч нарса ўзгармаган деб айта олармикан? Бу ўринда яқин ўтмишимиз билан бугунги кунни қиёс қилиб чиқишга улгурмасам ҳам, яқинда бўлиб ўтган иккита воқеани сизларга сўзлаб бераман.

Биринчи воқеа

Баҳор. Истироҳат боғи. Қизчам билан айланишга чиқдим. Яқиндаги совуқдан сўнг уйғонган қуёш энди хуш келадиган иссиқлигини тарқатмоқда. Тоза ҳавода дам олмоқчи бўлган фақат мен эмасман. Паркда одам жуда кўп. Улар орасида кўпчилик кўзидан йироқда жойлашган ўриндиқда иккита ошиқ-маъшуқ ўтиришибди. Қизим билан сайр қилиб улар олдидан ўтиб қолдим. Бир тарафдан, ўзларининг беадаб ахлоқи билан мени улар ўзига жалб қилди ва улар олдига бориб насиҳат қилишни истадим.Йигитнинг ёши тахминан ўн саккизда. Қиз эса ўн олти ёш чамаси. Қиз йигитнинг қучоғида, тиззасида ўтирибди. Уларга танбеҳ бермоқчи бўлиб сўз бошладим.

– Ассалому алайкум.

– Ва алайкум ассалом.

– Узр, сен мусулмонмисан?

– Ҳа, алҳамдулиллаҳ! Худога шукр! (Бундай жавобдан ҳайратланиб кетдим.)

– Айтчи, ука бу қиз сенинг хотингми?

– Йўқ.

– Синглингми?

– Йўқ.

– Бўлмаса нега сен уни қучоқлаяпсан, бағрингга босяпсан? Агар кимдир сенинг синглинг билан шундай ишларни қилса сенга ёқадими? (Суҳбатимиз давом этгани сайин қиз имкони борича, қаттиқ уялишни бошлади)

– Сенга нима? – деб сўради ёш йигит.

– Мен сенга айтмоқчи бўлган нарсаларимни айтдим, – дедимда, унинг “алҳамдулиллаҳ” деганидан ҳайратланган ҳола уларни тарқ қилдим.

Иккинчи воқеа

Маршрутка. Уйга қайтяпман. Қаршимда бир йигит ва бир қиз ўтирибди. Йигитнинг ёши йигирма атрофида. Қизнинг ёши ҳам тахминан шундай. Йигит қизни кўпроқ қучоқлаб, ўпишга ҳаракат қилар эди. Қиз эса табассум билан ўзини гўёки ҳеч нарса бўлмаётгандек тутаётган эди. Улар томон қарадим.

– Ассалому алайкум.

– Ва алайкум ассалом, деб жавоб берди йигит.

– Сен мусулмонмисан?

Бу савол уни бир зумда ўзига келтириб қўйди.

– Ҳа, мен мусулмонман. Масжидга ҳам бораман.

– Нега сен ўзингни бундай тутяпсан?

– Иймоним заиф. Гуноҳлардан ўзимни тия олмаяпман, – деб жавоб берди суҳбатдошим ва қизни бағридан қўйиб юборди.

– Биродар иккинчи ундай қилма. Сен бу нарсаларнинг гуноҳ эканини биласанку. Синглинг билан кимдир кўчада шундай юрса, сенга ёқмайдику.

– Тўғри.

Сўнг у чўнтагидан мушки анбарни олиб, ўзига суртди ва менга ҳам таклиф қилди.

Маъруф ва Мункар

Юқорида зикр қилинганидек, маъруфга чақириш ва мункардан қайтариш умуминсоний қонундир. У Аллоҳ таоло тарафидан жорий қилинган. Ундан жамият аъзолари умумий ҳалок бўлмасликлари учун бир-бирларига яхши ишларда кўмаклашиб, ёмон ишлардан сақланишлари мақсад қилинган.

Азиз биродарлар! Қадрли мусулмонлар! Жамият аъзолари ҳаммамиз битта кемага миниб бормоқдамиз. Бу кемага солиҳлар ҳам, толиҳлар (ёмонлар) ҳам, тақводорлар ҳам, гуноҳга ботганлар ҳам минган. Кема чўкишдан саломат бўлса, ҳаммамиз нажотга эришамиз, агар кема ғарқ бўлса, барчамиз тенг ҳалок бўламиз, солиҳлар ҳам, толиҳлар ҳам ҳалок бўлади, тақводорлар ҳам, гуноҳга ботганлар ҳам ҳалок бўлади, тоат-ибодат аҳли ҳам, маъсият аҳли ҳам ҳалок бўлади. Шунинг учун ҳам ўз ҳавои нафсларидан сўзламайдиган Содиқу Амин зот – пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтганлар: “Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳад-ҳудудларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмдагилар сув олмоқчи бўлсалар, юқоридагиларни босиб (оралаб) ўтардилар. Шунда улар: “Биз ўзимизга тегишли жойдан тешиб олсакда, юқоридагиларга озор етказмасак”, дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйилса, ҳаммалари ҳалок бўлишади. Қўлларидан ушлаб қолишса, ҳаммалари нажот топишади” (Бухорий, Термизий ривоятлари).

Ғоят етук, нҳоятда гўзал набавий зарбулмасал!

Ислом тамоийллари ҳисобланган “аъмри маъруф ва наҳий мункар” (яхши амалга буюриш ва ёмон амалдан қайтариш) Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом сўзлари билан шундай ифодаланган: “Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир”, дедилар”. (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоятлари).

Бу мажбурият бутун яхлит жамиятга ҳамда жамиятнинг ҳар бир аъзосига юклатилгандир. Ҳар бир инсон маъруф ишларга йўл кўрсатиши (амри маъруф) ва мункар ишлардан қайтариши ҳамда мункарни қўли ёки тили билан тўхтата олмаган тақдирда, бу нарсага юракдан рози бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, кеча ахлоқсизлик саналган нарсалар эртага одатга айланиб, ҳар биримизнинг уйимизга бирма-бир кириб келади.

Россия шаҳарларини айланиб келган бир дўстимнинг сўзлари ёдимда қолган. У ёқда бир-бири билан очиқчасига ўпишаётганларни кўрганини айтиб: “Улар эркак ва аёл бўлса ҳам майли эди...”, деган эди..

Ҳозирги аянчли ҳолат эркак ва аёллар ўртасидаги зинодек қабиҳ, жирканч амалга беихтиёр рози бўлганимизни англатади, яъни ўзимиз билмаган ҳолда бу жиноятларга рози бўлганимиздан даракдир. Ахлоқий тақиқ даражаси ўзимизга билинмаган тарзда янада пастга тушди. Энди биз учун жиноят ва муроса қилиб бўлмайдиган нарса бир жинсли никоҳлар бўлиб қолди.

Зинокорлик “дўстлик”, “муҳаббат” дея атала бошланди, ичкиликбозлик кўнгилхушлик воситасига айланди, пора – муаммоларни ҳал эта олиш қобилияти сифатида кўкларга кўтарилган бўлса, гиёҳванд моддалар – мақом, тамаки чекиш – ёмон одат, сўкинишлар эса ибораларни боғловчиси (связка слов) дея изоҳлшга ўтилди.

Одамлар гап ўйинларини бас қилиб, ҳар бир нарсани ўз номи билан айтишни бошламасалар, кемамиз ғарқ бўлиб, ҳаммамиз чўкиб, ҳалок бўлишимиз муқаррардир. Улар кемада чўмилиш учун бассейн пайдо бўлди деб ўйлашади, аслида эса бу уларнинг ҳалокатидир.

Манбалар асосида

Абу Муслим тайёрлади