loader
Foto

Обид ёки зоҳиднинг мункар ишдан сукут қилиши унинг уқубатини тезлаштиради

Имом Аҳмад ва бошқалар зикр қилишича, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фаришталаридан бирига “Шундай-шундай қишлоқни қулат (яксон қил)” деб ваҳий юборганда у (фаришта): “Роббим, қандай қилиб, ахир уларнинг ичида фалон обид бор-ку?” деган. Шунда: “Ўшандан бошла. Чунки унинг юзи Мен учун бирор кун ўзгармади”, деган.

Абу Умар ибн Абдулбарр “Тамҳид” китобида зикр қилишича, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбарларидан бирига: “Фалончи зоҳидга айт: “Сенинг дунёдаги зоҳидлигинг билан ўзинг учун роҳатни тезлатдинг. Мен учун ажраб чиқишинг билан азизлик касб қилдинг. Лекин Мен учун зиммангдаги нима амал қилдинг?”” У: “Роббим, зиммамда Сен учун нима нарса бор?” дейди. У Зот: “Мен учун бирор дўст тутдингми ёки Мен учун бирортани душман тутдингми?” дейди.

“Ўша - энг заиф имон” деган сўзнинг маъноси

Ўз замонасидаги моликийлар шайхи Имом Қарофий роҳимаҳуллоҳ “Фуруқ” китобида қуйидаги саволга жавоб берган: “Биз жуда кўп инсонларни мункар ишни қўл ёки сўз билан қайтаришдан имонан ожизлигини кўрамиз. Унинг бундан ожизлиги - гарчи имон жиҳатидан одамларнинг энг улуғи бўлса-да - Аллоҳ таолони улуғлаши ва имони қувватига номувофиқ келмайди. Чунки яқин бўлишдан ожизлик имон ноқислигини лозим қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари маъноси нима: “Сизлардан ким мункар ишни кўрса, бас, уни қўли билан ўзгартирсин. Қила олмаса, бас, тили билан. Қила олмаса, бас, қалби билан. Ўша энг заиф иймон”?”

Жавоб: Бу ердаги имондан қалбдаги ёки эътиқодий имон эмас, феълий имон назарда тутилган. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи келтирилган:

“Аллоҳ имонларингизни зое кеткизмас”. Яъни, Байтул Мақдисга қараб ўқиган олдинги намозингизни (зое кетказмас). Намоз феълдир. Набий алайҳиссалоту вассалом: “Имон етмиш еттита шўъбадан иборат - бошқа ривоятда “етмиш нечта шўъбадан” дейилган - энг олийси - “Лаа илааҳа иллаллоҳ” ва энг қуйиси - йўлдан азият (берадиган нарса)ни олиб ташлаш”, деганлар.

Ҳадиси шарифдаги бу бўлиниш феълларда тўғри бўлади. Уни имон деб номлаганлар. Феълий имоннинг энг кучлиси қўл билан кетказишдир. У фосид нарсани дарҳол йўқотишни тақозо қилади. Кейин сўздир. Чунки у (сўз) билан ҳам кетказиш юзага келади. Қалбнинг инкори эса кетказиш (ёмонликни ўзгартириш)га таъсир қилмайди, албатта. Ёки унинг кетказишдаги таъсири йўқлиги мулоҳаза қилинмайди. Натижада, имон мутлақ ҳолда қолаверади. Яъни, имон қалб билан тасдиқлаш маъносида ўз ҳақиқатига кўра қолади. У ҳолда ҳадисдаги имон заифлигининг маъноси Исломнинг ғариблиги ва интизоми йўқлиги (амалда йўқлиги)ни билдиради. Бунга яна бир ҳадиси шариф ишора қилади: “Ислом ғариб ҳолда бошланган ва бошланганидек ғариб ҳолга қайтади”. У имоннинг мункарга нисбатан заифлигини англатмайди. Чунки у ўзига вожиб қилинган нарсани адо қилган бўлади.

“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоҳатидан ташҳари нарсани таклиф этмайди” (Бақара сураси, 286-оят).

Ҳорис Муҳосибийнинг

"Рисолатул мустаршидийн" китобидан

Зуфаржон Шосалимов таржимаси