loader
Foto

Эй, танасин чарчатган инсон?!

"Улардан денгиз бўйида жойлашган қишлоқ (аҳли) ҳақида сўранг! Қайсики, шанбалик (байрами) ўтказган (ов қилмаган) кунларида балиқлари улар сари сув бетида оқиб келар, шанбалик қилмаган кунида эса (балиқлари) улар сари келмас эди. Ана шу шанбаликда (улар) ҳаддан ошар эдилар. Шу тарзда уларни фисқу фужурлари билан синаймиз. Улардан бир гуруҳи: "Нима учун Аллоҳ ҳалок этмоқчи бўлган ёки қаттиқ азоб билан қийнамоқчи бўлган қавмга насиҳат қиляпсизлар?" дейишганда, (насиҳатгўйлар): "Роббингизга ("Айтдик, лекин итоат қилишмади" деб) узр айтишар ва тақво қилишар, деган умидда (насиҳат қилдик)" дедилар. Уларга эслатилган нарсани унутишгач, ёмонликдан қайтарувчиларга нажот бердик ва зулм қилганларни эса фиску фужурлари сабабли ёмон азобга тутдик. Уларга ман этилган ишдан (қайтмасдан) ўжарлик қилганларида: "Қадрсиз маймунларга айланингиз!" деб уларга (қарғиш сўзини) айтдик” (Аъроф сураси, 163-166-оятлар).

Шўрлик қишлоқ, ҳалок бўлган осий қишлоқ, Аллоҳнинг яхшилигига ношукрлик қилган, амру маъруф, наҳий мункарни ёқтирмаган, Парвардигорнинг буйруқларига парво қилмаган, оқибатда лаънатланган қишлоқ!

Бу қишлоқ Бани Исроил қишлоқларидан бири эди. У денгиз бўйида жойлашганди. Аллоҳ уларга шанба куни балиқ овлашни ҳаром қилганди. Лекин жирканч фосиқлар ҳийла кўрсатдилар. Денгиз бўйига ҳовузлар кавлаб қўйдилар. Шанба куни ҳовузга балиқ кирганда беркитиб қўйиб, якшанба куни тутиб олардилар. Шу ҳолда Бани Исроил уч тоифага бўлиниб қолди.

1.    Фосиқларга қўшилган тоифа.

"Мен бир ғазияликман, улар гумроҳ бўлса - гумроҳман, тўғри бўлса - тўғриман", дейдиган тоифа. Улар кўпчилик нима қилса, шуни қилади, мустақил фикрлари йўқ, ақл-фаросати етмайди, "Диндан чиқсанг ҳам, элдан чиқма", дейдиган аҳмоқлар улар, "Ҳамма шуни қиляпти, ҳозир тўғри яшаётган одамнинг ўзи йўқ”, деб ўзини алдайдиган бефаҳмлар! Уларнинг иймони йўқ бўлишга жуда яқин.

2.    Фақат қорнини ва бола-чақасини ўйлайдиган тоифа.

Улар даъватчиларга: "Нима учун Аллоҳ ҳалок этмоқчи бўлган ёки қаттиқ азоб билан қийнамоқчи бўлган қавмга насиҳат қиляпсизлар?” дейишди. Бундайлар "Инсонлар ҳалокатга дучор бўлган, уларга насиҳатнинг фойдаси йўқ, ўзингни қутқар, ўзгани қўй. Аллоҳнинг ҳаққини Аллоҳга, подшоҳ ҳаққини подшоҳга қўй, ҳеч нарсага аралашма", дейдиганлардир. Улар салбий фикрловчи одамлар бўлиб, Аллоҳ уларни амру маъруф, наҳий мункарни тарк этганлари учун яқинда ҳисоб-китоб қилади.

3.    Нажот топувчи тоифа.

Аллоҳ уларнинг юзини нурли қилган. "Ла илаҳа иллаллоҳ” аҳли, Пайғамбар алайҳиссаломнинг чин умматлари, дунё-ю охиратда нурли инсонлар! Улар "Эй, адашганлар! Тўхтанглар!" дея олганлардир.

Қишлоқ аҳли нима бўлди?! Аллоҳ таоло уларга азобини юборди. Уларни тўнғизга, маймунга айлантириб қўйди. Мана, фисқу фужур оқибати! Аллоҳга осийлик, Уни улуғламаслик, Ундан ҳайиқмаслик оқибати!

Бугун бизнинг аҳволимиз қандай?! Ошкора қилинаётган зинолар, кўча-кўйдаги ярим-яланғочлар, ютилаётган ҳаромлар! Қани даъватлар?! Қани бизнинг учинчи тоифа?!

Аллоҳим, Ўзинг ёрдам бер!

"Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (ибодат қилишни) ўйламайсиз?! Ҳолбуки, У сизларни (она қорнидаги вақтингиздан бошлаб) босқичма-босқич яратган бўлса! Кўрмадингизми, Аллоҳ етти осмонни қандай қаватма-қават қилиб яратди?! Ойни улар ичида нур қилиб, Қуёшни эса чироқ қилиб қўйди. Аллоҳ сизларни (Одамни) ердан ундирди (пайдо қилди)” (Нуҳ сураси, 13-17-оятлар).

Имом Аҳмад "Зуҳд" китобида Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: "Эй инсонлар! Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар. Ёлғиз Аллоҳга қасам, мен ҳожатга борсам, уялганимдан кийимим билан юзимни ёпиб оламан”. Аллоҳ рози бўлсин, у зотлар бизнинг денгиз соҳилларимиздан ўтиб қолсалар, қандай ҳолатга ту-шардилар. Соҳилда "дам олаётган” мусулмонларга нима дердилар?! Номаҳрамлар қоришган, ҳайвоний ҳирслар қўзғалган, шаҳвоний назарлар авжида, намозлар қолдирилган бу даврага мўмин қандай қўшилади?! Яна синглиси, қизи, аёли билан-а?! Мўминнинг диёнати, шарафи қаёққа йўқолди?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: "Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар! Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва бош ўз ичига олган нарсаларни сақлаш ҳамда қорин ва унга алоқадор нарсаларни сақлашдир. Кимки чириб кетишини эслаб юрса, дунё зийнатини тарк қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Умар ибн Хаттоб - буюк халифа, тарих у зотга ўхшаш инсон тарбия қилишдан ожиз. У киши ҳақларида Ибн Касир шундай ёзади: "Умар кунларнинг бирида Аллоҳнинг ушбу сўзларини эшитиб қолдилар: "(Аммо фармоним келгунича) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) турингиз! Чунки улар (қилмишлари тўғрисида) сўралувчидирлар. (Уларга айтилур:) "Нега бир-бирларингизга ёрдам бермаяпсиз?!” Йўқ, улар бу Кунда таслим бўлувчидирлар!" (Вас-соффат сураси, 24-26-оятлар). Шунда ҳассалари қўлларидан тушиб, ерга йиқилдилар. Саҳобалар елкаларида кўтариб уйларига олиб бордилар, бир ой касал бўлиб ётиб қолдилар".

Мана бу ҳақиқий иймон, чинакамига Аллоҳдан қўрқишдир.

Рабиъ ибн Хусайм узоқ йиғлаб: "Роббим менга зарар беришни хоҳласа, гуноҳ қилганим ёки қилмаганимга қараб ўтирмайди", деди.

Имом Бухорий: "Балоғатга етганимдан бери бирор марта ёлғон гапирмадим, бирор марта ғийбат ҳам қилмадим”, деганлар.

"Шанба” воқеасидаги уч тоифадан бири аниқ нажот топди - улар мункардан қайтарганлар. Иккинчиси, аниқ ҳалок бўлди - улар мункарни бажарганлар. Учинчиси аниқ эмас, балки нажот топар, балки азобга гирифтор бўлар, улар мункарни қилган эмаслар, ундан қайтарган ҳам эмаслар.

Эй, мусулмонлар! Ушбу рисолада эътиборга молик бир неча масалалар бор:

1.    Амру маъруф, наҳий мункардаги вазифамиз.

2.    Даъват одоби. Қандай даъват қиламиз?! Қандай қилиб одамларга Исломни ўргатамиз?!

3.    Фитналардан қандай қутуламиз?! Улар шундай кўпайиб кетдики, киши ўлимни орзу қилиб қолди.

4.    Инсонлар ўрганиб қолган ўйин-кулгу, кўнгилхушликларни қандай бартараф қиламиз?!

5.    Гуноҳлар уқубатини қандай ҳис қиламиз?!

6.    Тавба қилиш вақти келмадими?!

7.  Аёлларга аталган сўзлар.

Биз амру маъруф, наҳий мункарсиз яшай олмайдиган умматмиз. Мен, сиз ва ҳаммамиз бу фарзни биргаликда адо қиламиз. Агар бепарво бўлсак, хорликка юз тутамиз.



Аллоҳ таоло бу муҳим фарзни адо қилмаганларни қоралайди:



1.    "Исроил авлодидан кофир бўлганлари Довуд ва Исо ибн Марям тили билан лаънатландилар. Бунга итоатсизликлари ва тажовузкор бўлишлари сабаб (бўлди). (Яна улар) қилиб юрган мункар (ношаръий) ишлардан бир-бирларини қайтармас эдилар. Қилиб юрган ишлари нақадар ёмон!" (Моида сураси, 78-79-оятлар.)

2.    Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: "Сизлардан олдингиларнинг ҳалок бўлиш сабаби улардан бири бир кишини ёмон ишдан қайтарар эди, кечга бориб эса, у билан улфат бўлиб кетарди. Шунга одатланишгандан кейин Аллоҳ уларни лаънатлади ва тўнғиз, маймунларга айлантириб қўйди" (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ривояти).

3.    (Аллоҳ таоло) тарихда мисли кўрилмаган хорликка дучор қилди, ҳар бир китобда ва пайғамбарлар тили-да лаънатлади. Амру маъруф, наҳий мункар учун бировнинг рухсати шарт эмас. Ким изн кутиб ўтирган бўлса, унинг юртига ва халқига бало-қазо ёпирилади.

4.    Абу Бакр розияллоҳу анҳу минбарга чиқиб шундай дедилар: "Эй, инсонлар! Сизлар бир оятни нотўғри тушуняпсизлар, у Аллоҳнинг ушбу сўзидир: "Эй, иймон келтирганлар! Ўзингизга қарангиз! Модомики, ҳидоят топган экансиз, адашганларнинг сизларга зарари йўқ” (Моида сураси 105-оят). Бу оят амру маъруф, наҳий мункар қилмасликка ҳужжат бўлмайди, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: "Инсонлар мункар (ношаръий) ишни кўриб ўзгартирмасалар, Аллоҳ таоло ҳаммага Ўз азобини юбориши мумкин" (Имом Аҳмад, Ибн Можа ривоятлари).

5.    Демак, ношаръий ишларни кўриб индамасалар, масъулиятсизлик қилсалар, Аллоҳ таоло солиҳни ҳам фосиққа қўшиб жазолаши, аввалгиларни лаънатлагандай лаънатлаши мумкин экан.

6.    Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жон бераётганларида ҳам амру маъруф, наҳии мункар қилгандилар.

7.    Умар розияллоҳу анҳу намозда пичоқландилар, шаҳидлик мақомига етдилар. Қаҳрамонлар шунчаки ўлмайдилар, шаҳид қилинадилар. Қонлари оқар экан, Умар розияллоҳу анҳу: "Кошки, онам туғмаса эди, кошки халифа бўлмасам эди”, деб оҳ чекардилар.

Сизга жаннатнинг тўри бўлсин, эй мўминлар амири! Кунларингиз қайтиб келсайди!

Кўп қон йўқотиб, ҳушдан кетаёзган Умар розияллоҳу анҳу: "Намоз! Намозимни тўлиқ ўқимадим-ку!" дер эдилар. Умарнинг ўй-фикрлари намозда эди, бола-чақа, мол-дунё ҳақида ўйламадилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ёрдам берсин, ўқиб олинг!” дедилар. Намозларини тўлиқ адо қилдилар. Жон берар чоғларида ҳам: "Намозга маҳкам бўлинг! Намозга бепарво бўлманг! Намозни тарк қилган кишининг Исломда насибаси йўқ! Намозини сақлаганни Аллоҳ сақлайди, намозни зое қилганни Аллоҳ зое қилади!" дедилар.

Умар кафанланиб, жаноза ўқишга шай бўлганда Али розияллоҳу анҳу: "Аллоҳга қасамки, Аллоҳга фақат шу инсоннинг амалидек амал билан йўлиқишни хоҳлайман", дедилар.

Саҳобалар амру маъруф, наҳий мункарни шунчалик муҳим санашганки, жон беришдек қийин ҳолатда ҳам уни тарк қилишмаган.

Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламдан ривоят қилинади: "Бирортангиз ношаръий ишни кўрса, қўли билан қайтарсин. Қўли билан қайтара олмаса, тили билан қайтарсин. Тили билан ҳам қайтара олмаса, қалбида норози бўлиб турсин, мана шу энг заиф иймондир” (Имом Муслим ривояти).

Даъват услуби ҳақида Аллоҳ айтади: "Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Кимдир ўз касбига, кимдир тузумига, кимдир ўз услубига даъват этади. Биз Аллоҳга даъват қиламиз. Нақадар шараф, нақадар бахт Аллоҳга чақириш, пайғамбарлар ишини давом эттириш! Шубҳасиз, энг тўғри ва энг гўзал сўз Аллоҳга чақирган сўздир. Аллоҳ таоло айтганидек: "Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, "Мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?!" (Фуссилат сураси, 33-оят.)

Баъзи асарларда ривоят қилинишича, Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари Юсуф фироғида йиғласалар, фаришталар ҳам қўшилиб йиғлар эканлар. Ахир, қирқ йил бир-бирларини кўришмаган экан-да.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу бомдодда Юсуф сурасини ўқир, "гўзал сабр” деган жойига етганда йиғлар эдилар, қавм ҳам қўшилиб йиғларди.

Юсуф алайҳиссаломни акалари қудуққа ташлаб юборди. Кимсасиз саҳрода қудуқ тубида ёлғиз қолдилар, атрофда оч бўрилар изғиб юрарди. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломни қутқариш учун бир карвонни йўлдан адаштириб, у зот ташланган қудуққа олиб келди. Аслида карвон йўли бу ердан ўтмас эди. Аллоҳнинг инояти Юсуф алайҳиссаломга насиб этганди. У Зот хос бандаларининг риоясини қилади.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ "Сифатус-Софва” китоби-да Аллоҳнинг риояси ҳақида сўз юритиб, шундай ёзади: "Солиҳлардан бири ҳикоя қилади: "Бир чумчуқ диққатимни ўзига тортди. У ҳар куни бир дарахтга келиб кетарди. Кузатсам, ахлат қутисидан бирор нарса олиб келаркан. Қизиқиб дарахтга чиқдим. Қарасам, бир кўзи кўр илон бор экан. Чумчуқ ҳар гал олиб келган нарсасини унинг оғзига ташлаб кетар экан!”

Ўша чумчуқ билан илонга ризқ берган Зот Юсуф алайҳиссаломни адашган карвон билан қутқарди!

Аллоҳ таоло Валид ибн Муғирадек дин душманидан Холид ибн Валиддек дин фидойисини чиқарди. Холид ибн Валид юзлаб зафарли юришлар қўмондони, Ислом йўлида кўплаб синовлардан ўтган, умрини на жонини "Ла илаҳа иллаллоҳ” хизматига сарфлаган паҳлавон!

Абу Жаҳлдек жоҳилдан Икримадек тақводорни чиқарди. Икрима розияллоҳу анҳу Ислом билан куфр, ҳақ билан ботил тўқнашган Ярмук жангида қатнашдилар. Жанг олдидан ғусл қилиб, кафанларини кийдилар, шерикларига қараб: "Сизларни омонатларни зое қилмайдиган Аллоҳга омонат қолдираман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор гапларингиз борми?" дедилар. "У зотга биздан салом айтинг!” дейишди. Қиличларини олиб, жангга киришиб кетдилар. Сўнгги онларида Холид унга сув тутди, "Бошқаларга беринг”, деб ичмадилар. Қайси ярадорга сув тутилса, "Шеригимга беринг!” деб ичмас эди. Сув айланиб Икримага қайтиб келди, бироқ у киши жон таслим қилган эдилар. Холид ибн Валид идиш билан яна ярадорлар устида айланди, аммо барчаларининг жони узилганди. Қўмондон қўлидаги идишни улоқтириб юбориб, дуога тутинди: "Ё Аллоҳ! Уларни жаннатингдан суғоргин, улар Сенинг йўлингда уйларидан чиққан эдилар. Ё Аллоҳ! Бизларни жаннатда жамулжам қилгин!”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят.)

Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссаломнинг хулқлари, сабрлари буюкдир. Ўз қариндошлари қарши чиқишди, улар у зотнинг дилларини оғритди, қизларини турткиладилар, ҳақоратладилар, ўз юртларидан қувғин қилдилар. Оқибати нима бўлди? Албатта, оқибат тақводорлар фойдасига бўлади. Аллоҳ Маккани фатҳ қилиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка халқини йиғиб сўрадилар: "Нима қилади, деб ўйлайсизлар?”

“Яхши одамсиз, яхши одам фарзандисиз!” деб жавоб бердилар. "Кетаверинглар, сизлар озодсизлар”, дедилар у зот алайҳиссалом ("Сийрати Ибн Ҳишом”).

Абу Суфён - бир умр Пайғамбар алайҳиссаломга қарши курашган инсон, у зот ҳузурларига йиғлаб келди. "Ла илаҳа иллаллоҳ, бунчалар меҳрибонсиз! Ла илаҳа иллаллоҳ, бунчалар яхшисиз! Ла илаҳа иллаллоҳ, бунчалар яхши қариндошсиз!” дер эди.

Абу Суфён ибн Хорис ўз вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор берган эди. Оиласи билан саҳрога қочиб кетмоқчи бўлди. Али ибн Абу Толиб уни топиб сўрадилар:

-    Эй, Абу Суфён! Қаёққа борасан?

-    Саҳрога чиқиб кетаман! Бола-чақам билан очлик ва сувсизликдан ўлиб кетсам керак...

-    Нима учун чиқиб кетасан?

-    Агар Муҳаммад мени кўрса, қиличи билан майда-майда қилиб ташлайди.

-    Ундай қилма! Пайғамбар алайҳиссаломга бориб салом бер ва Юсуф алайҳиссаломнинг акалари айтган гапни айт.

Абу Суфён Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, салом берди.

-    Эй, Аллоҳнинг Расули! "Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қилибди. Биз эса, ҳақиқатан, хато қилувчилардан бўлдик” (Юсуф сураси, 91-оят].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ёноқларидан кўз ёшлари оқиб, соқолларидан томчилади.

Шашқатор оқса кўз ёш ёноқлардан,

Ҳақиқий йиғи ажрар сохталардан.

"Бу кун сизларга нисбатан айблов йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғидир” (Юсуф сураси, 92-оят), деб жавоб қайтардилар.

Бундай ҳолга тарих гувоҳ бўлмаган. Душман келади-ю, ёнларида бир зум ўтириб, дўстга айланади.

Бир киши келиб деди:

-    Ё Аллоҳнинг элчиси! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз, деб гувоҳлик бераман. Зино дан бошқа барча гуноҳлардан тавба қилдим.

Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломга беодоблик қилгани учун унинг таъзирини бериб қўймоқчи бўлиш-ди, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рухсат бермадилар. Уни ёнларига ўтирғизиб, муборак қўлларини елкасига қўйиб сўрадилар:

-    Онанг зино қилишига рози бўласанми?

-    Ҳеч қачон рози бўлмайман.

-    Синглинг зино қилишига рози бўласанми?

-    Ҳеч қачон рози бўлмайман.

-    Қизинг зино қилишига рози бўласанми?

-    Ҳеч қачон рози бўлмайман.

-    Хотининг зино қилишига рози бўласанми?

-    Ҳеч қачон рози бўлмайман.

-    Энди ўзинг айт-чи, мусулмонлар опа-сингил ва қизларига мана шу ифлос ишни раво кўрадиларми?

-    Ё Расулуллоҳ! Зинодан тавба қилдим, - деди ҳалиги киши.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини унинг кўксига қўйиб дуо қилдилар: "Эй, Аллоҳ! Унинг кўзини ва қулоғини пок қилгин! Уни иффатли этгин!" (Аҳмад ривояти).

Шундан сўнг у тақводор даъватчига айланди.

Бизга ҳикмат етишмайди, бизга раҳм-шафқат етишмайди, бизга услуб етишмайди. Биз бутун эътиборимизни масжидларга қаратиб, бошқа жойларни ўз ҳолига ташлаб қўйдик. Масжид аҳли намозхон, ибодатгўй, солиҳ инсонлардир. Кўнгилочар жойлардаги ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, қариндошларимизни ким тўғри йўлга бошлайди?!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: "Сиз сабабли Аллоҳ бир кишини ҳидоят қилмоғи сизга қизил туялардан яхшироқдир" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

"Менинг сўзимни эшитиб, ўзига сингдириб, эшитганидек етказган инсонни Аллоҳ неъматлантирсин. Қанча-қанча етказилган инсонлар етказувчидан кўра кўпроқ англайдилар” (Имом Термизий ривояти).

"Мендан ҳеч бўлмаса бир оят етказинглар” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло илмни яширган ва даъватда Унинг йўлига юрмаган кишиларни танқид қилади: "Биз нозил қилган оятлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни (Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканини) одамларга Китоб (Таврот)да аниқ қилиб берганимиздан кейин (уни) сир тутганларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва уларни лаънатловчилар (фаришталар ва мўминлар) ҳам лаънатлагайлар. Илло, қайсилари тавба қилиб, хатоларини тузатиб, (ҳақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен тавбаларни қабул этувчи, раҳмли Зотдирман" (Бақара сураси, 159-160-оятлар).

Даъватда бир неча камчиликларимиз бор.

Баъзи даъватчилар осийларнинг исмини айтиш ёки халқ олдида танбеҳ бериш билан уларни машҳур қилиб юборадилар. Бу катта хатодир. Имом Шофеъий айтадилар:

Менга сен хилватда насиҳат қилгин,

Одамлар олдида гапирма, қози.

Бу - мулзам қилишдир, шуни сен билгин,

Мазкур ишдан асло эмасман рози.

Яна бир камчилик ҳақни халққа етказишда бесабрлик қилишимиздир. Даъватчи сабрли бўлмоғи лозим.

Даъватчининг қўпол, дағал бўлиши энг катта камчилик ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига айтганидек: "Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар" (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Жарир ибн Абдуллоҳ айтадилар: "Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доим менга табассум қилардилар”.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга кўп қарайверганларидан "Мен Абу Бакр ва Умардан ҳам яхшироқманми?! деб ўйлаб қолардим".

Даъватчининг мулойимлиги, ҳақ сўзни меҳрибонлик оҳангида етказиши, айб иш қилган одамни халқ ичида мулзам қилмаслиги инсонларнинг ҳидоят топишига сабаб бўлади. Яхши одамлар кўп, даъватчи уларни кашф этаверади.

Шу ўринда бир муваффақиятли даъватчи биродаримдан (Аллоҳ унинг қалбини, ақлини янада мунаввар қилсин, ҳикматидан тобора кўпроқ ато айласин) эшитганим бир ҳикояни сизларга илинаман:

"Менинг шаҳримда донғи кетган бир жиноятчи бор эди. У гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланарди. Ички ишлар ходимлари билан бу жиноятчи орасида отишма бўлиб турар, у доим қуролланиб юрар, оиласи ва қариндошлари билан узилишиб кетган эди. Бу одам Аллоҳни унутиб, гуноҳлар дарёсида яшарди”.

Дўстим ҳикоясини давом эттирди:

"Хаёлимга бир фикр келди: балки унга амру маъруф ва наҳий мункар қилсам, ҳидоятга келар?! Сўнг кечалари мен сабабли унинг ҳидоят топишини сўраб, дуолар қилдим. Уйига боришдан олдин рўза тутдим, солиҳ амалларни кўпайтирдим, унга ҳадя сотиб олдим. Ҳадя Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва саҳобаларнинг суннати бўлиб, қалбларни улфат қилишда катта аҳамиятга эга. Унинг уйига бордим ва салом бериб: "Сизни Аллоҳ йўлида яхши кўраман! Сизда яхшилик аломатларини кўряпман”, дедим. Унинг юзи нурсиз ва совуқ эди. Ахир, даъват услубига риоя қилдим-да! У менга қараб: "Мени танийсизми?" деди. "Йўқ, лекин бир-икки йиғинларда кўрганман. Сизга совғам бор эди, илтимос, қабул қилинг", дедим. У индамай совғамни олди. Бошқа ҳеч нарса демай, уйга қайтиб келдим. Биринчи қадам муваффақиятли ўтганига Аллоҳга ҳамд айтдим.

Бир неча кундан сўнг яна бордим. Уни яхши кўришимни айтиб, меҳмонга таклиф қилдим. Таклифимни қабул қилиб, у уйимга келди. Ҳеч кимни чақирмадим, икковимиз бирга овқатландик. Мен ҳали ҳам унга диндан гап очмаган эдим.

Учинчи марта кўришганимизда сафарга чиқаётганимни, тез қайтишимизни айтиб, бирга бориб келишни таклиф қилдим. У рози бўлди! Бирга йўлга чиқдик. Аллоҳга зорланиб илтижо қилдим, таъсирли ҳақ сўзларни илҳом қилишини сўрадим. Секин гап бошладим. Аллоҳдан тавфиқ бўлиб, кўзларидан шашқатор ёш оқди. Аллоҳ таоло унинг фитратини уйғотиб юборди. Соф фитрат ўз ўрнидан қўзғалиб, қалбини ёриштирди, "Ла илаҳа ил-лаллоҳ" унинг руҳиятини жунбушга келтирди. "Сизни жаҳаннамдан узоқлаштириб, жаннат сари етакламоқчиман!” дедим. "Қўлингизни беринг!" деди у. Қўлимни бердим. "Аллоҳни, сўнгра фаришталарини ва сизни гувоҳ қиламанки, мен тавба қилдим. Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, мени бомдод намозига олиб боринг!" деди. У биз билан масжидда намоз ўқий бошлади. Бир неча йилдан бери хабар олмаган қари ота-онасини бориб кўрди. Ота-онаси кўзларига ишона олмасди, бирга кўзёш тўкишди. Ота-онасининг қўлларидан ўпиб, уларнинг дуоларини олди".

Эй, мусулмонлар жамоаси! Қани, шундай мардлар борми?! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам услубида даъват қилувчиларми? У зот шу услуб билан душманларни дўстга айлантирган эдилар.

Даъватда ҳалол сеҳрдан фойдаланинг! Ҳалол сеҳр - инсонларга табассум қилишингиз, осийларни жаннат сари етаклаш учун уларга нисбатан хушмуомала бўлишдир. Унутманг, даъват қилган ҳар бир кишингиз учун сизга ажрлар ёзилади.

Қўпол гапириш, кайфиятни тушириш осон. Калтаклаш, қамчи билан савалаш ҳам қийин эмас. Лекин бундан фойда йўқ, аксинча, зарар келтиради: қалбни юмшатмайди, қотиради. Ким ҳалимликдан маҳрум экан, барча яхшиликдан маҳрум бўлибди. Пайғамбар алайҳиссалом айтгандилар: "Қайси ишда енгиллик бўлса, у зийнатлидир, қайси ишда енгиллик бўлмаса, у айбдордир” (Имом Муслим ривояти).

"Аллоҳ - Рафиқдир, ҳар бир ишда енгилликни яхши кўради" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Учинчи унсур - фитналардир. Аллохдан зоҳирий ва ботиний фитналардан паноҳ сўрайман. Пайғамбар алайҳиссалом Амморга: "Эй, Аммор! Фитналардан Аллоҳга илтижо қил", дер эдилар. Аммор розияллоҳу анҳу: "Фитналардан Аллоҳга илтижо қиламан", дер эди.

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: "Мусулмон киши учун тоғ-адирларда қўй боқиш яхшироқ бўлади, у фитналардан динини олиб қочади" (Имом Бухорий ривояти).

Мусулмон киши баъзи салбий ҳолатларни кўриб, дунёга келганига пушаймон бўлиб қолади. Баъзан тоғларда ёлғиз ибодат қилиб яшагиси келади. Қийинчиликка дуч келган мўмин нима қилсин? Ортга чекинсинми? Аллоҳ таоло айтган эди-ку: "Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга (бузғунчилик ва харобага) айланган бўлур эди" (Бақара сураси, 251-оят).

Оиша розияллоҳу анҳо ҳақларида саҳиҳ санад билан ривоят қилинганки: "У чошгоҳ намозида Аллоҳнинг қуйидаги сўзини йиғлаб қайтараверди, ҳатто пешин бўлиб қолди: "Мана, Аллоҳ бизларни мамнун этди ва бизларни "самум" (дўзах шамоли)дан сақлади. Дарҳақиқат, бизлар илгари (дунёда) Унга дуо қилар эдик. Албатта, Унинг Ўзи марҳаматли ва раҳмлидир" (Тур сураси, 27-28-оятлар). Қани, бу гўзал тарбия?! Қани, Ислом тарбияси?!

Муслима аёлга учта насиҳатим бор. Биринчиси - ўз оиласида тарбиячи бўлсин. Аллоҳ фақат ўзимиз оиламиз учун ҳам масъул эканимизни эслатиб шундай дейди: "Эй, иймон келтирганлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат бу-юрилган ишни қиладиган фаришталар (турурлар)” (Таҳрим сураси, 6-оят).

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Фотима розияллоҳу анҳонинг қўлини сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кириб, уялганидан, гап бошлай олмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари гап бошладилар:

-    Фотимани хоҳлаб келдингми?

-    Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!

-    Тўйга бирор нарсанг борми?

-    Ҳозирча ҳеч нарсам йўқ.

-    Хутмий совутинг қаерда?

Али каррамаллоҳу важҳаҳу синиқ совутларини олиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса қизларини у кишига никохдаб бердилар. Али розияллоҳу анҳунинг ҳеч вақолари йўқ эди, лекин бебаҳо иймонлари, жаннатда боғлари, қасрлари бор эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларини зиёрат қилиш учун кечаси уларникига бордилар. Уларнинг қоронғу уйлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёришиб кетди. Фотима отасидан хизматкор сўрамоқчи бўлиб, узрларини баён қилдилар:

-    Эй, Расулуллоҳ! Арпа, буғдойларни ҳавончада туявериб, қўлларим қавариб кетди, супурги кийимларимни кир қилди. Бир жория берсангиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларига жаннатда даражалари баланд бўлсин, деб насиҳат қилдилар:

-    Сизларга хизматчидан яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми?

-    Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули!

-    Тўшакка келганларингда ўттиз уч марта тасбеҳ ("Субҳаналлоҳ"), ўттиз уч марта ҳамд ("Алҳамдулиллаҳ”), ўттиз тўрт марта такбир ("Аллоҳу акбар") айтинглар. Мана шу сизларга хизматчидан яхшироқдир, - дедилар Набий алайҳиссалом.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим тўшагида ётганларида қизлари Фотима кўргани келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сиз биринчи бўлиб ортимдан борасиз” дедилар. Фотима отасининг ажали етганини билиб йиғладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларини ёнларнга чақириб "Аёллар оламининг саййидаси бўлишга розимасмисиз дедилар. Фотима хурсанд бўлиб кулдилар.

Ҳеч эскирмайдиган ўрнак Пайғамбар алайҳиссалом хотинлари, қизлари, солиҳа саҳобия аёллардир,-

Бугун очиқ-сочиқ юришнинг нима кераги бор?! Аллоҳнинг амрига қарши чиқиш керакми?!

"Жоҳилият (даври) ҳукмини қўмсаяптиларми?! Чин ишончли кишилар учун Аллоҳдан кўра кимнинг ҳукми чиройлироқэкан?!" (Моида сураси, 50-оят).

Хўш, Аллоҳдан қўрқадиган, Ундан умиди бор, тақводор муслима қандай тарбияланади?!

Биз уларни намоз билан, ҳижоб билан, Аллоҳнинг зикри билан, исломий китоблару маърузалар билан, якка ва ёлғиз Аллоҳга боғланиш билан тарбия қиламиз!

Тўртинчи унсур - ўйин-кулгу ҳаёти. Кўп инсонларнинг қалби ўлик: ейди, ичади, ўйнайди-кулади... Бундай кимсалар қорни ва фаржнинг қулига айланган. Қалб эса ҳеч нарсани сезмайди. Аллоҳ таоло улар ҳақида хабар беради: "Ёки сиз уларнинг кўпларини (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ўйлайсизми?! (Йўқ, асло!) Улар ҳайвонларга ўхшайдилар, холос. Балки улар янада йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).

Аллоҳ таоло уларни огоҳлантиради: "Жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан "англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан "кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан "эшитмайдилар". Улар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғофиллардир" (Аъроф сураси, 179-оят).

Мусиқага одатланиб, Қуръонни тарк қилди, гап-сўзга берилиб, тиловатни ташлаб қўйди. Гуноҳ уяси бўлган қаҳвахоналарни обод қилиб, масжидга бормай қўйди. Соатлаб журнал ўқийди, Қуръонни очиб ҳам қарамайдилар. Шу билан бирга, улар мусулмонлар! "Ла илаҳа иллаллоҳ” ҳарорати ҳали ўчмаган, улар Аллоҳга қайтишлари мумкин. Аллоҳга шукрлар бўлсин, уларнинг бир қисми тавба қилиб, масжидларга қайтди. Улар маишатнинг ҳамма турини қилиб кўрди, лекин хотиржамлик топа олмади. Шубҳасиз, масжидга қайтиш Аллоҳга қайтишдир, эс-ҳушини йиғиб олишдир. Инсонлар Аллоҳсиз яшаб кўрдилар, ҳақиқий ҳаёт Аллоҳнинг ғамхўрлигида эканини тушуниб етдилар. Аллоҳни йўқотган инсон нимага эришди?! Аксинча, Аллоҳга эришган нима йўқотди?!

Тавба қилиб, масжидга қайтиш Аллоҳнинг ҳидоятидир. У Ўзи хоҳлаган бандасини ҳидоят қилади. Бу ҳақда қуйидагича марҳамат этилади: “(Мазкурлар қўшилганда эса), нур устига нур (бўлур). Аллоҳ Ўзининг (бу) нурига Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур" (Нур сураси, 35-оят).

Аллоҳ таоло гуноҳ содир этган мусулмонлар қандай бўлиши кераклигини таълим бериб айтади: "Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир" (Оли Имрон сураси, 135-оят).

Афсуслар бўлсинки, баъзилар (Аллоҳ уларни ҳидоят қилсин) ҳануз ҳақдан юз ўгириб яшамоқда. Уларга Аллоҳнинг ушбу сўзи мос келади: "Динларини ўйин ва беҳуда нарса қилиб олган ҳамда бу дунё ҳаёти алдаб қўйганларни (парво қилмай) қўяверинг!” (Анъом сураси, 70-оят.)

Кўпчилик фақат жисми учун яшайди. Танасини чиниқтириш учун ёзда Абҳа ёки Тоифда, баҳорда Жиддада дам олади. Денгиз соҳилларидаги шинам виллаларда, салқин жойларда маишат қилади. Жисмининг озуқаси зўр, аммо қалбини беэътибор қолдирган.

Эй, маишатни деб жисмин чарчатган инсон!

Охири вой нарсага роса койитдинг-ку жон.

Руҳингга ҳам юзланиб, уни фазилатли қил,

Жисм билан эмас, руҳинг ила сен инсон!

Хароб ҳовлин поклашга уринаётганлар, эй,

Асли хароб ҳовли ҳеч обод бўлармикан-ей?!

Буюк муҳаддислардан бири Собит Буноний Аллоҳдан қўрқиб, кўп йиғлар эди. Натижада унинг бир кўзи кўр бўлиб қолди. Унга айтилди: "Сизни Хуросон боғларига айлантириб келамиз. Шояд, табиат манзараларидан завқланиб, кўзингиз яхши бўлиб қолса". Бу кишини гўзал табиат қўйнига олиб чиқдилар. Сўлим боғларни кўрса ҳам, жаннатни эслаб йиғлайверди, зилол сувларни кўрса ҳам, жаннатни эслаб йиғлайверди...

У Басрага қайтиб келганда сўрашди: "Сафар қандай бўлди?" Кутилмаган жавоб бўлди: "Ҳеч қизиқ бўлмади, икки ракат чошгоҳ намозини ўқиётган кампирни ҳисобламаганда". Субҳаналлоҳ, Аллоҳ қандай солиҳ бандаларни яратган!

Аллоҳга қасам, шундай бандалар борки, уй-жой, иморат, қасрларни сариқ чақага олмайди. Улар кенглиги еру осмончалик бўлган жаннат ҳақида ўйлашади. Ахир, қанча узоқ яшамайлик, аниқ бир кун Аллоҳга қайтариламиз. Аллоҳ таоло бизлар Унинг ҳузурига қайтарилишимизни эслатиб айтади: "Сўнгра (улар) ҳақиқий эгалари - Аллоҳ (ҳузури)га қайтарилурлар. Ҳукм эса Уникидир. У ҳисобловчиларнинг тезкоридир" (Анъом сураси, 62-оят).

Яна: "Осмонлар ва Ердаги бор жонзот (қиёмат куни-да) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келур. У уларни ҳисоблаб, ададини санаб қўйгандир” (Марям сураси, 93-94-оятлар).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кириб, минбарга кўтарилдилар-да, саҳобаларга: "Қурайш кофирлари билан Мадинада урушамизми ёки Уҳуддами?” дедилар. "Мадинада ҳимояланамиз", дей-ишди. Бир йигит туриб: "Эй, Расулуллоҳ, мени жаннатга киришдан маҳрум қилманг! Аллоҳга қасамки, албатта, жаннатга кираман!" деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Нима билан жаннатга кирмоқчисан?" деб сўрадилар. Йигит жавоб берди: "Икки хислат билан кирмоқчиман: биринчиси - Аллоҳ ва Расулини яхши кўришим, иккинчиси - жанг майдонидан қочмаслигим!” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларида ёш билан: Гапингда рост турсанг, Аллоҳ сени ёлғончи қилмайди!" дедилар. Уҳудда жанг бўлди, биринчи бўлиб шу йигит шаҳид кетди. Аллоҳ барча саҳобалардан рози бўлсин!   

Абдуллоҳ ибн Амр Уҳуд жангидан бир кун олдин туш кўрди. Тушида у биринчи бўлиб ўлдирилди. Кеча охирида аҳлини уйғотиб видолашди: "Сизларни омонатни зое қилмайдиган Аллоҳга топширдим. Эй, Жобир, сингилларингга яхши қара!”

Тонг отди. Ажойиб тонг! Жаннатилар тонги эди бу! Абдуллоҳ шиддатли жанг қилиб, шаҳид бўлди. Унга ушбу оятдаги сўзлар айтилган бўлса, не ажаб: "Эй хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда Роббинг (ҳузури)га қайтгин! Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилгин ва жаннатимга киргин!" (Фажр сура-си, 27-30-оятлар.)

Жобир Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига йиғлаб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Йиғласанг ҳам, йиғламасанг ҳам, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, отанг то кўтарилгунча фаришталар унга қанотлари билан соя қилиб турди. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ отанг билан таржимонсиз, юзма-юз гаплашди. Отангга "Орзу қил", дейилди. Отанг: "Мени дунёга қайтарсанг, яна Сен учун шаҳид қилинсам", деди. Аллоҳ: "Ўлган одам дунёга қайтарилмайди! Бошқа нарса сўра", деди. У: "Мен Сендан розиман, Сен ҳам мендан рози бўлишингни орзу қиламан”, деди. Аллоҳ таоло: "Сенга ризвонимни ҳалол қилдим, сенга ҳеч ғазаб қилмайман", деди" ("Сийрати Ибн Ҳишом").

Бу ҳаёт - жаннат ҳаёти! Якка ва ёлғиз Аллоҳга яқин ҳаёт! Бахт, саодат, муваффақият ҳаёти! Бу ҳаётни яшаган саҳобалар Аллоҳнинг қуйидаги сўзларини қалбларига жо айлагандилар: "Айтинг: "Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта,) шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойликлари)дан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

Подшоҳ Имом Ҳарронийдан: "Подшоҳликни хоҳлайсанми?" деб сўради. У: "Сенинг, отангнинг, бобонгнинг мулкини қўшиб беришса ҳам, хоҳламайман! Кенглиги еру осмонча бўлган жаннатни хоҳлайман", деб ,жавоб берди.

Эй, мусулмонлар! Ёлғончи дунё сизларни Аллоҳ йўлидан чалғитмасин! Дунё неъматлари, боғлари, сайру саёҳати - ҳаммаси ўткинчидир, барчаси йўқ бўлиб кетади. Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларгина абадий қолади.

Ё Аллоҳ! Бизларни Наъим жаннатининг меросхўрларидан қилгин! Амийн!

Бешинчи унсур - гуноҳлар жазоси. Гуноҳларнинг энг оғир жазоси Аллоҳ қалбимизга уришидир. Қалбга уриш дегани - қалбнинг қотиб, муҳрлангандек бўлиб қолиши. Натижада маърузалар таъсир қилмай қолади. (Аллоҳ асрасин!) Аллоҳ таоло бетаъсир яҳудийларга қарата шундай деган эди: "Сўнгра шундан (мўъжизаларни кўргандан) кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас, улар тош кабидир, балки ундан ҳам қаттиқроқдир” (Бақара сураси, 74-оят).

Яна: "Ўз аҳдларини бузганликлари сабаблигина уларни лаънатладик ва қалбларини бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйдик. Сўзларнинг ўринларини ўзгартирадилар..." (Моида сураси, 13-оят).

Ўйин-кулгу билан, қўшиқ айтиб, намоздан нари бўлган инсоннинг қалби қотиб кетмайдими?! Ҳаётда фақат хўжайин бўлиб яшаган, Исломнинг фақат расмини танийдиган одамнинг қалби қотиб қолмайдими?! У орият учун мусулмон, холос. Исломга умуман амал қилмайди. Бугун мусулмонларнинг сони миллиарддан ошди, бироқ сифат қай даражада?!

Гуноҳлар касофатидан бири - одамлар орасида адоватнинг кўпайишидир. Шунинг учун оилаларда ажрашишлар кўпайиб бормоқда, қариндошлар орасида меҳр-оқибат кўтарилмоқда, ота-онага оқ бўлиш анчагина. Яккаю ёлғиз Аллоҳдан ҳолатимизни ислоҳ қилиши-ни сўраймиз!

Гуноҳлар уқубатидан бири - бараканинг озлигидир. Халқда мол-дунё кўпайгани билан баракаси йўқ. Шунингдек, фарзандларда ҳам сон кўпайгани билан барака кўринмайди.

Гуноҳлар уқубатидан яна бири - ҳаётнинг таъми бузилганидир. Бу нурнинг ўчиши, дейилади.

Имом Молик Шофеъийга деган эди: "Сенда нур-зиё аломатларини кўряпман, нурингни гуноҳлар билан йўқотиб қўймагин!”

Солиҳлардан бири айтган эди: "Ҳалол бўлмаган бир манзарага қараб, Қуръонни эсдан чиқариб қўйдим". Аллоҳдан хорлик, гуноҳкорлик, маҳрумликдан паноҳ сўраймиз.

"Тавба қабулми?” мавзуси билан рисолага якун ясайман. Эй мусулмонлар! Тавба қилувчи борми?! Аллоҳга қайтувчи борми?! Аллоҳ Ўз раҳматидан умидлантириб айтади: "(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: "Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмлидир" (Зумар сураси, 53-оят).

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб деди:

-    Ё Расулуллоҳ, гуноҳ қилиб қўйдим.

-    Аллоҳга тавба қил.

-    Яна қилиб қўйсам-чи?!

-    Аллоҳга тавба қил.

-    Яна қилиб қўйсам-чи?!

-    Аллоҳга тавба қил.

-    Қачонгача мумкин?

-    То шайтон мағлуб бўлгунча (Ибн Хиббон ривояти).

Ҳар гуноҳ қилганингизда Аллоҳга тавба қилинг! Гуноҳингизни тавба ва истиғфор сувлари билан ювинг. Ўзингизни ҳисоб қилинг ва, билингки, тавба қилиш вожибдир.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу жон бераётганларида сўрашди:

-    Бирор шикоятингиз борми?

-    Гуноҳларимдан шикоятим бор.

-    Нима хоҳлайсиз?

-    Мағфиратни хоҳлайман.

-   Табиб чақирайликми?

-    Табиб мени кўрди.

-    Нима деди?

-    "Мен хоҳлаганимни қиламан!" деди.

Абу Бакрдан Аллоҳ рози бўлсин, энг биринчи мусулмон, сиддиқ, мужоҳид, зоҳид бўлсалар ҳам, камтарлик қилиб, гуноҳларидан шикоят қилдилар.

Баъзи муфассирлар айтишича, Иброҳим алайҳиссалом саҳарда: "Э воҳ, гуноҳларимга! Э воҳ, хатоларимга! Э воҳ, ёмонликларимга!" дер эдилар. Шунинг учун Аллоҳу кишини "Аввоҳ" деб номлади.

Имом Аҳмад "Зухд" китобида ёзадилар: “Билол розияллоҳу анҳу саҳарда "Ё Аллоҳ! Бу кечангнинг кетиши ва кундузингнинг келиши, бу саҳар вақти иллатларимни кечиргин”, дер эдилар”.

Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ айтадилар: "Кошки кул бўлсам-у, шамоллар учириб кетса!"

Умар розияллоҳу анҳу: “Кошки кесиб ташланадиган дарахт бўлсам!” деганлар.

Ибн Масъуд розияллоху анҳу: "Агар гуноҳларимни билганингизда эди, бошимдан тупроқ сочардингиз", деб айтганлар.

Барча саҳобалардан Аллоҳ рози бўлсин! Улар покиза обидлар эдилар, улар кечалари Аллоҳ учун бедор бўлиб, йиғлаб, зорланиб, рукуъ ва сажда қилардилар. Кундузи эса жиҳод, даъват, хайру эҳсон каби яхши ишларни амалга оширардилар.

Бугун бизнинг кечаларимиз-чи?! Куй-қўшиқ, бирор ўйин ёки сериал, ярим-яланғоч клиплар томошаси билан ўтади. (Аллоҳ раҳм қилган бандалар бундан мустасно.) Кундузимиз эса ғийбат, чақимчилик, номаҳрамга қараш билан кечади.

Ажабо, Аллоҳга ҳамма жойда осийлик қилинади: денгизда, қуруқликда, соҳилда, самолётларда. Лекин У ҳалимдир, дарров жазоламайди, муҳлат ва имкон беради. Аллоҳдан тавбаларимизни қабул этишини, мусулмонларни мусулмончиликка қайтаришини, бизларни доимо ҳидоятда қилишини сўраймиз!

Муҳаммад алайҳиссаломга, саҳобаларига, оила аъзоларига Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин!

Доктор Оиз Қарний

"Қалблар тизгини" китобидан