loader
Foto

Барнабо Инжили (Яширилган Инжил)

Унинг мелодий 5-10 йиллар оралиғида туғилгани тахмин қилинган.

Ёшлик чоғида ота-онаси билан Қуддусга кўчиб келади. Ўша ерда яҳудий олимларидан бири Жамалияга шогирд тушади ва ундан дин сабоқларини ўрганади. Масиҳий динини қабул қилгандан сўнг Ийсо алайҳиссаломнинг олдиларидан жилмайди ва у зотдан диний сабоқ олишда давом этади. Ийсо алайҳиссалом бу дунёни тарк этиб кетганларидан сўнг ҳам буюк ҳаворийлардан бири ўлароқ динни ёйишга катта ҳисса қўшади.

Барнабонинг масиҳийлар сафига қачон қўшилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин уни Жамалиянинг шогирди бўлганини ва маъбадда (ибодатхонада) хизмат қилганлигини инобатга олсак, Ийсо алайҳиссаломнинг маъбадда жуда кўп марталаб ваъз қилганликлари ва мўъжизалар кўрсатганликларини ҳисобга олсак, Барнабонинг масиҳийлар сафига жуда эрта қўшилганига амин бўламиз.

Барнабо ҳаворийлар ичида ишончли ва ҳурматли зот саналган, унинг кўрсатмаларига доимо амал қилинган. Унинг кўрсатмасига кўра Павелнинг жамоат сафига қўшилгани ҳам фикримизнинг далилидир, чунки Павелни барча ҳаворийлар рад этиб, унга ишонмаганлар. Барнабо эса унга шафоатчи бўлади. Шундан кейингина Павел ҳаворийлар сафига қўшилади. Бу эса ўз ўрнида Барнабонинг ҳаворийлар орасида катта обрў ва сўзи қайтарилмас даражада ишончга эга бўлганлигини кўрсатади.

«Бу янгилик Қуддусдаги имонлилар жамоатига етиб келди. Жамоатдагилар Барнабони Антиохияга жўнатдилар. У келиб, Худонинг марҳаматини кўриб хурсанд бўлди. Ҳаммага: «Чин юракдан Раббийга садоқатингизни сақлаб қолинглар», деб даъват қилди. У Муқаддас Руҳга ва имонга тўла, олижаноб одам эди…» (Ҳаворийлар11/22-24).

Ҳаворий Барнабо кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боради. Аввалига Павел билан бирга бўлади. Кейин эса Павел билан уришиб қолиб, ундан ажралади. Шундан сўнг Кипрга қайтиб, Кипр Черковига асос солади. Барнабо Италия ва Рим диёрларига сафар уюштирган биринчи ҳаворий ҳамдир. У Ломбардия ва Лигурияда таълим тарғибот ишларини олиб боради. Медиоланада (ҳозирги Милан)да епископлик тахтини жорий қилади.

Ҳаворий Барнабо милодий 76 йилларда Саламинада тошбўрон қилиб ўлдирилган. Ривоятларга кўра, тошбўрон қилингандан сўнг унинг жонсиз жасади оловга ташланган, бироқ жасад ҳеч қандай зарар кўрмаган, шундан кейин жияни Марк унинг жасадини олиб кўмган.

Биринчи масиҳийликка оид «Барнабо амаллари», «Барнабо мактублари» ва «Барнабо Инжили» китоблари ҳаворий Барнабога нисбат берилган.

Тўрт каноник Инжил ва Барнабо Инжили

Авваламбор ўта муҳим бир масалага тўхтаб ўтишни лозим топдик. Барча Инжиллар ҳам Аллоҳ таоло томонидан Ийсо алайҳиссаломга нозил қилинган ва Қуръонда зикри келган Инжил деб ҳисобланаверилмайди. Бу Инжиллар биз мусулмонларнинг ҳузуримиздаги, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини баён қилувчи сийрат китоблар каби Ийсо алайҳиссаломнинг ҳаётлари баён қилинган, у зотдан кейин ёзилган китоблардир. Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Инжил ҳозирда мавжуд эмас.

«Яҳё қамаб қўйилгандан сўнг Ийсо Жалилага қайтди. У Худонинг Шоҳлиги ҳақида Хушхабар тарқатди. «Вақт-соати келди, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилинглар, Инжилга имон келтиринглар!» – деб эълон қилиб юрди» (Марк1/14-15).

Бу оятлардан кўриниб турибдики, Ийсо алайҳиссалом халқни Инжилга имон келтиришга даъват қилганлар. Ҳузуримиздаги мавжуд Инжиллар у кишидан сўнг қарийб ярим аср кейин ёзила бошлаганини эътиборга олсак, айнан ўзларига Аллоҳ томонидан нозил қилинган Инжилга иймон келтиришга даъват қилганликларига амин бўламиз.

Масиҳий инжилшунос олимлар ҳам қадимда Ийсо алайҳиссаломга нисбат берилган Инжил бўлган, бироқ у Ийсо алайҳиссаломдан кейин кўп вақт ўтмай йўқолган бўлиши мумкин, деган фикрни олдинга сурадилар. Баъзилари эса ўша Инжилнинг баъзи қисмлари сақланиб қолган, тўртинчи асрларда бу қисмлар Черков томонидан апокриф (тан олинмаган) ҳисобланиб, йўқ қилишга қарор қилингани ва ижро ўша пайтлардаёқ амалга оширилганини айтишган. Эҳтимол, ўша Инжилдан қандайдир бўлак ёки мисралар яна омон қолган бўлиши мумкин, чунки сўнгги пайтларда бу ҳақда баъзи гап сўзлар тарқалган. Нима бўлганда ҳам, ўша асл Инжил ҳозирда йўқ, унинг сақланиб қолган бўлаклари ҳам ўзгартилган, қўшимчалар киритилган ҳолдадир. Ҳозирдаги мавжуд Инжиллар ҳоҳ каноник (тан олинган), ҳоҳ апокриф (тан олинмаган) бўлсин, бирортаси Ийсо алайҳиссаломга нозил қилинган, ҳақиқий, яъни Қуръонда зикр қилинган Инжил ҳисобланмайди. Шуни ёдда тутмоғимиз лозим.

Шу ўринда Инжилларнинг ёзилган йиллари қисқача маълумот беришни лозим деб топдик:

1) Матто Инжили.

Бу Инжилнинг ёзилган йили ҳақида аниқ бир тўхтам йўқ бўлиб, турли манбаларда 37 йилдан 105 йилларгача бўлган саналар келтирилган.

2) Марк Инжили.

Бу Инжилнинг ёзилган санаси 63 йилдан 68 йил оралиғида деб тахмин қилинган.

3) Луқо Инжили.

Бу Инжил 53-90 йиллар оралиғида ёзилган бўлиши мумкин.

4) Юҳанно Инжили.

Бу Инжилнинг ёзилган санаси 68 йилдан 98 йиллар оралиғи деб тахмин қилинган.

Барнабо Инжилининг санаси ҳам аниқ эмас. Барнабо Инжили аниқ тилга олинган энг қадимий ёзув бешинчи асрларга тегишлидир. Бундан ташқари қуйида «Барнабо ва Павел мунозараси» рукни остида бу Инжил масиҳийликнинг дастлабки даврларида ҳам мавжуд бўлганлигини ўрганиб чиқамиз.

Барнабо Инжили тўрт каноник (Черков томонидан тан олинган) Инжиллар, яъни Матто, Марк, Луқо ва Юҳанно Инжилларига жуда ўхшаш бўлиб, улардан деярли фарқ қилмайди. Ҳатто бу китобларни тадқиқ қилганларнинг кўпчилиги «Юҳанно Инжилининг асл муаллифи Барнабо бўлган ёки Юҳанно Инжилини ёзишда муаллиф Барнабо Инжилига суянган» деган фикрга келишган, чунки бу каби ҳодисалар Инжил тарихида кўплаб топилади. Мисол учун: Матто ва Луқо Инжилини ёзишда Марк Инжилидан фойдаланилгани масиҳий инжилшунос олимлар томонидан тан олинган. Тадқиқотчилар Матто Инжили тўқсон бир фоиз Марк Инжилидан кўчирганини, Луқо Инжили эса унга деярли етмиш фоиз тўғри келганини таъкидлашган.

Бу уч Инжил бир бирига яқинлиги билан ажралиб турган бир пайтда, Юҳанно Инжилининг Барнабо Инжилига ҳамоҳанглиги кўзга ташланади. Мисол учун, Лазар ҳодисаси қолган уч Инжилда зикр қилинмаган бўлиб, бу ҳодисани фақат Юҳанно Инжилида топиш мумкин.

«Исо жавоб берди:

– Кундуз ўн икки соат-ку! Ким ёруғда юрса, қоқилмайди, чунки бу дунёнинг ёруғини кўради. Кечаси юрган эса қоқилади, чунки ёруғлик у билан эмас.

Бу сўзларини айтиб бўлиб, уларга яна деди:

– Дўстимиз Лазар ухлаб қолди. Мен уни уйғотгани кетяпман» (Юҳанно11/9-11).

«Марям буни эшитгач, шошиб ўрнидан турди-да, Исонинг олдига жўнади.  Исо ҳали қишлоққа кирмаган, Марта Уни кутиб олган жойда пойлаб турар эди. Марям билан уйда қолган, унга тасалли бераётган яҳудийлар унинг шошилиб ўрнидан туриб ташқарига чиққанлигини кўришди. Марям йиғлагани қабрга кетяпти, деб ўйлашиб, унинг орқасидан кетаверишди.

Марям Исо турган ерга етиб келиб Уни кўрди-ю, оёқларига ўзини ташлаб:

– Ҳазрат! – деди, – агар Сен шу ерда бўлганингда, менинг акам ўлмас эди!

Марям ҳам, у билан келган яҳудийлар ҳам йиғлаётган эдилар. Ийсо буни кўриб қаттиқ изтиробга тушди, кўнгли ўртаниб кетди.

– Уни қаерга қўйдингизлар? – деб сўради.

– Бориб кўргин! – дедилар. Ийсонинг кўзи ёшланди. Яҳудийлар:

– Қаранг, уни нақадар севар экан! – дейишди. Лекин улардан баъзилари:

– Кўрнинг кўзларини очган бу Киши наҳот унинг ўлмай қолиши учун бирор нарса қилолмаган бўлса? – дедилар. Ийсо тағин қаттиқ изтироб чекиб, қабр олдига келди. Қабр бир ғор бўлиб, унинг оғзида тош ётган эди. Исо:

– Тошни кўтаринглар! – деди. Марҳумнинг синглиси Марта Унга:

– Ҳазрат, У қабрга қўйилганига тўрт кун бўлди, энди ҳидланиб қолган, – деди.

– Агар инонсанг, Худонинг улуғворлигини кўрасан, деб сенга айтган эдим-ку, – деди Ийсо.

Шундай қилиб, марҳум ётган ғор оғзидан тошни кўтариб олдилар. Ийсо эса осмонга кўз тикканча:

– Эй Ота! – деди, – Мени эшитганинг учун Сенга ташаккур билдираман. Сен Мени доимо эшитишингни биламану, лекин бу сўзларни шу ерда турган халқ учун, улар Мени Сен юборганингга ишонсин деб айтдим.

Шундай деди-ю, баланд овоз билан хитоб қилди:

– Лазар, ташқарига чиқ!

Шу пайт қўлу оёқлари дока билан боғланган, юзи рўмол билан ўралган жасад чиқиб келди.

– Уни ечинтириб қўйинглар, кетаверсин, – деди Исо одамларга» (Юҳанно11/29-44).

Худди шу ҳодисани сал бошқача ва ўринлар ўзгарган ҳолда Барнабо Инжилида ҳам кўриш мумкин:

«Лазарнинг ўлимидан хабар топгач, Вифанияда кўплаб Қуддуслик яҳудийлар, кўплаб китобийлар ва фарзийлар тўпланишди. Марфа синглиси Мариядан Ийсонинг келгани ҳақида эшитиб, шошилиб отланди ва уйдан югуриб чиқди, кўплаб яҳудийлар, китобийлар ва фарзийлар унинг ортидан унга таскин бериш учун шошилишди, чунки улар уни ўз акасининг устида йиғлаш учун мақбарага йўл олди деб ўйлашган эди. У Ийсо Мария билан суҳбатлашаётган жойга келганида Марфа кўзида ёш билан дер эди: «Жаноб, агар сен бу ерда бўлганингда, менинг акам ўлмас эди!» Унга инграб Мария яқинлашди; Ийсо кўзидан ёш тўкиб улардан сўрарди: «Сиз уни қаерга қўйдингиз?» Улар: «Бизнинг ортимиздан юр ва уни кўр» деб жавоб беришарди.

Фарзийлар ўзаро айтишарди: «Бу Наин бевасининг ўғлини тирилтирган одам; нима учун у ўлмайди деб туриб бу одамнинг ўлишига йўл қўйди?» Ийсо ёнида ҳамма инграётган мақбарага яқинлашди ва деди: «Йиғлама, зеро Лазар ухламоқда, ва мен ҳозир уни уйғотгани келдим».

Ийсо давом этди: «Нега мен бу ерга келдим, Марфа? Сенинг акангни уйғотишимга ишонмайсанми?» Марфа жавоб берди: «Мен сенинг Тангри бу дунёга юборган авлиё эканингни биламан»

Ийсо ўз қўлларини осмонларга кўтарди ва деди: «Оталаримизнинг Рабби, Иброҳимнинг Рабби, Исмоилнинг Рабби ва Исҳоқнинг Рабби, мана бу аёлларнинг қайғусига раҳм қил ва Ўз муқаддас номингни улуғла!»

Ҳар бир киши «Омин» деганда Ийсо баланд овоз билан «Лазар, туриб кет!» деди. Ўлган киши қайта тирилди; ва Ийсо ўз шогирдларига деди: «Уни озод қилинглар». Чунки у оталаримиз ўз маййитларини кўмганлари каби дафн ёпинчиғига ўралган эди, юзида мато парчаси бор эди (Барнабо/ 193).

Бундан ташқари, Юҳанно Инжилида Ийсо алайҳиссалом ўзларидан кейин келадиган Юпатувчи деб таржима қилинган Параклет ҳақида хабар берадилар. Бу хабар қолган уч Инжилда келмаган.

«Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сиз учун фойдалидир. Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман» (Юҳанно 16/7).

«Отам ҳузуридан Мен сизларга юборадиган Юпатувчи, яъни Отам наздидан чиқувчи Ҳақиқат Руҳи келгач, У Мен тўғримда гувоҳлик беради» (Юҳанно 15/26).

Бироқ бу хабар Барнабо Инжилида келтирилган.

«Тангри деди: «Тўхтаб тур, Муҳаммад… Мен сени ерга Ўзимнинг Нажот Расулим сифатида юбораман, сенинг сўзинг ҳақ бўлур, сенинг иймонинг (дининг) осмон ва ер тургунча турур». Муҳаммад унинг муборак исмидир» (Барнабо/97).

Юҳаннода Параклет деб келган бўлса, Барнабода Муҳаммад деб келган. Параклетнинг маъноларидан бири Аҳмад ва Муҳаммад эканлигини инобатга олсак, Юҳанно Инжилида ҳам айнан Ислом пайғамбарини назарда тутилганлиги аён бўлади. Бу тўғрида тўлиқроқ маълумотни қуйидаги манзилдан олиш мумкин:

Шу ва шу каби мисоллардан келиб чиққан ҳолда кўпчилик тадқиқотчи олимлар Юҳанно Инжилини ёзишда Барнабо Инжилидан фойдаланилган бўлиши мумкин деган фикрни олдинга суришган.

Барнабо Инжилининг қолган Инжилларга яқинлиги бошқа жиҳатларда ҳам кўзга ташланади. Мисол учун, барча Инжиллар, жумладан Барнабо Инжилининг ҳам асл нусхаси йўқолиб кетган бўлиб, уларнинг фақат таржима қилинган ёки кўчирилган нусхалари бор. Шунингдек, номаълум сабабларга кўра Барнабо Инжилида ҳам бошқа каноник Инжиллар каби ўша пайтларда яҳудий ўлкаларида пул бирлиги сифатида шекел эмас, динор амалда бўлганлигини кўриш мумкин. Яна нима учундир Барнабо ва бошқа Инжилларда Ийсо алайҳиссалом яҳудийча эмас, балки юнонча кийимда, яъни хитонда тасвирланган.

Айни пайтда Барнабо Инжили ақидавий масалаларда ҳам бошқа Инжиллардан кўп фарқ қилавермайди (балки масиҳийликка Павел олиб кирган ақидаларга зид келади. Буни қуйида «Барнабо ва Павел ўртасидаги мунозара» туркумида кўриб чиқамиз), чунки Барнабо Инжили олдинга сурган ақидавий масалаларни бошқа Инжилларда ҳам кўриш мумкин.

Барнабо Инжили Ийсо алайҳиссаломни оддий инсон ва пайғамбар деб тасвирлайди. Тўрт Инжилни ўқиб чиққан ҳар қандай одам ҳам шундай тасаввурга эга бўлади. Бирор бир Инжилда Ийсо алайҳиссаломнинг ўз оғзи билан аниқ ва равшан ҳолда: «Мен Худоман», «Мен Худонинг ўғлиман» деган сўзи келмаган. Аксинча, уларда «Инсон ўғли» деган ибораларни кўплаб учратиш мумкин.

Бу Инжилларнинг барчасида Ийсо алайҳиссаломнинг оддий инсон каби еб-ичиши, рўза тутиши, ибодат қилиши ва ухлаб, дам олиши ва қайсидир маънода инсон ҳилқатига мос равишда хатоларга йўл қўйганлиги ҳам келтирилади.

«Эртаси кун Байтаниядан чиққанларида Ийсо оч қолди. У узоқдан барглар билан қопланган бир анжир дарахтини кўриб қолди, бирон нарса топилармикин деб унга яқинлашди. Дарахтнинг ёнига келиб, баргдан бошқа ҳеч нарса тополмади; чунки анжир териш вақти эмас эди» (Марк11/12-13).

Баъзи ҳолларда Барнабо Инжили бошқа Инжилларнинг мазмунини тўлдириш вазифасини ҳам ўтаб беради, яъни Инжилларда келтирилган қиссаларни тўлдириб, изоҳлайди. Мисол учун зинода айбланган аёл қиссасини олайлик:

«Шу орада Таврот тафсирчилари билан фарзийлар бир аёлни олиб келишди. Улар бу аёлни зино қилаётганда ушлаб олишган эди. Аёлни ҳамманинг олдига турғизиб, шундай дейишди:

– Устоз! Бу аёл зино қилаётганида ушланди. Мусо Тавротда бундай аёлларни тошбўрон қилишни буюрган. Сиз нима дейсиз?

Бу савол билан улар Исони тузоққа илинтириб, айблашга асос топмоқчи эдилар. Ийсо эса энгашиб бармоғи билан ерга ёза бошлади. Улар бу саволни қайта қайта сўрайверганлари учун, Исо ўрнидан туриб деди:

– Сизнинг орангизда ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб аёлга тош отсин.

Сўнг яна энгашиб, ерга ёзишни давом эттирди.  Улар бу гапни эшитиб, катталардан бошлаб ҳаммаси бирин кетин кета бошлашди» (Юҳанно 8/3-9).

Юҳанно келтирган бу қисса мавҳумлигича қолиб, нега ҳамма тарқаб кетди ва Ийсо алайҳиссалом ерга нималарни чизди экан деган ўринли саволлар юзага келади. Барнабо эса бу саволларга жавоб бериб, қиссани тўлиқ баён қилади.

«Ийсо Маъбадга келганида, китобийлар ва фарзийлар унинг олдига зинода қўлга олинган аёлни келтиришди. Улар ўзаро «Агар у уни озод қилса, бу Мусонинг Қонунига зид бўлади, шундай биз уни фош қиламиз, лекин уни ҳукм қилса, ўзининг таълимотига зид бўлади, чунки у раҳм-шафқатга даъват қилади» дейишарди. Улар Ийсога яқинлашишди ва унга дейишди: «Устоз, бу аёл зинода қўлга олинди. Мусо бизга бундайларни тошбўрон қилишни васият қилган: сен нима дейсан?»

Бироқ Ийсо пастга энгашиб, бармоғи билан ерда кўзгу чизди, унда ҳамма ўзининг жиноятларини кўрди. Улар унинг жавобини кутишарди, Ийсо эса тикланиб, қуйидаги сўзлар ила уларга бармоғи билан кўзгуни кўрсатди: «Сизлардан ким гуноҳсиз бўлса, унга биринчи бўлиб тош отсин». Ва яна пастга энгашиб, ерга ёза бошлади. Улар эса буни эшитиб ва ўз гуноҳлари учун виждон олдида фош бўлиб, катталаридан бошлаб охиргиларгача бирин-кетин кета бошлашди» (Барнабо/201).

Қиссадан маълум бўлаяптики, яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломни тузоққа туширишни мақсад қилишган. Уларнинг асл ниятлари бу аёлни ҳукм қилиш эмас эди, балки Ийсо алайҳиссаломни синаб кўриш эди. Улар у зотнинг олдиларига икки йўл қўйишган эди. Яҳудийлар қўйган тузоқ шундан иборат эдики, у зот икки йўлдан қай бирини танласалар ҳам, уларнинг таъна ва айбловларидан холи қола олмас эдилар. Лекин Аллоҳ ўз пайғамбарига уларнинг асл ниятларини ошкор этди, шу билан бирга уларнинг барчалари яқин орада қилган гуноҳ ишларини ҳам у зотга билдирди. Ийсо алайҳиссалом ерга уларнинг ҳар бири қилган ана ўша гуноҳларни ёзардилар. Сўнгра «Орангизда ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб аёлга тош отсин», дедилар. Эҳтимол, йиғилганлар ердаги ёзувни кўриб, ҳар бири ўзига тегишли гуноҳларни ўқиб: «Бу қилган гуноҳимни ҳеч бир кимса кўрмаган эди, ҳеч кимга сўзламаган ҳам эдим. Бу одам пайғамбар бўлмаганида, булар ҳақида хабардор бўлмасди. Агар бу аёлни ҳукм қилсам, қилган гуноҳим учун менга ҳам ҳукм чиқараман, деб қолса нима қиламан?» деган ўйларни кўнгилларидан ўтказиб,  қайтиб кетгандирлар...

Юқорида Барнабо Инжилининг қолган тўрт Инжил билан ўхшаш жиҳатлари кўплигини кўриб чиқдик. Энди уларни ораларидаги баъзи тафовутларни ҳам ўрганиб чиқамиз.

Ийсо алайҳиссаломнинг туғилиш қиссасини келтирган Инжилларда Марям Юсуфга унаштирилганидан сўнг Ийсо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлган деб келтирилади:

«Исо Масиҳнинг туғилиши шундай содир бўлди: Ийсонинг онаси Марям Юсуфга унаштириб қўйилган эди. Уларнинг никоҳидан олдин Марям Муқаддас Руҳдан ҳомиладор эканини билди» (Матто 1/18).

«Элизабетнинг ҳомиласи олти ойлик бўлганда Худо фаришта Жаброилни Жалиланинг Носира деган шаҳрига, Довуд авлодидан Юсуф исмли йигитга унаштирилган бир қизга юборди. Қизнинг оти Марям эди» (Луқо 1/26-27).

Барнабо Инжили эса Марям Ийсо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлганидан кейин Юсуфга турмушга чиққанлигини келтиради:

«Марям Худонинг иродасини билгач, унинг ўз қорнида боласи борлигидан унга ҳасад қилиб, уни зинода айблаб тошбўрон қилишларидан қўрқиб ўз уруғидан бўлган Иосиф (Юсуф) исмли солиҳ кишига турмушга чиқди» (Барнабо /2).

Барнабо Инжилининг қолган тўрт Инжилдан энг катта фарқи Ийсо алайҳиссаломнинг хочга михланиш қиссасидир. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, хоч қиссаси барча Инжилларда турлича баён қилинган бўлиб, бири келтирган ривоятни иккинчиси рад этади. Инжил муаллифларининг мазкур воқеа ҳақида келтирган маълумотлари бир-биридан шунчаки фарқ қилибгина қолмай, балки улардаги айрим ўринлар бир бирига зид ҳамдир. Ҳеч қайси хушхабарчи ўзлари баён этган воқеаларга шахсан гувоҳ бўлиб, ҳодисаларни ўз кўзлари билан кўрмаганлар.

Марк, Лука ва Маттолар «Киринеялик Симон исмли одамни Ийсо алайҳиссаломнинг хочини кўтариб боришга мажбур қилишди», деб хабар берадилар.

«Улар йўлда киринеялик Шимўн деган кишини учратиб қолиб, уни Ийсонинг хочини кўтариб боришга мажбур қилдилар» (Матто 27/32).

«Аскарлар йўлда Шимўн деган одамни учратиб қолдилар. У даладан қайтиб келаётган эди. Улар Шимўнни Ийсонинг хочини кўтариб боришга мажбур қилдилар. Шимўн киринеялик бўлиб, Искандар ва Руфнинг отаси эди» (Марк 15/21).

«Аскарлар Ийсони олиб кетдилар. Улар кетаётганларида Шимўн деган бир одамни учратиб қолдилар. Шимўн киринеялик бўлиб, даладан шаҳарга қайтиб келаётган экан. Аскарлар унинг елкасига хочни ортиб, Ийсонинг кетидан боришга мажбур қилдилар» (Луқо 23/26).

Юҳанно исмли бошқа хушхабарчи эса «Исо Ўз хочини кўтариб, шаҳар ташқарисидаги Бош суяги деган жойга келди (Бу жойнинг оромийча номи Гўлгота эди). У ерда Ийсони хочга михлаб қўйдилар» (Юҳанно19/27-28) деб, юқоридаги учта хушхабарчини ёлғончи қилади.

Хушхабарчиларнинг ҳаммалари хочдаги ёзувни бир-бирларидан фарқли равишда турлича қилиб кўрсатишган.

«Исонинг бош томонига улар: «Бу яҳудийларнинг Шоҳи Ийсодир», деган айбини кўрсатувчи ёзувни осиб қўйдилар» (Матто 27/37).

«Бош томонида «Яҳудийларнинг Шоҳи» деган Унинг айбини кўрсатувчи ёзув бор эди» (Марк 15/26).

«Исонинг боши узра [юнон, лотин ва ибрий тилларида] «Яҳудийларнинг Подшоҳи будир» деган ёзув бор эди» (Луқо 23/38).

Ийсо алайҳиссалом айтган охирги сўзлар ҳам турли Инжилларда турлича ривоят қилинган:

«Соат учларда Исо баланд овоз билан:

– Эли, Эли, ламо шавақтани? – деб фарёд қилди. Бу сўзнинг таржимаси: «Эй Худойим! Эй Худойим! Нега Мени тарк этдинг?!» – демакдир» (Матто 27/46).

«Соат учда Исо баланд овоз билан:

– Элоҳи, Элоҳи, ламо шавақтани? – деб фарёд қилди. Бу сўзнинг таржимаси: «Тангрим, Тангрим, нега Мени ташлаб қўйдинг?» – демакдир» (Марк 15/34).

«Исо баланд овоз билан фарёд қилди:

– Ота! Руҳимни Сенинг қўлларингга топширяпман. Шундай деди да, жон берди» (Луқо 23/46).

«Исо шаробни татиб кўргач:

— Амалга ошди! — деди–ю, бошини эгиб жон берди» (Юҳанно 19/30).

Хушхабарчилар хочга михланиш вақтини ҳам турлича кўрсатишади:

Марк «Уни михлаганларида соат уч эди» деса, Лука «Олти эди», дейди, Матто эса «Исо соат тўқизда жон берган», дейди.

Ўзбек тилида кенг тарқалган «Инжил» номли китобда ушбу ихтилофларни яшириш мақсадида рус ва бошқа тилдаги «Инжил»дан фарқли равишда ҳар бир хабардаги соат вақтини бир хил қилиб, «тўғрилаб» қўйишган. Таржимонлар ўзбек ўқувчисининг Инжил хусусидаги ихтилофларга чалғимасликларини кўзда тутган бўлсалар керак.

Инжил муаллифлари Ийсо алайҳиссалом билан бирга осилган икки жиноятчи ҳақида ҳам бир бирига зид бўлган қиссаларни келтирадилар. Матто ва Марк қароқчилар ҳам Ийсони ҳақоратлаганларини келтиради:

«Исо билан бирга хочга михланган қароқчилар ҳам Уни шундай ҳақоратлар эдилар» (Матто 27/44).

«Исроилнинг Шоҳи Масиҳ энди хочдан тушсин, токи биз кўриб Унга ишонайлик! – дейишарди. Ийсо билан бирга хочга михланганлар ҳам Уни ҳақоратлар эдилар» (Марк 15/32).

Аммо Луқо Инжилида қароқчиларнинг бири Ийсони ҳақоратлайди, иккинчиси эса Ийсони оқлаб, ёнидагига танбеҳ беради. Шу билан олдинги икки ҳушхабарчини ёлғончига чиқаради.

«Осилган жиноятчилардан бири Ийсони ҳақоратлаб деди:

– Масиҳ экансан, Ўзингни ҳам, бизни ҳам қутқармайсанми?!

Иккинчи жиноятчи эса бу шеригига таъна қилди:

– Худодан қўрқмайсанми?! Ўзинг ҳам шу одам каби жазога маҳкум бўлгансан ку! Биз қилмишимизга яраша адолатли жазо олдик. У эса ҳеч қандай ёмонлик қилгани йўқ. Кейин деди:

– Эй Исо, тахтингизга ўтириб, Шоҳ бўлганингизда мени эсланг!

Исо унга деди:

– Сенга чинини айтайин, бугуноқ сен Мен билан бирга жаннатда бўласан» (Луқо 23/39-43).

Масиҳийларнинг ўзлари ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг хочда ёки ёғочда осиб ўлдирилганликлари масаласида бир хил фикрда эмаслар. Улар «Ҳаворийлар фаолияти» китобида Ийсо алайҳиссаломнинг хочга эмас, ёғочга осиб ўлдирилганликларини уқтирадилар. Павел ҳам галатияликларга юборган мактубида Ийсо алайҳиссаломнинг ёғочга осиб ўлдирилганликларига шубҳа қилмайди, аммо бошқа бир мактубида «...хочга тўкилган қони..» деб ўзининг аввалги (ёки кейинги) сўзини инкор этади. Яъни Павел ҳам Ийсо алайҳиссаломни ёғочда ёки хочда ўлди деб аниқ айта олмайди.

Барнабо Инжили ҳам хоч қиссасини келтиради. Бироқ, бошқа Инжиллардан фарқли равишда хочга Ийсо алайҳиссалом эмас, балки хоин Яҳудо Искариот осиб ўлдирилган, дейди.

«Яҳудо Ийсо кўтариб олинган, унинг ўн бир ҳаворийси ухлаб ётган хонага биринчи бўлиб отилиб кирди. Айнан шунда ҳамду санога лойиқ Раббимиз қойилмақом иш тутди: Иуда ўзининг сўзи ва юзи билан Ийсога шу қадар ўхшаб қолдики, биз бунга ишондик ва ростдан ҳам уни Устоз деб ўйлаб қолдик» (Барнабо /216).

«Улар уни жиноятчилар осиладиган Гўлготага олиб келишди. Ўша ерда улар уни одамлар унинг устидан имкон қадар кўпроқ мазах қилишлари учун яланғоч қилиб михлашди. Яҳудо эса фақат «Тангрим, нима учун мени ташлаб қўйдинг, ваҳоланки золим қочиб кетди, мени эса адашиб ўлдирмоқдалар-ку?» деб қичқиргани қичқирган эди» (Барнабо /216).

Бугунги кунда мавжуд Инжиллар билан Барнабо Инжили ўртасидаги муштарак ва фарқли жиҳатларнинг асосийлари ана шулардан иборат.

Барнабо Инжили мусулмонлар таърифида

Ҳазрат Ийсо алайҳиссаломдан сўнг бир неча «Инжил» ёзила бошланди. Муқаддас китоб шахcий фикрлар билан тўлғизилди, унинг исталган жойидан турли матнлар олиб ташланди. Ҳа, илоҳий китобга бўлган муносабат ана шундай ачинарли аҳволда эди. Натижада учинчи асрда Никеяда тўпланган бир ҳайъат узоқ давом этган тортишувлар натижасида ўша пайтгача ёзилган Инжиллардан 496 тасининг ўқилишини тақиқлаб қўйди.

Ажабланарли томони шундаки, бу Инжиллардан биттаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди ва бу китобни ўқиганлар ғоят қаттиқ жазо олиши эълон қилинди... Бу – биз ўрганаётган Барнабо Инжили эди.

Бу Инжилнинг ўқилиши милоддан кейинги 492 йилда Папа бўлган Жаласюс-I томонидан ҳам тақиқланган бўлиб, у ҳаворийларнинг энг эски талабаларидан бири бўлмиш Барнабога оиддир. Барнабо Инжили бошқа Инжилларда топилмайдиган бир хусусиятга эга бўлгани учун ҳам «Тақиқланган китоблар рўйхати»нинг энг юқорисидан ўрин олган эди.

Шундай қилиб, тақиқланган Инжиллар зудлик билан тўпланади. Уларнинг бир қисмини оғир жазолардан қўрққан халқнинг ўзи йўқ қилади. Фақатгина диндор бир папа Барнабо Инжилларидан биттасини олиб қочишга муваффақ бўлади. Анча вақт ўтгач бу Инжил Венадаги Императорлик кутубхонасига етказилиб, инглиз тилига таржима қилинади.

Лекин черков Барнабо Инжилининг изини яна топишга муваффақ бўлади. Бир ҳафта давомида бу Инжилнинг барча нусхалари топилиб, уларни йўқ қилишга қаттиқ киришилади. Бироқ, черковнинг барча ҳатти-ҳаракатлари самарасиз эди. Чунки бу орада яна иккита Барнабо Инжили олиб қочилган, буларнинг бири Британия музейига, иккинчиси эса Америка Конгресси Кутубхонасига юборилган эди.

Мазкур Инжиллар у жойларда ҳам нимагадир ҳарбий сир каби қаттиқ қўриқланди ва халқдан яширилди. Бу сирнинг очилишига эса бир мусулмон генерали сабабчи бўлди.

Америка Қўшма Штатларида ҳарбий комиссар вазифасида ишлаган покистонлик генерал Абдураҳим бу Инжилни яширинча суратга олиб, микрофильмларни Покистонга олиб келишга муваффақ бўлди. Анча вақтдан сўнг микрофильмлар Покистондаги «Бегим Оиша Бавани Вақфи» томонидан китоб ҳолига келтирилди ва бу воқеа Ислом дунёсида қувончли бир ҳодиса сифатида кутиб олинди.

Микрофильм тасмалари махсус ишлов берилиб, тасвирлар пайдо бўлгач, Барнабо Инжили бошдан кечирган тазйиқлар, тақиқларнинг сабаблари ҳам бироз ойдинлашди. Маълум бўлишича, бу Инжилда Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келишларини жуда узоқ йиллар аввал хабар берилган эди.

Дарҳақиқат, ғарб дунёсининг бу Инжилни йўқотишга Саодат асри мунофиқларига хос бир зўрма-зўракилик ва катта ғайрат билан уриниши ҳам ибратлидир.

Ҳа, Барнабо Инжили анчагина ўзгаришларга учраганига қарамай, бир қанча муҳим ҳақиқатларни ҳам сақлаб қолган. Китобнинг бу қадар тақиқланишига сабаб ҳам шу бўлса ажаб эмас...

Энди Барнабо Инжилидан бир неча иқтибослар келтирамиз. Асарнинг 44-саҳифасида ҳазрати Ийсо алайҳиссалом ўзларидан кейин келадиган пайғамбар ҳақида ҳаворийларга шундай деганлар:

«Сизга айтяпман, Аллоҳнинг Расули бутун махлуқотга раҳматдир. У фаросатли, зукко ва тасалли берувчи, ҳикматли ва қудратли; қалби Аллоҳга бўлган ишқ ва қўрқув билан тўла, дақиқ ва юмшоқ руҳлидир. У раҳмат ва ёрдамсеварлик руҳи, адолат ва ачиниш ҳисси билан, назокат ва сабр руҳи билан ҳаракат қилади. Жаноби Ҳақ унга бутун махлуқотига берганининг уч баробарини берган. У бу дунёга келган давр Саодат давридир. Бунга ишонинг. Мен уни Аллоҳнинг Ўз пайғабарларига берган нубувват кўзи билан кўрдим. Уни кўришим билан руҳим таскин топди. «Эй Муҳаммад, Аллоҳ сен билан бирга бўлсин ва мени оёқ кийимингнинг боғи бўлиш шарафига муяссар қилсин. Агар мен бу муродимга эришсам, Аллоҳнинг энг муборак бир қули ва буюк бир пайғамбари бўламан». Ҳазрати Ийсо алайҳиссалом шу сўзларни айтиб бўлиб, Аллоҳга шукр этди».

Худди шу китобда ҳазрати Ийсо алайҳиссалом бир аёлнинг «Кутилган масиҳ сен эмасмисан?» деган саволига шундай жавоб берганлар: «Мен фақатгина Исроил ўғилларига юборилган қутқарувчи бир пайғамбарман. Лекин мендан кейин Аллоҳ томонидан бутун оламга Муҳаммад исмли расул юборилади».

Эътиборга сазовор жойи шундаки, Барнабо Инжилида ҳазрати Ийсо алайҳиссаломнинг на илоҳлиги, на унинг чормихга тикилганлиги ҳақида гапирилган!

Барнабо Инжилида ҳазрати Ийсо алайҳиссаломнинг яна шундай марҳамат қилганлари келтирилади: «Бутун ер юзидагилар кутган қутқарувчи мен эмасман».

163 фасл, 7-жумлада ҳазрати Ийсо Сарвари олам Пайғамбаримизнинг муборак исмларини тилга олиб: «Ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) араб даштида зоҳир бўлади. Бутларни ва бутпарастларнинг таъзирини беради», дейдилар.

«Эй муаллим, дунёга келишидан баҳс этган у одаминг ким?» деб сўраганларида ҳазрати Ийсо алайҳиссалом бундай жавоб берадилар: «У Муҳаммад Расулуллоҳдир».

«Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сиз учун фойдалидир. Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман» (Юҳанно 16/7).

Бузилган, яъни қасддан ўзгартирилган Инжиллардан олинган юқоридаги ифодалар бу муқаддас китобнинг бузилмасдан олдин севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаломга оид далилларга тўла эканлигини исботламоқда. Ҳа, пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканликларига баъзан ой, баъзида қуёш гувоҳлик берган, гоҳида эса тошлар ва дарахтлар далил бўлган. Ва албатта, у муборак зот Қуръондан бошқа муқаддас китобларда ҳам зикр этилганлар.

Сўзимизнинг охирида шуни таъкидлаймизки, ҳақиқатнинг юзага чиқишини истамайдиган мунофиқлар қанчалик уринишмасин, бу каби очиқ ойдин ҳақиқатларни батамом яшириб бўлмайди.

Барнабо Инжили масиҳийлар таърифида

Ҳаворий Барнабо асли Кипрлик бўлиб, Янги Аҳдда Ийсонинг етмишта шогирди қаторида зикр қилинган. У Павелнинг ҳаворийлар сафига қўшилишида катта роль ўйнаган.

«Шоул Қуддус шаҳрига етиб боргач, у ердаги Исонинг шогирдларига қўшилиб, иноқлашишга уринди. Лекин унинг Исо шогирди бўлганига ҳеч ким ишонмай, ундан қўрқишарди. Шунда Барнабо Шоулни ҳаворийларнинг ҳузурига бошлаб келди ва унинг йўлда Исони кўрганлигини, Исо унга нима деб сўзлаганини, Дамашқда Исонинг номи билан қандай довюраклик билан ваъз айтганини уларга айтиб берди. Шундан кейин Шоул энди улар билан бирга юрадиган бўлиб, Қуддусда Раббимиз Исонинг номи билан қўрқмасдан тарғибот қиларди» (Ҳаворийлар 9/26-28).

«Кейин Барнабо Шоулни ахтариб, Тарсга борди ва уни топиб, Антиохияга келтирди. Бир йил мобайнида улар имонлилар жамоати билан тўпланиб, талай одамга таълим беришди. Биринчи марта Антиохия шаҳрида Исо шогирдлари Масиҳий деган номни олдилар» (Ҳаворийлар 11/25-26).

Ҳаворий Барнабо жияни, хушхабарчи Юҳанно-Марк билан ҳам кенг кўламда тарғибот ишларини олиб борган. Милодий етмиш олтинчи йилларда вафот этган (шаҳид бўлган). Биринчи масиҳийликка оид «Барнабонинг мактуби» ва «Барнабонинг амаллари» каби китоблар унга нисбат берилган.

«Барнабо Инжили» апокрифи қадимда мавжуд бўлган деган тахмин жуда юқоридир, чунки унинг зикри қадимий тарихий манбаларда келган.

1) Рим Папаси Геласиянинг (бешинчи аср) «Қабул қилинган ва манъ қилинган китоблар» декретидаги «Биз қабул қилмайдиган китоблар» деб номланган рўйхатда ўнинчи бўлиб «Барнабо Инжили» зикр қилинган.

2) «Олтмишта каноник китоблар» (еттинчи аср) қўлёзмаси.

3) «Муқаддас каломлар мажмуаси» (ўнинчи аср).

Шундан кейин бу китоб то ўн иккинчи асргача ҳеч қаерда зикр қилинмаган.

Барнабо Инжили икки нусхада бўлиб, 1709 йили Вена миллий кутубхонасида «Барнабо Инжили»нинг итальян тилидаги нусхаси топилган (код 2662). Уни ҳошияларида араб тилида кўпгина ёзувлар бор. Барнабо Инжилининг иккинчи нусхаси испан тилида бўлиб, иккала нусха ҳам тахминан ўн олтинчи асрларга тегишлидир. Асл нусха аввалига йўқолиб, кейин 1976 йилда Австралияда топилган.

Испан тилидаги нусхада бу китобнинг тарихига оид кичик сарлавҳа мавжуд. Унга кўра, роҳиб Фра Марино бу Инжилни Папа Сикст бешинчининг хусусий кутубхонасида топиб олади ва махфий равишда Исломни қабул қилиб, бу тарихий ҳужжатни авлодларига сақлаб қолишга қасд қилади. Шунингдек, испан тилидаги нусха мусулмон Мустафо де Аранда томонидан итальян тилидаги нусхадан кўчирилгани ҳам зикр қилинган.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, «Барнабо Инжили»нинг матнлари биринчи бор Тунис қўлёзмаларида 1630 йили зикр қилинган. 1734 йили шарқшунос Жорж Сейл мусулмонлар қўлида Барнабо номли араб ва испан тилидаги Инжил мавжудлигини қайд этган.

1907 йили Оксфорда «Барнабо Инжили»нинг итальян тилидаги нусхасини англиялик роҳиб Лонсдейл Регг инглиз тилига таржима қилади ва адабий китоблар жумласида нашр қилдиради. Шу вақтдан бошлаб «Барнабо Инжили» кенг тарқалади ва 1908 йили илк бор араб тилида Мисрда чоп этилади.

Бу Инжил мусулмон ақийдаси нуқтаи назаридан ёзилган бўлиб, жуда кўп жиҳатдан Қуръон талқинига мос тушади. Мисол учун, Иброҳим алайҳиссаломнинг отасининг исми Озар деб келтирилиши, қурбонлик қилинадиган ўғилнинг Исҳоқ эмас, Исмоил эканлиги, яҳудий хоҳомларларнинг (раввинларнинг) муқаддас китобни бузганликлари, Ийсо алайҳиссаломнинг илоҳ эмас, оддий инсонлиги, Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари ҳақидаги тавсифлар Қуръон таълимотининг айни ўзидир. Шунингдек, Ийсо алайҳиссаломнинг хочга михлаб ўлдирилмагани, у зотнинг ўрнига Яҳудо Искариотнинг ўлгани ҳам қисман Қуръон таълимотига тўғри келади.

Тан олиш керакки, айни пайтда бу китобда Қуръонга тўғри келмайдиган фикрлар ҳам топилади. Жумладан, Барнабо Инжилида Ийсо алайҳиссалом дастлабки гуноҳ ҳақида кўп бор тўхталиб ўтади, Одам алайҳиссаломнинг биринчи бўлиб хатна қилдирганлиги ҳам зикр қилинади. Шунингдек, Ийсо алайҳиссаломнинг шайтонга раҳми келиб, Худодан унинг гуноҳини кечиришини сўрагани ҳам шулар жумласидандир. Бундан ташқари, бу китобда Юҳанно Чўқинтирувчи (Яҳё пайғамбар) ҳақида бирор бир сўз келмайди.

Шу билан бирга бу китобда бир неча хатолар ҳам кўзга ташланади.

1) Бу китобнинг муаллифи Фаластиннинг биринчи асрдаги географиясини яхши билмаган. Масалан, у Носира шаҳри Жалила кўлининг қирғоғида жойлашган деб ўйлаган.

«Ва Ийсо Жалила денгизига келди ва қайиққа ўтириб, Носира томон сузиб кетди» (Барнабо/ 20).

Ваҳоланки Носира кўл сатҳидан уч юз эллик метрча юқорида жойлашган.

2) Шоҳ (вилоят ҳокими) Ҳиродни мушрик, кофир деб билган.

«Юҳанно жавоб берди: «Мен Ироднинг уйида нон ер эдим. Чунки сени танишимдан аввал мен балиқчи эдим ва Ироднинг оиласига балиқ сотар эдим. Бир куни у ўз уйида базм қилиб ўтирганда мен у ерга ажойиб балиқ олиб келдим ва у менга қолиб, ўша ерда овқат ейишимни буюрди». Ийсо сўради: «Қандай қилиб сен мажусийлар билан нон ея олдинг?» (Барнабо/131).

ва

«Уни Ийсони ўз уйида кўришни анчадан бери истаб юрган Ироднинг олдига олиб келдилар. Бироқ Ийсо ҳеч қачон унинг уйига киришни истамас эди, чунки Ирод нопок мажусий каби яшаб, сохта худоларни ҳурмат қилар эди» (Барнабо /217).

Лекин Ҳирод яҳудийлардан бўлган.

3) Бошқа қандайдир Библия китоблари ҳақида сўз юритади

«Илия, Тангрининг дўсти, ўзининг шогирди Елисейнинг дуосини ижобат қилиб, кичик китоб ёзди» (Барнабо/145).

Бу китобнинг борлигига илмий асос йўқ.

4) Икки марта Хаггия ва Осия пайғамбарлар ўртасидаги дўстлик зикр қилинган.

«Ва, (Осия) ота меросини сотиб, уни камбағалларга тарқатиб бергач, у Хаггейнинг ҳузурига, унга шогирд тушиш учун отланди» (Барнабо/187)

Ва

«Аггей, Осияни топа олмай, бунга ғоятда хафа бўлди» (Барнабо/188).

Ваҳоланки уларни икки аср ажратиб турарди.

5). Ийсо туғилган пайтда яҳудийлар диёрида Понтий Пилат ҳукмронлик қилган деб келтиради

«...қайсар (подшоҳ) Августнинг амрига кўра…, ва Пилат ҳукмронлик қилар эди...» (Барнабо/3).

Ваҳоланки Пилат анча кейин хукмронлик қилган.

6) Ийсонинг Масих эканлигини инкор этади. Ваҳоланки Ийсо алайҳиссалом Қуръон таълимотига кўра ҳам Масиҳ ҳисобланади.

7) Ийсо алайҳиссаломнинг туғилганига саккиз кун бўлганда Марям ва Юсуф уни хатна қилгани маъбадга олиб боришгани зикр қилинади.

«Саккизинчи куни, Худонинг қонунига кўра улар чақалоқни олишди ва уни хатна қилиш учун маъбадга олиб келишди» (Барнабо/5).

Ваҳоланки ўғил туққан аёл қирқ кунгача ҳаром ҳисобланиб, ҳеч қандай муқаддас нарсага тегиши ва муқаддас жойларга келиши мумкин эмас эди.

«Аёлнинг қондан тозаланиш муддати ўттиз уч кун бўлсин. Бу муддат тугамагунча у бирорта муқаддас нарсага тегмаслиги ва Муқаддас чодирга кирмаслиги лозим» (Левилар 12/4).

8) Исҳоқ туғилганида Исмоил етти ёшда бўлган деб келтирилади.

«Қандай қилиб Исҳоқ тўнғич ўғил бўлиши мумкин, ваҳоланки у туғилганда Исмоил етти ёшда эди-ку?» (Барнабо/44).

Ваҳоланки улар орасидаги фарқ ўн тўрт ёш бўлган. Исмоил туғилганида Иброҳим алайҳиссалом саксон олти ёшда

«Ҳожар Ибромга ўғил туғиб берди, Ибром бу болага Исмоил, деб исм қўйди. Бу пайтда Ибром саксон олти ёшда эди. » (Ибтидо 16/15-16),

Исҳоқ туғилганида эса юз ёшда бўлганлар «Исҳоқ туғилганда, Иброҳим юз ёшда эди» (Ибтидо 21/5).

9) Нуҳ тўфонида кемада Нуҳ билан бирга саксон уч киши бўлгани зикр қилинади.

«Тўфон юз берди, бутун дунё Раббининг мағфиратисиз ҳалок бўлди, ва фақат ёлғиз Нуҳгина ўзининг саксон уч ҳамроҳи билан нажот топди» (Барнабо/115).

Ваҳоланки улар саккиз киши бўлишган.

«Айни ўша куни Нуҳ билан бирга унинг ўғиллари Сом, Хом ва Ёфас, хотини ва учала келини кема ичига кирдилар» (Ибтидо 7/12).

10) Вино бочкалари ҳақида гапирилади.

«Ёғоч бочкалар вино билан тўлдириш учун ювганда юмалагандек Маъбаддан аскарлар юмалаб чиқишди» (Барнабо/152).

Ваҳоланки у вақтларда вино асосан тери идишлар ёки кўзаларда сақланарди, чунки ёғоч  ноёб хомашё ҳисобланган.

11) Қирқ кунлик катта рўза ҳақида сўз боради.

«Ўша пайтда Иудеяда Ийсо учун буюк қўзғалиш бўлди… Қўзғолон шу қадар кучли эдики, Қирқкунлик арафасида бутун Иудея шу қадар қуролландики, ўғил отага қарши, ака укага қарши эди… Ана шу пайт муқаддас Фариштанинг сўзига кўра биз Ийсо билан Сино тоғида яшириндик. Ийсо ва унинг шогирдлари Қирқкунликни ўша ерда ўтказдилар» (Барнабо/91-92).

Ваҳоланки қирқ кунлик катта рўза Черков томонидан тўртинчи асрларда тасдиқланган.

12) Шу билан бирга бу китобда Дантенинг «Илоҳий комедия»сида келтирилган дўзах ва жаннатнинг васфи каби баъзи бир мисраларни кўриш мумкин.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўн еттинчи асрга қадар ҳеч бир мусулмон олимининг бу китоб ҳақида фикр билдирганлиги маълум эмас. Агар бу китоб биринчи асрларда ёзилган бўлганда, бу ҳақда кимдир албатта гапирган бўлиши керак эди. Шу билан бирга мусулмонларнинг катта олимлари бу китобнинг ўзгартирилганини тан олишган ва унга суяниб бўлмаслигига фатво беришган. Лекин бу китобни ҳақиқий Инжил деб қаттиқ туриб олган баъзи мусулмонлар ҳам бор.

Масиҳий олимларининг Барнабо Инжили юзасидан билдирган фикр мулоҳазалари ана шулардан иборат.

Масиҳийларнинг таърифига мулоҳазалар

Масиҳий олимларнинг фикрларини ўрганиб чиқиб, Барнабо Инжилининг Қуръон таълимотига тўғри келадиган нуқталари ҳамда бу китобда учраган хатолар юзасидан баъзи бир мулоҳазаларга тўхтаб ўтишни лозим топдик.

Иброҳим алайҳиссаломни оталарининг исми Қуръонда ҳам, Барнабо Инжилида ҳам Озар деб келтирилади. Буни кўпчилик масиҳий олимлар хато деб биладилар, чунки Тавротда Иброҳим алайҳиссаломнинг оталари Тораҳ деб зикр қилинган. Хўш, қайси бири тўғри? Тораҳми ёки Озарми?

Аслида икки исм ҳам тўғри.

Таврот Иброҳим алайҳиссаломнинг отасини қадимий оромий тилда Тораҳ деб келтирган бўлса, Қуръон бу исмнинг араб тилидаги таржимасини келтирган. «Тораҳ» сўзи «туроҳа» феълидан олинган бўлиб, оғир юк, ғам, маҳзунлик деган маъноларни англатади. Араб тилидаги «визр» ва «изр» феълларидан ҳосил бўлган Озар исмининг маъноси ҳам шу каби «оғир юк» маъносини билдиради. Шу жиҳатдан Иброҳим алайҳиссаломни оталарининг исми ҳам Тораҳ, ҳам Озар бўлган.

Бундан ташқари, машҳур яҳудий тарихчиси Юсуфис «Иброҳим алайҳиссаломнинг отасининг исми Осар (Othar) эди» деб келтирган. Бу фикрнинг ўзи катта бир тадқиқот учун мавзу бўлгани туфайли рисоламизда бу ҳақда кўп тўхталмаймиз.

1) Барнабо Инжилидаги географик хатога келсак, бу китобга ўзгаришлар киритилганига ҳеч қандай шубҳамиз йўқ. Айни пайтда масиҳийлар тан олган тўрт каноник Инжилларга ҳам ўзгаришлар киритилганини таъкидлаймиз, чунки бу каби географик хатолар муқаддас китобларда учраб турадиган одатий ҳолдир. Мисол учун, Марк Инжилида шундай дейилган:

«Ийсо Тир ва Сидўн чегарасидан жўнаб, Ўнкент вилоятидан ўтиб, яна Жалила кўли бўйига келди» (Марк7/31).

Тир ва Сидўн Жалилага нисбатан шимоли ғарбда, Ўнкент вилояти эса Жалилага нисбатан жануби шарқда жойлашган. Тушунарли бўлиши учун мисол келтирамиз. Сиз Қозоғистондан Ўзбекистонга Тожикистон орқали келдингиз, лекин Тожикистон билан Қозоғистон бир бири билан чегарадош эмаслар.

Негадир масиҳий олимлар бу ҳақда лом мим дейишмайди. Аксинча, «илоҳий ваҳий» орқали тушган муқаддас китобларининг ХАТОсини одамзот қўли билан тўғрилаб, қайта нашр қилиб қўя қолишади. Ҳудди шу оятлар кейинги таржимада:

«Ийсо Тир ҳудудидан чиқиб, Сидонга борди. Сўнг Жалила кўли бўйларидан ўтиб, Декаполисга борди» (Марк 7/31).

Декаполис юнонча Ўнкент, ўншаҳар, ўн чегара дегани (деко- ўн, полис- шаҳар).

Аввалги таржима 2008 йилги нашр эди. Кейингиси эса 2011 йилда чоп этилган. Нега энди Марк Инжилини хатоси билан қабул қиласизу, Барнабо Инжилини қабул қилмайсиз?

2) Ҳироднинг мажусий деб келтирилганига келсак, ўз укасининг хотинини ёқтириб қолиб, унга уйланган, бундан кейин унинг қизи яъни жияни ва тутинган қизи билан айши ишратда бўлган, бундан ташқари Аллоҳнинг пайғамбари Яҳё алайҳиссаломнинг калласини олдирган кимса мажусий дейилишга лойиқ эмасми?

Бундан ташқари, Ҳирод муқаддас китобда мажусийлар қаторида зикр қилинган:

«Ҳақиқатан, Ҳирод билан Понтий Пилат мажусийлар ва Исроил халқи билан бирга бу шаҳарда Сенинг муқаддас қулинг, Ўзинг Масиҳ қилиб танлаган Исога қарши тўпландилар» (Хаворийлар 4/27).

3) Зикр қилинган баъзи бир китобларга келсак (масалан, Илиянинг кичик китоби), яҳудий ва масиҳий оламида китоблар шунчалик кўпки, ҳозирги кунда уларнинг кўпчилигидан фақат номи сақланиб қолган бўлиб, матнлари эса йўқ. Мисол учун, «Жангнома» ва «Яшир китоби» каби китоблар шулар жумласидандир. Илиёнинг кичик китоби ҳам шу жумладан бўлиши мумкин эмасми?

4) Хаггия ва Осияни бир даврда зикр қилиш хатодир. Лекин ҳеч қайси муқаддас китоб (Библия) бу каби хатодан мустасно эмас. Мисол учун, Матто Инжили Ийсо алайҳиссаломнинг насабларини келтирар экан, Уззиёни Йўрамнинг ўғли деб келтиради:

«...Йўрамдан Уззиё туғилди...» (Матто 1/8).

Ваҳоланки уларнинг орасини салкам юз йил ажратиб туради.

5) Барнабо Инжилида Ийсо алайҳиссалом туғилганларида Понтий Пилат ҳукмрон эди дейилиши ҳам хатодир. Аммо барча Инжилларда Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган саналари турлича келтирилади. Мисол учун, Матто Инжили Ийсо алайҳиссаломнинг туғилишларини милоддан аввалги 4 5 йилларга боғласа, Луқо Инжили милоддан кейинги 6 9 йилларга боғлайди. Бу борада ҳам аниқ бир тўхтам йўқ.

6) Барнабо Инжили Ийсо алайҳиссаломнинг масиҳ эканлигини инкор этади дейиш нотўғри, чунки Барнабо Ийсо алайҳиссаломни Масиҳ деб зикр қилган:

«Бизнинг севимли, Буюк ва Қудратли Раббимиз ўша кунларда ўз пайғамбари Ийсо Масиҳ орқали бизни мушарраф айлади…» (Барнабо/1)

Лекин Ийсо алайҳиссаломни кутилган Масиҳ эканликларини инкор этади.

«Мен ердаги барча қабилалар кутаётган масиҳ эмасман».

7) Барнабо Инжилида Ийсо алайҳиссалом туғилганларида Марямнинг ҳам маъбадга боргани зикр қилинади дейиш ҳам нотўғри. Чунки у ерда Марямнинг зикри келмаган.

«Саккизинчи куни, Худонинг қонунига кўра улар чақалоқни олишди ва уни хатна қилиш учун маъбадга олиб келишди» (Барнабо/5).

8) Барнабо Инжилида «Исҳоқ туғилганида Исмоил етти ёшда эди» дейилиши хато эканлигини ҳеч ким исботлай олмайди, чунки Тавротда ўн тўрт ёш деб ўзгартирилган бўлиши ҳам мумкин. Мисол тариқасида Таврот келтирган хабарни бир кўриб чиқайлик:

«8Исҳоқ ўсиб, унинг эмчакдан ажралиш куни келиб қолганда, Иброҳим ўғли шарафига катта зиёфат берди.9Мисрлик Ҳожарнинг Иброҳимга туғиб берган ўғли эса шўхлик қилаётган эди. Соро буни кўриб,10Иброҳимга:

– Бу чўрини ўғли билан бирга ҳайдаб юбор! Бу чўрининг ўғли менинг ўғлим Исҳоқ билан баравар ворис бўлмайди, – деди.

11Иброҳим бу гапдан жуда хафа бўлди. Ахир, бу ҳам унинг ўғли эди.12Аммо Худо Иброҳимга деди:

– Сен ўғлинг ва чўринг учун хафа бўлма. Соронинг айтадиган ҳамма гапига қулоқ сол. Чунки сенинг наслинг Исҳоқ орқали кўпаяди.13Шунга қарамай, чўрингнинг ўғлидан ҳам бир халқ яратаман, чунки у ҳам сенинг наслингдир.

14Иброҳим эрталаб туриб, нон ва бир меш сувни олиб Ҳожарга берди, унинг елкасига қўйиб, боласи билан жўнатиб юборди. Ҳожар эса кетаётиб, Беър-Шева чўлида адашиб қолди.15Мешдаги сув тамом бўлгач, Ҳожар боласини бир бутанинг тагига ташлаб кетди.16«Боламнинг ўлишини кўрмайин», – деб у нарироқ кетди-да, бир ўқ отар масофадаги узоқликда ўтирди. Ҳожар рўпарада ўтирганича, дод фарёд кўтарди.

17Худо эса боланинг додига қулоқ солди. Худонинг фариштаси осмондан Ҳожарга хитоб қилди:

– Эй Ҳожар, сенга нима бўлди? Қўрқма, Худо боланинг додини ётган жойидан эшитди.18Энди ўрнингдан тур, болани кўтариб ол ва унинг қўлидан қаттиқ ушла. Чунки Мен ундан буюк халқ яратаман, – деди.

19Худо Ҳожарнинг кўзларини очиб юборди, у суви бор қудуқни кўриб қолди. Бориб мешни сувга тўлдирди-да, боласига ичирди.

20Шундан кейин бола чўл-биёбонда яшай бошлади. Худо эса доимо у билан бирга эди. У улғайиб, камонкаш бўлди.21У Порон чўлида истиқомат қиларди. Онаси эса уни Миср юртидан уйлади» (Ибтидо 21/8-21).

Таврот зикрига кўра Исҳоқ туғилганида Исмоил ўн тўрт ёшда эди. Исҳоқ улғайиб, уни сутдан чиқариш вақти келганда Исмоил ўн олти ёшда бўлган бўлиши керак, чунки одатга кўра чақалоқ икки ёш бўлгандан кейин сутдан чиқарилади. Исҳоқ учун ўтказилган зиёфатдан кейин Иброҳим Ҳожарга нон ва сув бериб, елкасига Исмоилни ортиб жўнатяпти. Инжилнинг ўзбекча таржимасидаги 14 оятни атайин ўзгартириброқ таржима қилишган. Мана худди шу оятларнинг рус тилидаги таржимаси:

«Авраам встал рано утром, и взял хлеба и мех воды, и дал Агари, положив ей на плечи, и отрока, и отпустил ее. Она пошла, и заблудилась в пустыне Вирсавии..»

Энди Ҳожарнинг ўн олти яшар болани елкасида кўтариб кетишини бир тасаввур қилинг ва Барнабо Инжилига солиштириб кўринг. Қайси бири ҳақиқатга яқинроқ?

Таврот келтирган қиссага кўра, Исмоил тўрт ёш билан ўн ёш орасидаги бола бўлган. Ҳожарнинг уни елкасида кўтариб кетиши, сув тугаганда унинг ўлимини кўрмай деб бир ўқ отар масофага бориб туриши, ундан кейин фаришта унга болани кўтариб олишни буюриши – буларнинг барчаси боланинг шу ёшлар орасида бўлганлигини тақозо қиляпти. Энди Барнабо келтирган хабарга қарасак, Исҳоқ туғилганида Исмоил етти ёш, Иброҳим алайҳиссалом уларни жўнатиб юборганларида эса тўққиз ёш бўлгани аён бўлади ва бу қисса ҳақиқатга анча яқинлигига ишонч ҳосил қиламиз.

9) Барнабо Инжили тўфон пайтида кемада Нуҳ ва саксон уч киши бўлган деб зикр қилмаган, балки саксон уч ҳамроҳ дейилган.

«Тўфон юз берди, бутун дунё Раббининг мағфиратисиз ҳалок бўлди, ва фақат ёлғиз Нуҳгина ўзининг саксон уч ҳамроҳи билан нажот топди» (Барнабо/115).

Ҳамроҳ жумласининг ичига одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам киради. Шунинг учун ҳеч ким Барнабо Инжили келтирган ададни хато деб исботлай олмайди. Аксинча, Таврот зикрига кўра кемадагиларнинг адади бир неча мингтага етиб қолиши мумкин.

«Ана шу куннинг ўзида Нуҳ ва унинг ўғиллари Сом, Ҳом ва Ёфит, Нуҳнинг хотини билан учта келини ҳаммаси бирга кемага кирдилар. Улар билан бирга барча ёввойи ҳайвон, чорва ва ерда қимирловчи майда жониворлар турлари, шунингдек, барча парранда турларидан хилма-хил патли қушлар кемага кирдилар. Ҳаёт руҳига эга бўлган ҳар бир махлуқдан жуфт-жуфт бўлиб Нуҳнинг олдига, кемага кирдилар. Худо Нуҳга буюрганидек, кемага кирган ҳар бир махлуқнинг эркак ва урғочи жинсидан бор эди. Охирида Худованд Нуҳнинг кетидан эшикни ёпиб қўйди» (Ибтидо 7/13-16).

10) Барнабо Инжилидаги бочкалар зикри китобга кейин изофа қилинган (қўшилган, бириктирилган) бўлиши мумкин. Бу каби ўзгартиришлар бошқа каноник Инжилларда ҳам етарлича топилади:

«...шогирдлар Исодан сўрадилар: — Фисиҳ таомини қаерда емоқчисиз? Биз бориб тайёргарлик кўрайлик. Исо шогирдларидан иккитасини юбораётиб, уларга деди: — Шаҳарга боринглар, у ерда кўзада сув кўтариб кетаётган бир одамни учратасизлар. Унинг орқасидан боринглар. У кирадиган хонадон эгасига шундай деб айтинглар: “Устозимиз шогирдлари билан Фисиҳ таомини емоқчилар. У сиздан: ‘Бизга тайёрлаб қўйилган меҳмонхона қаерда?’ деб сўраб юбордилар.» (Марк14/13-14).

Ўша пайтни одатига кўра эркаклар кўзада сув ташимас эдилар.

Шунинг учун бўлса керак, Матто бу оятларни бошқачароқ, аниқроғи ҳатони тўғирлаб келтиради:

«...шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар: — Фисиҳ таомини қаерда емоқчисиз? Биз бориб тайёргарлик кўрайлик. Исо деди: — Шаҳарга фалончининг олдига бориб, унга шундай деб айтинглар: Устозимиз сизга: “Вақтим етди. Мен Фисиҳ зиёфатини шогирдларим билан сизнинг уйингизда ўтказмоқчиман”, деб айтиб юбордилар.» (Матто 26/17-18).

11) Қирқ кунлик рўзанинг зикрига келсак, Ийсо алайҳиссаломнинг қирқ кун рўза тутганлари бошқа Инжилларда ҳам келтирилган.

«Ўшанда Исо, иблиснинг синовидан ўтиш учун Муқаддас Руҳ томонидан саҳрога олиб борилди. У қирқ кун ва қирқ кеча рўза тутиб, охири оч қолди» (Матто 4/1-2).

Ўшандан кейин ҳаворийлар ҳам рўза тутишни одат қилган бўлишлари мумкин.

12) Барнабо Инжилида Дантенинг китобидаги каби мисралар келиши унинг шу китобдан кўчирганлигига ишорами? Балки Данте Барнабо Инжилидан кўчирган бўлса-чи? Чунки Барнабо Инжили Дантедан бир неча асрлар аввал мавжуд бўлган.

Мусулмонлар бу Инжил ҳақида то ўн еттинчи асргача ҳеч нарса дейишмаганига келсак, бунинг икки сабаби бор:

Биринчи сабаб.

Мусулмонлар нафақат Барнабо Инжилини, балки бошқа Инжилларни ҳам ўқишни макруҳ билишган. Умар розияллоҳу анҳу Тавротдан баъзи оятларни кўтариб келганида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Орангизда мен бўлсам ҳам шундай қиласизларми?» деб, бундан қайтарганлар. Ўз навбатида Умар розияллоҳу анҳу ҳам бир киши Тавротдан баъзи мисраларни ўқиб юрганида ҳассалари билан уч бор урганлари, шундан кейин ўша одам Тавротни қайтиб ўқимасликка ваъда берган. Шунингдек, Абу Ҳанифа бир мажлисга кирганларида бир киши Дониёр китобини ўқиётганини кўриб, унга ташланганлари, мажлисдагилар у кишини аранг ушлаб қолишгани ривоят қилинган. Шундан билсак бўладики, Ислом ҳозирда Инжил, Таврот деб аталаётган китобларни ўқишни макруҳ санайди.

Иккинчи сабаб.

Масиҳийлар бу ва бунга ўхшаш китобларни ғоятда махфий сақлашган. Улар кенг оммани, ҳатто оддий масиҳийларни ҳам нафақат бу каби китоблар, балки масиҳий оламида тан олинган китобларни ўқишдан ҳам қайтариб келишган. Бу ҳол ўрта асрларгача давом этган. Протестант йўналишининг Католик йўналишидан ажралиб чиқишига ҳам аслида шу нарса сабаб бўлган.

Шунинг учун ҳам мусулмонлар Барнабо Инжили ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлишмаган. Мусулмонлар ҳатто каноник Инжилларнинг матнларидан ҳам, у ерда келган Ислом пайғамбари ҳақидаги башоратлардан ҳам бехабар бўлишган. Масиҳий роҳиб ва олимларнинг баъзилари Исломни қабул қилиб, бу ҳақда мусулмонларга хабар беришмаса, улар бу ҳақда ҳануз хабар топмаган бўлишарди.

Барнабо ва Павел орасидаги мунозара

Барнабо Инжили масиҳийлар тан олган ақийдадан, аниқроғи, Павел масиҳийликка олиб кирган ақийдадан қуйидаги беш масалада фарқланиб туради:

1. Ийсо алайҳиссаломни илоҳ деб эътироф қилиш.

2. Шаръий ҳукмлар, яъни хатна қилиш.

3. Иброҳим алайҳиссаломнинг қурбонлик қилмоқчи бўлган ўғли.

4. Кутилган Масиҳ

5. Хочга михланиш воқеаси.

Аввало Барнабонинг Павел билан танишуви ҳақида тўхталиб ўтайлик. Юқорида Барнабо ота-онаси билан Қуддусга кўчиб келгач, Жамалияга шогирд тушгани ва маъбадда хизмат қилиб юрганини билиб олган эдик.

Ривоятларга кўра, Барнабо Шоул (Павел) билан айнан маъбадда хизмат қилиб юрган пайтларида танишган ва улар орасида дўстлик пайдо бўлган. Павел масиҳийлар сафига қўшилганида ҳаворийлар уни қабул қилмай, ишонишмагани, шунда унга Барнабо шафоатчи бўлганлиги ҳам бу ривоятни тасдиқлайди.

«Шоул Қуддус шаҳрига етиб боргач, у ердаги Исо шогирдларига қўшилиб, иноқлашишга уринди. Лекин унинг Исо шогирди бўлганига ҳеч ким ишонмай, ундан қўрқишарди. Ўшанда Барнабо Шоулни ҳаворийларнинг ҳузурига бошлаб келди ва унинг йўлда Исони қандай кўриб, Исо унга нима деб сўзлаганини, Дамашқда Исонинг номи билан қандай довюраклик билан ваъз айтганини уларга айтиб берди. Бундан кейин Шоул энди улар билан бирга юрадиган бўлиб, Қуддусда Раббимиз Исонинг номи билан қўрқмасдан тарғибот қиларди» (Ҳаворийлар 9/26-28).

Барнабо ва Павелнинг йўллари икки марта кесишиб, икки марта айрилади. Улар биринчи сафар маъбадда, яҳудийлар сафида бирлашган бўлса, биринчи айрилиш Барнабонинг масиҳийлик йўлига ўтиши ва Павелнинг яҳудийлар сафида қолиши билан бошланади.

Барнабо масиҳийликни ихтиёр этиб, Ийсо алайҳиссаломнинг ёнларида юрганда, у зотнинг ўн икки ёки етмиш нафар ҳаворийлари сафида бўлганда, Ийсо алайҳиссаломдан сўнг масиҳий динини ёйганда ва бу йўлда бор мол мулкини ва ҳатто жонини ҳам аямай хизмат қилган бир пайтда Павел унга қарама қарши тарафни танлайди. Масиҳийликни батамом йўқ қилиш, иймонли жамоатни таъқиб қилиш, уларни зиндонбанд қилиш ва қатл қилишда жонбозлик кўрсатади.

«Стефаннинг ўлдирилишини Шоул маъқуллаган эди. Ўша куннинг ўзида Қуддусдаги имонлилар жамоатига қарши кескин қувғин даври бошланди. Ҳаворийлардан бошқа ҳамма Яҳудия ва Самариянинг ҳар хил жойларига тарқаб кетдилар. Баъзи диндор одамлар Стефанни кўмиб, у учун катта йиғи қилдилар. Шоул эса имонлилар жамоатини талон-тарож қилар эди. Уйма-уй юриб, эркакми, хотинми, ҳаммани судраб қамоқхонага берар эди» (Ҳаворийлар8/1-3).

Ривоятларда уларнинг йўллари илк бор айрилгандан кейинги муносабатлари икки хил келтирилади.

Бирида Барнабо Павелни бу йўлдан қайтаришга харакат қилгани, унга панд насиҳатлар қилгани келтирилса, иккинчисида Барнабо ундан қочиб, беркиниб юргани, Павелнинг эса уни тутиб, жазоламоқчи бўлгани келтирилади. Нима бўлганида ҳам, бу душманлик Павел масиҳийлар сафига қўшилгунича давом этади.

Уларнинг иккинчи бор бирлашиши ана шундан бошланади

Павелнинг «иймонга келдим», деган сўзларига Барнабо дарҳол ишонади. Ҳаворийлар эса унга ишонишмайди. Шунда Барнабо Павелнинг тарафини олади, унга шафоатчи ва вакил бўлади. Шундан сўнг икковлари таълим тарғибот ишларини биргаликда олиб боришади. Кўпгина шаҳарларга – Антоҳияга (Суриянинг ўша пайтдаги пойтахти) ва бошқа юнон шаҳарларига сафарлар уюштиришади.

«Шундан кейин Барнабо Шоулни излаб Таршишга кетди. У Шоулни топгандан кейин, уни Антиохияга олиб келди. Шундай қилиб, Барнабо билан Шоул бир йил давомида у ердаги жамоат билан бир жойга йиғилиб, бир қанча одамларга таълим бердилар. Шогирдларга биринчи марта Антиохия шаҳрида «масиҳийлар» деб ном берилди» (Ҳаворийлар11/25-26).

Бу жараён улар то юз кўрмас даражада уришиб қолгунларича давом этади.

«Орадан бир неча кун ўтгач, Павелус Барнабога деди:

– Қани, биз Раббимизнинг каломини ваъз қилган шаҳарларга борайлик, имонлиларни йўқлайлик, уларнинг ҳол–аҳволини билайлик.

Марк деган Юҳаннони Барнабо ўзлари билан бирга олиб кетмоқчи бўлган эди. Аммо Павелус уни олиб кетишни истамади, чунки Марк уларни Памфилияда қолдириб кетганди, хизматда охиригача бирга бўлмаган эди. Павелус билан Барнабонинг орасида шундай англашилмовчилик бўлдики, улар бир бирларини тарк этдилар. Барнабо Маркни ўзи билан бирга олиб, кемада Кипрга сузиб кетди...» (Ҳаворийлар15/36-39).

Улар шундан кейин учрашишмади. Ҳаворийлар китоби бу аразлашувнинг асл сабабларини беркитишга урингани яққол кўриниб турибди. Чунки «Муқаддас Руҳга» чулғанган бу икки ҳаворийга бу каби арзимас нарса учун юз кўрмас даражада уришиб қолиш ярашмас эди. Шунга қарамай, китобда уришишнинг сабаби айнан шунга боғланган.

Бироқ, аслида Павел билан Барнабо ўртасида Ҳаворийлар китобида келтирилганидан кўра жиддийроқ гап ўтган бўлиши керак. Чунки бундай кичик ҳодиса икки «авлиё» ва «пайғамбар»нинг ажралиб кетишлари, ҳаттоки юз кўрмас бўлиб қолишларига сабаб бўлиши мумкин эмас эди. Муқаддас китоб таъкидлаганидек, уларнинг иккови ҳам муқаддас руҳнинг кўрсатмаларига биноан иш юритишган. Муқаддас Руҳ бирларига бир кўрсатмани бериб, иккинчиларига бунинг аксини бериши мумкинми? Нима бўлганда ҳам, агар синчковлик билан назар ташласак, Павел билан Барнабо ўртасидаги ҳам фикрий, ҳам ақидавий катта ихтилофни кўрамиз. Бу нарса Павелнинг Галатияликларга ёзган мактубида яққол намоён бўлган.

«Ҳайронман, сизлар қанчалик тез Масиҳнинг иноятли даъватидан юз ўгириб, бошқа бир «Инжил»га сажда қилдингизлар! Аслида бошқа Инжил йўқ. Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ Хушхабарини бузиб кўрсатишни хоҳлайдилар. Бордию биз ёки ҳатто осмондан бирор фаришта келиб, ўзимиз сизларга ўргатган Инжилдан бошқа бир «хушхабар» келтирса, лаънати бўлсин. Биз олдин ҳам айтган эдик, ҳозир яна айтяпман: агар кимки сизлар қабул қилган Инжилга зид бўлган хабарни тарғиб этса, лаънати бўлсин!» (Галатиялик 1/ 6-9).

Бу оятлардан кўриниб турибдики, Павел «баъзилар» деб кимларнидир айблаяпти. Агар унинг Барнабо билан юз кўрмас бўлиб кетиш даражасида уришиб қолганлигини ҳисобга олсак, Барнабо ҳам ана шу «баъзи»лар жумласига кирган бўлиши мумкин. Барнабо Инжилини ўқигач, бу фикрга янада амин бўлдим. Павел Барнабонинг исмини айтиб айбламаган бўлса, Барнабо Павелни очиқдан очиқ айблайди, «Унинг ичига шайтон кириб олди, Инжилни бузиб талқин қиляпти», дейди. Кўриниб турибдики, иккиси ҳам бир бирини Инжилни бузишда айблаяптилар. Демак, уларнинг ўртасида ақидавий даҳанаки жанг бошланиб кетган.

«Улар Фригия ва Галатия ўлкасидан ўтишди, Муқаддас Руҳ Асия вилоятида Ийсо ҳақидаги хабарни ваъз қилишни уларга таъқиқлаганди» (Ҳаворийлар16/6).

Галатия ҳам Асия вилоятига киради. Аммо негадир Павел Галатияликларга мактуб йўллаб, ваъз насиҳат қилишда давом этаверади. Бундан эса Павел билан Барнабо ўртасида ақидавий жанг бўлаётгани янада равшанлашади.

Умуман олганда, Павел Ийсо алайҳиссаломни кўрмаган ва у зотдан таълим олмаган бўлишига қарамай, Петр, Яқуб ва Барнабо каби ёнларида юриб, у зотдан бевосита таълим олган шогирдларга ва ҳаворийларга кўп бор қарши чиққан. Ҳали қараса, Петрни айблаган, яна қараса, Яқуб билан тортишган. Бу ёқда эса Барнабо билан уришган. Павел ҳатто Ийсо алайҳиссаломнинг ўзларига ҳам қарши чиқишга журъат этган, у зотнинг таълимотини ўзгартириб, турли ҳукмлар чиқарган. Бу мавзуга ҳозир кўп тўхталиб ўтирмаймиз, чунки бу масаланинг ўзи катта бир тадқиқотга лойиқ мавзу бўлиб, иншаааллоҳ, уни ўз ўрнида алоҳида ўрганиб чиқамиз.

Юқорида кўрганимиздек, Павел «Бордию биз ёки ҳатто осмондан бирор фаришта келиб, ўзимиз сизларга ўргатган Инжилдан бошқа бир «хушхабар» келтирса, лаънати бўлсин», дея дуоибад қилар экан, биз деб ўзи ва у каби таълим берувчиларни назарда тутмоқда. Павел ва Барнабонинг кўп вақт бирга бўлишган, таълим тарғибот ишларини ёнма-ён туриб бажаришган, бироқ кейин уришиб қолиб, ажралиб кетишган ва шундан кейин бошқа ҳеч учрашишмаган. Бу ажралиш оддий узоқлашиш эмас, балки фикрий ва ақидавий тафовут, қарама-қаршилик бўлганини эътибор қилсак, Павел «биз» деганда айнан Барнабони назарда тутганига ишонч ҳосил қиламиз.

Павелнинг «бошқа бир «хушхабар» келтирса» деган сўзига эътибор қилайлик. Хушхабар – бу Инжил дегани бўлиб, Евангелия сўзининг ўзбек тилидаги таржимасидир. Демак, Павелнинг «бошқа бир Инжил келтирса» дейишидан бошқа Инжиллар ўша пайтлардаёқ пайдо бўлганини тушунамиз ва айни пайтда юқорида санаб ўтилган сабабларга кўра, унинг айнан Барнабо Инжилини назарда тутганлигига амин бўламиз.

Бундан ташқари Павел Тимўтейга юборган мактубида ўз олдига Маркни олиб келишни буюради. Агар Павел билан Барнабо ўртасидаги келишмовчиликнинг сабаби фақат шу Марк бўлганида, ҳеч қачон уни олиб келишни буюрмаган бўларди. У мактубда яна қандайдир китобларни ҳам олиб келиш ҳақида буйруқ беради:

«Ёнимда ёлғиз Луқо бор. Маркни ўзинг билан бирга олиб кел, у менга хизмат учун керак. Тихикни Эфес шаҳрига юбордим. Келаётганингда Троас шаҳрида Карпнинг ёнида мен қолдириб кетган плашчни ва китобларни, айниқса пергамент китобларни ҳам олиб кел» (2Тимўтей 4/11-13).

«... Марк ҳақида буйруқ олгансизлар; агар олдингизга борса, уни яхши қабул қилинглар» (Колосалик 4/10).

Кўриниб турибдики, Барнабо билан Павелнинг юз кўрмас бўлиб кетадиган даражада уришиб қолишларига Марк сабабчи бўлмаган. Ажралиш, юқорида таъкидлаганимиздек, диний нуқтаи назардан содир бўлган. Яна қандайдир китобларни олиб келиш ҳақида гапирганидан хулоса қилишимиз мумкинки, Марк Барнабонинг жияни бўлиб, у билан доимо бирга бўлгани ва айни пайтда Барнабонинг котиби бўлгани учун ҳам Павел унга айнан Барнабо Инжилини келтиришни буюрган бўлиши мумкин. Чунки у мактубда Марк ва китобларни бирга зикр қилмоқда. Бундан Барнабо Инжили ўша даврлардаёқ мавжуд бўлгани намоён бўлади.

Нима бўлганда ҳам, Барнабо билан Павелнинг ўртасида катта ақидавий жанг бўлиб ўтган. Бунга қуйида яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Аввал айтганимиздек, Барнабо Инжили Павелнинг ақийдасидан беш жиҳатдан ажралиб туради.

1) Ийсонинг илоҳ, илоҳ ўғли ёки инсонлиги масаласи.

2) Шаръий ҳукмлар, яъни хатна қилиш масаласи.

3) Иброҳим алайҳиссаломнинг қурбонлик қилмоқчи бўлган ўғли масаласи.

4) Кутилган масиҳ мавзуси

5) Хочга михланиш воқеаси.

Биринчи ва иккинчи жиҳатлар

«Азизларим, Буюк ва Улуғ Тангри бизга ўзининг пайғамбари Ийсо Масиҳни юбориб, унга диннинг раҳмати ва мўъжизалар кўрсатиш қобилиятини ато этиб, бизни мушарраф қилди. Шайтон алдаган кўпчилик диндор одам ниқоби остида даҳшатли (мудҳиш) даҳрийликка даъват қилмоқда. Улар Ийсони Худонинг ўғли деб атамоқдалар, хатна маросимини – Худо билан абадий боғланишни инкор қилмоқдалар ва ҳар хил нопок овқатларни ейишга рухсат бермоқдалар. Уларнинг орасида залолатга тушган Павелнинг ўзи ҳам борки, бу ҳақда мен изтиробсиз гапира олмайман» (Барнабо/1)

«Ийсо қўлини кўтариб, тинчлик сақлашни сўрагач, деди: «Эй исроилликлар, дарҳақиқат, мени ўзингизнинг Худоингиз деб атаб гуноҳи азим содир этдингиз, ваҳоланки мен одамман, холос. Қўрқаманки, Худо бунинг сабабидан муқаддас шаҳарга бало юбормасин ва уни ажнабийларга қулликка бериб юбормасин. Сизларни бунга ундаган шайтонга минг лаънат бўлсин!» Шундай деб, Ийсо икки қўли билан ўзининг юзига ура бошлади. Оломоннинг ичида шунақанги қичқириқ ва йиғи эшитила бошладики, Ийсонинг нима деяётганини ҳеч ким эшита олмай қолди. Шунда у тинчлик ўрнатилиши ва йиғи тўхташи учун яна қўлини юқорига кўтарди. Сўнг у қўшимча қилди: «Осмон олдида эълон қиламан ва ердаги ҳамма нарсани гувоҳликка оламанки, мен – аёл туққан, бир кун ўлувчи ва Тангрининг Иродасига бўйсунувчи, барча одамлар каби овқат ва уйқу, иссиқ ва совуқ билан боғлиқ қийинчиликларга учровчи инсонман. Шунинг учун, Раббим Худованд менинг айтганларимни суд қилганда, У Зот менинг инсондан улуғроқ эканлигимни ишонган барчани қилич зарби каби жазолайди» (Барнабо/93).



Павел бу сўзларга қандай жавоб қайтарди?

«Энди мен инсонлардан мақтов излаяпманми, ёки Худоданми? Наҳотки инсонларга ёқмоқчи бўлсам? Агар мен ҳали ҳам инсонларга ёқмоқчи бўлганимда эди, Масиҳнинг қули бўлолмас эдим!» (Галатиялик 1/10).

«Буни мен, Павелус, сизларга гапиряпман: агар сизлар суннат (хатна) қиладиган бўлсангизлар, Масиҳ сизларга фойда қилмайди» (Галатиялик 5/2).

Демак, бу оятларда Барнабо ва Павел бир бирлари билан мунозара қилмоқдалар. Барнабо Павелни Ийсони худо дейишга, худонинг ўғли дейишгача бориб етганлигини таъкидлаб, «катта ширк келтириб, шайтонга алданган» деса, ўз ўрнида Павел одамларнинг (Барнабонинг) гапига қарамай, «Ийсони худо деб биламан, унинг бандасиман» демоқда. Павел суннат (хатна) ҳукмини бекор қилиб, хатна қилманглар деяётган бир пайтда Барнабо уни Тангри билан банда орасидаги абадий аҳдни бузишда айблаяпти.

Учинчи ва тўртинчи жиҳатлар

«Шунда ҳаворийлар: «Устоз, Мусонинг китобида Исҳоқ масаласида ваъда берилди, деб айтилган», дейишди. Ийсо хўрсиниб деди: «Ҳа, шундай. Бироқ буни Мусо эмас, балки Худодан қўрқмаган бизнинг раввинларимиз ёзишган. Мен эса сизларга айтаманки, агар фаришта Жаброилнинг айтганига диққат билан қарасангиз, бизнинг китобийларимиз ва олимларимизнинг макрини топа оласиз, чунки фаришта Жаброил шундай деган: «Иброҳим! Бутун олам Худо сени қанчалик севишини билади! Бироқ, дунё сенинг Худога бўлган муҳаббатингни қандай билади? Сен Худога бўлган муҳаббати ҳаққи нимадир қилишинг керак». Иброҳим жавоб берди: «Мана Рабби ниманики хоҳласа, қилишга тайёр Худонинг бандаси». Шунда Худо деди: «Иброҳим, тўнғич ўғлинг Исмоилни олгин-да, уни тоғда қурбонлик қил». «Қандай қилиб Исҳоқ тўнғич ўғил бўлиши мумкин, ваҳоланки у туғилганда Исмоил етти ёшда эди-ку?» (Барнабо/ 44).

«Руҳоний сўради: «Масиҳни нима деб чақиришади (ёки Масиҳнинг исми нима бўлади?) ва унинг келгани қандай оят-мўъжиза орқали маълум бўлади?» Ийсо жавоб берди: «Масиҳнинг исми – Мақталгандир, чунки Худонинг Ўзи унинг руҳини яратиб, осмон ёғдусига жойлаштирганда унга бу исмни берди». У Зот деди: «Тўхтаб тур, Муҳаммад, сенга бўлган муҳаббатим туфайли Мен Жаннатни, дунёни ва сенинг ҳаётингда мавжуд бўладиган сон-саноқсиз маҳлуқотларни яратмоқчиман. Шунингдек, сенга салом айтганнинг ўзи ҳам саломат бўлади, сени лаънатланган эса ўзи лаънати бўлади! Мен сени дунёга юборганимда Мен сени Ўзимнинг расулим, нажоткорим қилиб юбораман. Сенинг сўзларининг шу қадар ҳақ  бўладики, ер ва осмон йўқолганда ҳам сенинг дининг боқий қолади!» Муҳаммад – унинг муборак исмидир!» (Барнабо/ 97).



Павел бу сўзларга қандай жавоб қайтарди?

«Эй сизлар, Қонун бандалари бўлишни истаганлар, менга айтинглар-чи, наҳот сиз Қонунга қулоқ солмайсизлар? Мана Қонунда: Иброҳим икки ўғилли бўлган, бири чўридан, бошқаси озод, ўз хотинидан эди, деб ёзилган. Чўрисиники табиат қоидаларига биноан, озод хотининики эса илоҳий ваъдага биноан туғилган эди. Бунда рамзий маъно бор. Икки она икки аҳдни билдиради: биринчиси, қуллар туғадиган Ҳожар биби – Худо Синай тоғида қилган аҳднинг рамзидир. Ҳожар сўзи Арабистондаги Синай тоғини билдирса-да, ҳозирги Қуддуснинг рамзидир; чунки Қуддус ва унинг болалари ҳозир қул бўлиб хизмат қилмоқдалар. Бироқ кўкдаги Қуддус эса озоддир: у бизларнинг ҳаммамизга она. Мана, Тавротда бундай ёзилган:

«Эй туғмайдиган, наслсиз аёл, шод бўлгил!

Қувончларга тўлиб хитоб қилгил,

Эй тўлғоқ азобин чекмаган!

Зеро никоҳли аёлнинг ўғилларидан кўра,

Ташлаб кетилганнинг ўғиллари кўп бўлди».

Биз эса, биродарлар, Исҳоққа ўхшаб, илоҳий ваъда бўйича туғилган ўғиллармиз. Ўша вақтда табиий йўл билан туғилган Исмоил* илоҳий ваъда бўйича туғилган Исҳоққа зулм этди. Ҳозир ҳам худди шундай. Аммо Тавротда нима дейилади? – «Чўрини ва унинг ўғлини ҳайдаб юборгин. Чунки чўрининг ўғли озод хотиннинг ўғли билан баравар ворис бўлолмайди».

Шундай қилиб, эй биродарлар, биз чўрининг эмас, балки озод хотиннинг фарзандимиз» (Галатиялик 4/ 21-31).

Бу мунозарада биринчи бўлиб кўзга ташланадиган нарса Павелнинг Ҳожар ва Исмоилни эсга олганлигидир. Гўё Павел Барнабо Инжилини қўлига олиб, унга раддия айтаётгандек. Ёки бошқача қилиб айтганда Павел:

«Эй сизлар», яъни «Эй Барнабо! Нима деб валдираяпсан? Ахир китобда қурбонлик қилинмоқчи бўлинган Исҳоқ эди-ку, нега Исмоил деяпсан. Мерос ҳам Исҳоқ авлодига тегишли, чунки чўри ўғли меросдан маҳрум қилинган. Эй Барнабо, кутилган пайғамбар ҳам сен даъво қилганингдек Исмоил наслидан эмас, Исҳоқ наслидан бўлажак. Бу меросга биз лойиқмиз, чунки биз озод аёлнинг ўғли наслиданмиз. Сен зикр қилган Муҳаммад чўрининг ўғли наслидан бўлса, у бунга лойиқ эмас», деб жавоб қайтараётгандек.

Бешинчи жиҳат

«Яҳудо Ийсо кўтариб олинган, унинг ўн бир ҳаворийси ухлаб ётган хонага биринчи бўлиб отилиб кирди. Айнан шунда ҳамду санога лойиқ Раббимиз қойилмақом иш тутди: Иуда ўзининг сўзи ва юзи билан Ийсога шу қадар ўхшаб қолдики, биз бунга ишондик ва ростдан ҳам уни Устоз деб ўйлаб қолдик» (Барнабо /216).

«Улар уни жиноятчилар осиладиган Гўлгўтага олиб келишди. Ўша ерда улар уни одамлар унинг устидан имкон қадар кўпроқ мазах қилишлари учун яланғоч қилиб михлашди. Яҳудо эса фақат «Тангрим, нима учун мени ташлаб қўйдинг, ваҳоланки золим қочиб кетди, мени эса адашиб ўлдирмоқдалар-ку?» деб қичқиргани қичқирган эди» (Барнабо /216).

«Эй бефаҳм галатияликлар! Ҳақиқатга бўйсунмаслик учун сизларни ким сеҳрлаб қўйди? Сизларнинг кўз ўнгингизда Исо Масиҳнинг хочга михлаб қўйилгани аниқ тасвир этилмаганмиди» (Галатиялик 3/1).

«Демак, Масиҳ ўликлар ичидан тирилди, деб оламга очиқ эълон қилинмоқда. У ҳолда қандай қилиб баъзиларингиз: ўликлар тирилмайди, деб айтяпсизлар? Агар ўликлар тирилмас экан, унда Масиҳ ҳам тирилмаган демакдир. Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, у ҳолда бизнинг хабаримиз ҳам, сизнинг имонингиз ҳам беҳудадир. Бундай ҳолда Худонинг ёлғон шоҳидлари ҳам бўлар эдик; чунки биз «Худо Масиҳни тирилтирди», деб шаҳодат бериб юрибмиз. Агар ҳақиқатан ўликлар тирилмас экан, унда Худо Масиҳни ҳам тирилтирган эмас. Ҳа, агар ўликлар тирилмас экан, унда Масиҳ ҳам тирилмаган демакдир. Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, сизларнинг имонингиз бефойда, сизлар ҳали ҳам гуноҳга ботгансизлар» (1Коринфлик 15/12-17).

Бу оятларда ҳам гўёки Павел қўлида Барнабо Инжилини ушлаб олиб қуйидагича раддия айтаётгандек:

«Эй бефаҳм галатияликлар! Сизлар ким нима деса ишонаверасизларми? Агарки ўша гапираётган киши Барнабо бўлса ҳам. У Ийсо хочда ўлмаган, унинг ўрнига Яҳудо Искариот осилган деса сеҳрланган кишидек ишониб ўтирибсизлар-а! Ахир хочга осилган киши Ийсонинг аниқ ўзи эди-ку. Барнабо «Ийсога ўхшатиб қўйилган Яҳудо Искариот эди» деб минг марта айтса ҳам. Ҳа, албатта, Ийсо хочда осиб ўлдирилди, кейин тирилиб, намоён бўлди. Агар Масиҳ хочга осиб ўлдирилмаган бўлганида бизнинг шаҳодатимиз ҳам, иймонимиз ҳам бир пул бўларди».

Хулоса

Юқорида ўрганиб чиққанларимиздан қуйидаги хулосаларни чиқарсак бўлади:

•    Мусулмон ва масиҳий олимлар Барнабо Инжилининг қадимда, Ислом пайдо бўлишидан олдин пайдо бўлганлигига иттифоқ қилганлар.

•    Мусулмон ва масиҳий олимлар Барнабо Инжилига кейинчалик ўзгаришлар, қўшимчалар қўшилганига иттифоқ қилишиб, бу каби ўзгариш ва қўшимчалар каноник Инжилларда ҳам борлигини эътироф этишган.

•    Қиёсий тадқиқотлар асосида Барнабо Инжилининг бошқа каноник Инжилларга ўхшаши, уларга яқинлиги, баъзан уларни тўлдириши ва айрим жиҳатдан фарқ қилишига ишонч ҳосил қилдик.

•    Барнабо Инжилини мусулмонлар ёзган деган фикр ўз исботини топмади. Чунки бу китоб Ислом пайдо бўлишидан олдин ҳам дунёга маълум эди. Барнабо Инжилида Ислом ақидасига зид бўлган фикрлар келгани ҳам буни тасдиқлайди.

•    Барнабо ва Павел орасидаги мунозарадан Барнабо Инжилининг матнлари милодий биринчи асрдаёқ мавжуд бўлганлигини билиб, ишонч ҳосил қилдик.

Абу Муслим, Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ (инжилшунос)