loader
Foto

Гулбиддин Ҳикматёр

Ёшлик пайтларида қисқа муддат Кобул университети муҳандислик факультетида ўқиган, бироқ иккинчи семестрдан кейин университетда ўқишни ташлаган ва ўзини сиёсий фаолиятга бағишлаган, шундан кейин 1970 йил «Ёш мусулмонлар» ташкилотига аъзо бўлган.

1972 йилдан 1973 йилгача Ҳикматёр қамоқда бўлган ва Муҳаммад Дауд Хон ағдарилганидан сўнг Покистонга қочиб кетган. 1978 йилги «савр инқилоби»дан кейин Покистон кўмагида Афғонистон халқ демократик партияси (АХДП) бошчилигидаги ҳукуматга қарши партизанар урушини бошлаган.

Дастлаб Бурҳониддин Раббоний томонидан бошқарилган «Жамияти Исломия» (Афғонистон ислом жамияти) партиясининг аъзоси бўлган Гулбиддин Ҳикматёр 1979 йил бу партиядан ажралиб чиқди ва «Афғонистон ислом партияси» (Ҳизби Исломия) номи остида янги тузилмага асос солди.

Ҳикматёр асос солган партия у мухолифат сафларида бўлганида улар билан кўп ҳамкорлик қилган сўл қанот партияларга структурали жиҳатдан ўхшаб кетарди.

Ислом партияси, ҳаддан ташқари централизм ва харизматик раҳбариятига қарамай, Афғонистон жиҳодчи партиялари орасида, айниқса, пуштунлар яшайдиган ерларда кўплаб тарафдорларга эга бўлди.

Партия Ҳикматёрнинг ўша пайтда Зиёл-ул-Ҳақ бошчилигидаги ҳукуматга яқин бўлгани учун Покистондан молиявий ва ҳарбий ёрдам олиб турарди. Совет қўшинлари Афғонистонга кириб келган илк йилларда афғон қаршилик ҳаракатига ажратилган ёрдамнинг катта қисми Ислом партиясига келиб тушарди.

Совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилганидан сўнг Ҳикматёр мамлакат шарқидаги Жалолобод шаҳрида фаол ҳаракатлар бошлаб юборди. Бу фаолиятнинг мақсади диктатор Нажибуллоҳ ҳукуматини ағдариш эди. Бироқ жумладан, ҳудкушлар иштирокидаги операцияларни ҳам ўз ичига олган ҳаракатлар муваффақиятсиз якун топди.

Ҳикматёрнинг фикрига кўра, бунда ўша пайтлар мамлакат шимолидаги стратегик ҳудудларни назорат қилган Аҳмад Шоҳ Маъсуд айбдор. Ислом партияси Маъсуд Кобулнинг таъминотини узиб қўйишини кутганди.

1992 йил ҳокимият тепасига мужоҳидлар келганидан сўнг Ҳикматёр Афғонистон пойтахтига келди. Пешовар битимларига кўра, ҳокимият тепасида олти ой бўлганидан кейин истеъфо бериши лозим бўлган Бурҳониддин Раббоний кетишга тайёрлигини билдирмагач, у билан айрим жиҳодчи партиялар, жумладан, Ислом партияси ўртасидаги зиддиятлар қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. Натижада Ҳикматёр ўз қўшини билан Кобул жанубидаги Чор Асиаб ҳудудига жойлашди ва ўша ердан туриб Бурхониддин Раббоний ҳукуматига қарши курашни давом эттирди.

Бу ҳарбий ҳаракатлар натижасида урушнинг барча йилларида давомида Афғонистон пойтахти Кобул биринчи вайрон қилинди. Шаҳар мужоҳидлар гуруҳлари томонидан секторларга бўлиб олинди. Жанубни Ҳикматёр тарафдорлари назорат қилган, ғарбда шиа гуруҳлари, жануби-ғарбда генерал Дўстум қўшини, шимоли-шарқда Аҳмад Шоҳ Маъсуд тарафдорлари бўлган. Оғир ҳарбий техника билан яхши жиҳозланган мужоҳидлар ҳаводан ҳам, ердан ҳам бир-бирларига ҳужум қиларди.

1995 йил, «Толибон» гуруҳи Афғонистон жануби ва шарқидаги кўплаб ҳудудларни ўз назоратига олган пайтда Ҳикматёр Бурҳониддин Раббоний ҳукуматида Бош вазир лавозимини эгаллашга рози бўлди. Бироқ бу лавозимда у узоқ қолмади. Кўп ўтмасдан Кобул «Толибон» томонидан ишғол қилинди ва Ҳикматёр Эронда яширинишга мажбур бўлди.

2001 йил 11 сентябрь воқеалари ва «Толибон» режими қулаганидан сўнг Ҳикматёр хорижий ва афғон қўшинларига қарши қуролли курашни бошлади.

Худди собиқ СССР армиясига қарши жиҳод йилларида бўлгани каби, Ҳикматёр асосий шиор сифатида Афғонистондан хорижий кучларни олиб чиқиш ва сайловлар ўтказиш йўли билан «ислом ҳукумати» ташкил қилишни талаб килди.

Ҳикматёр «Толибон»га нисбатан мухолифатда бўлишига қарамай, АҚШ Афғонистонга ҳужум қилиш режаси ҳақида маълум қилган биринчи кунлардан бошлаб бу қадамни у «агрессия» деб атади ва агар америка қўшинлари Афғонистонга кирадиган бўлса, уларга қарши жнг қилишини айтди. Бу сўзлар қуруқ гап эмасди – Ҳикматёр ҳақиқатда хорижий кучларга қарши жанг қилди.

2002 йил февралида АҚШ томонидан ва Карзай ҳукумати босими остида Ислом партиясининг Эрондаги барча ваколатхоналари ёпилди, 1997 йилдан буён шу ерда яшаётган Ҳикматёр эса мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

2003 йил АҚШ уни террорист деб эълон қилди ва унинг исми БМТ «қора рўйхати»га киритилди.

Ислом партияси қатъий ташкилий структурага эга бўлганига қарамай, у ҳам бўлинишдан қочиб қутулмади. 2010 йилги президентлик сайловларида бир қатор партия аъзолари Хамид Карзай номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

2016 йил сентябрининг охирларида Ҳикматёр Муҳаммад Ашраф Ғани билан тинчлик битими имзолади. Қарийб 15 йил давомида Ҳикматёр партияси моҳиятан, исёнчи гуруҳ бўлиб, Афғонистон ҳукуматига қарши қуролли курашда қатнашди, лекин узоқ давом этган музокаралар давомида Кобул билан муроса йўлини танлади.

Видеоалоқа режимида битим имзолаш маросимида иштирок этган АИП раҳбари мамлакатда тинчлик ўрнатиш учун ҳукумат билан келишувнинг муҳим ролини таъкидлади. Ўз навбатида Ғани афғонларни Афғонистон Исломий партияси билан келишувнинг ҳеч бир моддаси АИР Конституциясига зид эмаслигига ишонтирди. Шунга қарамай, битимнинг имзоланиши норозилик акцияси билан бирга кечди. Кобулдаги намойишчилар АИП билан ярашувга қарши чиқиб, уни "миллий хоинлик" деб атади ва Ҳикматёрнинг мамлакатдаги тинч аҳоли ўлимига алоқадорлигини даъво қилди.

Кейинчалик Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги Ҳикматёрни террорчиларнинг «қора рўйхати» дан олиб ташлаш ҳақида расмий илтимос билан БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилди. 2017 йилнинг январь ойида унга нисбатан санкциялар бекор қилинди ва шу йилнинг баҳорида Ҳикматёр Кобулга қайтиб келди. «Ҳизби Исломия» раҳбарини Кобул – Жалолобод автомобил йўлининг қисмида катта намойиш уюштирган партиянинг кўплаб тарафдорлари қарши олди.

Шартнома имзоланганидан буён дастлабки икки йил ичида Ҳикматёр ҳукумат позицияларига риоя қилди, аммо кейинчалик мамлакат раҳбариятининг фаолияти ва сиёсий йўлини танқид қилишга ўтди.

2019 сайловларида Ҳикматёр президентликка ўз номзодини қўйди ва 3,85% овоз билан учинчи ўринни эгаллади, аммо у овоз бериш натижаларини тан олишдан бош тортди ва амалдаги ҳукумат томонидан сайлов қонунчилиги бузилгани ва кўп сонли қалбакилаштиришлар ҳақида баёнот берди.

Ҳикматёр бир неча бор Ғани ҳукуматини АИП билан тинчлик битимига риоя қилмаётганликда айблаган, 2021 йил мартида Кобулда ҳукуматга қарши намойишлар бошланганини эълон қилган. Ҳикматёрнинг талаблари қаторига Афғонистон қамоқхоналарида ўтказилган «Ҳизби Исломия» маҳбусларни озод қилиш, ҳукуматга партия аъзоларини киритиш, Афғонистондан чет эл қўшинларини олиб чиқишни кўзда тутувчи Доҳа битимига риоя қилиш, сулҳ битими тузиш ва турли сиёсий гуруҳлар иштирокида муваққат ҳукумат тузиш киради.

2021 йил 5 мартда Ҳикматёр тарафдорлари пойтахтда анча тинч ўтган норозилик намойиши уюштирдилар.

Ҳикматёр Афғонистондаги энг харизматик сиёсий арбоблардан бири ва яхши нотиқ ҳисобланади. У сиёсат, дин ва тилшуносликка оид ўнлаб китоблар ёзган. Оилали. Бир неча фарзанди бор.

Ҳикматёрнинг ўғилларидан бири Ҳабиб ур-Раҳмон ҳам «Ҳизби Исломия»да фаол қатнашади. Ҳукумат билан тинчлик битими тузилишидан олдин у Кобулда отасининг манфаатларини ифодалаган ва Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларида АИП номидан иштирок этган. Ҳозирги кунда у сиёсий фаолиятини давом эттириб, ҳамма жойда отасига ҳамроҳ бўлиб, ҳатто ўз номидан сиёсий баёнотлар беради.

Ҳикматёрнинг яна бир ўғли, АИП ёшлар бўлинмасини бошқарган Жамолиддин 2018 йилги парламент сайловларида Волуси Джирга (ҳозирги афғон парламентининг қуйи палатаси) депутатлигига номзодини қўйган.

Абу Муслим таржимаси