loader
Foto

Ҳиндистоннинг фатҳ этилиши

Мусулмонларнинг 6 минг кишилик қўшини сони 50 мингдан ортиқни ташкил қилган рақибни тор-мор қилди. Бу ажойиб ғалаба ҳозирги Покистон ҳудудидаги қадимги Синд ўлкасига ислом нурини олиб кирди. Уммавийлар халифалигининг энг шарқидаги ушбу вилоят маркази сифатида Мултон шаҳри танланди. У ердан мусулмонлар қарийб уч аср давомида Ҳиндистон субминтақасини бошқариб, исломни тарқатдилар.

Мусулмон қўшинлари илк бор Синдга 644 йилда Халифа Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида, Форс империясига қарши олиб борилган урушларда кириб келди. 644 йилда Ҳакам ибн Амр, Шаҳоб ибн Махарак ва Абдуллоҳ ибн Утбан қўшинлари ҳинд дарёсининг ғарбий соҳили яқинида тўпланган. Расил жангида Ҳинд ҳукмдори Рожа Саҳаси Рай II қўшинини мағлубиятга учратдилар. Рожа қўшинининг қолдиқлари Ҳинд дарёсининг шарқий қирғоғига чекинди.

Умар ибн Ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу Макрондаги (Эрон билан чегарадаги замонавий Белужистон ҳудуди) ишларнинг аҳволи ҳақида сўров берганида, элчи мусулмонларнинг янада ҳужум қилишлари учун ноқулай вазият ҳақида жавоб келтирди. Шунда Халифа Умар розияллоҳу анҳу халифаликнинг шарқий чегарасини Макран бўйлаб ўрнатишни, бундан кейин олға бормасликни буюрди. Умар ибн Ал-Хаттоб вафотидан сўнг Форс империясининг собиқ ҳудудларида қўзғолонлар бошланиб, Халифа Усмон розияллоҳу анҳу уларни тинчлантириш учун кучлар юборди. Усмон ибн Аффон Синдни босиб олиш мумкинлиги ҳақида ҳам суриштирди, аммо минтақадаги даҳшатли шароит ҳақида эшитгач, ўз қўшинига Ҳинд дарёсидан ўтмасликни буюрди.

Қарийб 70 йил давомида мусулмонлар Синдга кирмадилар. Уммавийлар халифаси ал-Валид ибн Абдулмалик даврида вазият ўзгарди. Ҳинд водийсининг босиб олинишига сабаб қуйидаги воқеа бўлди. Цейлон ҳукмдори Ироқдаги халифанинг ноиби Ҳажжож ибн Юсуфга оролда савдо-сотиқ билан шуғулланган оталари вафотидан сўнг Цейлонда етим қолган бир гуруҳ муслима қизлар бўлган кема юборди. Бу кемага Синднинг пойтахти Даибулдан келган қароқчилар ҳужум қилиб, кемани қўлга туширган ва талон-тарож қилган. Шунда Ҳажжож етим қолган қизларни қайтариш ва зарарни қоплашни талаб қилиб, Синднинг Брахмин ҳукмдори Дахирга Макран ҳокими Муҳаммад ибн Хорун орқали мактуб йўллади. Бироқ Дахир кемага ҳужум қилган одамлар унинг назорати остида эмаслигини айтади. Ғазаб ўтига минган Ҳажжож халифадан Даибуллик қароқчиларни жазолаш учун қўшин юборишга рухсат сўради. Рухсат олгач, Ҳажжож Убайдуллахон бошчилигидаги гуруҳни Даибулга қарши жўнатди-да, бироқ гуруҳ мағлубиятга учраб, Убайдуллахоннинг ўзи ўлдирилди. Иккинчи ҳарбий юриш ҳам муваффақиятсизликка учради. Бу икки муваффақиятсизлик Ҳажжожни қаттиқ ранжитди. Сўнг Даибулга юриш учун олти минг кишидан иборат қўшин тўплаб, яхши қуроллар билан жиҳозлади ва амакиваччаси Муҳаммад ибн Қосим ал-Сақафийни бош қилиб қўйди.

711 йил у Синд томон йўл олди ва Дайбулни қамал қилди. Беш юз киши хизмат кўрсатадиган «Келин» номли катапульта шаҳарни даҳшатли тарзда вайрон қилади. Бу қуролдан отилган тош машҳур Будда ибодатхонасининг юқори қисмини вайрон қилади, у билан бирга улкан қизил байроқ ҳам уриб туширилади. Ғайридинлар буни ёмон аломат деб ҳисоблаб, уларнинг орасида саросима бошланади. Дахир қочади, Муҳаммад ибн Қосим шаҳарда кичик бир гуруҳ қолдириб, душман таъкиб қилишда давом этади. Тез орада Муҳаммад ибн Қосим қўшини Нирунга (ҳозирги Ҳайдарободдан 75 чақирим масофада) якинлашади ва 712 йил уни эгаллаб олади. Ҳажжождан кўрсатмалар олган мусулмонлар Дахир катта куч тўплаётган Брахманобод томон йўл олади. 712 йилнинг июнида Муҳаммад ибн Қосим қўшини Ҳинд дарёсини кечиб ўтади. Дахир эса, ўз навбатида, 50 минг кишилик қўшини билан Брахманободдан мусулмонларга қарши Раварга қараб йўлга чиқади. Икки қўшин ўртасида бир нечта тўқнашув рўй беради, Рамазон ойининг 10-санасида эса асосий жанг бўлиб ўтади.

Мусулмонлар сони кўп эмаслигини кўрган Дахир жанговар фили устига ўтириб, ўз қўшини ҳужумга бошлайди. Мусулмон тарихчиларининг сўзларига кўра, «дунё бундан олдин кўрмаган даражада шафқатсиз жанг бошланади». Отлиқлардан ташқари филлар ҳам мусулмонларга катта талафот етказади. Дастлаб ташаббус ҳиндлар томонида бўлади. Бир паллада эронийларга қарши жангларда тобланган араб камончилари камон ўқларининг учига ёниб турган пахта бойлаб, душманга қарата ўқ узишади. Ўқлардан бири Дахир ўтирган филга тегади. Оғриқдан ақлдан озаёзган, мусулмонлар томонидан таъқиб қилинган ҳайвон дарё томон югуриб, йўлида учраган Дахир аскарларини эзғилаб ўтади. Ҳинд саркардасининг ўзи қутулиб қолади ва тез ордада янги бўлинмалар билан жанг майдонига қайтади. Бироқ унинг куни битганди. Бош ролни яна камончилар ўйнади. Улардан бири отган камон ўқи Дахирга тегади ва у тил тортмасдан филдан қулаб тушади. Уларнинг подшоси ўлганини кўриб, Жаи Сингх қўмондонлигидаги ҳинд қўшинининг қолдиқлари Брахманободга қочиб кетади. Даҳирнинг ўлимидан хабар топгач, хотини беваларнинг ўзига ўт қўйиш ҳиндуийлик одатига кўра ўзини ва хизматкорларини тириклайин ёқиб юборди. Бироқ, брахманлар бошлиғининг барча хотинлари ҳам буни танламайди. Рани Лади – Дахирнинг иккинчи хотини ва унинг икки қизи асирлар орасида эди. Муҳаммад ибн Қосим Рани Ладига уйланиб, унинг қизларини халифа ал-Валидга жўнатди.

Шундай қилиб, 93-ҳижрий йил Рамазон ойида Ҳинд дарёси бўйида қўлга киритилган шонли ғалаба Ҳиндистон ярим оролида исломнинг кенг тарқалишига имкон яратди. Шу сабабли Синд – жангдан кейин мусулмонлар мустаҳкамланиб олган биринчи жой – араб манбаларида «Баб ал-Ислом» (Ислом дарвозаси) деб юритилади.

Абу Муслим таржимаси