loader
Foto

Исломда хэллоуин йўқ

Друидларга кўра, айнан ушбу кун ўлганлар руҳи уйларга айланиб келар экан.

Журналист Муслим Мирзажоновнинг "Иблислар базми ёхуд Хеллоуин “байрами” ҳақида ҳақиқатлар", деб номланган мақолада қўйидагилар ёзилган:

"Баъзи манбаларда, Хеллоуин аёз, зулмат, қабоҳат ва ўлим (ёки мурдалар) “худоси” бўлган Самайн номи билан боғлиқ маросим, деб ёзилади. Уни дастлаб ҳозирги Буюк Британия ва Шимолий Ирландия ҳудудидаги халқлар нишонлашган. Совуқ кунлар арафасида 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси барча чироқлар, шамлар, фонуслар, олов ва ўчоқлар ўчирилган. Қоронғу зулмат ичра одамлар ўлим фариштасига ҳамду санолар ўқишган. Биз сен билан, биз ҳам сенингдекмиз, бизнинг жонимизни олма, қабилида унга лаганбардорлик қилишган. Эртаси куни катта гулхан ёқиб, юзларига турли ниқоблар кийиб бир-бирларини қўрқитишган ва ораларидан кимнидир ўлим “худоси”га қурбон қилишган. Бошқа манбада келтирилишича, VII асрда Рим папаси Бонифаций 1 ноябрни “All Hallows Even”, яъни “Барча руҳлар кечаси” деб эълон қилган. Бугунги 31 октябрь куни нишонланадиган Хэллоуин байрами шундан келиб чиққанлиги ҳақида фаразлар мавжуд".

Аллоҳ таоло: "Улар (мўминлар) ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир ва беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар", деган (Фурқон сураси, 72-оят).

Умар разияллоҳу анҳу: «Аллоҳ душманларининг байрамларидан узоқ бÿлинглар!»- деб айтган. (Байҳақий: «ас-Сунанул-Кубро»: 9/ 234)

Ҳақиқат Аллоҳнинг каломидир, буни инкор қилиб бўлмайди, чунки ўзингизга қарши бирон бир амални қилиш катта гуноҳдир, айниқса билиб туриб қилса...

Аслини олганда ғарб жамияти барча зулмат ва нариги дунё кучларининг Янги йили сифатида нишонланади. Иблисчилар зўровонликни тарғиб қилади ва қалбларини жаҳолатли мистик кучлар билан тўлдириб насронийликни ҳам инкор қилишади. Ўзини мусулмон санаган инсонлар бундай ҳаракатларда иштирок этиши жуда хавфли. "Байрам"нинг ўзи ёвузлик руҳида бўлиб, даҳрийлик, ширк, зўравонлик, эзотерик ва ўлимнинг барча мудҳишликларини ўзида мужассам қилган бўлади.

Маълумотларга кўра, дунё бўйича катта даромад келтирувчи байрамлар қаторида Хеллоуин Роджестводан кейин иккинчи ўринда туради. Масалан, биргина АҚШда айнан мазкур даҳшатли тадбир сабаб ота-оналар болалари учун турли ниқоб ва либослар харидига умумий ҳисобда 2,5 миллиард доллар (!) сарфлар экан. Кўриниб турибдики, хеллоуинлаштириш айрим марказлар учун чўнтак қаппайтиришнинг яна бир самарали услуби, аслида.

Аввалида хэллоуин жоҳилия жодугарларининг байрами ҳисобланган. Сўнг бошқа миллатлар унинг "қовоқ" анъаналарига тақлид қила бошлаганлар. Бироқ кўпчилик бу ғояни инкор қилдилар. Нормал онгли инсонлар ахмоқчилик қилиб,  қўрқинчли либослар билан безанадилар, уйларини ўргимчак тўри билан ясатиб, бир-бирларини қўрқитадилар, жодугарларни акс этадиган қўғирчоқлар ясайдилар.

Мусулмонларга бундай ва бунга ўхшаш харомга бошлайдиган тадбиру-маросимларда қатнашиш қатиъан ман қилинади.

Интернет маълуотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади