loader
Foto

Сўз эркинлиги - хоҳлаганингни қил, деганими?

Албатта, сўз эркинлиги – бу эркинликнинг асосий кўринишларидандир. Аксарият, мамлакат конституцияларида инсоннинг ўз фикрларини ёзма ёки оғзаки тарзда ифода қилиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Айнан, сўз эркинлиги маъносида ОАВ ва нашрлар эркинлиги ҳам ифодаланган. Сўз эркинлиги - Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясида ҳамда Европа инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш Конвенциясида ҳам қайд этилган.

Сўз эркинлиги – ижобий, зарурий ва фойдали тушунча эканлиги ўз-ўзидан маълум нарса бўлиб, уни чеклаш тўғрисида сўз юритаётганлар чиркин ғоялар тарафдори ва демократия душмани кабидир.

Аммо, кимдир бу сўз эркинлигини тўлиқ масъулиятсизлик ва бошқаларни масхара қила билиш ҳуқуқи сифатида, уларни камситиш ва озор бериш имконияти деб тушунса-чи?

“Мен Сизнинг нуқтаи назарингизга қўшила олмайман, лекин уни Сиз сўзлай олишингиз учун ўз жонимни қурбон қилишга тайёрман” деган жумлалар Вольтерга оид бўлса ҳам, унинг “Диний бағрикенглик ҳақидаги трактати”дан интерпретациядир: «Non seulement il est bien cruel de persécuter dans cette courte vie ceux qui ne pensent pas comme nous, mais je ne sais s'il n'est pas bien hardi de prononcer leur damnation éternelle», таржимаси эса қуйидагича жаранглайди: “Биз каби фикрламайдиганларга нисбатан тазйиқ ўтказиш оғир бўлибгина қолмай, уларни дуоибад қилиш ўта манманликдандир”.

Яъни, қуйидаги хулосага келамиз, ўз фикрини эркин баён қила билиш ва бунда бошқалар сўз эркинлиги ҳуқуқини поймол қилмаслик – ксенофобия ва диний тоқатсизлик касалига даъводир. Агар, меъёр белгиланмаса, шифо ва заҳарнинг фарқи қолмайди; ҳар қандай ожиз ва ижобий нарса ҳам қуролга айланиши мумкин.

Бу ўринда биз яна бир жумлани эслаймиз: “Эркинлик – бошқа инсонга зарар етказмайдиган тарзда ҳоҳлаганингни қилишдан иборатдир”, - жумлалари фуқароларнинг индивидуал ҳуқуқларини акс эттирувчи Буюк француз революциясининг муҳим хужжатларидан бири – Инсон ва фуқаро эркинликлари декларациясида қайд этилган (Декларация 1789 йил 26 августда Миллий таъсисчилар йиғилиши (фр. Assemblée nationale constituante)да қабул қилинган). Ушбу жумла бироз ўзгартирилган ҳолда 1979 йил 24 апрелда Робеспьер Конвентида тақдим этилган: “Унинг (эркинликларнинг) чегараси – бошқаларнинг ҳуқуқидир”.

Биз кўпинча “Бир инсоннинг эркинлиги, бошқа инсоннинг эркинлиги бошганган жойда тугайди” жумласини эшитамиз. Эшитамиз-у, лекин амал қиламиз-ми?

Баъзида, биз телевизор, газета ёки радиоэфирда кўраётган, эшитаётган ёки ўқиётган нарсаларимиз, экспертлар ёки баҳоловчилар фикри сифатида берилган ахборотлар эркинлик ёки “ҳоҳлаганингни қил” қабилидаги ишларнинг нозик чегарасида бўлиб, табиийки бизда бу нашрларга нисбатан саволлар туғилади. Ҳарҳолда, ОАВларда бироз аҳлоқий-маънавий нормалардан ва қонунчиликдаги (масалан, ирқий, миллий, диний ва ижтимоий кўра олмаслик ва душманликни тарғиб қилиш, бир гуруҳ инсонлар гуруҳининг бошқалардан устунлиги тарғиботи каби) чекловлардан келиб чиққан ҳолда бироз чекловлар бўлса, ижтимоий тармоқларда эса бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Нима учун?

“Ник” (тармоқ псевдоними) ортига беркиниб, бу сўз эркинлиги (ҳақорат сўзлар билан) ни бемалол суистеъмол қилса бўлаверади, ҳақорат, камситиш ва ўзгаларнинг туйғулари, харакат ва ҳулқлари, уларнинг сўзларини масхара (ёпиқ ўзаро ёзишувларда эмас, ҳамманинг кўз олдига чиқарилган ҳолда) қилиш ҳолатлари амалга оширилади. Албатта, бу безбетни “блоклаш” мумкин – лекин у бошқа ном билан қайта рўйхатдан ўтиши ва ёмонлик уруғини сочишига нима тўсқинлик қилади?

Афсуски, бу кўпинча учраётган ҳолат. Охирги вақтларда бундай ҳолатлар кўпайиб бормоқда ва бу алоҳида фойдаланувчининг маданий қолоқлиги билан таърифланмаяпти. Афсуски, тўқнашувлар, давлатлараро муносабатлардаги инқирозлар, де-юре эълон қилинмаган, аммо де-факто кетаётган урушлар, қайси-ки нафақат реал жанг майдонларларида, балки ахборот муҳитида ҳам – бир қанча “ёлланганлар” армияси пул учун қарама-қарши тараф етакчиларини камситиш ва ўзаро нифоқ уруғини қадаш учун харакат қилишмоқда.

Бугун мен бошқа масалада сўзламоқчиман: ўз “мен”ларини псевдоним ортига унча ҳам яширмайдиган, ўз блоги ёки аккаунтини – шахсий ҳудуд деб биладиган, “сўз эркинлиги” ҳуқуқимдан фойдалананиб нима ҳоҳласам шуни қиламан, дейдиган фойдаланувчилар ҳақида. Навбатдаги ўзининг мутлақ ҳақлиги ва жазосизлигига ишонган блогернинг исмини ошкор қилмайман – “дахшат яратиш ва омма эътиборини тортиш” мақсадида ёзадиган инсонни реклама қилишни ҳоҳламайман. Бу инсон ўз фикрларини ҳақоратли тарзда - инсоният устозларидан бири бўлган Зот ҳақида, ибодатхонада ёки масжидда эмас, балки ўз шахсий блогида баён қилган – ҳамда бу учун унга ҳеч қандай эътироз билдириш имкони йўқ.

Энг ёмони, бу иш -  ўз обрўсини бошқаларни обрўсизлантириш эвазида оширишни истаган ўспирин томонидан амалга оширилган эмас. Йўқ, бу нарсаларни маълум илмий салоҳиятга эга бўлган инсон ёзмоқда. Билим етишмовчилигидан-ми, ёки аҳлоқий фазилатлар етишмовчилигидан-ми – дунёвий динлардан бирининг асосчиси тўғрисидаги далиллардан салбий жиҳатларни қидириб, маълумотлардаги ҳақиқатни яшириш (бу ёлғондан ҳам ёмон) ва уларни ўзгартириш орқали, бир неча юзлаб бу дин издошларининг туйғуларини оёқ ости қилмоқда. Ўз блоги атрофидаги ўқувчилар орасидаги  пайғамбар, унинг дини, таълимот издошлари тўғрисидаги нотўғри қарашлар натижасида, нафақат хурматсизлик, балки қўрқув ва жангари тоқатсизлик қайфиятини шакллантиради.

Блогер ўзининг ҳаёсиз “эркин” фикри билан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаломни “педофилия”да айблаган вақтида бу ҳақда ўйланганми-кин? Нима учун, бундан бир минг беш юз йил аввал ҳаёт давомийлиги ўзгача бўлгани, турмушга чиқадиган қизларнинг жинсий балоғатга етганини аниқлаш учун бошқача ёндошувлар бўлгани тўғрисида лом-мим демаган? Нега Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом аёлларининг ёшига оид маълумотларда тафовутлар борлиги тўғрисида индамаган? Ойша розияллоҳу анҳо биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилган инсонлардан экани, ва турмуш қуриш чоғида 15 ёшга етган бўлиши мумкинлиги ҳақида билмаганми-ди? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломга қадар Ойша розияллоҳу анҳога Жубайр ибн Мутъим фотиҳа қилингани, ва Ойша 17 ёшдан катта бўлгани тўғрисида ўқимаганми-ди? У билмаганмиди-ки, Ойша ўз опаси Асмодан 10 ёш кичик бўлгани, Асмо эса 73 хижрий йилда 100 ёшда вафот этгани, ҳамда ҳижрат (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг Маккадан Мадинага кўчиб ўтишлари) вақтида Асмо 27 ёшда, Ойша эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом билан турмуш қурганларида 17 ёшга тўлган бўлиши мумкинлиги-ни?

Яқин тарихга назар солайлик: Совет Иттифоқида аёллар учун турмуш қуриш ёши 18 ёш бўлиб, фақат бир неча республикада – ўша ернинг урф-одатига кўра бир неча ёшга кам бўлган: Украинада 17 ёшдан, алоҳида ҳолларда эса 16 ёшдан, Ўрта Осиё республикаларида – 16 ёшдан, ота-она ва васийлари розилиги билан 15 ёшдан рухсат берилган. Шунчалар ёпиқ ва қатъий қоидаларга амал қилган (“секс йўқ” деб тан олинган) Совет Иттифоқида “педофилия” қонунан оқланган-ми? Албатта, йўқ. Мазкур ҳудудда маҳаллий иқлим ва демографик шароит - қизларнинг эрта жинсий балоғатга етишига ва эрта фарзанд кўриш қобилияти шаклланишига сабаб бўлади.

Яхши, ушбу хақоратли мақолалар ахборот етишмаслиги оқибатида юзага келган деб фараз қилсак. Балки, ёзувчи шахс – “ярамас-провокатор” эмас, аниқ адашган ва ўз ёзганларини айни хақиқат деб биладиган инсондир. Балки у атеист эмас, Худога ишонувчи шахсдир. Лекин у ўз дини муқаддас деб билган саҳифаларни ўқирми-кин? Ишончим комил-ки, барча диний китобларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом айтган сўзларига оид жумлаларни учратиш мумкин: “Дарҳақиқат, инсон ёмонлигини билмаган ҳолда айтган биргина сўзи учун, етмиш йиллик масофадаги Дўзах қаърига отилиши мумкин” (Ахмад).

Ҳозирги кунда афсус ва надоматлар билан шуни тан олиш керак-ки, орамиздаги руҳий (ички) маданиятнинг етишмаслиги, атрофимиздагилар манфаатларини поймол қилиш, жоҳиллик ва юзаки билимдонлик, сифатсиз таълим  - кибру-ҳаво ва манманлик билан қоришиб жамият аъзолари орасидаги оддий муносабатлар ва ҳамкорликка ҳалақит бермоқда. Қадрият ва асосий тушунчалар алмаштирилиши ҳолати юзага келмоқда: дўстлик руҳий яқинликдан кўра таъмагирлик асосига, муносабатлар фақат моддий манфаатлар мавжудлигига, касбий ва шахсий ўсиш эса ўз рақобатчисини аҳлоқий ва жисмоний йўқ қилишга, Худога иймон эса - савдо ва тижоратга манбаига, манфаатсиз бидъат-хурофотларга эргашиш ва оммалаштириш ҳолатлари юзага келмоқда.

Тан олиш керак, Парвардигорга иймон келтирмаган, ёки ундан ҳам ёмони ўз қалбида иймонни камситган инсон – бирор нарсага иймон келтирмайди. Ўз виждонининг ожиз овозини эшитмайди, аҳлоқий чекловларга амал қилмайди, ўзининг янгидан-янги ифлос фикр ва харакатларини “адолатли” эканини тасдиқлайверади. Ва сувда тарқалган тўлқинлар каби, унинг сўзларидан тушунмовчилик, душманлик ва адоват тарқалади, унинг ва инсониятнинг виждони жим бўлиб қолади, балки ҳаётимиз нафаси ҳам сўнади.



P.S.  Дарҳақиқат, эслатиб ўтишим лозимдир? Рус тилида “совесть” (виждон) сўзи, хабар сўзига ҳамоҳангдир (“со-весть” (хушхабар)). Украин тилида эса «совість», худди «сумління» сўзи билан бир ҳолда, яъни («су-моління») дуо қилиш, ибодат қилиш маъноларида келади. Яъни, бу аҳлоқий категория бўлиб, бу диний тушунчани - қалбимиз қабул қиладиган ва Раббимиз билан боғланадиган частота ёхуд каналга солиштиришимиз мумкин.

Ольга Юрченко

Абу Асадуллоҳ таржимаси