loader
Foto

Жаҳон саҳнасида учта инқироз юзага келмоқда

Бу ҳафта Вашингтонда президент Байден демократик мамлакатлар саммитини чақиради. Аммо демократик дунёнинг ҳақиқий драмаси бошқа жойларда авж олмоқда.

Учта инқироз кучаймоқда: Россиянинг Украинага бостириб кириши эҳтимоли, Хитойнинг Тайванга нисбатан давом этаётган босими ва Эрон атом дастури бўйича музокараларнинг муваффақиятсизликка учраш эҳтимоли.

Ушбу учта қарама-қаршиликнинг ҳар бири дунё тартибини бузиш ва кенгроқ низоларга олиб келиши билан таҳдид қилади. Биргаликда улар бизга Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари хавфли пайтда - эҳтимол кўп америкаликлар ўйлагандан ҳам хавфлироқ эканлигини айтишади. Президент Байден ва бу ҳафта у билан маслаҳатлашадиган демократик етакчилар учун муаммо инқирозни қўзғатмасдан учта жабҳанинг ҳар бирида қатъий бўлишдир.

Юздан ортиқ давлат раҳбарларини виртуал суҳбат учун тўплайдиган демократик саммитнинг замиридаги асл сабаблар анча нозик. Байденнинг фикрича, дунё демократик давлатлар ва авторитар режимлар ўртасидаги тарихий қарама-қаршилик орасида кимнинг модели устун бўлишини ҳал қилиши лозим.

Ўттиз йиллар олдин – Берлин девори кулаши ва СССРда коммунизм инқирози билан – бу масала ҳатто кун тартибида ҳам йўқ эди. Демократия юксалиши муқаррар бўлиб кўринарди.

Ўшандан бери авторитар модел қайта тикланди. Хитой ўзининг иқтисодий қудратини деспотизмнинг шафқатсиз самараси демократик тартибсизликни енгаётганининг далили сифатида очиқ кўрсатмоқда.

Демократик давлатлар бу қарама-қаршиликда қош қўяман деб, кўз чиқаришди. Америка ва бошқа давлатлар сиёсий бўлинишлар туфайли деярли фалаж бўлиб қолган эди. АҚШ эркин бозор тизимининг ғалабасини таъминлаш учун инфратузилма ва ўз аҳолисига тўғри сармоя киритмайди. Вақти-вақти билан уларнинг нодемократик импульслари, кўпинча қонли кўринишда намоён бўлади: бунинг энг ёрқин мисоли - 6 январ куни Капитолий яқинидаги тартибсизликлар, ўшанда Трамп тарафдорлари ҳокимиятни президент Байденга ўтказишни тўхтатишга ҳаракат қилишган.

Америка расмийларининг айтишича, демократик давлатлар саммити - бу муаммоларни пассивдан активга айлантириш ва демократиялар ўз муаммоларини темир мушт билан эмас, шаффоф ҳал этишини таъкидлаш учун имкониятдир. "Демократия ўз табиатига кўра доимий ишдир, - деди саммитга мезбонлик қилган амалдорлардан бири. - Биз ҳар доим янада мукаммал иттифоққа интиламиз (Америка конституциясига ҳавола – таржимон изоҳи). Бизнинг бошқа давлатлардан фарқимиз шундаки, биз буни очиқ ва яширмасдан қиламиз”.

Лекин яна бир муаммо бор. Демократиялар ичкарига йўналтирилиб, бутун дунё бўйлаб қайноқ нуқталарда иштирок этиш истаги сусайди. Бу айниқса, АҚШ учун тўғри келади, автократларда эса, охирги йилларда Американинг дадиллиги борасида гумонлар пайдо бўла бошлади.

Президент Барак Обама бир пайтлар Сурия режимининг ўз халқига қарши кимёвий қурол қўллаганини АҚШнинг “қизил чизиғи” деб атаган ва яқин орада жавоб қайтарилиши билан таҳдид қилган, бироқ бу қизил чизиқ кесиб ўтилганида у ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Президент Доналд Трамп Ироқдан ҳам, Афғонистондан ҳам чиқиб кетаётганини эълон қилди ва Суриядан қўшинларни олиб чиқиб, Американинг курд иттифоқчиларини амалда тақдир тақозосига топширди. Президент Байден Афғонистондан хунук ва фожиали чиқиб кетишни якунлади, гўё Америка йигирма йил қон ва пул берган мамлакатдан юз ўгириш истагини яна бир бор тасдиқлади.

Айни пайтда Қўшма Штатлар Хитойнинг Гонконгга ўз хоҳишини ўтказишига йўл қўймаслик учун ҳатто бармоғини ҳам қимирлатмади, Россиянинг Қримини тўғридан-тўғри босиб олишини тўхтатмади ёки буни истамади.

Яқинда содир бўлган воқеалар Россия, Хитой ва Эронни ҳозирги қарама-қаршилик позицияларида қўллаб-қувватладими ёки йўқ, олдиндан айтиб бўлмайди. Қандай бўлмасин, янги қийинчиликлар пайдо бўлади ва ставкалар юқори.

Улардан энг тўғридан-тўғриси - Россиянинг Украинага бостириб кириши таҳдидидир. Россия президенти Владимир Путин Украина чегараси яқинида қўшинлар тўпламоқда, уларнинг сони, америкалик таҳлилчилар маълумотига кўра, 175 мингга етиши мумкин. Бу унга кейинги йил бошига қадар қўшнисининг ҳудудига бостириб кириш имкониятини беради.

Байден сешанба куни Путин билан музокаралар ўтказади. Аввалроқ Америка президенти Россиянинг ҳар қандай ҳаракатларига қатъий жавоб бериш режасини ишлаб чиққанини айтди - лекин бу ҳарбий ҳаракатлар эмас, балки иқтисодий санкциялар бўлиши мумкин.

Хитойнинг Тайванга таҳдиди секинроқ ривожланаётганга ўхшайди, аммо жиддийлик даражаси бундан кам эмас. Хитой раҳбари Си Цзинпин Тайванни Пекин назорати остига олиш ниятларини очиқ-ойдин билдирган хитойлик етакчилар қаторида охирги ҳисобланади. Шу билан бирга, у бунинг ўзи ҳукумат тепасидалигида бўлишини хоҳлаётганига аниқ шама қилди.

Ўз навбатида, Эроннинг музокаралардаги тажовузкор позицияси, уранни бойитишнинг ортиши билан биргаликда Теҳрон ҳеч бўлмаганда ядровий чегарага эришишга бел боғлагани маълум бўлади. Қўшма Штатлар буни ҳатто қабул қилиши мумкин, аммо Исроил буни қабул қилмайди, яъни ҳарбий ҳаракатлар истиқболи кундан-кунга кескинлашмоқда.

The Wall Street Journal (США)

Абу Муслим таржимаси