Россия қўшинлари Украинага бостириб киришга ҳозирланар экан, дунё ҳамжамияти Россия президенти Владимир Путиннинг ўзбошимча ва ноқонуний агрессив уруш олиб бориш қарорини қораламоқда.
Максимал даражада драматик чиқиши учун пухта саҳналаштирилган тадбирлар давомида Путин душанба куни исёнчилар назоратидаги Донецк ва Луганск вилоятларининг мустақиллигини тан олиб, улар билан «дўстлик ва ўзаро ёрдам» шартномаларини имзолаган.
Баъзида ғазабнок кўринган 56 дақиқалик телемурожаатида Путин Украинанинг «Россия асос солган давлат» эканини айтар экан, Совет Иттифоқи парчаланиб, Украина ва бошқа совет республикаларига ўз йўлидан боришга имкон берилгани хато эканлигини иддао қилди.
Мурожаатдан сўнг бир неча соат ўтиб, Путин мудофаа вазирлигига бўлгинчилар назоратидаги ҳудудларда «тинчликпарварлик вазифасини» ўз зиммасига олиш буйруғини берди ва бу билан Украина шарқида Россиянинг бевосита ҳарбий аралашуви учун йўл очди.
Ҳисоб-китобларга кўра, Украина қуршовида аллақачон 150 мингдан 190 минггача Россия аскари бор.
«Биз ишонамизки, бу қарор билан Россия Украинага қарши келажакдаги ҳарбий тажовуз учун ҳуқуқий асос яратмоқда ва барча халқаро мажбуриятларни бузмоқда», деди сешанба куни Украина президенти Владимир Зеленский.
Бунга жавобан Киев Россия билан дипломатик муносабатларни тўхтатиш масаласини кўриб чиқмоқда, деб қўшимча қилди у.
«Уруш учун баҳона»
Россиянинг бу қадами дунё давлатлари етакчиларининг кенг миқёсдаги қораловига сабаб бўлди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик кенгаши тарафидан ўтказилган фавқулодда йиғилишда АҚШ элчиси Линда Томас-Гринфилд Путиннинг нутқи «уруш учун баҳона топишга» қаратилган «ғазабнок ва ёлғон даъволардан» иборат эканини айтди.
«Улар тинчликпарварлар деб аталмоқда. Бу бемаънилик. Биз уларнинг аслида ким эканлигини биламиз», деди у.
Қўшма Штатлар Россия бостириб кирган тақдирда «ўлдириладиган ёки лагерларга юбориладиган» украиналиклар рўйхати борлиги ҳақида БМТни огоҳлантирган.
БМТ бош котибининг сиёсий ва тинчлик ўрнатиш масалалари бўйича ўринбосари Розмари Дикарло Россия қўшинлари Украина шарқига юборилганидан «афсусда» эканини билдирди.
«Кейинги соатлар ва кунлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади», деди у. «Йирик можаро хавфи реал ва ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг олдини олиш зарур».
«Россия бизни чегарага олиб келди. Биз Россияни ортга чекинишга чақирамиз», деди Британия вакили Барбара Вудворд.
Кениялик Мартин Кимани кўплаб мамлакатлар «империянинг таназзули ортидан пайдо бўлганини» таъкидлаб, ўтмишдаги чегаралар бўйича «хатарли носталгияга» берилмасликка чақирди.
Германия Россиядан келувчи «Шимолий оқим-2» газ қувурини сертификатлашни тўхтатишини айтиб, Европа Иттифоқи «қатъий ва кенг кўламли» иқтисодий санкцияларни қўллашини маълум қилди.
«Бу Украинанинг демократик суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг бузилишидир», деди Италия бош вазири Марио Драги.
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳам Путиннинг бу ҳаракатини «номақбул» деб атаган.
«Қандай воқеа юз беришидан қатъи назар, руслар оғриқни ҳис қилишлари керак... бу муқаррар», деди Ирландиянинг Европа ишлари бўйича вазири Томас Бирн.
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Путиннинг бу ҳаракатини «Украина суверенитети ва яхлитлигини қўпол равишда бузиш» деб атаган бўлса, мамлакат ташқи ишлар вазири Россияга қарши янги санкциялар қўллаш ваъдасини берди.
ЕИ раҳбарлари Урсула фон дер Ляен ва Чарлз Мишел иттифоқнинг «ушбу ноқонуний ҳаракатга алоқадорларга қарши санкциялар билан жавоб қайтаришига» ваъда бердилар.
АҚШ ҳукуматининг юқори мартабали амалдори Путиннинг нутқини «суверен ва мустақил Украина ғоясига ҳужум» деб атаган.
«У тарихан Украинани Россиянинг бир қисми деб билишини очиқ айтди ва Украинанинг ниятлари ҳақида бир қанча ёлғон даъволар билан чиқди, улар эса эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларни оқлаш учун мўлжалланган», деди мулозим телеконференция орқали журналистларга.
«Бу урушни оқлаш учун рус халқига қаратилган мурожаат эди».
«Президент Путин ўзининг зўравонлик ҳаракатлари учун келажак авлод олдида жавоб беради», деди Зеленскийга бирдамлик изҳор қилиш учун Киевга келган Эстония президенти Алар Карис.
Украина элчиси Сергей Кислица Россиянинг хатти-ҳаракатларига қарамай, мамлакат чегаралари «ўзгармас»лигини таъкидлади.
«Жиноятчи қиёфаси»
Сешанба куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников вазирлик сайтида мамлакат қўшинларини урушга ҳозирлик кўришга чақирувчи эмоционал баёнотни жойлаган.
«Қийинчиликлар бўлади. Йўқотишлар бўлади. Биз оғриққа чидашимиз, қўрқув ва умидсизликни енгишимиз керак», дейди у.
У Россия тажовузи устидан «қатъий ғалаба» қозонилади, деб айтган.
«Кремл Совет Иттифоқини қайта тиклаш томон навбатдаги қадамни ташлади», деди Резников.
«Куни кеча у ўзининг асл қиёфасини кўрсатди», деб қўшимча қилди у Путинни назарда тутиб.
«Бу – бутун эркин дунёни гаровда ушлашни истайдиган жиноятчининг қиёфаси».
Душанбага ўтар кечаси Киев кўчаларида бўлгинчи вилоятларнинг тан олингани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлар экан, кўпчилик бунга ишонмаган бўлса-да, керак бўлса ўз ватанини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини айтган.
«Мен шокдаман», деди асли донецклик 22 яшар ошпаз Артем Ивашченко пойтахтда AFP суҳбатда. Бу эътирофни у саккиз йил аввал вилоятни тарк этганидан бери эшитган «энг мудҳиш янгилик» деб атаган.
«Мен шу ерда яшайман, ватанимнинг бир қисмини аллақачон йўқотиб бўлдим, уни тортиб олишди, шунинг учун мен уни ҳимоя қиламан».
Хитойнинг хавотири
Ҳатто аввалроқ Россиянинг Украинадаги амбицияларини қўллаб-қувватлаган Пекин ҳам сешанба куни эрталаб бу масалада иккиланган.
Путин ва Хитой етакчиси Си Цзинпин Пекиндаги қишки Олимпиада ўйинларининг бошланиши арафасида «чегараланмаган» дўстлик келишувини тузган эдилар.
«Ҳамкорликда тақиқланган соҳалар йўқ», дейилган уларнинг учрашувдан сўнг эълон қилган қўшма баёнотида.
Аммо Путин Украина тарафга илгарилаб борар экан, Олимпия ўйинларининг ёпилиши билан бу чекловлар синовга учраган.
Сешанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан телефон орқали суҳбатида Россияни тилга олмай, барча томонларни БМТ Низомининг аъзо давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилувчи тамойилларига риоя қилишга чақирди.
Ваннинг баёноти Хитойнинг БМТдаги вакили Чжан Цзюнннинг Россия позициясидан хавотирга тушиш белгилари акс этган изоҳларидан кейин янграган.
«Барча томонлар ўзини ушлаши ва кескинликни кучайтирадиган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиши керак», деб айтган у.