loader
Foto

Хитой банклари ҳам Россияга қарши қўлланадиган санкцияларга қўшиладиган бўлди

Хитойнинг энг йирик давлат банкларидан иккитаси Россия Федерациясида хом ашё товарларини сотиб олиш бўйича савдо битимларига хизмат қилишни тўхтатиб қўйди, дея хабар беради Bloomberg аҳволдан хабардор манбаларига таянган ҳолда.

Industrial & Commercial Bank of China (ICBC) банкининг оффшор бўлинмалари ғарб банкларининг ортидан россиялик хом ашё экспортчилари билан битимларни таъминлашга аккредетивларни беришни тўхтатиб қўйди. Банк доллар эвазига етказиб бериладиган товарларга хизмат қилишни бутунлай тўхтатиб қўйди, лекин баъзи ҳолатларда баъй битимларига юанларда аккредетив бериб турибди. Бунақанги қарорларнинг ҳар бири учун юқоридаги раҳбарларнинг розилигини олиш керак.

Bank of China ҳам ўзининг таҳликалар бўйича менежментининг қарорига мувофиқ Россия хом ашёларини сотиб олишга ажратиладиган харажатларни молиялаштиришни чеклаб қўйди. Bloomberg манбаларининг маълум қилишича, банк миллий регуляторнинг кенгайтирилган тавсияларини кутмоқда.  

Уларга кўра, Хитойнинг энг йирик банклари АҚШ Молия вазирлигининг жазо чораларидан қўрққани учун ўтмишда ҳам Эрон, Шимолий Корея ва ҳатто Ҳонгконглик мулозимларга қарши қўйилган санкцияларга риоя қилиб келган.

Ҳонгконгдаги Hogan Lovells маслаҳатчиси Бен Костерзеванинг айтишича, “Хитойнинг молиявий ташкилотлари санкциялар бўйича комплеансларга (комплеанс – компания фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш. - Таржимон изоҳи) жиддий муносабатда бўлиб келадилар. – Уларнинг ўзлари санкциялар остида қолиб кетиб, доллар транзакцияларидан четланиб қолишдан хавфсирайдилар”.

Пайшанба куни маълум бўлишича, ғарб банклари Россия нефтини сотиб олишга аккредетив беришни тўхтатишга бошлаганлар. Европанинг энг йирик энергия компанияларидан камида учтаси савдо шартномаларини расмийлаштира олмадилар.

Натижада Россияда қазиб чиқарилган Urals русусмли нефтнинг нархи бошқа навдаги нефтларга нисбатан тушиб кетди: унинг ҳар бир баррели Brent навли нефтга нисбатан 11,25 долларга арзонроқ ва бу тарихдаги энг катта чегирма бўлиб қолди.  

Uralsнинг спот-партияларига талаблар нолгача тушиб кетди, дея маълум қилдилар бозордаги Argus манбалари.  Уларга кўра, кема эгалари ҳам санкциялар остига тушиб қолишдан хавфсираб  Россиянинг Болтиқ денгиздаги портларига танкерларни истамайгина жўнатмоқдалар. Мисол учун, Urals нефтининг 100 минг тонналик партиясини Приморск портидан Европанинг шимоли-ғарбига етказиб бериш учун йўлкира ҳақи пайшанба куни бирданига халқаро Worldscale (WS) фрахт шкаласи бўйича 200 пунктга кўтарилиб кетди. Бунақа максимал даража 2006 йилнинг 27 декабрида  қайд этилган эди.

Аббос Асад таржимаси