loader
Foto

Қабила, шахсни дўст тутгандан жамоат, умматни дўст тутишликнинг афзаллиги хақида

Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи васалламнинг: "Золим биродарингга ҳам, мазлум биродарингга ҳам ёрдам бергин”, деган ҳадисларининг зоҳири уларнинг шиорлари эди.

Ислом келгач эса дўстлик Аллоҳ учун, Унинг элчиси учун мўминлар жамоати, бошқача айтганда Ислом уммати учун бўлди.

“Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг Пайгамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро, фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир”. (Моида сураси, 55-56-оят)

Шунинг учун Қуръон ва суннат уларни адолат билан тургувчи, (шунингдек) ўзларининг ёки ота-она ва қариндош-уруғларининг зарарига бўлса-да, Оллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик бергувчи бўлишга ўргатган. Уларни бундан қариндошга бўлган муҳаббат ҳам, душманга бўлган нафрат ҳам тўса олмаган. Зеро, адолат ҳар қандай туйғулардан устун ва фақат Аллоҳ учун бўлмоғи даркор. Яъни, яхши кўрганига бўлишиб, ёмон кўргани билан урушмасин.

Аллоҳ таоло айтади:

“Эй мўминлар, адолат билан тургувчи, (шунингдек) ўзларингнинг ёки ота-она ва қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик бергувчи бўлинглар! У (яъни, гувоҳлик берилувчи) бой бўлади-ми, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Олоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан нафси-ҳавога эргашиб кетманглар. Агар тилларингни буриб (нотўғри гувоҳлик берсанглар) ёки (гувоҳлик беришдан) бош тортсанглар, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардор бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 135-оят)

Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи васаллам баъзи бир жоҳилият давридаги ибораларни ҳам ишлатганлар ва унга ўзига яраша янги тушунча берганлар: “Золим биродарингга ҳам, мазлум биродарингга ҳам ёрдам бергин”. Сўрашди: Ё Расулуллоҳ, мазлумга ёрдам берамиз, золимга нима учун ёрдам берамиз? У зот айтдилар: “Уни зулмдан тўхтатишинг унга ёрдам беришингдир”.

Шу билан золимга ёрдам бериш тушунчаси четга чиқиб асосий мақсад нафсининг ҳавосига қарши, шайтоннинг иғвосига қарши ёрдам бериш эканлиги маълум бўладики, токи у ўша золим дунёда бало, Қиёматда зулмат бўлмиш зулм чоҳига тушиб кетмаслиги учун унинг қўлидан тутсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миллатчилик байроғи остида жанг қилишдан қайтарганлар ва шундай жангда ўлишни динсиз ҳолда ўлиш деб ҳисоблаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда келади: “Ким Умя байроғи остида миллатчиликка даъват қилиб, миллатчиликка ёрдам бериб ўлдирилса жоҳилий - динсиз ўлим топибди”.

Араб тилида “Умя” деб кўр - йўналиши аниқ бўлмаган ишга айтилади.

Бошқа ҳадисда келади: “Ким бошлиққа итоатдан чиқиб, жамоатдан ажралиб вафот этса жоҳил ҳолда ўлибди. Ким кўр байроқ остида миллатчилик учун ғазаб қилиб, миллатчиликка даъват қилиб, миллатчиликка ёрдам бериб ўлса унинг ўлими жоҳилий ўлимдир”.

Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда келади: “Миллатчиликка даъват қилган, миллатчиликни деб жанг қилган ва ўша жангда ўлган кимса биздан эмасдир”.

Воила ибн Асқаъдан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим: Ё Расулуллоҳ, миллатчилик нима ўзи? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Миллатчилик қавмингга зулм устида ҳам ёрдам беришингдир”.

Ушбу ҳадисни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган: “Ким ўз миллатига ноҳақлик устида ёрдам берса, у қудуққа тушиб кетиб сўнг думидан тортилаётган туяга ўхшайди”. Яъни, туянинг думи кичкина, кучсиз бўлганидан уни ҳеч қачон думидан тортиб чиқариб бўлмайди, демак ҳалок бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миллатчиликни ёмон кўриб, миллатчидан, унга чақиргандан, уни деб жанг қилгандан ва унинг йўлида ўлгандан қандай пок бўлган бўлсалар жамоат бўлишга шундай чақирганлар ва буни ўз ишлари, сўзлари билан яна ҳам таъкидлаганлар, бўлинишдан, ихтилофдан, яккаликдан қайтарганлар ва мана бу сўзларни айтиб қолдирганлар:

“Аллоҳнинг қўли жамоат устидадир”.

“Жамоат раҳматдир, бўлиниш азобдир”.

“Жамоат баракадир, бўлиниш азобдир”.

“Ўзингларга жамоатни лозим тутинглар, бўлинишдан узоқ бўлинглар. Шайтон ёлғиз биландир. У иккитадан узоқдир. Ким жаннат фаровонлигини истаса жамоатни ўзига лозим тутсин”.

Юсуф Қаразовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Зиёуддин Мансур таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР