loader
Foto

Салоҳиддин Аюбий – жаҳон тарихидаги қаҳрамон

1187 йили мусулмонлар армияси Қуддуси шариф дарвозаларини ишғол қилиш учун ҳужумларини бошладилар. Қўшин бошида, Ислом тарихида энг ёрқин из қолдирган мусулмон ўғлонларидан бири Салоҳиддин турган эди. Рим папаси даъвати билан 88 йил олдин салбчиларга бой берилган муқаддас шаҳар қонли жанглар оқибатида мусулмонлар қўлига қайтиб ўтди. Нега қонли деяпмиз? Чунки қонхўр салбчилар шаҳарни босиб олганида ҳеч қимга шафқат кўрсатмаган эди: на қарилар, на аёллар ва на болаларга. Ўшанда муқаддас шаҳар кўчаларида мусулмонларнинг қони дарё бўлиб оққан эди. Бундай оммавий қотилликларни содир этишга қандайдир бир ҳарбий эҳтиёж йўқ эди, балки қўрқитиб қўйиш учун қилинган мудҳиш бир хунрезлик эди.

Шунинг учун ҳам Салоҳиддин шаҳарни озод қилиш учун келганида, шаҳар ичидаги одамлар даҳшатга тушдилар, чунки уларнинг кўпи мусулмонлар шаҳарни бой бериб қўйганларида нималар бўлгани яхши эслашар эди.

Ислом қўшинларига зафар инъом қилинди. Улар Қуддуси шарифга “Аллоҳу акбар” садолар остига кириб келдилар, муқаддас шаҳар мусулмонлар қўлига қайтарилди. Ушбу воқеаларнинг ўзиёқ Салоҳиддиннинг исмини Қуддуси шариф халоскори, дея тарихнинг зарварақларига ёзиб қўйиш учун кифоя эди. Бироқ, уни машҳур қилган нарса бу эмас эди, балки шаҳарнинг насроний аҳолисига кўрсатган муносабатлари уни афсонага айлантирди.

Салоҳиддин 88 йил олдин мусулмонларнинг қонини дарё қилиб оқизгани каби Қуддуси шариф кўчаларини қонга тўлдирмоқчи эмас эди. Бунинг ўрнига музаффар мусулмон аскарлари шаҳарни босиб кетган нажас ва нопокликлардан тозалашга тушишди. У қасосни ман қилди, шунинг билан бирга юз мингдан ошиқ насронийларнинг умри сақлаб қолинди. Муқаддас шаҳар насронийлар зиёрат қилишлари учун рухсат этилди. Аслида, салбчилар муқаддас шаҳарни босиб олгунгача яҳудий ва насронийлар шаҳарни бемалол зиёрат қилишлари мумкин эди. Салбчилар шаҳарни босиб олганидан кейин мусулмон ва яҳудийларнинг шаҳарга киришини тақиқлаб қўйган эди.

Кунлардан бир кун, ўз қўшинини кўрикдан ўтказиб юрган Салохиддин кўксини муштлаганча, ҳўнграб йиғлаётган салбчи рақиблардан бўлган бирининг аёлини кўриб қолади. Аёлга яқин бориб, ундан фарёд чекиши сабабини сўрайди.

- Мусулмонлар чодиримга кириб, ёшгина қизалоғимни олиб кетишди, - жавоб беради аёл. Кўзи ёшга тўлган Салохиддин қизалоқ ва уни қул сифатида сотиб олган кишини қидириб топишни, тўланган пулни эгасига, болани эса онасига қайтаришни буюради. Орадан бир соат ўтар-ўтмай чавандозлардан бири келиб, қизчани онасига топшириб кетади.

Салоҳиддин салбчиларга дарс берди. Озод қилинган шаҳар аҳолисига мурувват кўрсатиб, у душман динидан ўз дини қанчалик устун эканини кўрсатиб қўйди.

Сабаби нима?

Салоҳиддин ва унинг аскарлари нега қасос олмадилар, бунинг сабаблари нима эди? Ислом аскарлари нега барчанинг қонини дарё қилиб оқизмади?

Бу саволларга Салоҳиддин Аюбийнинг ўзи жавоб беради.

Салоҳиддин озод қилинган шаҳар кўчаларидан ўтиб кетаётганида бўйнига тилло хоч тақиб олган бир қария уни тўхтатади. “Эй буюк саркарда, бир нарса сўрашимга изн беринг? - деб қария унга мурожаат қилади. – Сизга зафар ато қилинди, Қуддусни қўлга киритдингиз. Насронийлар шаҳарни эгаллагач, қариларингиз, аёлларингиз ва болаларингизни сўйиб ташлашди-ку, ҳеч кимга раҳм-шафқат кўрсатишмади -ку? Сизни насронийлар мусулмонларга қилган нарса учун қасос олишдан нима тўсди?”

“Заифларга раҳмли бўлиш ҳамда қарилар, аёллар ва болаларни қатл қилишни тақиқлаган диним тўсди”, деб жавоб қилди Салоҳиддин. Лол қолган қария, эшитганларига ишонмадан, қайта: “Сизнинг динингиз, сизларни шафқатсиз равишда ўлдирганлардан қасос олишни ман қиладими?” “Ҳа, шундай. Динимиз кечиримли бўлишга ва солиҳ амаллар қилишимизга, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаришимизга, аҳдга вафо қилишга, қасос олишга имкон бўлатуриб кечириб юборишимизга буюради”, деб жавоб қилди Салоҳиддин. “Нақадар, гўзал бу дин. Қариганимда ва умрим сўнгида тўғри йўлга ҳидоят қилган Роббимга ҳамдлар айтаман. Динингизни қабул қилиш учун нималар қилишим керак”, - деб сўради Салоҳиддиндан қария, Салоҳиддин эса, унга калимаи шаҳодатни ўргатди. Қария Исломни қабул қилди ва ўлими келгунча Исломнинг гўзал ҳаёти билан яшади. Унга жуда кўп қариндошлари ҳам эргашди.

Ўрнак

Салоҳиддин бундай олижанобликни кимдан мерос олган? Унга буларни ким ўргатган? Бундай олийжаноблик сифатлари унга Ислом билан эмланган. Уни қаҳрамон ва раҳмдил аскар қилган ҳам Исломдир.

У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламга тўлиқ эргашар эди. Хоссатан, у Макка фатҳи куни мушрикларга қилган муносабатлари каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашди.

Мушриклар йигирма йилдан ошиқ вақт ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламга озор бериб келишди, қанча-қанча саҳобалар шаҳид этилди, динга ва рисолатга қарши уруш олиб борилди. Шунинг учун, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан шунга яраша жавоб берилишидан қўрқар эдилар. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай йўл тутдилар? У зот хаммасини қириб ташлаш ўрнига уларни кечирдилар, уларга шафқат қилдилар. Ўша шиддатга тўла уруш пайтларида у бемалол қасос олиши ёки барча душманларини йўқ қилиб юбориши мумкин эди, агар шундай қилганида ҳам ҳеч ким буни нотўғри бўлди, дея олмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган марҳаматлари ҳатто мушрикларни ҳам лол қолдирди.



Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай олийҳиммат зот эдилар, унга эргашганлар ҳам ана шундай олийҳиммат бўлдилар.

Интернет материаллари асосида

Абу Муслим тайёрлади