loader
Foto

Туркий дунёнинг диний етакчилари Фотиҳ мадрасасининг очилишида иштирок этди

Истанбулдаги Ая София жомеъ масжиди қошидаги Фотиҳ мадрасаси 86 йиллик танаффусдан кейин қайта очилди. Асрлар давомида илму ирфон маркази бўлиб келган тарихий даргоҳнинг очилишида Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған қатнашиб нутқ сўзлади.

Ушбу тадбирда туркий дунёнинг диний етакчилари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳам иштирок этди.

Эрдўған ҳукумат тарихий мерос ва келажак ўртасида мустаҳкам кўприк қуришга жиддий эътибор қаратаётгани, Истанбул забр этилган замонлардан бери хизмат қилиб келган мадрасанинг қайта очилиши бунинг бир ифодаси эканини қайд этди.

Усмонийлар давридан мерос Фотиҳ мадрасаси 1924 йили меҳрибонлик уйига айлантирилган. 1936 йили мадраса биноси авария ҳолатига келиб қолгани сабабли бузиб ташланган. Мадрасани тиклаш ишлари 2017 йилдан бошланиб, 2021 йилга қадар давом этган. Салкам бир аср давомида музей саналган Ая София обидаси 2020 йил 10 июл куни яна масжидга айлантирилиши ортидан Фотиҳ мадрасасига ҳам тарихий мақоми қайтарилмоқда.

Туркия раҳбари ўз нутқида самарқандлик забардаст аллома, "ўз даврининг Батлимуси" дея улуғланган Али Қушчи хизматларини алоҳида эътироф этди.

"Бугун очилишини ўтказаётганимиз – Ая София Фотиҳ мадрасаси тимсолида тарихдан ўчиб кетиш арафасига келиб қолган яна бир обидамизни қайтадан шаҳримизга қайтардик. Қадрли дўстлар, бу маскан Истанбулнинг фатҳи асносида, Ая Софиянинг бунёд этилишида шаҳарнинг биринчи мадрасаси ўлароқ ишга туширилган эди. Биринчи мударриси мулла Хусрав бўлган бу даргоҳда Али Қушчи ҳам дарс берган. Мадраса турли йиллардаги таъмир ва қайта қурилишлар билан 1924 йилга қадар талабаларга таҳсил бериш хизматини ўтаган эди", – деди Р.Т.Эрдўған.

Атоқли математик ва астроном Али Қушчининг тўлиқ исми шарифи Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Қушчи бўлиб, у Самарқандда туғилиб ўсган. Отасидан етим қолганидан сўнг маърифатпарвар ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг тарбиясида бўлган. Мирзо Улуғбек ўз "Зиж"ининг сўзбошисида шогирди Али Қушчини "фарзанди аржуманд" деб атаган. Ёш олим дунёга машҳур Улуғбек расадхонаси қурилишига ва кейинроқ астрономик кузатишларга мутасадди этиб тайинланган.

1449 йили Мирзо Улуғбек ўлдирилиб, тож-тахт учун кураш авж олгач, Али Қушчи она шаҳрини тарк этишга мажбур бўлади, маълум сафарлардан кейин Истанбулга келади. Усмоний ҳукмдор Султон Муҳаммад Али Қушчини иззат-ҳурмат билан қарши олади ва уни Ая София мадрасаси мударриси этиб тайинлайди. Математика ва астрономия фани равнақига улкан ҳисса қўшган Али Қушчи 1474 йили вафот этади. Аллома Истанбулдаги Абу Айюб Ансорий мақбарасида дафн этилган.

Эслатиб ўтамиз, Туркия етакчиси Эрдўған 2020 йил феврал ойида президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда ҳам Али Қушчи номини алоҳида эҳтиром билан тилга олган эди.