АҚШ президенти Джо Байденнинг жаҳон бозорида "қора олтин" нархини пасайтириш орқали Россиянинг нефть даромадларини камайтиришга уринишлари, хусусан Саудия Арабистонига яқинда қилган ташрифи ўз самарасини бера бошлади. Оқ уй эгасининг Яқин Шарқ сафари ортидан Ар-Риёд етказиб бериш ҳажмини кескин оширди, деб ёзади Bloomberg.
Ўтган ой Saudi Aramсо жаҳон бозорига икки йил ичида рекорд даражадаги нефтни чиқарди. Гап кунига 7,5 млн баррел ҳақида кетмоқда, бу июнь ойи экспортига нисбатан 14 фоизга кўп. Саудияликлар фақат 2020 йилнинг баҳорида, қироллик расмийлари Кремлни ОПЕК+ келишувидан чиқишга урингани учун жазолашга қарор қилганда кўпроқ нефть сотганди.
Саудия Арабистонидан нефть Россиянинг асосий бозорларига оқиб ўтмоқда. Шу тариқа, июль ойида Саудия Арабистони нефтининг Хитойга етказиб бериш ҳажми Россияникидан деярли икки баравар кўпайиб, кунига 1,65 млн баррелга етди. Саудияликлар Ҳиндистонга кунига 1 млн баррел нефть сотишарди.
Шу билан бирга, Saudi Aramсо Европа бозорига Европа Иттифоқининг Москвага қарши санкцияларининг олтинчи пакетига тушиб қолган Россия етказиб берадигна нефт ўрнига қўшимча ҳажмдаги хом ашё юборди: Сумед қувури орқали кунига 1,2 млн баррел нефт чиқарилди. Бу Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли урушидан олдинги кўрсаткичдан 90 фоизга кўп.
Байденнинг Саудия Арабистонига ташрифидан анча олдин, шу йилнинг май ойида АҚШ маъмурияти вакиллари қироллик оиласини нефть қазиб олишни кўпайтириш зарурлигига ишонтириб, қиролликка яширинча ташриф буюришди. Мақсад - штатларда бензин нархини пасайтириш ва Ғарб ҳамжамиятига Москвага нисбатан кенгроқ чеклов чораларини қўллашда ёрдам бериш.