Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси июн-сентябр ойларида 11,7 млн киши қаттиқ очликни бошидан кечирганини маълум қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 млн кишига кўп.
Судандаги озиқ-овқат инқирозининг кескинлашувига асосан мамлакат иқтисодиётининг беқарорлиги, узоқ вақт қурғоқчилик даври, экин майдонларининг қисқариши ва тартибсиз ёғингарчилик сабаб бўлмоқда, дея таъкидлади БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти.
Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, очликдан қаттиқ азият чекаётганларнинг аксарияти ҳарбий можаролар ва иқтисодий таназзулдан энг кўп жабр кўрган пойтахт Хартум, Дарфур минтақаси ҳамда Кассала ва Оқ Нил вилоятларида яшайди.
5 ёшгача бўлган 4 млн бола, шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёллар тўйиб овқатланмасликдан қаттиқ азият чекмоқда ва инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун озиқ-овқатга муҳтож.
Жаҳон озиқ-овқат дастури молия етишмаслиги туфайли Судан бўйлаб қочқинлар рационини қисқартиришга мажбур бўлганини айтди. Агентликнинг таъкидлашича, июль ойидан бошлаб 550 мингдан ортиқ қочқинлар озиқ-овқат ёки нақд пул ўтказмалари кўринишида стандарт озиқ-овқат саватчасининг фақат ярмини олади.