loader
Foto

Россияни Путиндан кейин нима кутяпти? Беш хил сценарий варианти

Биринчи сценарий. Путин 2.0

Эҳтимоли энг юқори бўлган сценарий, унга кўра шундай бўлиб чиқиши мумкинки, Путин танлаган элита асосий давлат органларида (масалан, ташқи ишлар вазирлиги, ички ишлар вазирлиги) Путинсиз ҳам ҳукуматни ўз қўлида сақлаб қолиши мумкин.

Путин томонидан пухта ишлаб чиқилган, унинг доирасида Россиянинг энг бадавлат ва нуфузли шахслари давлат томонидан молиялаштириладиган объектларда катта даромад олиш имконияти эвазига (энг ёрқин мисол – Сочидаги Олимпиада ўйинлари) президентга содиқлигини ваъда қиладиган ва бизнес борасида давлат бошқаруви структураларидан хайрихоҳликка эга бўладиган "олигархлар – давлат" муносабатлар тизими сақланиб қолади.

Худди шу тарзда Православие черкови ҳам Кремль сиёсати учун мақбул келадиган жамиятдаги муносабатларни тарғиб этишда давом этади, Чеченистон масаласида "Қодиров – Кремль" муносабатлари сақланиб қолади. Бу ҳолатда Россиянинг ички ва ташқи сиёсатида ўзгаришлар кутилмайди.

Эҳтимол, 2008 йил рўй берган Медведев-Путин рокировкасидаги каби вазият кузатилади, бунда назарий жиҳатдан ҳукумат тепасига бошқа киши келган бўлсада, реал ҳокимият барибир Путин яратган тизим қўлида қолаверади.

Мамлакат халқаро майдонда АҚШ билан музокаралар столига ўтиришни тарғиб этиш ва Европани майдалаб ташлаш сиёсатини давом эттиради.

Агар Ғарб Россия ўзининг хавфсизлиги учун муҳим деб ҳисоблайдиган мамлакатлар, масалан, Грузия ва Украина билан ҳаддан ташқари яқинлашадиган бўлса, ҳарбий кучдан фойдаланилиши мумкин. Буларнинг барчаси Вашингтонни Россиянинг дунёдаги таъсири ва кучини тан олиш мақсадида қилинади.

Демократик ислоҳотлар тобора чекинади, фуқаролик жамияти, жумладан, ОАВ цензурага дуч келишда давом этади. ОАВда ғирром рақобат кузатилади ва унинг доирасида мустақил ОАВ, қарам бўлган ОАВдан фарқли равишда, давлат томонидан молиялаштириш ва муҳим ахборотлар олиш борасида имкониятлари ўта чекланган бўлади.

Лекин шунга қарамай, давлат камида қисқа муддатга ўзининг ички барқарорлигини сақлаб қолади.



Иккинчи сценарий. Ультрамиллатчи Россия

Аслида рўй бериш эҳтимоли жуда паст бўлган сценарий, у сиёсий ўйинлар натижасида ҳукумат тепасига миллатчилик кайфиятидаги сиёсатчилар (масалан, Владимир Жириновский) келиши мумкин бўлган ҳолатда амалга оширилиши мумкин бўлиб, улар гипотетик равишда Путин яратган тизимни ўзгартириб юбориши ва ўз тарафдорларидан бирини давлат бошқарувига қўйиши мумкин.

Бу нуқтаи назардан Россия авторитар давлат бўлиб қолаверади ва унинг ички сиёсати деярли ўзгармайди (эҳтимол, радикал кайфиятлар ривожланади ва давлатнинг хусусий мулкчиликни чекламасдан иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга интилиши ортади).

Бироқ Москванинг ташқи сиёсати ўзгариши мумкин. Россия янада тажовузкорлашади ва қурол-яроғ билан янада фаолроқ ўйнашни бошлайди.

Америкаликлар билан музокаралар столига ўтириш зарурлиги ҳақида тарғиботлар йўқолиши, бунинг ўрнига улардан ўзиб кетишга асосий эътибор қаратилиши мумкин.

Бундай фикрларга Жириновскийнинг собиқ совет республикаларини куч билан бирлаштириш, АҚШдан Аляскани тортиб олиш ва у ерда НАТО ҳарбий контингенти борлиги сабабли Болтиқбўйи мамлакатларини йўқ қилиш ҳақида сўзлари олиб келади.

Аслида шундай вариантни истисно қилиш мумкин эмаски, Жириновский айтган сўзлар сиёсий маркетинг юриши ҳисобланади ва бу Дональд Трамп билан боғлиқ ҳолатда бундай агрессив сиёсат юритиш нафақат Россияни, балки бутун дунёни йўқ қилиб юбориши мумкин эканлигини яққол тушуниб етадиган маслаҳатчилар унга бераётган миллий радикализм борасидаги маслаҳатларни эслатиб юборади.



Учинчи сценарий. Социалистик/коммунистик Россия

Яна бир эҳтимоли паст сценарий. У фақат сиёсий ўйинлар натижасида тизимни миллатчилар эмас, балки социалистик ва Коммунистик партия етакчилари (масалан, Геннадий Зюганов) ва уларнинг тарафдорлари ўзгартириши мумкин бўлган ҳолатда амалга ошиши мумкин.

Бу ҳолатда Россиянинг ички сиёсатини жиддий ўзгаришлар кутади. Давлатни иқтисодиётни рағбатлантиришга жалб қилиш ва хусусий секторни қисқартириш кутади (жамоавий мулкчилик имконияти Коммунистик партия дастурига социалистик жамиятнинг ажралмас таркибий қисми сифатида киритилган).

Дастурда шунингдек, янги мактаблар ва турар-жой бинолари қурилишини давлат томонидан молиялаштириш кўда тутилади. Коммунистлар табиий ресурслар ва иқтисодиётнинг асосий секторларини давлат тасарруфига ўтказишни кўзда тутади.

Коммунистлар ҳозирданоқ хорижий банкларга киритилган молиявий захираларни Россияга қайтариш ва улардан иқтисодиётни ривожлантириш учун фойдаланиш зарурлиги ҳақида гапирмоқда.

Ташқи сиёсат ҳақида гапирганда, ҳукумат, худди Путин давридаги каби, чет элдаги ватандошларни ҳимоя қилишга ва, эҳтимол, ҳарбий кучни қўллашга тайёр бўлади.

Бироқ Россия қанчалик тажовузкор бўлади савол туғилади? Коммунистик партия дастурида собиқ СССР ҳудудларини кўнгилли асосда қайтариш зарурати айтиб ўтилганини ҳисобга олиб, тахмин қилиш мумкинки, ташқи сиёсатдаги диалог шартлари Россия томонидан барибир риоя қилинади.



Тўртинчи сценарий. Демократик ва либерал Россия

Бундай эҳтимоли паст сценарий Путиннинг ўрнига либерал кайфиятдаги шахслар (масалан, Михаил Касьянов, Владимир Рыжков, Владимир Карамурза ва б.) келган ҳолатда рўй бериши мумкин.

Бу ҳолатда ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда кескин ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Биринчи навбатда, Россия раҳбарияти танқид учун очиқроқ бўлади, мустақил ОАВ ва фуқаролик жамияти фаол ҳаракат қилиши учун имконият пайдо бўлади. Шу билан бир вақтда сайловлар шаффофлиги ортади ва мухолифатнинг кучсизланиши тўхтайди. Умуман, қўрқув ва таҳдидлар пардаси йўқолади.

Ташқи сиёсатда иқтисодиётнинг очиқлиги йўналиши давом эттирилади, унда давлатнинг таъсири сезиларли даражада қисқартирилиб, ЕИ ва НАТО билан мулоқот кенгайиши мумкин. Бу мулоқот, эҳтимол, ҳозирги талаблар негизига асосланмайди (Россиянинг дунёдаги таъсирини тан олган ҳолда), чунки ташқи сиёсатда бугунги баланд овозда янграётган баёнотларнинг аксарияти Путиннинг мамлакат аҳолиси эътиборини Россиянинг муҳим аҳамиятга эша эканлигиги қаратишга йўналтирилган.

Эҳтимол, агар Россияда мушакларини намойиш этиш зарурати йўқоладиган бўлса, НАТО Россияни асосий халқаро таҳдид эканлигини ҳис қилмай қўяди.

Шу билан бирга, бунга бутун дунёда – Европадан бошлаб Лотин Америкасигача – муносабат ўзгаради (Москванинг ташқи сиёсат доирасидаги ишлари бутун дунёда трансатлантика ҳамжамиятиига қаршилик кўрсатиш зарурати билан боғлиқ).

Бундай Россия Болтиқбўйи мамлакатлари учун энг яхши ҳисобланади.

Бироқ бу ерда танганинг иккинчи томони ҳам бор.

Борис Ельцин бошқаруви шуни исботлаб бергандики, агар давлат асрлар давомида авторитаризм ва тоталитар режимда яшаган бўлса, уни демократия қоидалари асосида фаолият юритишга мажбур қилиш қийин.

Ельцин даври Кавказдаги беқарорлик, коррупциянинг кучайиши ва олигархлар сонининг ортиши билан боғлиқ равишда эсга олиниши бежизга эмас – бу муаммоларни давлат ҳал қилиши жуда қийин бўлган.

Демократик Россияда айримлар уларга берилган эркинлик бармоғи ўрнига бутун қўлни узиб олишни истаб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Владимир Путин режими шартли равишда шафқатсиз эканлиги сўзсиз бўлсада, шунга қарамай, бу – Россия барқарорлигини ушлаб қолиш ва мамлакатда – сиёсатда ҳам, иқтисодиётда ҳам рўй бераётган ҳодисаларни назорат қилиш имконияти ҳисобланади.

Caspian Report YouTube-канали сиёсий таҳлилчиси Ширван Невчи айтганидек, Россиянинг турли халқларга бойлиги ва унинг улкан ҳудуди авторитаризм ривожланишига хизмат қилади. Бошқа йўл билан эса мамлакатни парчаланиб кетишдан сақлаш қийин.



Бешинчи сценарий. Қулаган Россия

Сўнгги сценарий Путинга яқин бўлган кишилардан биронтаси қолганлар билан бирлаша олмасдан, муқобил кучлар (бу ультрамиллатчиларга ҳам, социалист/коммунистларга ҳам, демократларга ҳам тааллуқли) ҳозиргидек заиф бўлган ҳолатда рўй бериши мумкин.

Шунингдек, бу демократик Россия давлат бошқаруви барқарор режими ярата олмаган ҳолатда ҳам рўй бериши мумкин.

Агар ҳукумат вакууми учун бундай шарт-шароитлар амалга ошириладиган бўлса, давлат этник тамойил бўйича парчаланиш риски ҳам йўқ эмас.

Сепаратизм биринчи навбатда Кавказда, Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров амалда мустақил ислом қироллиги барпо этган минтақада тикланади. Унинг ҳукмрон режимга ишончи асосан фақат Москвадан бериладиган дотациялар ҳисобига сақланиб турибди. Агар бу дотациялар тўхталиб қоладиган бўлса, Қодиров Кремлга боғлиқ бўлмаган тақдирни кўзлаган ҳолда ишларни бошлаши мумкин.

Қодировнинг мустақиллигидан рухланган Шимолий Кавказнинг бошқа республикалари ҳам Москвага қарши бориши мумкин (Масалан, Доғистон). Ўз навбатида Кавказдаги воқеалардан  гипотетик тарзда татар ва бошқуртлар каби бошқа этник гуруҳлар ҳам фойдаланиб, ҳаракатга тушиши ҳам мумкин.

Шубҳасизки, сепаратизм Чеченистондаги икки уруш сценарийсини такрорлаши мумкин бўлган Москванинг кучли реакциясига олиб келади.

Беқарор Россия авторитар ва агрессив Россиядан кўра хавфлироқ, лекин барқарор бўлишини тушуниш лозим.

Агар мамлакатда сиёсий беқарорлик вужудга келиб, ҳарбий низолар бошланадиган бўлса, бу барча қўшниларга таъсир этиши мумкин. Биринчи навбатда шу сабаблики, бундай ички «эмлаш» қочоқлар оқимини вужудга келтириши ва Россининг атом қуроли арсенали кимнинг қўлига тушиши масаласидаги ноаниқликка олиб келиши мумкин.

Энг ёмон сценарийда Латвия ва Шарқий Европанинг бошқа мамлакатлари россиялик қочқинларни қабул қилиш учун маблағлар ажратишига ва исталган пайт радикал кайфиятдаги гуруҳлардан бири «қизил тугма»ни босиши мумкинлигидан қўрқиб яшашга тўғри келади.

Нима бўлганда ҳам келажакни олдиндан айтиб бериш жуда қийин ва юқорида баён қилинган вариантлар замонавий рус мозаикаси ва унинг асосий воқеа-ҳодисаларга доир оқимлари билан ўйин сифатида кўриб чиқилиши лозим. Улар асосида баҳс-мунозаралар учун қизиқарли бўлган моделлар ишлаб чиқиш мумкин. Лекин барибир, Россия учун Путиндан кейинги ривожланиш йўлини вақт кўрсатади.

Хориж матбуотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади