loader
Foto

Даъватчи ва муаллим учун илмнинг зарурлиги

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тобеъларидан бўлган ҳар бир даъватчининг даъвати онг билан бўлиши вожибдир. Яъни қилаётган даъвати ҳужжатли бўлиб, нимага даъват қилаётганини ўзи ҳам яхши англаши керак. Нимага даъват қиляпти, кимни даъват қиляпти ва қандай даъват қиляпти.

Шунинг учун раббонийлар ҳақида айтадилар: Раббоний деб ўзи билиб, унга амал қилиб, бошқаларга ҳам ўргатган инсонга айтилади. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ишорадир:

“Бирор одам учун Аллоҳ унга Китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки уларга: «(Аллоҳнинг) Китобини (одамларга) таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, Ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар», (демоғи лозимдир)”. (Ол-и Имрон сураси, 79-оят)

Ибн Аббос Раббонийларни улар фақиҳлар, ҳакимлар деб тафсир қилади.

Баъзилар: Раббоний деб одамларга илмнинг каттасини ўргатишдан аввал, унинг кичикларини ўргатадиган инсонларга айтилади, дейишади.

Яна баъзилар: Раббонийлар илмнинг ҳаммасини ўргатишдан аввал унинг жузъларини, аслларини ўргатишдан аввал фаръларини, натижаларини ўргатишдан аввал муқаддималарини ўргатадилар, дейдилар.

Юсуф Қаразовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси