loader
Foto

Бандани иймондан чиқарадиган нарса баёни ҳамда иймон таърифи

Шарҳ: Бу гапда Хавориж ва Мўътазилийларнинг мўмин гуноҳи кабира қилиши билан иймондан чиқади, деган гапларига раддия бор. Яна муаллифнинг, Аҳли қибладан бирортасини гуноҳ туфайли, модомики, уни ҳалол ҳисобламаса кофир қилмаймиз., деган гапига таъкид ва изоҳ бор. Бу ҳақдаги гап олдин ўтди. Яъни, банда фақат ўзини динга киритган нарсани ва ўз-ўзидан унинг бир бўлаги эканлиги маълум бўлган нарсани инкор қилиш билангина кофир бўлади.



Иймон-тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир.

Шарҳ: Бу иймонни изҳор қилиш эътиборидан, тасдиқлашдир. Чунки, тасдиқлаш ички иш бўлиб, у беркилган бўлади. Фақат иқрор ёки тасдиққа далолат қилувчи ишлар билангина билинади. Аммо мавжудлик ва ҳақиқатга айланиш жиҳатидан эса, иймон-дил билан тасдиқ қилишдир. Тил билан иқрор бўлиш, унинг аломати ва изҳоридир. Бас, муаллифнинг гапи бошқаларнинг гапига мухолиф бўлмайди.



Иймоннинг тасдиғи ҳақидаги мазҳаблар бештадир:

1. Молик, Шофеъий, Аҳмад, Авзоъий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, бошқа аҳли ҳадислар, Мадина аҳли, аҳли зоҳир ва мутакаллимлардан бир жамоаси: «Иймон қалб ила тасдиқ қилиш, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилишдир», деганлар.

2. -Бизнинг асҳобларимиздан кўплари Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ зикр қилган нарсага: «Иймон–тил билан иқрор қилиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир»–деган фикрга иттифоқ қилганлар.

3. Абу Мансур ал-Мотуридий ва Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳилар: «Тил билан иқрор қилиш ортиқча рукндир, аслий эмас. Аслий рукн–қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрор эса, унга аломат ёки узрли бўлмаганлар учун шартдир»-дейдилар.

4. Карромия мазҳабидагилар: «Иймон фақат тил билан иқрор бўлишдир»-дейдилар. Уларнинг наздида мунофиқлар комил мўмин ҳисобланадилар. Бу очиқ-ойдин фасоддир. Чунки, Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида: «Улар мўмин эмаслар» (Бақара: 8) ва «Ана Ўшалар ҳидоятга залолатни сотиб олганлар», (Бақара: 16) деган.

5. Жаҳм ибн Сафвон, Қадария мазҳаби раисларидан бири Абул Ҳасан ас-Солиҳийлар: «Иймон-қалб маърифатидир, агар бўйсунмаса ва таслим бўлмаса ҳам бўлаверади»-деганлар. Бу гапни фасоди олдинги гапдан ҳам зоҳирроқдир. Агар бу гапга юрилса, Фиръавн ва унинг қавми ҳам мўмин бўладилар. Чунки, улар Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар нинг ҳақлигини билганлар, аммо иймон келтирмаганлар. Аҳли китоблар ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ эканликларини ўз болаларини билгандек билганлар, аммо иймон келтирмаганлар. Кофир бўлганлар.

Билингки, Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳ билан бошқа аҳли сунна имомлари орасидаги ихтилоф сувратда халос. Улар гуноҳи кабира иймондан чиқармаслигига, балки, унинг қилган одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинишига, хоҳласа азоблайди, хоҳласа афв қилади, деган фикрда иттифоқ қилиб туриб, қалбдаги иймон учун аъзоларининг амали лозимми ёки иймондан бир жузъми? деган гапни айтиш лафзий низодан бошқа нарса эмас. Бу ерда, ақийдага тегадиган нарса йўқ.

Агар бу масалада Аҳли суннат орасидаги низо фақат лафзий низо бўлса, уларнинг бир тоифаси иккинчисига душманлик қилишларига ва шу боисдан тафриқага тушишларига ҳеч ҳожат йўқ.

Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳ далиллар келтириб, иймон ҳақиқатига луғавий жиҳатдан назар қилганлар. Бошқа имом раҳматуллоҳи алайҳимлар эса, иймон ҳақиқатига шаръий таъриф жиҳатидан назар қилганлар. Чунки, шариатда тасдиққа намоз, рўза, ҳаж ва шунга ўхшаш нарсалардаги каби васф ва шартлар қўшилган.

АБУ ҲАНИЙФА РАҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲИ

ВА АСҲОБЛАРИНИНГ ДАЛИЛЛАРИ

Иймон луғатда тасдиқдан иборатдир.

Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг акалари тилидан: «Сен бизга мўмин эмассан», (Юсуф: 17) деган. Яъни, бизни тасдиқловчи, бизга ишонувчи эмассан, дегани.

Яна, Бани Исроил тилидан: «Токи Аллоҳни ошкоро кўрмагунимизча сенга иймон келтирмаймиз», (Бақара: 55) деган. Яъни, сени тасдиқламаймиз, сенга ишонмаймиз, дегани.

Аллоҳ бошқа оятда: «Бас, унга Лут иймон келтирди», (Анкабут: 62) деган. Яъни, Лут Иброҳимни тасдиқлади, дегани. Чунки, Лут аслида бундан олдин ҳам пайғамбар ва мўмин бўлган.

Аллоҳ таоло шунингдек: «Магар ким қалби иймонла хотиржам ўлароқ мажбур қилинса» (Нахл: 106) деган. Қалби, тили ва аъзолари иймонла хотиржам ўлароқ, деган эмас.

Бошқа бир оятда эса: «Ҳануз қалбларимизга иймон киргани йўқ», (Ҳужурот: 14) деган.

Аллоҳ таоло: «Албатта, иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар» (Бақара: 277) каби кўплаб оятларда иймон билан амални алоҳида, алоҳида зикр қилган. Ўтган баҳслардан маълум бўлдики, агар амал иймоннинг ҳақиқий жузъи бўлса, амал йўқ бўлганда иймон ҳам йўқ бўлиши лозим бўлади. Чунки, бир нарсанинг бир жузъининг йўқ бўлиши, унинг ҳаммасининг йўқ бўлишидир.

Ақийдатут-Таҳовия шарҳининг талхийси

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ