loader
Foto

Совуқ урушнинг қайтиши

Мен бу ерда Ғарб ва Россия ўртасида ҳеч қандай “совуқ уруш” ҳолати йўқ, чунки вазият ҳали-бери етарли даражада кескин тус олмади ва бундай бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки энг керакли жиҳат – мафкуравий қарама-қаршилик йўқ, деган фаразга қарши баҳслашаман.

Биринчи фаразга келсак, унга кўра 1946 ва 1991 йиллар оралиғидаги турли пайтларда қарама-қаршиликларнинг кескинлиги ҳам турлича бўлган. Бироқ ҳозирда, менинг назаримда, алоқаларнинг исиши эмас, балки “совуқ уруш” бошланиши арафасидаги қарама-қаршилик ҳолатида турибмиз. Эслатиб ўтаман, ўзи “совуқ уруш”нинг пайдо бўлиши ҳам кўп жиҳатдан собиқ Совет Иттифоқининг айнан ўша, бугунги кунда Россия ҳам янги экспансия учун танлаган, жанубий ва жануби-ғарбий йўналишлардаги тажовузкорона интилишларига боғлиқ бўлган. Грузия ва Украина ўшанда Совет Иттифоқи таркибида эди, лекин, нима бўлганда ҳам, йўналишлар мос келмоқда. 1945 йилда СССР Туркияга Кавказортида ҳудудий даъво билан чиққан, шунингдек Қора денгиз бўғозларининг мақомини ўзгартиришни ва Дарданеллада ҳарбий-денгиз базасини очиш ҳуқуқини талаб қилган эди. Бу талаблардан 1953 йилга келибгина расман воз кечилган холос. 1946 йилда СССР ўз аскарларини Эрондан олиб чиқиб кетишни узоқ вақт инкор қилиб келган, вахоланки, собиқ Иттифоқ аскарлари Эронга ушбу мамлакат гитлерчилар Германиясининг таъсирига тушиб қолмаслиги важи билан киритилган эди. Бироқ, 1946 йилда гитлерчилар Германиясининг ўзи йўқ эди. Ўша 1946 йилда СССР ўзи учун Ўртаер денгизида ўрин эгаллаш учун Триполитания (Либия) устидан протекторат беришларини талаб қилди, шунингдек Юнонистонни ҳам, амалда коммунистлар исёнини кўтариб, ўз назоратига олмоқчи бўлди. Совет Иттифоқи исёнчиларни қурол-яроғ билан таъминлади ҳамда Болгария, Югославия ва Албания ҳудудларида улар учун операция базаларини ташкил қилди. Юнонистонда айнан Ғарб тарафини олувчи ҳукуматни қўллаб-қуввватлаш учун Европа қитъасига қайтаттан АҚШ ҳарбийлари келди. Ахир бу нарсалар бугун Абхазия, Днестрбўйи, Жанубий Осетия ва ўзича Новороссия деб аталаётган жойларда ҳам кузатаётганимизнинг ўзи эмасми? Бундан ташқари, СССР 1940 йилдан бери тўғридан-тўғри аннексияни амалга оширмаган бўлса-да, империалистик Москва учун Болтиқбўйи мамлакатлари ва Финляндиянинг жанубий қисмидан кейингиси Қрим бўлди. Шундай қилиб, ҳозирги ҳолат ҳам “совуқ уруш” бошланишидан олдинги вазиятдан унчалик катта фарқ қилмайди, Қрим масаласи эса вазиятни янада чигаллаштиради, холос.

Бундай ҳолатнинг юзага келиши Россия ҳозирги раҳбариятининг фақат ташқи сиёсатдаги тажовузкор ҳаракатлари билан изоҳланмайди. “Совуқ уруш”нинг бошланиши билан собиқ СССР ичида қатағонлар ҳам кучайиб кетганди. Албатта, ҳозирги ҳолат билан мутлақ ўхшашлик йўқ, бироқ, бир тарафдан «космополитлар» ва «Ғарбга таъзим қилувчилар», иккинчи тарафдан эса «миллий сотқинлар» ва «бешинчи колонна» орасидаги фарқ, кўпроқ, маънода эмас, сўзда бўлса керак. Ҳа, оммавий қатағонлар йўқ... ҳозирча. Бироқ, агар керак бўлиб қолса деган ёндашув билан аҳолининг қарашларига мафкуравий маънода сталинча услублар билан ишлов берилмоқда.



Айтмоқчи, Сталин ҳақида. Хрушчевдан Ельцингача бўлган даврда бирон ким «доҳий йўқ экан – мамлакат ҳам йўқ», деган шиорни кўрган-эшитган-ўқиганми? Жиддий айтганда, ҳатто Сталинга нисбатан ҳам “у бўлмаса – СССР ҳам йўқ бўлади” ибораси қўлланилмаган. Тўғри, Сталин шаънига шунга ўхшаш мақтовлар кўп айтиларди, лекин айнан шу ибора сўзма-сўз ишлатилмасди. Чунки, ўшанда СССРни абадий деб ўйлашарди. Мана, 2014 йилга келиб, раҳбарларни кўкларга кўтариб мақташ одати яна пайдо бўлди.

Хўш, барча ғалабаларимизнинг янги илҳомчиси бизни нимага ўргатмоқда? Ҳа, умуман олганда, тахминан, олдингиси ҳам ўргатиб кетган нарсаларга. Мюнхенни қўя туринг, Сочидаги Валдайда сўзланган “тарихий нутқ”ни олайлик биргина. Мазкур нутқни донгги чиққан ўша депутат Клинцевич Черчиллнинг Фултондаги нутқига қиёс қилди. Ўша нутқни Совет Иттифоқи “совуқ уруш”га чақириқ сифатида қабул қилганди. Россиянинг миллий лидери ўз чиқишида дунёда беқарорлик ҳукм сураётгани ва дунё учун янги тартиб кераклигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, беқарорликнинг асосий сабабчиси – дунёни бошқаришга киришган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган АҚШ экан. Айнан америкаликлар бутун дунё бўйлаб, шу жумладан Россияда ҳам, “исломчи” террорчиларга ҳомийлик қилган ва ҳомийлик қилиб келмоқда. Россия унинг, яъни Путиннинг, раҳбарлигида доим Украина суверенитетини ҳурмат қилган, Украинадаги ҳозирги муаммо ва беқарорликларга ҳам айнан ўша америкаликлар сабабчи экан. Америкаликлар ўзига асосий душманни қидириш устида доим бош қотиришади, илгари бундай душман СССР бўлган бўлса, энди унинг ўрнини Эрон, ёки Хитой, ёки Россия эгаллаши мумкин. Америкаликларнинг қилғилиқларидан мустақил сиёсат олиб бормоқчи бўлган барча мамлакатлар азият чекмоқда. Россия – ўз тайгасига бегоналар бурун суқишига йўл қўймайдиган айиқ экан.

Ўшаларнинг ҳаммасини эшитдиму, янада ишонч ҳосил қилиш учун матнни ҳам ўқиб чиқдим ва бироз ҳайратга тушдим, чунки ташвиқот ёлғонининг бунга ўхшаш концентрациясини сўнгги 25 йил ичида фақат “Корея бугун” журналидагина учратган эдим, холос.

Россия, юмшоқ қилиб айтганда, Украинадаги воқеаларга бевосита алоқадор эканлигини, АҚШ эса Эроннинг ядро технологияларига бўлган интилишларига эмас, оятуллаларда ядро қуроли пайдо бўлишига қарши эканлигини, ва Россия Американинг мустақиллик учун бўлган урушида иштирок этмаганини исботлашга уриниш фойдасиз. Бефойда экани айнан шундаки, “қонун – тайга, прокурор эса – айиқ” доирасидаги дунёқараш давлат арбобларига эмас, умуман бошқа турдаги фаолият билан шуғулланувчи кишиларга хос. Шунинг учун ҳам, Клинцевичнинг Путин Черчилль даражасига етди, деган гапи эмас, балки унинг мазкур нутқ асносида “совуқ уруш” ҳақидаги фикрлари беихтиёр ҳаёлингизга келади.

Шундай қилиб, биз ҳаддан ортиқ аксиламерикачилик, ғарбий чегара чизиғларида тажовузкор урушлар ва қуролланган провокациялар, ақлдан озган ташвиқот ишлари ва ички душманларни қидириш билан банд бўлиб қолмоқдамиз. Ушбу манзарада ортиқча бўлмаган яна бир нарса шуки, ички душманлар билан бўлаётган уруш чексиз ваколатларга қайтаттан эга бўлган хавфсизлик органларининг кучи ва мутлақо бошқариладиган судлар воситасида амалга оширилмоқда. Бу ерга узлуксиз ва тезкор суръатларда катталашиб бораётган ҳарбий бюджет, шунингдек олтмиш беш йил бурунги “Москва-Пекин” номли қўшиқнинг нота ва сўзларини топишга уринишни ҳам қўшиб қўйиш мумкин. Айнан шу жойда “социализм дунёси” номли нарсанинг етишмаётганлиги ҳам баъзан эсларига тушиб қолади. Албатта, Тимченко, Прохоров ва Дерипасканинг борлиги ҳамда Сечин ва Якуниннинг маошлари социализмга нимагадир тўғри келмаяпти. Бироқ, социализм дунёси ҳеч ҳам ёлғиз эмаски, унинг шаъни учун америкалик тажовузкорга қарши чиқилса экан. Бошқа дунё ҳам жуда мос келиши мумкин – рус дунёси; у янги қарама-қаршилик мафкурасига кўпроқ мос ҳам тушади, зеро содда, тушунарли ва анъанавийдир. У маънавий ўзак сифатида яхшироқ кўринади ҳам. Шундай қилиб, манзара шу қадар тўлиқ чиқмоқдаки, энди уни ўхшатиш ҳам деб бўлмайди – у шунчаки нусха.

Аминманки, бунинг навбатдаги исботини келаси ҳафтадаёқ кўришимиз мумкин бўлади. Авваллари бўлганидек, 7 ноябрда эмас, балки 4 ноябрда бузилмас бирдамлик, монолит жипслик, шунингдек умумхалқ қўллаб-қувватлашини намойиш этишга қаратилган оммавий чиқишлар тўлқини бутун Россия бўйлаб ёйилиб ўтади. Баҳс бойлашга тайёрманки, ўша куни “эртага уруш бўлса, эртага юришга чиқилса... (у ёғи матн бўйича)” қанақа бўлишини қўрсатиб қўйишади. Ва ўртоқ Путин буйруқ берса, ушбу қўшиқнинг ҳам сўзлари ўзгармай қолади. Ва, табиийки, биз, ҳар доимгидек, тинч аҳоли вакилларимиз, лекин бизнинг бронепоезд (керакли жойда турибди)... Ҳа, тўғри, бу кунги тантаналарни бу гал битта партия эмас, бир нечтаси ташкил этади, уларнинг барчаси – тўғри ва хал қилинганлардир. Германия Демократик Республикаси (ГДР)да ҳам бир нечта партия бор эди. Биз учун ГДР тажрибаси  тарихий аҳамиятга эга бўлиб қолиши мумкин. Корея Халқ Демократик Республикасида ҳам партиялар кўп. Бир нечта партия бўлса-да, ҳам буюк доҳий битта. У доим “совуқ уруш” олиб боради, ҳатто уни қайноқ урушга айлантириши билан ҳам қўрқитиб туради... 

(2014 йил 3 ноябрь, Александр Осовцов (ИТАР-ТАСС))

Абу Муслим эркин таржимаси