loader
Foto

Набий алайҳиссалом суйган нарсалар

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом) қул чақирса ҳам жавоб қилар, касални бориб кўрар ва эшак миниб юрар эдилар» (Абу Наъим ривояти).

Саҳл ибн Ҳунайфдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақир мусулмонлар ҳолидан хабар олар, уларни зиёрат қилар, иложи борича эҳтиёжини адо этар, машаққатларини енгиллатар, вафот этишса, жанозасида қатнашар эдилар" (Имом Табароний ривояти).

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушк қутичалари бор эди, ундаги хушбўйликдан фойдаланар эдилар" (Абу Довуд ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурмадонлари бор эди, кечаси уйқуга ётиш олдидан икки кўзларига уч мартадан сурма тортар эдилар" (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таом еб бўлганларидан кейин бармоқларини ялар эдилар" (Имом Аҳмад, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насоий ривояти).

Ҳузайфа ибн Йамондан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан бирига рўпара келиб қолсалар, у билан қўл бериб саломлашар, сўнг ҳақига дуо қилар эдилар" (Имом Насоий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Бусрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қавм эшиги олдига келсалар, эшикка юзланиб турмасдилар, балки ўнг ёки чап томонлари билан туриб «Ассалому алайкум, Ассалому алайкум» дер эдилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Саҳл ибн Саъддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ва етимни кафилликка олган жаннатда мана бундаймиз», дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларини бирлаштирдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир нарса келтирилса, «Буни фалон аёлга олиб бориб беринглар, у Хадичанинг дугонаси эди, буни фалон аёлга олиб бориб беринглар, у Хадичани яхши кўрар эди», дер эдилар» (Имом Бухорий ривояти,

Жарир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган бўлсам, албатта юзимга табассум билан қараганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбар с.а.в.дан нима нарса сўралмасин, «йўқ» демаганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил келган пайтда сахийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир-бирларингиз билан ҳадя алмашинглар, чунки у юрак ғашлигини кетказади. Қўшни хотини қўшни аёлни қўй туёғи билан бўлса ҳам йўқласин», деганлар (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирор идишдан сув ичсалар уч бора нафас олардилар. Ҳар нафасда Аллоҳга ҳамд айтиб, охирида шукр қилардилар» (Ибн Сунний ривояти).

Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таҳорат олишда, соч тарашда ва кавуш кийишда, қўйингки, барча ишларда ўнг томондан бошлаш қизиқтирар эди (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).  

  Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Дўстим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар ойда уч кун рўза тутишни, икки ракат зуҳо (чошгоҳ) намози ўқишни ва ухлашдан олдин витр намози ўқишни васият қилдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).  

  Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ойларда қилолмаган (ибодат)ларини Рамазон ойида астойдил бажарардилар. Рамазон ойида адо этолмаган (ибодат)ларини охирги ўн кунликда бажарар эдилар (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қиёмат куни менга энг яқин бўладиган кишилар менга кўп саловот айтадиганлардир», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хушбўй нарсаларни рад этмас эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Усмон ибн Аффондан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга ҳам) ўргатувчиларингиздир», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуонинг қисқа ва кўп маънолисини яхши кўрар ва бошқасини тарк этар эдилар" (Имом Абу Довуд, Ҳоким ривояти).

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши тушни жуда-жуда ёқтирар эдилар" (Имом Аҳмад, Насоий ривояти).

Анасдан: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шохли ва оқ-қора икки қўчқорни қурбонлик қилар ва сўйишда "Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар" дер эдилар" (Имом Аҳмад, Насоий, Ибн Можа, Бухорий, Муслим ривояти).

Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолони ҳар он, ҳар дам, ҳар лаҳзада зикр қилар эдилар" (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).

Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳолвани ва асални яхши кўрар эдилар" (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Насоий ривояти).

 Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадяни ердилар, лекин садақани емас эдилар" (Имом Аҳмад, Табароний ривояти).

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланишга буюрар, бўйдоқ юришни ёмон кўриб рад қилар эдилар" (Имом Аҳмад ривояти).

Анасдан: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қултум сув билан бўлса ҳам рўзаларини очар, сўнг шомни ўқишга турар эдилар" (Байҳақий, Ҳоким ривояти)

Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжуд намозини асло тарк этмас, бемор ё беҳол бўлсалар ўтирган ҳолларида ўқир эдилар" (Имом Абу Довуд ривояти)

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам узуклари кумушдан, кўзи ҳам кумуш эди" (Имом Бухорий ривояти)

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон иш ёки нарсани эртага қолдирмас эдилар" (Имом Термизий ривояти)

Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам отларининг номи Муртажиз эди, туялариники Кисво, хачирлариники Дулдул ва Уфайр, зирҳлариники Зотул-фузул, қиличлариники Зулфиқор эди" (Байҳақий, Ҳоким ривояти)

 Абуд-Дардодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизлар қиёмат куни исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар (яъни Фалончи ўғли Фалончи, деб), шунинг учун исмларингиз чиройли бўлсин", дедилар" (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Абу Нуайм, Дорақутний ривояти)

Абу Заррдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким ҳар ойда уч кун (нафл) рўза тутса, йил бўйи рўзадор бўлганнинг савобини қўлга киритади", деганлар" (Имом Аҳмад ривояти)

Умму Саламадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга пайшанба куни чиқишни яхши кўрар эдилар" (Табароний ривояти)

 Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимларини тикар, эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар" (Имом Аҳмад ривояти)

Ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким дуосининг мустажоб бўлишини ва ғам-ташвишдан қутулишни истаса, ёрдамга муҳтожларга ёрдам берсин", дедилар" (Имом Аҳмад ривояти)

Ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бир кишининг ўғил ё қиз фарзанди ўлса, у бунга чидасин ё чидамасин, сабр қилсин ё қилмасин, рози бўлсин ё бўлмасин, бунинг савоби фақат жаннатдир", деганлар" (Табароний ривояти)

Саъиддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Майиз қандайин яхши нарса, асабни қувватлантиради, ғазабни даф қилади, чарчоқни кетказади, оғизни хушбўйлантиради, балғамни (совуқликни) йўқ қилади ва ранги-рўйни яхшилайди", деганлар" (Дайламий ривояти)

 Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким "Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи" калимасини бир кунда юз марта айтса, гуноҳлари денгиз кўпигичалик кўп бўлса ҳам номаи аъмолидан албатта ўчирилади", деганлар" (Имом Бухорий ривояти)

 Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Шумланиш йўқдир, агар бўлганида уловда, аёлда ва масканда бўлар эди", деганлар" (Табароний ривояти)

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мажлис-давраларда фақат уч кишига: ёши улуғлиги учун кексаларга, илми учун олимларга ва султонлиги учун одил султонга жой бўшатиб берилади", деганлар" (Дайламий ривояти)

 Абу Вакилдан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат билан бирга намоз ўқиганда ғоят енгил ва қисқа кўринишда, ёлғиз ўзлари ўқигудай бўлсалар, ғоят узун ва оғир ўқир эдилар" (Имом Аҳмад ривояти)

Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олиш (да сув қуйиб туриш) ва садақа бериш ишларини ҳеч кимга буюрмас, фақат ўзлари бажарар эдилар" (Ибн Можа ривояти)

Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликка йўйишни ёқтирар, бадгумонликни ёмон кўрар эдилар" (Ибн Можа ривояти)

Абу Саъид Худрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп зикр қилар, фойдасиз ишлардан сақланар, намозни узун ўқир, хутбани қисқа қилар ҳамда бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас, орланмас эдилар" (Имом Насоий, Абу Довуд ривояти)

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор кишидан хафа бўлсалар: "Пешонаси тупроққа белангур (яъни сажда қилгур), унга нима бўляпти?" дер эдилар" (Байҳақий ривояти)

 Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хоҳ сафарда, хоҳ муқимликда бўлсинлар, мана бу беш нарса: ойна, сурмадон, тароқ, мисвок, соқол тароғи ҳамиша ёнларида бўлар эди".

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хушбўйлик таклиф қилинса, асло рад қилмас эдилар" (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Бухорий, Насоий ривояти)

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморни уч кундан кейин зиёрат қилар эдилар" (Ибн Можа ривояти)

 Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мўминларнинг энг иймони қувватлиси ва энг ахлоқи чиройлиси ўз оиласига лутф билан муомала қиладиганидир", деганлар (Ҳоким ривояти)

Абуд-Дардодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлар эканлар табассум қилар эдилар" (Имом Аҳмад ривояти)

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Молояъни (бемаъни) сўзларни тарк этиш кишининг мусулмонлиги гўзал экани нишонасидир", деганлар" (Имом Термизий ривояти)

Ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййит лаҳадга қўйилгач: "Бисмиллаҳ, ва биллаҳ ва фийсабилиллаҳ ва ала миллати Расулуллоҳ", дер эдилар" (Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти)

 Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ таоло бир бандага аҳли оила, фарзанд, мол-мулкдан бирор неъмат берганида у "Машааллоҳ, ла қуввата илла биллаҳ" деса, ўлимдан бошқа бирон мусибат, бало кўрмайди", деганлар" (Хатиб, Абу Яъло ривояти)

Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Шу осмон остида Аллоҳ таолодан бошқага ибодат қилинган маъбудлар орасида энг каттаси Ҳою ҳавасдир", деганлар" (Табароний ривояти)

 Абу Саълабадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтганларида олдин масжидга кирар, икки ракат намоз ўқир, сўнг қизлари Фотимага учрар, шундан кейингина уйларига кетар эдилар" (Табароний ривояти)

 Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Истихора қилган ноумид қолмас, маслаҳатлашган пушаймон бўлмас ва иқтисод қилган эса муҳтожлик кўрмас", деганлар" (Табароний ривояти)

 Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аксирмоқчи бўлсалар, қўлларини оғизларига тутиб ёки рўмолчаларини тутиш билан овозларини пастлатар эдилар" (Имом Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти)

Ибн Жаъфардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аксирсалар "Алҳамдулиллаҳ" дердилар, шунда у зотга "Йарҳамукаллоҳ" дейилса, "Йаҳдийкумуллоҳ ва юслиҳ болакум" деб жавоб берар эдилар" (Имом Аҳмад ривояти)

Имрон ибн Ҳусайндан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанозада ҳозир бўлганларида қайғулари ортар, ниҳоятда кам гапирар, фикр-мулоҳазага ғарқ бўлар эдилар" (Ҳоким ривояти)

Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини хурсанд қилган бирор иш содир бўлса, Аллоҳга шукрона ўлароқ сажда қилар эдилар" (Имом Абу Довуд, Ибн Можа ривояти)

Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор кўргани борсалар: "Сен учун (зарарли) бир нарса йўқ, иншааалоҳ, бу сенга гуноҳлардан покланишдир", дер эдилар" (Имом Бухорий ривояти)

Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб ҳолатида ухламоқчи бўлсалар, намоз учун олгандай таҳорат олар эдилар, агар таом емоқчи ё сув ичмоқчи бўлсалар қўлларини ювиб, сўнг овқатланар ё сув ичар эдилар" (Имом Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривояти)

Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафар қилмоқчи бўлсалар: "Аллоҳим, Сен билангина ғалаба қиламан, Сен билангина омонда бўламан, Сенинг ёрдаминг билангина душманим устига юриш қиламан", деб дуо қилар эдилар" (Имом Аҳмад ривояти)

Ҳафсадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ётиш учун узанганларида ўнг қўлларини ўнг ёноқлари остига қўяр эдилар" (Табароний ривояти)

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини маҳзун қиладиган бирор ҳолат ёки воқеа содир бўлса осмонга қарар ва "Субҳаналлоҳил-азийм" дер эдилар, дуоларида энг кўп такрорлаганлари эса "Йа Ҳаййу йа Қоййум" эди" (Имом Термизий ривояти)

 Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадяга ҳадя билан жавоб қайтарар эдилар" (Имом Аҳмад, Бухорий, Абу Довуд, Термизий ривояти)

Абу Зуҳайр ал-Амморийдан: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқуга ётиш олдидан бундай дер эдилар: "Аллоҳим, Сенинг номинг ила ёнимни ерга қўйдим. Аллоҳим, гуноҳларимни кечир ва мени шайтондан узоқ қил, мени мушкуллардан қутқар ва олий мақомга кўтар!" (Имом Абу Довуд ривояти)

Ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга дуо қилсалар тилакларини уч марта қайтарар эдилар, истиғфорни ҳам уч бор қайтарар эдилар" (Имом Аҳмад, Абу Довуд ривояти)

Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли нарсалардан хурсанд бўлар, шумланишни эса ёқтирмас эдилар" (Имом Насоий ривояти)

 Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хина гулини ёқтирар эдилар" (Имом Аҳмад ривояти)

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам борган ерлари, ўтирган мажлисларидан қўзғоладиган бўлсалар, икки ракат намоз ўқир эдилар" (Ҳоким ривояти)