Эфиопия ва Жанубий Судан билан чегарадош Мовий Нил провинциясида ер масаласи бўйича жанглар шу ойда қайта бошланган. Унда Ғарбий Африкадан бўлган Хауса халқи Берта жамоасига қарши курашмоқда.
Чоршанба ва пайшанба кунлари Эфиопия билан чегарадаги Вад ал-Махи шаҳрида кескинлик кучайган. Тартибсизликлар фуқаролар низолари ва сиёсий тартибсизликлар ботқоғига ботган мамлакатнинг бошига тушган кулфатларни янада кучайтирди.
Мовий Нил соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Фатҳ Арраҳман Бахейт якшанба куни расмийлар камида 220 киши ўлганини ҳисоблаб чиққанини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкин, чунки тиббиёт гуруҳлари жанг ўчоғига етиб бора олмаган.
Бахейтнинг сўзларига кўра, биринчи гуманитар ва тиббий карвон шанба куни кечки пайт Вад ал-Махи шаҳрига келиб, вазиятни баҳолаш, жумладан, "кўп сонли жасадлар" ва ўнлаб ярадорларни ҳисоблаш учун келган.
"Бундай тўқнашувларда ҳамма ютқазади", - деди у. - "Умид қиламизки, бу тез орада тугайди ва бошқа ҳеч қачон содир бўлмайди, аммо бу мақсадга эришиш учун сиёсатчилар, хавфсизлик кучлари ва фуқаролик жамиятидан қатъий чоралар кўришимиз керак".
Воқеа жойидан олинган кадрларда ёниб кетган уйлар ва куйган жасадларни кўриш мумкин. Бошқа кадрлар эса аёллар ва болаларнинг югураётганини кўрсатади.
Жанглар пайтида кўплаб уйлар ёниб кетган, натижада 7 мингга яқин одам Русярис шаҳрига қочиб кетган. Бошқалар эса қўшни вилоятларга жўнаб кетган, дея хабар беради БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси.
Умуман олганда, бу йил бутун мамлакат бўйлаб қабилалараро зўравонлик ва бошқа ҳужумлар натижасида 211 мингга яқин одам ўз уйини тарк этган.
Расмийлар Вад ал-Махида тунги комендантлик соати жорий қилди ва ҳудудга аскарларни жойлаштирди. SUNA давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, улар жангларни текшириш учун фактларни аниқлаш қўмитаси ҳам туздилар.
Бироқ, халқ ҳукуматнинг жавобидан умуман норози ва вилоят ҳокимининг истеъфосини талаб қилмоқда. Уларнинг фикрича, хавфсизлик кучлари холис бўлмаган ва баъзида аниқ тарафкашлик қилган.
Икки қабила гуруҳи ўртасидаги жанглар биринчи марта июль ўрталарида бошланган ва октябрь ойи бошида камида 149 кишининг ҳаётига зомин бўлганди. Бу кескин норозиликларга сабаб бўлди ҳамда Мовий Нил ва бошқа вилоятлардаги икки этник гуруҳ ўртасидаги зиддиятни кучайтирди.
Охирги жанглар Судан учун, бу мамлакатни янада нотинчликка олиб келган ҳарбий тўнтаришнинг бир йиллигига бир неча кун қолганида, муҳим паллага тўғри келди.
Давлат тўнтариши 2019 йил апрелида халқ қўзғолони натижасида ҳокимиятдан ағдарилган Умар ал-Баширнинг қарийб ўттиз йиллик репрессив бошқарувидан сўнг мамлакатнинг демократияга қисқа ўтиш даврини издан чиқарди.