Ислом дунёсининг сўнги асрлардаги мувоффақиятсизлик сабаблари мазҳаб эканини урғулайдиган мақолалар Ўзбек интернетида янги тусда ва янги кўламда кун сайин кўпайиб бормоқда. Масала ҳақиқатдан ҳам шундайми? Яъни ҳақиқатдан ҳам Исломдаги мазҳаблар тафаккур ва тараққиётга ғов бўлганми? Масалани ўрганишни яқин ўтмишга сайёр қилишдан бошлаймиз. Ўз вақтида Чор Россиясида кўзга кўринган жадидларининг пешвоси ҳисобланмиш Муса Бигиевнинг Россияда чоп этиладиган “Минарет” журналидаги мақоласини ҳукмларингизга тўлиқ ҳавола қиламиз. Нага айнан шу мақола? Баъзи тоифалар ва баъзи мусулмонлар фикрларида Ислом инқирозига мазҳабларни сабаб қилиб кўрсатиши айнан ўша даврларда пайдо бўла бошлаган. Мусо Бигиев эса уларнинг энг ёрқин вакилидир.
Нега ғарб тараққиёт сари юзланди?
Ҳозирги даврда ислом ва ғарб дунёси орасида катта фарқ борлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу дунёларнинг бири сиёсатда (халқаро майдонда) чексиз ҳукмрон ва пешво бўлди. Дунёдаги барча табиий бойликларни эгаллаб олди ва барча куч-қудратни ўзига бўйсундирди. У пешволик курсисини бой беришни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ. Дунёларнинг иккинчиси эса, сиёсий ҳаётда (халқаро майдонда) иштирок этиш имкониятидан тўлиқ маҳрум бўлиб қул каби бўлди, у ўз ишларини ўзи истаганича бошқара олмай қолди. Ўз уйида ўз мулкини эркин тасарруф қилиш имкониятидан ҳам четда. У бошқаларга қул бўлиб, қарам бўлди.
Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Иккинчи даражали нарсалар турли хил бўлиши мумкин, аммо асосий сабаб битта. Бироқ ўша бош сабабни кўрсатиб, очиб бериш ўта мушкулдир. Аслида тарихий воқеалар ва ижтимоий муносабатларнинг ҳақиқий моҳиятини очиб бериш қийин иш. Ғарб дунёси ғайрат ва тиришқоқликни намоён қилди. У илм-фан кучи билан ўзига табиат ва бутун дунё халқларини бўйсундира олди. Ислом дунёси эса ривожланишдан тўхтаб қолди. Ялқовлиқ, дангасалик оқибатида жаҳолатда қолиб кетди. Шунинг учун ҳам ғарб дунёси тараққиёт сари юзланганида ислом дунёси инқирозга қараб юз тутди.
Аслида асосий сабаб шуми? Агар шу бўлса, биттаси астойдил меҳнат қилаётган вақтда, иккинчиси ялқов бўлиб қолишининг асл сабаби нима? Ғарб дунёсида илм-фан тахминан VIII аср охирларида ривожлана бошлади. Бироқ узоқ ўтмишда бошланган бу жараён кўп асрлар давомида ҳам ўзига керакли куч йиға олмади. Нега у бир вақтлар бошланиб, вақт ўтган сайин фақат заифлашиб борди? Нега XVI асргача маърифат ривож топа олмади? Нега тараққиётнинг кенг қулоч очиш белгилари, нишоналари кўринмади?
XVI асрда Германияда бошланган Реформация таъсири оқибатида ғарбий Европанинг тафаккур ва онги насроний руҳонийлари жабр-зулмидан озод бўлди. Илм-фан эркин нафас ола бошлади. Майда муаммолар баҳонасида ривож топган реформация, тезда кенг ривож топиб, ғарб дунёси равнақи учун керакли нарсаларни бера олди. Инсон ўзининг табиатига қайтди, фикр эркинлиги устунлик ва приоритет ҳолатга келди, унинг амалий куч экани ҳам тан олинди. Бундан сўнг инсон онги тез суратларда чексиз моддий дунёни ўзлаштира кетди ва табиатнинг янги-янги сирларини кашф қила бошлади. Табиий бойликларини ўзлаштиришга тушди. Католик черковнинг қучоғида бўғилаётган одамларнинг ижодий ва амалий имкониятлари ҳам озод бўлди, эркин бўлди. Инсон бор кучи билан илм ва амалий йўл бўйлаб ҳаракат қила бошлади. Шунинг учун ҳам реформация бошланганидан бир аср ўтиб руҳонийлар қўлида ва черков деворлари ичида қамалда занжирбанд бўлган тафаккур прогрессив муваффақиятларга осонликча эриша бошлади.
Онг ва тафаккурни эзиб, бўғиб келаётган черковдан озод бўлиш натижасида ғарб дунёси тараққиёт йўлига илдам қадам ташлади. Ўша вақтда мусулмон мадрасалари (талабалар) каломга оид китоблар ва уларнинг шарҳларини ёд олиш билан банд эди. Мусулмон олимлари эса уларга шарҳ ёзиш билан овора, бу улар учун фахр эди. Мусулмонларнинг онги-тафаккури кўр-кўрона қадимги машҳур олим ва мутакаллимларга тақлид қилаётган фақиҳлар қўлида асир эди. Эҳтимол, айнан ўша мусулмонлар онгининг сустлиги туфайли, ислом дунёсининг жон томирлари ҳётдан маҳрум бўлиб, ҳаракатсиз қотиб қолгандир?.
Буюк ислоҳатчи Мартин Лютер тарих саҳнасига чиққан кунлар, Усмонийлар давлатининг энг қудратли подшоҳи Сулаймон Қонуний ҳукмдорлик қилаётган давр эди. Бу дегани ўша вақт насроний мамлакатлари ислом давлатидан анча заиф эди. Яъни, ўша вақтда мусулмонлар давлатидан қудратли бирон бир насронийларнинг давлати бўлган эмас. Бироқ ислоҳатчи Мартин Лютер фаолияти туфайли насроний дунёси тараққиёт йўлига ўтиб олди, мутакаллимларнинг қаттиқ таъсиридаги Ислом дунёси эса қотиб, тўхтаб қолди... Бошқача сўз билан айтганда, ислом дунёсининг орқага қараб кетишига асл сабаб унинг тафаккури асир бўлганида эди.
Кўзи кўр, мусулмон шоири Маърий ўзининг “ал-Лузумият” асарида мудҳиш тарихий келажак ҳақида ёзиб, башорат қилгандек бўлди: “Улар ривожланмоқда, биз эса мудроқда. Биз орқага қараб кетаётганимизда, улар меҳнат билан банд бўлди. Албатта, тараққиёт йўллари жаҳолат жойларига бегона”.
Агар асирга тушган тафаккур эркин фикр қилиб, қарор чиқара олмаса, унинг амал қилиш ва тадбиркорлиги ҳам бўғилади. Қачонки инсон ёлқовлик, дангасалик дардига чалинса, энг беозор бўлиб кўринган нарсалар, унга ўзининг салбий таъсирини кўрсата бошлайди.
Эҳтимол дарвишларнинг бузилган, тор ҳужраларида туғилган, улар тарафидан тарғиб, даъват қилинган, масжид минбарларидан янграган - дунё ҳаётини қоралаган, ҳаддан ошиқ зоҳидлик, таркидунёчиликка даъват этилган, бахтни қашшоқлик, таркидунёчиликда деб, ҳар жойда шайтон изини кўрган ваъз ва ғоялар маҳбусликда азият чекаётган мусулмонлар тафаккурига салбий таъсир қилган.
Шунинг учун ҳам ислом дунёсининг соғлом ақли ва жисми фалаж ҳолатига келди. Шунинг учун ҳам ғарб дунёси ривож топаётганда ислом дунёси инқироз ботқоғига ботди. Шунинг учун ҳам ғарб ва ислом дунёси орасида катта фарқ ҳосил бўлди. Шунинг учун ҳам биттаси пешво бўлди, биттаси эса шармандалик ва қалоқлик уммонига ғарқ бўлди.
Бу масалада менинг шахсий фикрларим шудир. Исломнинг сиёсий ва маданий тарихини ўрганиш жараёнида қалбимда бу қараш мустаҳкам ўрнаша олди. Бугунги вазият ва уларнинг ечими ҳақида китоблар ёзган олимларни ўқир эканман, қарашларим ўз тасдиғини топиб бормоқда. Ичимдаги иймоним кучайиб бораётганини кўриб, бирон нарса қилиши кераклиги ҳақида қарор қилдим.
Нима ёзган бўлсам, нима ҳақида гапирган бўлсам, барчаси эътиқодим чақириғи бўйича содир бўлди. Барча ёзган, айтган гапларимда фақат бир мақсадни кўзлаганман: онг ва тафаккурни озод қилиш, мазҳабпарастлар ўрнатган тўсиқларни бузиб ташлаш, заиф ирода, нафсни енгиб чиқиш. Бошқача сўз билан айтганда, ягона мақсадим тафаккурни озод қилиш ва ҳаракатларимизнинг манфаатли қилишга эришишдир. Чунки, бугунги Ислом дунёси тушган ҳолатга асосий сабаб тафаккурнинг сиқиқлиги ва ироданинг йўқлигидир.
Мен ҳеч қандай шак-шубҳага ўрин қолдирмайдиган даражада Ислом Муқаддас, Буюқ ва Ҳақ дин деб ишонаман. Муқаддас динимиз таълимоти ҳар қандай шаклда бўлса ҳам кичик мазҳабларнинг тор доираси билан чекланиб қолмаслиги керак. Исломни шундай тор чегараларга ўраб қўйиш, шубҳасиз катта нуқсондир. Бу масалаларда мен мазҳабларни рад қиламан.
Исломда тафаккур чекланмаганди. У эркин, озод бўлиб, буюк илоҳий неъмат сифатида қадрланарди. Мусулмон ўлкаларида фикр эркинлиги, табиий ҳақ ва устунликка эга бўларди. Салафи солиҳларимиз даврида бирон кимсага бирор бир мазҳабни зўрлик билан сингдириш одати йўқ эди. Тафаккур ва унинг имкониятларини чеклаш илм-фанга нисбатан душман кайфиятида бўлиш, мутафаккирларни, озодликка бўлган интилишни куфрда айблаш билан намоён бўлган ақлсизлик ва ваҳшийлик каби бу фожеалар етти асрдан бери католик дунёсида ҳукмрон бўлган ёвуз инкивизиция маҳкамалари мутакаллимлар таълимотига мерос сифатида ўтдими?. Чунки бундай ақлсизлик, ваҳшийлик Ислом руҳиятидан келиб чиқиши мумкин эмас.
Юнон диалектикаси билан заҳарланган ва қалблари зўрлашга, мажбурлашга ва таъқиб қилишга ўч бўлган мутакаллимларга инкивизиция маҳкамаларининг ваҳшийлиги осонликча кўчиб ўтди. Мутакаллимлар дин номи билан бундай ваҳшийликни Ислом дунёсида сингдира олдилар. Ҳаётга дин номи билан сингдирилган бу фожеалар ақл ва қалбларда мустаҳкам ўрнашиб олди. Фикримча, ақл, ирода ва маънавий имкониятлар айнан шундай йўл билан асир қилинди. Бу эрксизлик кейинги фитна ва фожеалар учун асосий омилга айланди.
Сағлом бўлишнинг ягона ва асосий шарти бу асирликдан озод бўлишдир. Агар ақл ва ирода озод қилинмаса бошқа барча чора ва ҳаракатлар зое кетиб, ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди.
Шунинг учун ҳам мен фикр эркинлигини шиор қилганларга қўшилганман. Мен мазҳабпарастлар қўйган ва тақлид қилишимизга мажбур қиладиган сунъий тўсиқларни инкор қила бошладим. Кўп масалаларда мен мазҳаб тарафдорларига қарши очиқ тура олдим. Буларнинг барчаси ўтмишдаги буюк уламоларнинг хатосини топиб, айблаш учун эмас, билакс Исломнинг буюклиги ичида тафаккур ва фикр эркинлиги борлигини кўрсатишдир.
Мен бу ҳаракатларим ва дунёқарашимни ўзим учун вазифа қилиб олдим. Бу менга озод бўлишимизнинг бошланишига ўхшар эди. Бугунги кунимиздаги талаб ва вазифаларга тўла мос келиши учун булар ягона амалий услубдир. Булар келажакга нисбатан ҳеч қандай зарар келтирмайди, фақат фойда келтириши мумкин.
Ўз тафаккур, имконият ва истеъдодимдан келиб чиққан ҳолда ёзадиган адабий-бадий асарлар, миямни ишлатиш жараёнида пайдо бўладиган фикрлар, ҳис-туйғулар ва қалбимдан отилиб чиқаётган дардларим теран бўлмаслиги мумкинлигидан адабий асарлар ёзмаганман.
Ўқувчиларнинг қалбини майда ва сийқаси чиққан ғоя, фикрлар билан тўлдириш уларнинг соф қалбларини заҳарлаш бўлиб, бундан эса ҳеч қандай наф йўқдир.
Тафаккур, ирода ва фикрлаш қобилиятини чеклайдиган ва мазҳабпарастлар тарафидан ўрнатилган қоидаларни бузиш ниятида жуда кўп масалаларни кўтариб чиқдим. Албатта ниятим холис эди. Агар мен мақсадимга эришганимда бунинг жуда катта фойдаси бўларди. Кўрсатилган барча масалалар ўзига яраша муҳим ва долзарб эди. Уларнинг муҳимлиги, бизларнинг жамиятдаги мавқеимизни яхшилаш ва Ислом таълимотини юқорига кўтаришда (ёки тикланишида) намоён эди. Булардан бирор бир зарар топа олмайсиз, чунки мазкур муаммолар уятсиз қиссалар, ишқий романлар ва умуман олганда ҳар қандай шаҳвоний руҳига эга асарлардан устундир.
Сўзим охирида замонавий адабиётимиз ҳақида ҳам бир икки фикрларимни айтиб ўтмоқчиман. Менга кўра, адабиётимиз тили ҳам тўғри эмасдек. Адабий асарларимизда жуда кўп грамматик, синтаксист ва стилистик хатолар топилади. Бу камчиликлар замонамиз адиблар тарафидан йўл қўйилган. Ушбу камчиликлар яна давом этаверса, замонлар оша келаётган тилимиз бузилишни бошлайди.
Бир илдиздан униб чиққан туркий тиллар шажарасининг шохлари бирлик мевасини ҳеч қачон бера олмайди. Агар шундай давом этилаверса, туркий халқлар янада бир-бирларидан узоқлашиб, бегоналашиб бораверади.
Фикримча, замонавий адабиёт йўналиши бизнинг талабларга жавоб бермайди. Беҳаё қиссалар, ишқий саргузаштлар ва бошқа халқларнинг бадий адабиётларининг таржималари ва умуман олганда эротизм руҳида (яъни, булар жиддийликдан узоқлаштириб, ахлқосизликка яқинлаштиради) ёзилган барча асарлар бизнинг талабларга мутлоқа жавоб бермайди. Ғарб дунёсида буларнинг барчаси бор. Ҳеч бир эҳтиёжимизни қондира олмайдиган ҳар томонлама ожизлик пайтимизда Ғарбнинг кўнгилхушликлари ва бекорчилигига эргашадиган бўлсак ва ғарб дунёсида “аччиқ тажриба”нинг ташвишли тили билан эълон қилинаётган сергак торттирувчи ҳодиса ва кўринишларга қулоқ солмасак, уларга жиддий эътибор бермасак, тинмай ўсиб бораётган жиноятчилик, бузуқлик, беҳаёлик, ижтимоий касалликларнинг сабабларига панжа ортидан қарайдиган бўлсак, келажагимиз ачинарли бўлиши тайин.
Бугун жиддий асарларга, илмий-техник ва саноат ютуқларига кўпроқ мухтожмиз. Ҳозир бироз бўлсада Ғарбнинг ўйинлари-ю, кўнгилхушликлари ва бекорчилик асарларини бир четга суриб, фарзандларимизни тижорат, савдо, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалиги меҳнатларига ўргатишимиз керак. Назаримда нажот топиб, тараққиётга эришишимиз учун бошқа йўл йўқ.
(«Минарет» журналидан Абу Муслим таржимаси)
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари:
...Исломда фикрлаш ибодат даражасига кўтарилгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ақлини, фикрини ишлатмаганларни қаттиқ қоралайди.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида:
«Аллоҳнинг ҳузурида энг ёмон жонзот ақлни ишлатмайдиган кару соқовлардир»-дейди. (22 оят)
Яъни, ақлини тўғриликка ишлатиб, ўзича келган фикрини гапирмайдиган, бировнинг фикрини эшитмайдиганлардир, дегани. Бунга ўхшаш ақлни ишлатиш, эслаш, ёдга олиш, фикр юритиш зурурлиги ҳақидаги оятлар жуда ҳам кўп. «Тафаккур» моддасининг ўзи ўн тўққизта оятда таъкидлаб айтилган.
Назарий жиҳатдан Исломдаги фикр ва сўз эркинлиги, унинг ҳужжат ва далиллари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган. Бу маънода гапнинг чўзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аммо, Исломнинг бошқалардан фарқи шулки, унда мазкур назариялар, назария ҳолида қолиб кетмайди, балки ҳаётга татбиқ қилинади. Ҳозирги баъзи бир инсон ҳуқуқини поймол қилувчи тузумлар бу бобда олдин ёзилган васиқаларнинг энг яхши бандларини кўчириб ёзиб, бизнинг қонунларимиз дунёдаги энг одил қонун, дея жар солиб, яна инсон ҳақларини поймол қилаверишига ўхшаш нарса Исломда бўлмайди. Шунинг учун амалда бўлган нарсага мурожаат қилишимиз ўринли.
Исломда инсон фикрига боғлиқ бўлмаган нарсаларни шарият баён қилиб берганидан кейин, инсон фикрига боғлиқ нарсаларда фикр юритиш учун кенг йўл очиб берилган ва инсонларни ҳур ва соғлом фикр юритишга даъват қилинган? Бу нарсанинг самарасини Исломий мазҳабларнинг пайдо бўлиши ва давом этиб келишидан кўрамиз.
Аввал ақийда масаласида Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баёни асосида иш тутиш лозим эканлигини айтиб ўтган эдик. Лекин, бу ақийда масаласида фикр ишлатиш мумкин эмас, дегани эмас. Ақийданинг қатъий масалаларида фикр юритиб, ижтиҳод қилиш мумкин эмас. Аммо, қатъий бўлмаган масалаларида фикр юритиш жоиз. Шунинг учун ҳам, Исломда бир эмас бир нечта ақийдавий мазҳаблар бор. Бу мазҳабларнинг энг катталари Аҳли сунна ва жамоа ҳамда шийъа мазҳабларидир. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг ичида ҳам турли оқимлар бўлиб, улардан энг машҳурлари ал-Мотурийдийия ва Ашъарийя оқимларидир. Ҳаммалари Ислом доирасида бўла туриб, фикр ва сўз эркинлигидан тўлиқ фойдаланиш оқибатида ўз фикр ва сўзларини ўтказганлар ва мазҳаб сифатида собит бўлиб қолганлар. Бу бугунги куннинг тили билан айтилганда кўпфикрликдир.
Исломда фиқҳий мазҳаблар фикр ва сўз эркинлигининг энг кўзга кўринган кенг майдонидир. Бу бобдаги фикр ва сўз эркинлигига Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват қилгандир.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга итоат қилинглар ва ўзингиздан бўлган иш бошиларга ҳам. Агар бир нарсада низоъ қиладиган бўлсангиз уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз. Ана шу яхши ва гўзал таъвийлдир»-деган.
Бу оятда замон ўтиши билан пайдо бўладиган янги масалаларни ижмоъ ва қиёс йўли билан ҳал қилишга амр бор. Бу эса, эркин фикр юритишга даъватдир. Шунингдек, Қуръон ва Ҳадисдан ҳукм чиқариш ҳам эркин фикр юритишнинг бир туридир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайқи васаллам буюк саҳобий Муоз ибн Жабални Яманга волий қилиб юборишдан олдин, у киши билан ўтказган суҳбатларида жумладан, агар ҳукмни Аллоҳнинг китобида ва Унинг Расулининг суннатида топмасанг нима қиласан?-деганларида, Муоз розияллоҳу анҳу, ўз раъйимни ишга соламан, бўшашмайман, деганлар. Шунда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ишига таҳсин айтганлар.
Қуръон ва Суннатда асосий мезонлар белгилаб берилиб, макон ва замон ўзгариши билан ўзгарадиган масалаларни ҳал қилиш мусулмонларнинг ўзига ҳавола қилинган. Шунинг учун ҳам, кўпчилик бу борада эркин фикр ила ижтиқод қилган. Уларнинг ичида энг кўп муваффақиятга эришганлари, фиқҳий мазҳаб имомлари бўлиб танилганлар.
Шу билан бирга бир фиқҳий мазҳаб ичида ҳам турли фикрлаш кенг миқёсда йўлга қўйилган. Мисол учун Ҳанафий мазҳабида баъзи масалаларда Имом Абу Ҳанийфанинг шогирдлари у кишининг фатволаридан бошқача фатво чиқарганлар ва шогирднинг фатвосига амал қилинган.
Лекин, фуқаҳоларнинг бу фикр эркинликлари зулм ва жавр ила баъзи кишилар томонидан ихтилоф, деб номланган.
Аслида бу иш ихтилоф эмас, кўпфикрликдир. Масалани ҳал қилишда афзал ва осон йўлни танлашга уринишдир. Айни пайтда бу кўпфикрлилик юксак одоб доирасида бир бирини ҳурмат қилган ҳолда йўлга қўйилган. Мунозара одоблари ишлаб чиқилган ва бу бобда китоблар ҳам битилган. Буларнинг ҳаммаси фикр ва сўз эркинлигининг самарасидир.
Исломда бировни ўз фикрига мажбурлаш бўлмаган. Тўрт фиқҳий мазҳабнинг соҳибларидан бирлари, Имом Моликка ҳалифа Жаъфар Мансур ва Ҳорун ар-Рашидлар бир неча бор кишиларни амр ила у кишининг мазҳабларига юритишни айтганларида у киши кўнмаганлар: «Бу жоиз эмас, ҳар бир қавмнинг ўз салафлари, имомлари бор, ҳаммаси ҳам тўғри ижтиҳод қилган», деган маънода гап айтганлар.
Кези келганда, шариятдаги фикр ишлатиб илмий изланишга ундовчи бир қоидани эслаб қўйишимиз лозим. Ислом шариятида, хато қилган мужтаҳидга бир савоб, тўғри топган мужтаҳидга икки савоб, деган қоида бор. Яъни, фикрим нотўғри чиқиб қолса нима қиламан, деган хавф бўлмаслиги керак. Нотўғри чиқса қабул бўлмайди? Аммо, уриниш тамоман беҳуда кетмайди. Савоб бўлади.
Мазкур фуқаҳолар ҳақидаги мисолни барча илмларга қиёс қилишимиз мумкин. Мусулмон уламолар, фақат қўлёзма ҳолатидагина китоб чиқариш мумкин бўлган бир даврда турли илмларга оид китоблар билан дунёни тўлдириб ташлаганлари Исломда фикр ва сўз эркинлигига далил бўлмаса нимага далил бўлар эди.
Халифа ва бошқа ҳокимларнинг саройларида турли мазҳаб ва дин вакиллари иштирокида мунозаралар ўтказиш оддий ҳол бўлган.
Мусулмонлар ўзга халқларнинг илмий меросларини ҳам ўз тилларига таржима қилиб ўрганганлар. Ҳозир баъзи бир асарлар ўзининг асл тилида бўлмаса ҳам, мусулмон халқлар тилидаги таржимаси сақланиб қолган. Чунки, Ислом оммасида уламоларни, китобларни гулханда куйдириш, уйидан тузумга ёқмаган китоб чиққан одамни отиб юбориш, сургун қилиш бўлмаган. Сензура ёки «адабий маслаҳат» ҳам бўлмаган. Ҳамма, одоб ахлоқ доирасида ўз фикрини тақдим қилган, мақбул бўлгани ривож топган, бўлмагани қолиб кетган.
Энди, ҳозирда Исломга таъна бўлиб тушаётган сиёсий фикр ва сўз эркинлиги ҳақида икки оғиз сўз. Дунёга донғи кетган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу минбарда туриб: «Агар менинг хатомни кўрсангиз тўғриланг!-дедилар. Шунда бир одам, агар сенда хато топсак, мана бу билан тўғрилаб қўямиз, деди қиличини кўрсатиб. Умар розияллоҳу анҳу: Ушланг уни!-демадилар. Секин жасусларга ишора ҳам қилмадилар. Балки, Умарнинг одамлари ичида унинг хатосини қиличи билан тўғрилайдиган кимсалар қилиб қўйган, Аллоҳга хамд бўлсин, дедилар хурсанд бўлиб.
Яна бошқа бир куни, забардастлиги билан машҳур ўша халифа Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб:
«Мени тингланглар ва менга итоат қилинглар!»-деди.
Унинг гапи оғзидан чиқар-чиқмас,
«Сени тинглаш ҳам йўқ, сенга итоат қилиш ҳам йўқ!-деди бир киши.
«Нима учун?»-деди Умар розияллоҳу анҳу.
«Нима учун иккита кийим кийиб олдинг? Биттаси ортиқча, уни қаердан олдинг?!»-деди ҳалиги одам.
Умар розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига қараб:
«Эй Абдуллоҳ, жавоб бер энди!»-деди.
«Биродарлар! Отамнинг ўз кийими юпун бўлгани учун Жумага мен ўз кийимини бериб турган эдим, деди у.
Шунда ҳалиги одам ҳазрати Умарга:
«Энди гапиравер, ҳам эшитамиз, ҳам итоат қиламиз»-деди.
Бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, фақат Исломгина фикр ва сўз эркинлигини қоилмақом этиб таъминлаши мумкинлигини тушуниб етамиз. Ҳа, инсонларнинг Роббиси, Ўз бандаларига, Ўз дини Ислом орқали берган фикр ва сўз эканлиги қоилмақом бўлмаса, нима ҳам қоилмақом бўлар эди. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Исломда инсон ҳуқуқлари” китобидан)
-----
Муса Бигиев мақоласи асосида Абу Муслим тайёрлади