loader
Foto

Халифа Умарнинг Фаластинда ўрнатган тинчлик ва адолати

Император Константин даврида Рим империяси насронийликни қабул қилгандан сўнггина Қуддус яна эътибор ва эъзоз марказига айланди. Римлик насронийлар шаҳарда бутхоналар қура бошлашди, яна ана шу ерларга яҳудийларнинг кўчиб келиб ўрнашишларига рухсат беришди.

Милоднинг VII асрида Фаластин Рим (Византия) империяси таркибида эди. Орадан кўп ўтмай, форслар бу ҳудудни босиб олишди, бироқ тезда Византия яна Фаластинда ўз ҳукмронлигини ўрнатди.

637 йилда Араб халифалиги қўшинлари - мусулмонлар томонидан бу ерларнинг фатҳ этилиши Фаластин тарихида бурилиш нуқтаси бўлди. Айнан мана шу фатҳ асрлар мобайнида беҳисоб урушлар ва ҳукмдорларнинг шафқатсизлигидан, халқларнинг қувғин қилиниши, бир ҳукмрон диннинг бошқаси билан алмашинуви, вайронгарчиликлар, азоб-уқубат ва жабрлардан жафо чеккан Фаластин ерларида диний бағрикенглик, тинчлик ва фаровонлик даврининг ибтидоси бўлди.

Фаластин Муҳаммад пайғамбарнинг (с.а.в.) тўғри йўлдаги халифаларидан ҳазрати Умар (р.а.) бошчилигидаги араб қўшинлари томонидан фатҳ этилган эди. У зот Фаластинда яшаб турган барча этник ва диний гуруҳларга ақли расолик билан, ҳурмат ва эъзоз-эҳтиромда муносабатда бўлди, ана шу ерларда диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асос солди. Англиялик тарихчи ва Яқин Шарқ бўйича мутахассис, аввалда роҳиба бўлган Карен Армстронгнинг «Муқаддас уруш» («Holu War») китобида ёзилишича:

Халифа Умар Қуддусга оқ туяда кириб борганлар, унга шаҳар ҳокими ва Қуддус патриархи (олий руҳонийси) юнон Софроний ҳамроҳлик қилган. Патриарх халифа Умарга Қуддуснинг асосий ибодатхоналарини кўрсатган ва Эски Аҳдда тилга олинган Сулаймон эҳроми харобаларига олиб борган. Халифа Умар хожаси ва биродари пайғамбар Муҳаммад (а.с.) Меърожга кўтарилган жойни зиёрат қилган ва шу жойда намоз ўқиган. Патриарх бу воқеани даҳшат ичра кузатиб турарди... у энди «куним битди» деб ўйлаётган эди. Сўнгра халифа Умар насронийлар ибодат қиладиган жойни ва Пайғамбар Исо (а.с.) тобути ёнидаги ибодатхонани кўрмоқчи бўлди. Лекин у ибодатхонага етиб борганида намоз вақти бўлиб қолди. Патриарх одоб билан Халифага ана шу ибодатхонада намоз ўқиш таклифини айтди, лекин Халифа узрини айтиб, таклифни рад этди: «Агар мен ушбу ибодатхонада намоз ўқигудек бўлсам, мусулмонлар бу воқеани тарих учун сақлаб қолиш мақсадида ибодатхона ўрнида масжид қуришни хоҳлаб қоладилар, демак муқаддас мақбара ёнидаги ибодатхонани улар бузишлари мумкин». Халифа ибодатхонадан чиқиб, муқаддас мақбарадан анча нарида намоз ўқиди. Шу нарса диққатга моликки, бугун Халифа намоз ўқиган жойда Умарнинг ихчамроқ масжиди қурилган. Масжид шундоққина Исо (а.с.) тобути ёнидаги ибодатхона қаршисида жойлашган.

Халифа Умар шарафига Зайтун тоғи устида ҳам яна бир катта масжид қурилган. Мусулмонлар келгунга қадар, узоқ йиллар мобайнида насронийлар Сулаймон пайғамбар эҳроми харобалари жойлашган бу ердан шаҳар ахлатхонаси сифатида фойдаланишарди. Халифа ана шу ҳудудни тўпланган ахлатдан тозалашда мусулмонларга шахсан ёрдамлашган. Шу тариқа бу шаҳарда иккита масжид барпо қилиб, мусулмонлар Исломнинг учинчи муқаддас шаҳрида ўрнашганлар.

Халифа Қуддусга кирганида мусулмонларнинг диний бағрикенглиги кўриниши сифатида шаҳар патриархи билан қуйидаги шартномани имзолаган:

«Ушбу Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умар томонидан Илия (Қуддус) халқига берилган ҳомийлик ҳақидаги битимдир. Мўминлар амири соғ ёки касал бўладими, барибир, бутун халқнинг ҳаёти ва мол-мулкининг ҳимоясини, шунингдек уларнинг ибодат жойлари, бутлари ва динларининг дахлсизлигини кафолатлайди. Халқнинг бутхоналари бузилишига йўл қўйилмайди ва улар тураржойга айлантирилмайди. Уларнинг аввалги ҳуқуқлари сақланиб қолади. Уларнинг мулкидан ҳеч нарсага зарар етказилмайди ва диний эътиқод масаласида ҳеч кимга ҳеч қандай босим ўтказилмайди. Улардан биронтасига тариқча ҳам зарар етмайди. Аллоҳ, Унинг расули, Расулнинг саҳобалари ва барча мўминлар ушбу битимни тасдиқлайдилар. Имзо - Умар ибн Хаттоб».

Шундай қилиб, мусулмонлар Қуддусга тинчлик ва маданият олиб келдилар. Бошқа халқларнинг муқаддас жойларига ҳеч қандай ҳурмат кўрсатмайдиган, фақатгина динларидаги фарқ туфайли бир-бирларини ўлдириш ва таъқиб қилишга асосланган ваҳшийларча ёввойи қонунлар ва ақидалар ўрнига Фаластин заминида Исломнинг адолатли ва диний бағрикенг маданияти қарор топди. Фаластин Халифа Умар (р.а.) раҳбарлигида халифаликка қўшиб олингандан кейин мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар узоқ асрлар мобайнида бу ерда тинчлик ва осойишталикда яшаб келдилар. Мусулмонлар ҳеч қачон бошқа диндагиларни Исломга зўрлаб киритишни ўйламаганлар ҳам, аммо Ислом Парвардигорнинг ҳақ дини эканини тушуниб етган кўплаб мусулмон бўлмаганлар ўз ихтиёрлари билан Исломни қабул қилганлари тўғрисида далиллар маълум. Мусулмонлар ҳимояси остидаги Фаластинда тинчлик ва уйғунлик узоқ вақт давом этди. Бироқ ХI аср охирида Фаластин ҳозиргача мисли кўрилмаган шафқатсизликка дучор бўлди. Мамлакатга бостириб кирган ваҳшийлар фазилатли Фаластин ерларини дарё-дарё қонга ботириб, зулм ва қўрқув маконига айлантирдилар.

Салбчиларнинг ваҳшийлиги

Фазилатли Фаластин ерларида уччала диний эътиқод вакиллари тўла тинчлик ва тотувликда яшаб турган бир пайтда Оврупо насронийларининг айрим диний ва сиёсий раҳбарлари Қуддус устига салбчилар юриши ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилдилар. 1095 йилнинг 25 ноябрида Клермондаги епископ бош бутхонасида Папа Урбан II насронийларни ҳарбий юриш қилиб, «Муқаддас заминни мусулмонлардан қутқаришга» чақирди. Оврупонинг барча бурчакларидан тўпланган насронийларнинг юз мингдан зиёдроқ қўшини асосан Шарқнинг беҳисоб бойликлари тамаъсида Фаластинга қараб йўл олди. Узоқ ва силла қуритар юришдан, қирғинбарот урушлар ва мусулмонларнинг шаҳарларини вайрон қилишдан сўнг салбчилар қўшини ниҳоят 1099 йили Қуддусга етиб борди. Беш ҳафтача давом этган қамалдан сўнг, шаҳар таслим бўлиб, салбчилар унга кириб бордилар ва тарихда ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийлик содир қилдилар. Шаҳарнинг барча мусулмонлари ва яҳудийлари қиличдан ўтказилди. Салбчилар севги ва раҳм-шафқат дини бўлган насронийликнинг барча ахлоқий амр-фармонларини топтаб ташладилар ва «дин ҳимояси учун кураш» номи билан ниқобланиб, очиқ-ойдин худонинг буйруқларига зид равишда террор уюштирдилар. Йиллар ўтиб салбчиларнинг жиноятлари ҳозирги замон насронийлари олий раҳбарлари ва жамоатчилиги томонидан эътироф этилди.

Салоҳиддин Айюбийнинг адолати

Салбчиларнинг ярим ёввойи лашкари сарҳадлари Фаластиндан Антиохия (ҳозирги Туркиянинг жанубий-шарқий қисмидаги Антиокия шаҳри)гача чўзилиб кетган Қуддус подшоҳлигини ташкил этиб, Қуддусни ўз пойтахтларига айлантирди. Бироқ муқаддас Фаластин ерларига даҳшат ва қайғу-алам олиб келган бебош салбчиларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этиши мумкин эмас эди. Таниқли саркарда ва сиёсий арбоб, Қоҳира султони Салоҳиддин Айюбий Яқин Шарқдаги барча мусулмон амирликларини бирлаштириб, 1187 йил 3 июлда Жалила (Генисарет) кўлидан ғарброқдаги Хиттин қишлоғи яқинида бўлган жангда салбчиларнинг қўшинларига қақшатқич зарба берди. Жангдан сўнг салбчилар қўшинларининг икки бош қўмондони Рено Шатильонский ва қирол Ги Салоҳиддин Айюбийнинг ҳузурига олиб келинди. Суддан кейин мусулмонларни қийноққа солиш ва қирғин қилиш билан ёмон ном чиқарган Рено Шатильонскийни қатл қилишга қарор қилинди. Қирол Гини эса, айби бўлмаганлиги учун озод қилиб юбордилар. Фаластин одамлар орасидаги чинакам адолатли муносабатга яна бир карра гувоҳ бўлди.

Хиттиндаги жангдан сўнг Салоҳиддин Айюбий Қуддус шаҳрини салбчилар ҳукмронлигидан батамом озод қилди, айнан Меърож кечаси арафасида Фаластиннинг 88 йиллик истилосига нуқта қўйилди. Салбчиларнинг 88 йиллик ҳукмронлиги даврида шаҳарда қачонлардан бу±н яшаб келган барча мусулмонлар йўқ қилинган эди. Салоҳиддин қўшинлари шаҳарга кириб келгандан сўнг, унда қолган салбчилар ўзлари ҳам ана шундай қисматга дучор бўлишларини қўрқув билан кутдилар. Бироқ Салоҳиддин шаҳардаги биронта ҳам насронийга зарар етказмади. Бундан ташқари, у фақат ўзларини салбчилар қўшинига мансуб ҳисоблаган католик насронийларга шаҳарни тарк этишни буюрди. Православ насронийлар эса шаҳарда қолиб, ҳеч қандай жабр-зулм ва камситиш кўрмай, одатдагидай ҳа±т кечирдилар ва диний ибодатларини адо этдилар. Англиялик тарихчи Карен Армстронг мусулмонларнинг Қуддусдаги иккинчи ғалабасини шундай таърифлайди:

1187 йилнинг 2 октябрида Салоҳиддин ва унинг қўшинлари Қуддусга ғолибона кириб келишди ва энди шаҳар 800 йил мусулмонларники бўлиши керак эди. Салоҳиддин православ насронийларга ваъда берганидай, шаҳарда Ислом адолатининг юксак тамойилларини ўрнатди. Қуръонга итоатан у ҳеч кимга зулм ўтказмади, 1099 йилдан буён салбчилар томонидан шаҳарда қириб ташланган диндошларининг бегуноҳ ўлими учун қасос олмади. Биронта ҳам насроний қатл этилмади, улардан бирон кишига ҳам зулм қилинмади. Асир тушган салбчилар учун товон пули энг кам миқдорда белгиланди. Қуръон оятлари орқали буюрилганига кўра, оғир айби бўлмаган кўплаб салбчилар товон пулисиз озод қилиб юборилди. Салоҳиддиннинг иниси Одил ишлатиш учун ўзига 100 яқин асирни сўраб олган эди, аммо кейинчалик уларнинг оғир руҳий ҳолатдалигини кўргач, ҳеч қандай товонсиз барча ҳарбий асирларга жавоб бериб юборди. Айрим бой насронийлар шаҳардан кетишга қарор қилдилар. Улар барча бойликларини ўзлари билан олиб, шаҳарни ҳеч қандай тўсиқсиз тарк этдилар. Ваҳоланки, ана шу бойликлар барча асирларни сотиб олиб, озод қилишга етарли эди. Епископ Гераклиус ўзи учун 10 динор тўплаб, тўплаган ҳамма мол-мулкини аравага юклаб, шаҳарни хотиржам тарк этди.

Султон Салоҳиддин ва унинг қўл остидаги мусулмон қўшинлари насронийларга чинакам адолат ва раҳм-шафқат билан муносабатда бўлдилар, мағлубиятга учраган жангчиларга уларнинг салбчи саркардаларига қараганда ҳам кўпроқ адолат кўрсатдилар.

Фаластиннинг бошқа шаҳарлари ҳам салбчиларнинг ваҳшийлигига дучор бўлган эди. Халқ қаҳрамони сифатида талқин қилинадиган Англия тарихининг афсонавий шахси Ричард Шерюрак 1119 йилда III салб юришида ҳозирги Исроил ҳудудидаги Аккон (Акра) қалъасини қамал қилишда қатнашган. Қалъа таслим бўлгандан кейин, у товон тўлаш ва сулҳ таклифларининг биронтасига кўнмай, шаҳардаги деярли 3000 мусулмонни, аёллар ва болаларни ҳам қўшиб қатл қилишга буйруқ беради. Шаҳарни салбчилардан озод қилган мусулмон қўшинлари тинч аҳолининг ваҳшиёна қатл этилганлигини ўз кўзлари билан кўрдилар. Ҳаттоки қариндошлар ва яқинларидан жудолик алами ҳам мусулмонларга ғанимдан ўч олиб, зулм қилишга йўл қўймади. Чунки Парвардигор Қуръонда мусулмонларга шундай деб буюрган: «Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин» (Моида, 2).

Мусулмонлар ҳеч қачон тинч аҳолига қарши ҳарбий куч ишлатмаганлар. Ҳаттоки мағлуб бўлган салбчиларнинг қўшинларига нисбатан ҳам жазо ва шафқатсизлик қўлланилмаган. Чунки Ислом зўравонлик, зиддиятлар, урушлар ва террорни таг-томири билан йўқотиш йўли ҳамда адолат, тинчлик, диний бағрикенглик ва фаровонлик кафолатидир.