loader
Foto

Хитой Вейчжоудаги жоми масжидини бузмоқчи

Хуэйлар кўпчилик бўлиб истиқомат қиладиган Нинся-Хуэй автоном районида ўтган йили қурилган катта Вейчжоу масжиди мусулмонларга ёқиб қолганди. Бироқ бу йил ёзда ҳукумат масжид бузиб ташланиши лозим, чунки у берухсат қурилган деб баёнот берди.

Май ойида Хитой компартияси интизомни текшириш бўйича маҳаллий қўмитаси томонидан эълон қилинган ҳужжатда айтилишича, Вэйчжоу буюк масжиди 2016 йилдан бошлаб «ноқонуний кенгайиш»ни амалга оширмоқда.

Комиссия берган баёнотга кўра, маҳаллий партия амалдорлари, унинг сўзларига қараганда, қисман хорижий хайрия маблағлари ҳисобига молиялаштирилган жараённи тегишлича назорат қила олмаган.

Бироқ, ноқонуний қурилиш ҳақидаги гапларга ҳеч ким, жумладан, масжид тарафдорлари ва қарши томон вакиллари ҳам ишонмайди. Агар мусулмонлар қўлида рухсатнома бўлмаганида, қурилиш умуман бошланмаган бўларди. Икки йил давом этган қурилишни сезмасликнинг имкони ҳам бўлмасди, айниқса, партия жамят ҳаётининг барча жабҳаларини назорат қилиб борадиган Хитойда.

Ҳукумат норозилигининг асл сабаби бюрократик жараён эмас, балки масжиднинг меъморий услуби ҳисобланади. Бу Марказий Осиё учун классик саналган араб-форс услубидир. Кенг тарқалган фикрларга зид равишда, хуэй ислом динига эътиқод қиладиган оддий ханлар ҳисобланмайди. Ҳар холда уларнинг ҳаммаси эмас. Хуэйларнинг бир қисми, айниқса, Нинсяда яшайдиганлар Юань сулоласи, кейинроқ эса Мин сулоласи даврида Хитой ҳудудида хизмат қилган туркий мусулмон ҳарбийларнинг авлодлари ҳисобланади. Улар аллақачон хитой миллати (аниқроғи, хитой миллатларидан бири) сифатида шаклланган, лекин меъморчиликдаги маданиятга оид нуқтаи назарларда Марказий Осиё изларини кўриш мумкин.

Мана шу сабабдан ҳаттоки масжид гумбазини пагода билан алмаштириш таклифи (Хитойда бундай масжидлар мавжуд) ҳам маҳаллий мусулмонлар томонидан буни динга сотқинлик деб ҳисоблаган ҳолда қаттиқ қаршиликка учради. Албатта, гап фақат меъморий элементларда (гумбаз ёки пагода) эмас, балки мусулмонларни Исломга мос келмайдиган ҳар қандай хитой нарсаларини рад қилишга ундайдиган «Хитой исломи» ёки «Исломни хитойлаштириш»ни кўзлаётган хитой коммунистларининг расмий сиёсатига қаршиликдадир.

Мамлакат ҳукуматининг Буюк масжидни бузиб ташлаш ҳақида қарори август ойида хуэйлар оммавий норозилик намойишларига олиб келди. Бундай рухсат берилмаган митинглар Хитойда умумаан камдан-кам учрайди, ушбу ҳолатда эса митингларга дин эркинлиги, этник бирлик, компартия ва ХХРни қўллаб-қувватлаш учун давлат байроқлари ва баннерлар билан минглаб кишилар тўпланди. Шунда бу намойишлар ҳукумат изоҳ беришича, қайта таъмирлаш усуллари аниқлаштирилгунга қадар ҳукумат қарорини тўхтатиб қўйишга олиб келди.

Лекин афтидан, вақт етиб келган кўринади. Ўтган жума куни юзлаб хитойлик қуроллик кучлар вакиллари учта масжидга бу масжидларнинг ёпилгани ҳақида эълон қилиш учун жума намози вақтида бостириб  кирди. Низо тўқнашувларга айланиб кетди, кўплаб диндорлар дўппосланди ва ҳибсга олинди. Хабар берилишича, бир қари аёл жуда оғир аҳволда ётибди. Масжидлар ёпиб қўйилди, муҳрланди ва бузиб ташланишни кутмоқда. Мавжуд хабарларга кўра, уларнинг орасида Вейчжоу Буюк масжиди борлиги ёки йўқлиги ҳали маълум эмас.

Умуман,  хуэй ҳам ўзига нисбатан уйғурлар бошидан кечирган «тарбия чоралари» кутса бўлаверади. Шинжонда истиқомат қиладиган уйғур мусулмонлар охирги йилларда кучли босимга дуч келган бир пайтда хуэйлар бундан четда қолиб келаётганди.

Бироқ Хитойда «хорижий динлар», хусусан, Ислом ва насронийликка нисбатан шубҳаларнинг ўсиши шунга олиб келдики, хуэйларга муносабат ўзгара бошлади. Бу жуда узоққа борадиган оқибатларга сабабчи бўлиши мумкин, чунки стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган хуэйлар умумий тилга эга эканлиги сабабли партия амалдорлари ва мусулмонларнинг бошқа гуруҳлари ўртасида ўзига хос воситачилик ролини ўйнарди.