loader
Foto

Халима Яқуб дунёдаги биринчи ҳижобли президентдир

Сингапурнинг биринчи аёл президенти Халима Яқуб дунёдаги биринчи ҳижобли президент ҳамдир. Унинг принципиал позицияси – "экстремистик терроризм ва исломофобия"га қарши кураш, бу икки таҳдидни у эгизаклар деб атайди, деб ёзади Fikriyat портали. Халима Яқубнинг отаси ҳиндистонлик, онаси эса малай миллатига мансуб. У оддий қўриқчи бўлган отасидан болалигида айрилган, онаси беш болани ёлғиз тарбиялашига тўғри келган, уларнинг турар жойи фақат битта хонадан иборат эди. Халима болалиги ҳақида гапирар экан, қашшоқликни, ҳар кунги қийинчиликлар билан курашни тилга олади. 10 ёшидан бошлаб у онасига тирикчиликда ёрдам берди.

Президент шундай дейди: "Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мен Сингапурда ўсганман, гарчи оилам камбағал бўлса-да, ўз саъй-ҳаракатларим, оилам, устозларим ва жамиятнинг кўмаги билан яхши билим олишга муваффақ бўлдим. Бу менинг сиёсий карьерамни бошлади ва камбағалларга ёрдамни ташкил қилишда ёрдам берди.

1978 йилда Халима Яқуб Сингапур Миллий университетнинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган, 2001 йилда эса шу ерда магистрлик даражасини олган. 2016 йилда ушбу университет унга "Юридик фанлар фахрий доктори" унвонини берди.

Ўқиш ҳеч қачон кеч эмас: мусулмон аёл 67 ёшида таълим олган.

Халима сиёсатга киришдан аввал касаба уюшмалари миллий қурултойи фаолиятида қатнаша бошлади. У ўзининг сиёсий фаолиятини 2001 йилда парламентга сайланганида бошлаган ва биринчи малайзиялик аёл депутати бўлган. 2011 йилги сайловлардан сўнг у Ижтимоий ривожланиш, ёшлар ва спорт вазири, кейин эса Ижтимоий сиёсат ва оила вазири этиб тайинланган. 2013-2017 йилларда парламент спикери бўлиб ишлаган ва бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлган. 2017 йилда Халима Яқуб президентлик сайловларида қатнашиш учун бу лавозимни тарк этди. У ўз кампаниясини "Яхшилик қилинг, биргаликда қилинг" шиори остида ўтказди. Унинг ғалабаси сайловдан олдин эълон қилинган, чунки сайлов комиссияси бошқа номзодларга бу лавозимга малака гувоҳномасини бермаган. Шу тариқа Халима Яқуб нафақат Сингапурнинг президентлик лавозимини эгаллаган биринчи аёл, балки дунёдаги биринчи ҳижобли президентга айланди.

У ўзининг ғалаба нутқида шундай деди: "Сизнинг президентингиз сифатида сингапурликларни ишонтириб айтаманки, ирқингиз, тилигшиз ва динингиздан қатъи назар, мен ҳар бирингизга хизмат қиламан".

Сингапурда ҳокимиятнинг асосий фигураси анъанавий тарзда ҳукумат бошлиғи - бош вазир ҳисобланади. 1991 йилгача президент шунчаки расмий шахс бўлган, бироқ ислоҳотлардан сўнг унга молиявий ва кадрлар масалалари бўйича ваколатлар берилди – у олий судья, бош прокурор ва бош штаб бошлиғини тайинлайди.

Халима Яқуб оилали, беш фарзанди бор.

Халима Яқуб президентликка сайланганидан сўнг Twitter ижтимоий тармоғи унга бағишланган эмодзи тақдим этди. Бу давлат раҳбари учун яратилган биринчи Twitter эмодзиси эди. 2019 йилда Халима Яқуб Иорданиядаги Қироллик Исломий Стратегик Тадқиқотлар Маркази томонидан тузилган дунёдаги энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатининг энг яхши 50 талигидан жой олди. У 38-ўринни эгаллади.

Сингапурда 5,9 миллион аҳоли истиқомат қилади, энг катта этник гуруҳ хитойлар (74%), ундан кейин малайлар (13%) ва ҳиндлар (9%). Мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 14 фоизини ташкил қилади. Сингапур дунёдаги энг йирик порт ва савдо маркази, шунингдек, аҳоли жон бошига 88 минг доллар даромад билан энг бой мамлакатлардан бири ҳисобланади.