loader
Foto

Туркия ва Сурияда вайроналар остидан одамларни олиб чиқиш давом этмоқда

Жабрланган ҳудудларда 5775 дан ортиқ бино вайрон бўлган, бутун минтақада жами 285 та ер силкиниши сезилган.

Туркия ва Сурияда жами қурбонлар сони ҳозирда 13 мингдан ошди дан ошди. Сурияда камида 2000 киши ҳалок бўлган.

Туркия ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилиб, қутқарув гуруҳларини, жумладан, ҳарбийларни ҳам сафарбар қилди. Мамлакатга бутун дунёдан ёрдам келяпти.

Кўпчилик бу ер силкинишларини замонавий даврда Туркияда содир бўлган энг даҳшатли табиий офат сифатида таърифламоқда. Ижтимоий тармоқлар ёрдам сўраб мурожаатлар билан тўлиб-тошган ва қишнинг оғир шароитлари бу муаммони янада кучайтирмоқда.

Қўшни Сурияда эса вазият бундан ҳам оғирроқ. Режим назорати остида бўлмаган Туркия билан чегарадош ҳудудлар энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бўлди. Бу ҳудудларга халқаро ёрдам Туркия жанубидаги ягона чегара пункти орқали амалга оширилади.

Болаларнинг ўлими

Туркия ва Сурияда қурбонлар сони ортишда давом этаркан, БМТ болалар агентлиги ҳозирда минглаб болалар нобуд бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

UNICEF вакили Жеймс Элдер Женевада бўлиб ўтган матбуот брифингида шундай баёнот берди ва ҳозирда ташкилот ҳалок бўлган болаларнинг аниқ сонини аниқлай олмаслигини қўшимча қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) зилзиладан 23 миллионга яқин одам жабр кўриши мумкинлигини айтди.

"Ҳодисаларнинг умумий хариталари 23 миллион одам, шу жумладан беш миллионга яқин аҳолининг заиф қатлами потенциал таъсир остида қолиши мумкинлигини кўрсатади", деди ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича катта ходими Аделхейд Маршанг.

"Фуқаролик инфратузилмаси ва потенциал соғлиқни сақлаш инфратузилмаси зарар кўрган минтақада, асосан Туркия ва Сурия шимоли-ғарбида катта зарар кўрган", - дея қўшимча қилди Маршанг.

ЖССТ "асосий қондирилмаган эҳтиёж Сурияда яқин ва ўрта муддатли истиқболда бўлиши мумкин деб ҳисоблайди", деди Маршанг ЖССТнинг Женевадаги ижроия қўмитасига.

Хатай

Расмий маълумотларга кўра, Туркиянинг жанубий чегарасидаги Хатай вилоятида энг кўп ўлим қайд этилган. Жойлардан хабар бераётган маҳаллий журналистларнинг айтишича, вилоятдаги биноларнинг ярмидан кўпи қулаб тушган.

Haberturk TV телеканали журналисти Мехмет Акиф Эрсой сешанба куни жонли эфирда вилоятни "арвоҳ шаҳарча" деб атади.

Сурияга ёрдам

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакилининг маълум қилишича, Туркиядан Сурия шимоли-ғарбий қисмига бирлашган Миллатлар Ташкилотининг муҳим ёрдами оқими икки давлатда душанба куни содир бўлган ҳалокатли зилзилалар билан боғлиқ йўлларнинг бузилиши ва бошқа логистика муаммолари туфайли вақтинча тўхтатилган.

"Баъзи йўллар бузилган, баъзиларида ҳаракатланиш қийин. Ҳал этилиши керак бўлган логистика муаммолари бор", деди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш бошқармаси матбуот котиби Мадеви Сун-Суон Reuters ахборот агентлигига.

"Унинг қачон тикланиши ҳақида аниқ тасаввуримиз йўқ", деди у.

Айни пайтда Асад режими зилзиладан кейин ҳам Сурия мухолифати назорати остидаги вилоятларга БМТ гуманитар ёрдамларининг чегара орқали етказилишига тўсқинлик қилишда давом этмоқда.

"Суриянинг БМТдаги элчиси ҳалокатли зилзиладан кейин қўлланиши мумкин бўлган ҳар қандай ёрдамни мамнуният билан қабул қилишларини, аммо улар орқали келиши кераклигини айтди. Бу шуни англатадики, улар бошқа мамлакатлардан мухолифат назорати остидаги ҳудудларга ҳозир энг кўп муҳтож бўлган трансчегаравий юк ташишларига рухсат бермайдилар ", деб хабар берди Ал Jazeera.

Қутқарувчилар

Бу кунларнинг ҳақиқий қаҳрамонлари яна қутқарувчилар, биринчи навбатда турклар ва сурияликлар, шунингдек, бошқа мамлакатлардан ёрдамга келганлардир. Биргина Истанбулнинг ўзи табиий офат ўчоғига 13 мингга яқин қутқарувчи жўнатган.

Исроил жамоаси 150 дан ортиқ қутқарувчи билан Адана аэропортига етиб келди. Унинг аъзолари ҳозир турли объектларда қутқарув ишларини бошлашмоқда. Исроил элчихонаси ходимлари Туркия ҳукумати билан биргаликда дала госпитали ташкил этиш устида ишламоқда ва у мамлакатга кейинроқ етиб келиши кутилмоқда.

Европа Иттифоқига аъзо 19 давлатдан 1150 нафар қидирув-қутқарув ходимларидан иборат 27 дан ортиқ гуруҳ жўнатилди, деди инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич.

Туркия вице-президенти Фуат Октай, 19 давлатдан қидирув-қутқарув гуруҳлари Туркияга етиб келганини ва 70 дан ортиқ давлат ёрдам таклиф қилганини билдирди. Октай жанубдаги Адана вилоятидан жабрланган турли вилоятларга гуруҳлар юборилганини айтди ва мамлакатларни қуйидагича санаб ўтди:

Буюк Британия

Россия

Исроил

Германия

Франция

Чехия

Мальта

Нидерландия

Ҳиндистон

Польша

Жазоир

Италия

Молдова

Албания

Ўзбекистон

Венгрия

Сербия

Словакия

Қатар

Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Украина қутқарув гуруҳини Туркияга юбориш ҳақидаги фармонни имзолади.

Бизга эса фақат дуо қилиш қолади. Туркия ва Сурия халқига Аллоҳ ёрдам берсин.