ҚР Бош вазири Алихан Смаилов йирик хорижий компаниялар, дипломатик корпус ва марказий давлат органлари ҳамда «Атамекен» Миллий тадбиркорлар палатаси вакиллари иштирокида Инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказди, дея хабар беради Kazinform.
Алихан Смаиловнинг таъкидлашича, ташқи қийинчиликларга қарамай, Қозоғистон иқтисодиёти ижобий ўсиш суръатини кўрсатиб, 2022 йил охиригача ўзининг инвестицион жозибадорлигини сақлаб қолган. Хусусан, ўтган йилнинг 9 ойида республикага жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар умумий ҳажми 17,8 фоизга ошиб, 22,1 миллиард долларни ташкил этди.
«Янги иқтисодий вазиятда ҚР Ҳукумати хорижий инвесторларнинг ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратмоқда. Бизнес лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, фискал ва нофискал имтиёзлар, шунингдек, преференциялар мунтазам равишда тақдим этилмоқда», - деди Ҳукумат раҳбари.
Янги қўллаб-қувватлаш воситалари ҳақида гапирар экан, Бош вазир Инвестицион мажбуриятлар тўғрисидаги битим, такомиллаштирилган намунавий шартнома ва Инвестиция шартномасини тузиш жараёнини соддалаштиришга алоҳида тўхталиб ўтди.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг сармоявий жозибадорлигини оширишнинг яна бир муҳим жиҳати бу башорат қилинадиган ва шаффоф солиқ сиёсатидир. Шу муносабат билан фискал тартибга солишни қайта кўриб чиқиш учун янги Солиқ кодекси ишлаб чиқилмоқда. У солиқ назоратини рақамлаштириш, табақалаштирилган ставкаларга ўтиш, технологик модернизацияни рағбатлантириш, махсус солиқ режимларини соддалаштириш ва бошқаларни ўз ичига олади.
Йиғилиш доирасида иштирокчилар бизнес учун маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, солиққа тортишни такомиллаштириш, янги технологияларни ривожлантириш, жаҳон иқтисодий тенденцияларининг Қозоғистон иқтисодиётига таъсири ва бошқаларни масалаларни муҳокама қилди.
Тадбир якунида Бош вазир Ҳукуматнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни оширишга қаратилган муҳокамалар, тавсиялар ва янги лойиҳалар учун очиқ эканини таъкидлади.
«Биз Қозоғистоннинг сармоявий муҳитини яхшилашда фаол иштирок этаётган чет эллик ҳамкасблар ва дипломатик корпус ишини юқори баҳолаймиз. Биз ўз тарафимиздан истиқболли лойиҳаларни зарур қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», - деди Алихан Смаилов.