loader
Foto

Насронийлик асосчиси ким?

Исо алайҳиссалом кейинчалик христиан динига катта таъсир қилган қадимги тўрт цивилизация: Миср, Эрон, Бобил ва қадимги Юнонистон кесишган жойнинг маркази Фаластинда таваллуд топган. Тахминларга кўра, Насроний дини Исо алайҳиссалом таълимотидан вужудга келган. Аммо Исо алайҳиссалом таълим берган нарса эски яҳудий динининг бир тури бўлиб, христианлик эса унинг бузилган шаклидир. Ҳаққа даъват қилган Исо алайҳиссалом шиддатли қаршиликларга дучор бўлиб, ўзига жуда кам сонли яҳудийларни эргаштира олди. Кўпчилиги унинг ўлимини истар эди. Пайғамбарнинг рисолатларини бўғиб ташламоқчи бўлган яҳудий ва мушрикларнинг қаршиликларига Исо алайҳиссалом шогирдлари қарши тура олмадилар ва тез орада тарқалиб кетишди. Дин тарихи билан шуғулланувчи мутахассисларнинг аксар қисми Исо алайҳиссалом эмас, балки Павлус бу дининг асосчиси деб ҳисоблайди. Бир вақтлар Цюрих университетининг профессори бўлган Доктор Арнольд Мейер таъкидлашича: “Агар христианлик деганида биз инсон бўлмаган аммо инсон суратида бокира аёлдан туғилиб, хочдаги ўз қони билан дастлабки гуноҳдан бизларни халос этиш учун ўзини қурбон қилган Масиҳга Худонинг ўғли деб иймон келтириш... бундай христианлик Парвардигоримиз тарафидан эмас балки авлиё Павлус тарафидан ўйлаб топилган...”

Исо алайҳиссалом даъват қилган ҳақиқий Инжил, сохта шогирдлар тарафидан атайин йўқ қилинди ва уни ўзларининг инжиллари билан алмаштиришди. Барча тан олиши учун эса, бу китобларни Исо алайҳиссаломнинг ҳақиқий шогирдларига нисбат бера бошладилар. Аммо бунчалик кўп “муқаддас китоблар”  жамоатни фирқаларга бўлиб ташлади, уларнинг ҳар қайсиси ўзининг ақидавий таълимотларига эга эдилар. Насронийлик мажусийлик билан чатиша бошлади. IV асрда мажусий император насронийликка кириб, бу динни давлат дини деб эълон қилди. У ихтилофдаги барча фирқаларни бирлаштириш учун қўлидаги барча имкониятларни ишга солди. 325 йили Константин Никеяда руҳонийларнинг собор ини ўтказди. Бу мажлисда Исо алайҳиссалом Худонинг Худоси, Нурнинг нури, Энг илоҳий деб эълон қилинди. Искандария архиепископи Арий деган кимса, Масиҳнинг илоҳийлигини рад қилгани учун Собор уни қоралади, ёзганларини эса йўқ қилишга қарор қилди. Ушбу Никея Соборида Янги аҳд канонлаштирилди ва насронийлар ўзларининг стандарт библиясига эга бўлишди. Аммо бу китобларни канонлаштириш осон бўлмаган, чунки муқаддас китоблар кўп бўлганидан ҳар қайси епископ ўзининг китобини ҳимоя қиларди.

Узоқ чўзилган баҳсларни тўхтатиш учун черковнинг оддий “мўъжиза” техникаси ишга солинди. Ушбу Собор иштирокчиси бўлган Папуснинг эслашича: “Соборга тақдим қилинган барча китобларни черковдаги “причастие”  столига жамлаб, епископлар Худодан ваҳий қилинган китоблар стол устида қолишини, сохталари эса стол тагида бўлиб қолишини сўраб дуо қилдилар ва дуода сўралган нарса бўлди”. Шундай қилиб, “мўъжиза” туфайли канонлашган тўртта Инжил стол устида “қолдирилди”. “Аммо бизга собор йиғилган хона калити кимда бўлганлиги ҳақида хабар қилингани йўқ”, деб ёзади Блавацкая.

Константиннинг подшоҳлик даврида насронийлар орасида хочни ҳурматлаш ҳам пайдо бўлди. Константин хочнинг асл моҳияти унинг тушида аён бўлганини айтиб чиқди ва шундан бери хоч гуноҳлар ювилишининг муқаддас тимсоли ва имон асоси бўлиб қолди.

381 йили эса бошқа император Феодосий Константинопол Соборини ўтказди, мазкур йиғилишда Исонинг илоҳ эканлиги масаласи батамом тасдиқланди.

VI асрнинг энг буюк ҳодисаси - Масиҳ мавлуди байрамининг (Рождества Христова) таъсис қилиниши бўлди. Дионисий Заиф, скиф-роҳиб, фаразий таҳминларига асосланиб Исо а.с нинг туғилган кунини 25 декабр куни деб тайин қилди. Ушбу аср насроний динининг мажусийлашишининг чўққиси эди.

VII аср Исломнинг юксалишига гувоҳ бўлди ва ўша кезлари бузилиб кетган насронийлик мажбуран ортга чекди. Деярли бутун ўрта ер денгизи янги дин таъсирига тушиб қолди. Динлар черков назоратидан чиқиб кетди ва кўп насронийлар Исломни қабул қила бошладилар.

Ислом таълимоти таъсирида иконаларга сиғинишга барҳам берила бошланди.

XIX аср насроний динининг асосларини титратган рационализм даври бўлди. Муқаддас матнлар, Исо алайҳиссалом ва Инжилда номлари зикр қилинган бошқа шахсларнинг тарихийлигига танқидий баҳо берилди. Имоннинг барча бандлари синчиклаб текширилди ва улар хурофий ақл тўқимаси, деб инкор қилинди. “Ғайриоддий дин” китобининг аноним муаллифи эса, бутун Библиянинг ваҳий эканлиги ҳақидаги ақидани бутунлай рад этиб ташлаган.

XX асрда насронийлик бир нечта мағлубиятни бошидан кечирди. 1945 йили Кумрон водийсида авваллари маълум бўлмаган “Ўлик денгиз ёзувлар ўрами”, деб номланувчи жуда кўп ҳужжатлар топилди. Баъзи ўрамларда Библиянинг бутун боблари бор. Хуллас, насроний дини ўз эътиқодларининг аксар қисмини қайта кўриб чиқишлари керак бўлиб қолди. Янги аҳд матнлари илоҳий ваҳий эмаслиги, балки одамларнинг тўқималари экани яна бир бора исботланди. Шундай қилиб, биз ҳозирги кунимиздаги насроний дини бу Исо алайҳиссалом рисолати эмаслигини, балки бу турли хил черков йиғилишлари натижасида пайдо бўлган таълимот эканлигига гувоҳ бўлдик.

Абу Муслим

"Миссионерлик ҳамласи" китобидан

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Павелнинг дини