loader
Foto

АҚШ ва Жанубий Корея иттифоқи қай даражада мустаҳкам?

Бир қарашда эскириб кетган сценарий: Шимолий Корея ракета синовини ўтказиб, провокация жараёнини бошлаб беради.

Бунга жавобан Жанубий Корея ва АҚШ Американинг авиаташувчи кемаларида қўшма машғулот бошлайди.

70 йилдирки бу сценарий Сеулда қайта-қайта саҳналаштирилган. Томонлар жорий ҳафтада ўзаро иттифоқининг 70 йиллигини Оқ уйда нишонлайди. Бироқ таҳликали даврда бу дўстлик қай даражада экани борасида саволлар туғилган.

Икки Корея ўртасида уруш бошланса, Сеул АҚШ ҳимоясига таяна оладими?

Шимолий Корея Америка қитъасига таҳдид солиш даражасига етган бир пайтда Вашингтон низоларга аралашадими?

Бу саволлар жавоби фавқулодда муҳим: Президент Юн Сук Ёл миллий хавфсизлик таҳлика остида қолса, Жанубий Корея ўз ядровий қуролини яратишини билдирган.

Вашингтон Сеул хавотирини босиш учун энг қудратли ҳарбий техникасини йўллаб ошкора машғулотларни уюштирди. Бироқ Сеул учун бу кам, дейди эксперт.

“Машқларнинг ўзи етарлими? Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракета устида ишламоқда. АҚШ қанча уринмасин, Сеул жиддий савол билан юзлашмоқда”, - дейди Стимсон маркази тадқиқотчиси Женни Таун.

Яна бир таранглик –Украинани қуроллантириш билан боғлиқ. Гарчи Жанубий Корея йирик миқдордаги қурол экспортчиси айланган, бироқ ички қонунларга мувофиқ, Украинани тўғридан-тўғри қуроллантира олмайди.

Сеул Украинага қурол узатаётган Полшага қурол сотиш билан жараённинг билвосита иштирокчисига айланган.

Украина бўйича келишмовчилик АҚШнинг Жанубий Корея расмийларини жосуслик йўли билан кузатганига доир ахборот сиздирилиши билан ошкор бўлди.

Сеул вазиятга юзаки баҳо беришга уринган бўлса-да, Жанубий Кореяда ғазаби тинмаганлар талай.

“Жанубий Корея ва АҚШ иттифоқчи. Қўлга киритилган ахборотда махфий бирор нарса йўқ. Агар АҚШ ниманидир билмоқчи бўлса, расмийларга қўнғироқ қилсин, мамнуният билан жавоб берилади”, - дейди Ивха университети профессори Пак Вон Гон.

Юн Сук Юнинг рейтинги ўз мамлакатида анча паст. Таҳлилчилар наздида, бу ташқи сиёсатни юритишда Ғарб билан иттифоқчиликни кучайтириш пайидаги президент эркинлигини чеклайди.

Ана шундай нозик ва жиддий вазиятда АҚШ раҳбари Жо Байден Оқ уйда 26-апрел куни Жанубий Корея президентини қабул қилиб, иттифоқнинг 70 йиллигини бирга нишонлайди.